Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:05

Марказий Осиё маҳсулотлари Афғонистон бозорини эгалламоқда


Афғонистондаги дўконлар пештахталаридан Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳам ўз ўрнини топаяпти.
Афғонистондаги дўконлар пештахталаридан Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳам ўз ўрнини топаяпти.

Сўнгги йилларда Афғонистонда Марказий Осиё мамлакатлари: Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳсулотлари анча оммалашган. Нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, ёғ, ширинликлар), балки бошқа товарлар, чунончи қурилиш молларига ҳам талаб катта. Кўп афғонларнинг айтишича, Марказий Осиёдан келган маҳсулотлар сифат бобида Эрон ва Покистонникидан устун бўлгани учун эътибор қозонмоқда.

Бироқ бу масалада сиёсий фактор ҳам мавжуд: Ашраф Ғани ҳукумати шимоллик қўшнилар билан тижорат алоқаларини мустаҳкамлашни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.

Пойтахт Кобулда супермаркет соҳиби бўлган Акбарнинг сўзларига кўра, сўнгги беш йилда Марказий Осиё мамлакатларидан келган маҳсулотлар кескин оммалашган. Савдогарлар бошида бир оз чўчиб, бу мамлакатлардан кам-кам маҳсулот келтириб туришди. Аммо маҳаллий харидорлар моллар сифатига яхши баҳо бергач импорт ҳажми бирданига ошиб кетди. Охирги йилларда Афғонистон бозоридаги бир қанча маҳсулотлар тоифаларини Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари эгаллаб олишди.

“Талаб кун сайин ўсмоқда. Масалан, ун, мой ва шоколад кўплаб турларини биз ҳозир фақат Марказий Осиёдан оляпмиз, — дейди Акбар. — Харидорлар маҳсулотлар сифатидан мамнун”.

Башир Навидга қарашли фирма биринчилардан бўлиб Марказий Осиё мамлакатларидан мол келтиришни бошлаган эди. Тадбиркор Қозоғистондан кунгабоқар мойининг илк партиясини ватанига қандай олиб келганини ҳамон яхши эслайди. Унинг айтишича, ёғнинг сифати маҳаллий истеъмолчиларни ҳайратга солган ва олиб борган маҳсулотлари икки-уч кунда сотилиб кетган.

“Илгари ёғни Покистондан келтирардик. У қаттиқ мой эди. Шу боис, Қозоғистоннинг суюқ кунгабоқар ёғини кўрганда одамлар пича ажабланди, ҳадиксираб туришди, лекин маҳсулотнинг таъми ва сифати бир марта татиб кўргандаёқ уларга манзур бўлди, — дейди Афғонистонга озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланувчи фирма директори Муҳаммад Ёқуб. — ҳозирда талаб тобора ортиб бормоқда. Шимолий мамлакатларнинг бошқа турдаги маҳсулотларини ҳам келтириб сотиш ниятимиз бор”.

Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё маҳсулотлари импорти ҳажми ортаётгани, шунингдек Афғонистоннинг транзит имкониятлари тобора кенгаяётгани билан боғлиқдир — мамлакат Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзига хос “савдо кўприги”га айланмоқда.

Қолаверса, тадбиркор Хон Жан Алкозай фикрича, Марказий Осиё давлатлари ҳар хил сиёсий шартлар билан тижоратни тушовламайди ва ҳар қандай режим билан савдо-сотиқ қилаверишади.

“Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари билан ишлаш жуда қулай, шу боис ҳам тобора кўпроқ фирмалар айнан ушбу минтақа мамлакатлари билан савдо қилишни афзал кўришмоқда, — таъкидлайди Хон Жан Алкозай. — Зеро бизнес юритишнинг қулайлиги ҳар бир тадбиркор учун ниҳоятда муҳимдир. Сиёсий об-ҳавонинг ҳаддан ортиқ таъсири тижоратни инқирозга етаклайди”.

Айни чоғда Афғонистондан Марказий Осиё мамлакатларига маҳсулот экспорт қилиш маҳаллий бизнес хоҳлаганидек тез ўсаётгани йўқ. Ва бунинг ўз сабаблари бор.

“Шимолий ўлкаларга экспорт қилишни кўпайтиришни истаймиз, албатта. Бироқ маҳсулотларимизнинг бирхиллиги ва сифати пастлиги ҳали бунга имкон бермаётир. Ҳозирча биз рақобатлашадиган аҳволда эмасмиз”, — тан олади Хон Жан Алкозай.

Афғонистон Савдо ва саноат вазирлигидагилар, бугунги кунда ҳукумат савдони диверсификация қилиш ва Марказий Осиё ҳамда Европа мамлакатларидан импорт қилинган маҳсулотларнинг бир қисмини бошқа минтақалар бозорига киритишни йўлга қўйиш устида жиддий иш олиб бормоқда.

“2020 йилда Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқалари кенгайганига гувоҳ бўлдик. Ҳозирда бу масала ҳукуматнинг иқтисодий режаларида устувор аҳамиятга эга”, — таъкидлайди вазирлик вакили Фавад Аҳмадий.

Бироқ Кобулнинг узоқни кўзлаган савдо-иқтисодий режаларига ҳозирча сиёсий барқарорлик ва хавфсизлик масалалари тўғаноқ бўлаётир. Экспертлар эса афғон иқтисодиётига Марказий Осиёдан тўғридан-тўғри инвестициялар келиши ҳам юқоридаги омиллар билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлашади.

XS
SM
MD
LG