Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:10

АҚШ президенти сайловига Россиянинг аралашувига оид ҳисобот эълон қилинди


АҚШ миллий разведкаси директори офиси 16 март куни чет давлатлар Қўшма Штатларда 2020 йили бўлиб ўтган сайлов кампаниясига аралашганига оид хулосаларни ёйинлади. Бу хулосалар демократ Жо Байден Дональд Трамп устидан ғалаба қозонган АҚШ президенти сайловига ташқи кучлар нақадар аралашиб, электоратга таъсир қилишга уринганлиги тўғрисида тўлиқ тасаввур беради.

“Кремль манфаатлари учун ҳаракат қилган россиялик мулозимлар ва воситачи бўлиб хизмат қилган бошқа арбоблар сайловолди кампанияси мобайнида АҚШ жамиятининг қарашларига таъсир қилишга уринган”, дейилади 15 саҳифали ҳисоботда.

Хусусан, Россия манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётган воситачилар АҚШдаги ОАВ вакиллари билан алоқага чиқиб, президент сайлови арафасида украиналик россияпараст сиёсий арбобларга Байден танқид қилинган ҳужжатли фильмни тайёрлашда кўмак берган.

Айни воситачилар Трамп маъмуриятидаги баъзи арбоблар билан алоқада бўлиб турган.

АҚШ разведкаси таҳлилчилари мамлакат президенти сайловига Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар ҳам аралашишга урингани, аммо уларнинг имкониятлари Россия имкониятлари билан қиёслаб бўлмайдиган даражада заиф бўлганини қайд этишган. Кремль ушбу хулосалар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган.

Ҳисоботнинг энг ёрқин тафсилотлари қуйидагича:

Ҳужжатли фильм нима ҳақида эди?

Ҳисоботда айнан қайси фильм ҳақида гап кетаётганлиги аниқ айтилмаган. Лекин берилган тафсилотлардан One America News Network телеканалида 2020 йилнинг январида эфирга узатилган “Украина алдови” номли фильм назарда тутилганини англаш мумкин. Фильмни республикачи Майкл Капуто олган. Капуто кўп йиллар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Россиядаги ваколатхонасида ишлаган, кейин ўз пиар ширкатини очган. 2000 йилда уни Россиянинг Газпром-Медиа ширкати АҚШда Путиннинг обрўсини яхшилаш мақсадида ёллаган.

Сайловолди кампанияси арафасида эфирга узатилган фильмда Трамп маъмуриятининг баъзи муҳим арбобларига алоқаси бўлган украиналик россияпараст сиёсий арбоблар Байденни танқид қилиш орқали Трамп “тегирмонига сув қуйган”.

Фильмда иштирок этган россияпараст воситачилардан бири АҚШдаги Украина элчихонасининг собиқ ходими Андрий Телиженко бўлган. Андрий Дональд Трампнинг хусусий адвокати Рудольф Жулианига яқин бўлиб, унинг 2019 йилда Киев сафарига ҳамроҳлик қилган. Кейинчалик Андрий АҚШ санкциясига учраб, визаси бекор қилинган. Унинг ўзи буни АҚШ расмийлари уни янглиш тарзда санкцияга тушган украиналик депутат Андрий Деркач билан боғлагани билан изоҳлайди.

“Муҳим ўрин”

Фильмда иштирок этган Украина парламентининг руспараст депутати бўлмиш Андрий Деркач АҚШ разведкаси ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳисоботларида илк бор учрамаяпти. Аввалроқ АҚШ молия вазирлиги “ўн йиллар мобайнида Россия разведкасининг фаол агенти бўлган” Деркачга қарши молиявий санкциялар эълон қилган эди.

16 мартдаги ҳисобот ҳам бу хулосани тасдиқлайди. Ҳисоботда Деркач фаолиятини нафақат Россия разведкаси, балки Путиннинг ўзи йўналтириб турган бўлиши ҳам мумкинлиги айтилган. КГБ ходимларининг сулоласига мансуб Деркач ўзи ҳам КГБ ходими бўлган. У 90-йилларда Украина хавфсизлик хизматини бироз бошқарган. 1998 йилдан бери Деркач Украина парламентининг депутати бўлиб хизмат қилмоқда. Парламентда у россияпараст блокнинг аъзоси бўлган. Деркач ҳам Рудольф Жулиани билан бир неча бор учрашган, иккиси ҳам фильмда Байденни Украинадаги коррупцияга боғлашга уринган.

Андрей Деркач Порошенко Байден ва собиқ давлат котиби Жон Керри билан Украина ички сиёсатига оид масалаларни муҳокама қилаётгани иддао этилгани каби аудиоёзувларни тўрт маротаба эълон қилганди.

Константин Килимник

Ҳисоботда АҚШ Халқаро Республикачи Институтининг Москвадаги собиқ ходими Константин Килимник ҳам тилга олинади. Килимник Россиянинг АҚШ президенти сайловига аралашувига оид тергови билан боғлиқ иш бўйича судланган Пол Манафортга яқин одам эди. Сиёсий технолог бўлмиш Манафорт 2016 йили бир неча ой Трампнинг сайлов штабига раҳбарлик қилган, ўша пайт у Килимник билан махфий тарздаучрашган ва сайловолди кампаниясига оид маълумотларни унга тақдим этган.

“Асли украиналик бўлган қатор воситачилар, жумладан Россия Федерал хавфсизлик хизматига алоқадор Константин Килимник сайловолди кампанияси мобайнида АҚШнинг Украинага муносабатига путур етказишга, президент Байден ва унинг номзодини камситишга, собиқ президент Трамп қайта сайланишига қулай имконият яратишга уриндилар”, деб хулоса қилинади ҳисоботда.

Аввалроқ, Сенат разведка қўмитаси ўз ҳисоботида “Килимник Манафорт билан Россия разведкаси ўртасида воситачи бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкин, бу воситачилик орқали рус разведкаси Манафортнинг мақомидан фойдаланган ҳолда Трамп сайловолди кампанияси ҳақида маълумот олишга интилган” деган хулосага келган эди.

АҚШ 2018 йил Килимникни халқаро қидирувга берган. Ҳозирда Килимник Россиянинг Москва вилоятида яшаётгани тахмин қилинмоқда.

Сайлов инфратузилмаси

Ҳисоботда “2016 йилги сайловдан фарқли ўлароқ, 2020 йилги президент сайловида АҚШ сайлов инфратузилмасига Россиянинг тизимли кибер-ҳужуми аниқланмагани” айтилган. Бироқ сайлов инфратузилмаси ўрнига Америка идоралари ва компанияларига қарши 2020 йилнинг баҳоридан бошланган кенг миқёсли киберҳужумларга Россиянинг алоқаси борлиги таъкидланган.

Чидаш мумкин бўлган таҳдид

Ҳисоботга кўра, Россия АҚШ сиёсий тизимига аралашувни ўзига эп кўрган ва бунинг натижасида вужудга келиши мумкин бўлган таҳдидни “чидаса бўладиган” деб ҳисоблаган. Хусусан, Россия АҚШ сиёсий тизимига аралашувни адолатдан, АҚШнинг ўзи Россия ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашаётганига муносиб жавоб деб билган. Устига устак, икки томонлама муносабатлар шунчалик ёмонлашган эди-ки, улар бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эмас деб ҳисобланган.

“АҚШ-Россия муносабатлари ўта ёмонлашгани сабабли Россия расмийлари ўз ҳатти-ҳаракатлари натижасида вужудга келиши мумкин бўлган таҳдидни, Вашингтон наздида Россиянинг нуфузига етадиган путурни “чидаса бўладиган” даражада деб топган бўлса керак”, дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG