Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:33

Обидалар талон-торожини танқид қилиб келган мулозим номаълум аëл аризасига биноан 10 кунга қамалди


Сундар Қорабоев
Сундар Қорабоев

Жиззах вилояти Маданият объектларини муҳофаза қилиш департаменти бошлиғи 40 яшар Сундар Қорабоев 16 март куни Тошкент шаҳар, Юнусобод туман Маъмурий суди қарори билан 10 кунга қамалди.

Қорабоевнинг ҳамкасби фикрича, у “буюртма шантажчи” аëл қурбони бўлган. Блогерлардан бири Youtube-каналида қилган чиқишида "Қорабоев янги юқорироқ вазифага тайинланаëтганидан норози бўлганлар бу шантажни уюштирганлигини” иддао қилди.

Юнусобод туман суди вакилининг Озодликка айтишича¸ жабрланувчи¸ гумондор ва адвокатлар иштирокида судья Қўчқор Санжаров раислигида 16 март, соат 20 да бўлиб ўтган маҳкама Қорабоевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган қилмишни содир этганликда айбли деб топиб, 10 кунлик қамоқ жазоси белгилаган.

Суд вакилига кўра, Сундар Қорабоев 15 март куни Тошкент шаҳар, Юнусобод туман, Истиқлол кўчасидаги “Уголок” кафесида хўранда аëлнинг тинчини бузиб жанжал фигуранти бўлганлиги маҳкама жараëнида аниқланган.

Сундар Қорабоевнинг укаси Ахримаз Қорабоевнинг 18 март куни Озодликка айтишича¸ унинг акаси 15 март куни иш юзасидан Маданият вазирлигига – Тошкент шаҳрига келганида “шантаж қурбони” бўлган:

“Шантаж деб ўйладим¸ чунки мен акамни яхши биламан. Ўша куни акам Маданият объектларини муҳофаза қилиш департаментининг бошқа вилоятлардан келган ходимлари билан бирга кафега бориб овқатланган. Акамнинг ёнида бўлган департаментнинг Сирож исмли ходимининг айтишича, улар кафедан чиқаётган вақтда Сундар Қорабоевга бегона аёл туртилиб кетган. Шундан сўнг аёл акамга мен сени қаматаман деган. Акам ва шериги аёлнинг гапига эътибор қилмасдан чиқиб кетишган”.

Ўша куни Қорабоев билан бирга бўлган Маданият вазирлиги ходимига кўра¸ улар Сундарнинг машинасига ўтириб жўнашган:

“200 метр ҳам юрмагандик ППХ ходими тўхтатди. Қарама-қарши юряпсиз деди. Сундар унга йўл ўзи бир томонлама бўлса қанақа қарама-қарши қараман деб тушунтирмоқчи бўлганида орқадан мигалкани ëқиб милиция наряди етиб келди. Сизни устингиздан арз қилишди¸ сиз бегона аëлни калтаклаганликда айбланасиз деб Қўйлиқдаги тергов изоляторига обориб қамаб қўйишди”.

Озодлик судда қатнашган Сундар Қорабоевнинг ҳамкасби билан гаплашди. Исми айтилишини истамаган ҳамкасб “Қорабоев кафеда ҳеч ким билан жанжаллашмаганини” айтди.

“ Темурбек деган адвокат суд раисига кафе ичкариси ва ташқарисидаги кузатув камераларидан олинган тасвирларни тақдим қилди. Тасвирларда Сундар аканинг кафе ичида ҳам¸ ташқарисида ҳам ҳеч кимга туртилмагани аниқ кўринган. Бундан ташқари судда “Уголок” кафеси бошқарувчиси ҳам иштирок этиб ҳеч қандай жанжал бўлмаганлиги борасида гувоҳлик берди. Суд раиси бунга эътироз билдирмади. Лекин маслаҳатга кириб чиққандан кейин 10 кун қамаш ҳақида қарор чиқарди”.

Суҳбатдошга кўра¸ жабрланувчи аëл судда қатнашганида ëнида паспорти бўлмаган ва юзини беркитиб ўтирган.

Сундар Қорабоевнинг укаси Ахримаз Қорабоев бу қарор устидан 18 март куни апелляция аризаси ëзди. Бу аризани Тошкент шаҳар маъмурий суди кўриб чиқади. Ахримаз Қорабоевнинг фикрича, кўра акасини қамаган судда процессуал қоидалар бузилган:

“Акамни қамалгани ҳақида оиласига ҳабар берилмади. Телефон қилиб хабар бериш ҳуқуқи бор қўлга олинган одамнинг. Акамга 10 сутка қамоқ тайинланганида қўлига қарор нусхаси берилмаган. Суд қарорида 10 кун дейиляпти аммо акам қўлга олинганидан то суд бўлгунча ҳам 24 соат қамоқда бўлди. Бу муддатга ҳуқуқий баҳо йўқ қарорда".

Ахримаз Қорабоевга кўра¸ акасини ҳозиргача ҳеч кимга кўрсатишмаяпти. Хотини ва адвокати ҳам карантин баҳонаcи билан кўришиш учун киритилмаган.

Озодлик Юнусобод туман Ички ишлар бўлими билан боғланди. Бўлим ходими "ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳолат мавжуд қонунчилик доирасида расмийлаштирилиб, судга тақдим қилинган"ини айтиш билан чегараланди.

Қорабоев шантаж қурбони бўлдими?

Озодлик мухбири “Уголок” кафеси кузатув камерасига тушиб қолган тасвирларни кўрди. Тасвирда Қорабоевга қарши кўрсатма бергани айтилган аëл кўринади. Сўнг кафе эшигидан бир эркак чиқиб кетади. Укасининг айтишича бу эркак Сундар Қорабоевдир. Кадрда чиқиш йўлагида турган бошқа эркак имоси билан Қорабоевнинг орқасидан югуриб кетаëтган ўрта яшар аëл кўринади.

Озодлик суҳбатлашган Қорабоевнинг ҳамкасби у “буюртма шантажчи” аëл қурбони бўлганини айтди. Худойберди Зоминий исмли блогер эса ўзининг Youtubeдаги каналида чиқиш қилиб “Қорабоев янги юқорироқ вазифага тайинланаëтганидан норози бўлганлар бу шантажни уюштирганлигини” иддао қилди.

Қорабоевни яқиндан таниган Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги мулозимнинг Озодликка иддао қилишича, ”Сундарнинг Бургут бола тахаллуси билан Зомин туманидаги муаммоларни ҳажв қилгани” туман ҳокимига ëқмаган:

“Зомин ҳокими Алишер Абдуғаниев вазирликка ҳам норасман чиқиб Бургут боласининг овозини ўчиринглар деган, аммо гапи ўтмаган. Сундар икки ҳафта олдин бу ҳокимнинг зимдан тиш қайраб юрганини айтган эди. Сундарнинг қамалишидан манфаатдор одам - ўша ҳоким”.

Бургут бола тахаллуси билан блогерлик қилган Сундар Қорабоевнинг видеолавҳаларидан бирида улкан газ баллонини елкасида кўтарган кампир билан суҳбати акс этган. Суҳбатда тумандаги газ муаммоси ҳажв қилинади.

Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниев 2019 йили ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага қарши Жиноят кодексининг икки моддаси – ҳақорат ва туҳмат бўйича жиноят ишида жабрланувчи мақомида бўлгани билан танилган.

Озодлик Жиззах вилоят хокимлиги матбуот хизмати ва ўзини Зомин туман хокими ëрдамчиси деб таништирган мулозим билан боғланди. Ҳар иккала мулозим ҳам суд ишига аралаша олмаслигини айтишди.

Бургут бола – табиат ва обидалар ҳимоячиси

Тармоқда Бургут бола дея танилган Сундар Қорабоев Зомин экологияси ва қадимий обидаларини ҳимоя қилиб мунтазам чиқишлар қилади. Қадимий обидаларни асраш борасида республикадаги энг малакали мутахассислардан бири. Қорабоев нафақат Жиззах, балки бутун республикадаги қадимий обидалар ҳимояси бўйича Озодликка суҳбатлар берган. Қорабоев қадимий обидаларнинг “Вақф” фондига ўткзаилгани ортидан талон-торож бўлгани ҳақида матбуотда жиддий танқидий чиқишлар қилган эди.

Ижтимоий тармоқ фаоллари Сундар Қорабоевнинг қамоққа олинишини уюштирилган деб ҳисоблашмоқда

Қорабоевнинг бир кун ичида шошилинч суд қилиниши ва маъмурий қамоқ қўллаш тўғрисидаги суднинг қарори маҳкум қўлига берилмаётгани шубҳали бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG