Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:19

"Қамбарота-1" ГЭСи қурилиши: Икки давлат экспертлари бир-бирига зид фикрларни билдирмоқда


Қамбарота ГЭСи қурилиши
Қамбарота ГЭСи қурилиши

Ўзбекистон ва қирғизистонлик экспертлар Бишкекнинг ўтмишда зиддиятли деб келинган гидроиншоот лойиҳасини биргаликда амалга ошириш юзасидан икки давлат ўртасида эришилган келишув борасида турлича фикрларни билдирмоқда.

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров 15 март куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуриш тўғрисида келишув тузилгани тўғрисида баёнот берди.

Худди шундай баёнотни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 16 мартда эълон қилди.

“Қамбарота ГЭС-1”ни лойиҳалаш ишлари бундан қарийб 40 йил муқаддам Тошкентда бошланган эди. Сўнгги йилларда бу ишга Россия ҳам қўшилди, бироқ томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли бу ҳамкорлик тўхтаб қолган.

“Қамбарота ГЭС-1”ни қуриш истиқболларига ўзбекистонлик мутахассислар оптимизм билан қараётган бир пайтда, қирғизистонлик мутахассисларда бундай оптимизм сезилмаяпти, айрим сиёсатчилар эса, бундай ҳамкорликка қарши эканликларини яширмаяпти.

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 2021, 11 март.
Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 2021, 11 март.

Тошкентдан қайтган президентнинг айтганлари ва бошқа баёнотлар

“Биз “Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан бирга қуриш тўғрисида келишув туздик. Шу кунда ишлар бошланди. Худо хоҳласа, “Қамбарота-1” ГЭСини уч йил ичида қуриш битиришни мақсад қилдик. Тўлиқ амалга ошадию 30 йилдан бери қура олмай келяпмиз. Уч йилда қуриб битирамиз, деб турибмиз”, - деди президент Жапаров Азаттиқ радиосига 15 март куни берган интервьюсида.

16 мартда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги инвестицион ҳамкорлик тўғрисидаги баёнотни эълон қилди.

“Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Қирғизистон Республикаси Президенти Садирбек Жапаровнинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан Қирғизистон Республикаси ҳудудида “Қамбарота ГЭС-1” инвестиция лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди”.

Президент Жапаровнинг Тошкентга сафари якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон раҳбари сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида гапираркан, “Биз бу ҳақда маморандум эмас, биринчи марта келишувга эришдик” , деган, лекин “Қамбарота-1” ГЭСини тилга олган эмас.

Ҳамкорлик режасини тузиш таклифлари ёзда тайёр бўлади

Қирғизистон раҳбарининг Ўзбекистонга сафари чоғида имзоланган 22 ҳужжатнинг 2 таси энергетикага боғлиқ. Бироқ ҳозирча бу ҳужжатлар мазмуни, уларда ГЭС қуриш масаласи тилга олинганми-йўқми – маълум эмас.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг хабар қилишича, 13 март куни (яъни президент Жапаровнинг Ўзбекистонга сафари якунига етганидан сўнг) Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ва Қирғизистон Республикаси Энергетика ва саноат вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ва Қирғизистон Республикаси Энергетика ва саноат вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ йиғилиши. Бишкек, 2021, 13 март.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ва Қирғизистон Республикаси Энергетика ва саноат вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ йиғилиши. Бишкек, 2021, 13 март.

Учрашув давомида томонлар “Қамбарота ГЭС-1” инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши ҳамда “Шимолий Сўх” газни ер остида сақлаш иншооти (ГЕОСИ) фаолияти доирасидаги ҳамкорликни қирғиз томони билан яқиндан ўрганиш масалаларини муҳокама қилинган.

Қирғизистон Республикаси Энергетика ва саноат вазирлиги матбуот котиби Азамат Курамаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида ҳозирча Ўзбекистоннинг лойиҳада қай шаклда иштирок этиши номаълум эканлигини айтди.

“Эндиликда икки томонлама мувофиқлаштирув кенгаши тузилади ва кенгаш июнь ойигача ўз таклифларини беради. Ҳамкорлик қай шаклда бўлади, инвестициялар қандай жалб қилинади, ўртадаги акциялар қандай бўлинади, Ўзбекистоннинг иштироки қандай бўлади – мана шу масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Таклифлар тайёр бўлганидан сўнг ҳукуматлараро комиссия махсус қарор қабул қилади. Ўша қарорга биноан лойиҳа тасдиқланади. Ҳозирча Ўзбекистон “Қамбарота-1” лойиҳасида қай шаклда иштирок этишига доир аниқ маълумот йўқ”.

Ҳамкор давлатлар экспертлари фикри бир жойдан чиқмаяпти

Энергетика масалалари бўйича ўзбекистонлик эксперт, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаиновнинг фикрича, Ўзбекистон“Қамбарота-1” лойиҳасига қўшилишидан олдин ҳамкорлик шартлари аниқ-тиниқ белгилаб олиниши керак.

Анвармирзо Ҳусаинов
Анвармирзо Ҳусаинов

- Қолаверса, дейди эксперт, - Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам бу лойиҳада иштирокини қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш керак. Қамбарота қурилиши ва унинг узоқ муддатда бошқарилиши тўғрисида деган қонун қабул қилиниши лозим. Токи бу қурилиш, унга ётқизиладиган инвестиция янги ҳукумат ёки янгича бир сиёсий вазият қурбонига айланиб кетмасин. Унда, масалан, 50 йил давомида ГЭС мана бундай принциплар асосида ишлайди, ётқизган сармоясини чиқариб олгунча Ўзбекистон электр энергияси учун пул тўламайди, электр энергияси учун нарх узоқ муддатга ўрнатилади ва ҳоказо деган шартлар белгилаб қўйилиши керак.

Анвармирзо Ҳусаиновнинг фикрича, "Қамбарота-1"нинг қурилиши ҳам Тошкент, ҳам Бишкек учун фойдали бўлур эди:

- Бу келишувни муҳим ва истиқболли келишув деб ҳисоблайман. Мен ҳукуматда ишлаб турган пайтимда Қирғизистонда жуда кўп бўлганман. Бу ердаги вазиятни яхши биламан. “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишида иштирок этиш Ўзбекистон манфаатлари учун муҳим ва фойдали деб ҳисоблайман.

- Ўзбекистоннинг ресурслари етарлими бундай лойиҳага қўшилишга? деган саволга Анвармирзо Ҳусаинов бундай жавоб берди:

- Биринчидан, бу лойиҳа жуда ҳам катта лойиҳа эмас. Менинг билишича, бу 3-3,5 млрд долларлик лойиҳа. Бу инвестицион лойиҳа. Яъни еб кетиладиган лойиҳа эмас. Олинадиган арзон ва экологик электр энергиясини Ўзбекистонга етказиш йўли билан ётқизилган сармоя қайтади. Бу билан Ўзбекистон учун янги ва катта энергия манбаси пайдо бўлади.

Қирғизистон раҳбари “Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан ҳамкорликда уч йилда қуриб ташлаймиз, деб турган бир пайтда маҳаллий экспертлар бу ғояга ишонмаяпти ва айрим сиёсатчилар эса, уни Қирғизистон учун зарарли деб ҳисобламоқда.

Мирзатай Султаналиев
Мирзатай Султаналиев

Энергетика бўйича қирғизистонлик эксперт Мирзатай Султаналиевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишида иштироки Тошкент учун фойдалидир. Чунки агар Тўқтағул сув омборида сув озайиб кетса, сув тақчиллигини Қамбарота омбори суви билан бартараф этиш мумкин. Яъни Ўзбекистон сув масаласини ўзи учун ҳал қилиб олади. Худди шундай фикрни ўзбекистонлик эксперт Анвармирзо Ҳусаинов ҳам билдирди.

Бироқ Мирзатай Султаналиевнинг фикрича, “Қамбарота-1” Қирғизистон Ўзбекистон билан икковлашиб қуриб қўядиган иншоот эмас:

- Менинг фикримча, Қирғизистон Ўзбекистон билан биргаликда қура олмайди. Барибир бошқа давлатлар компанияларини жалб этишга мажбур бўлишади. Чунки бундай қурилиш учун маблағ топиш жуда оғир масала. Айни пайтда уч йилда қуриб битирамиз, деган гап ҳам хомхаёлдир. Уч уйилда ҳеч ким қура олмайди, камида 10-15 йилда қуриб битказиш мумкин.

Ўмурбек Текебаев
Ўмурбек Текебаев

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи, “Ата-Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев президент Садир Жапаров Азаттиқ радиосига интервью берган куннинг эртасига ўзининг Фейсбукида жумладан бундай ёзди:

"Бу янглиш йўлдир. Сувимизга кўз тикиб турган, сувимизга муҳтож бўлган мамлакатни сувимизни назорат қилишга, уни бошқаришга яқин йўлатмаслигимиз керак".

Янги президент – янгича ёндошув

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов қўшниларнинг янги гидроэнергетик иншоотлар қуришига қарши туриб келган. Тошкентнинг бундай позициясига ўша пайтда Остона ҳам шерик бўлган эди. Масалан, 2012 йилнинг декабрида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қримбек Кушербаев ўз мамлакати ва Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи бўйича муштарак қарашга эга эканини баён қилган, “бу лойиҳа БМТ конвенцияси ва халқаро экспертиза асосидагина амалга оширилиши мумкин”, деган эди.

Бугунга келиб, Тошкент айнан шу ГЭСни энди биргаликда қурмоқчи бўлаяпти.

Бу ўзгаришни шарҳлар экан, Анвармирзо Ҳусаинов бундай деди:

- Ислом Каримовнинг сиёсати мамлакат чегараларини ёпиб қўйиб, халқимизни оғзи ёпиқ кўзачага тиқиб қўйган эди. У Ўзбекистон ҳамма нарса билан ўзини ўзи таъминласин деган сиёсат олиб борди. Бу XXI асрдаги иқтисодий фикр эмас. Тўғри иқтисодий фикр шуки, давлатлар, халқлар орасида мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш учун ўзаро манфаатдорлик асосидаги йирик лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш керак.

"Бор отангга, бор онангга" бўлган қурилиш

23 март куни Қирғиз Республикаси Инвестицияларни жалб этиш ва ҳимоялаш агентлиги раҳбари Алманбет Шиқмаматов Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида "Қамбарота-1" ГЭСи қурилишида Ўзбекистоннинг иштирокига аниқлик киритадиган баёнот билан чиқди.

"Бошқарув, ишлаб чиқариладиган энергия ўзимизники бўлади. ГЭСга эгалик ҳуқуқи бизда бўлади. Улар (Ўзбекистон - таҳр.) капитал ётқизади, холос".

2012 йили Қирғизистон Россия билан “Қамбарота-1” ва Юқори Норин каскади - тўрт ГЭСни қуриш тўғрисида келишувга эришган эди. Келишувга биноан қурилишни «РусГидро» компанияси амалга ошириши керак эди. Бироқ иш тўхтаб қолгани сабабли Қирғизистон келишувни бекор қилган.

«РусГидро» компанияси Гаага судига ариза билан мурожаат қилган. Келишувни бузгани учун Қирғизистон «РусГидро»га 37 млн. доллар тўлаши лозим.

2020 йили Қирғизистондаги энергетика тармоғини назорат қилувчи давлат идоралари “Қамбарота-1”ни давлатнинг ўзи қуражаги тўғрисида баёнот берган эди. Ўша пайтда лойиҳага яна Россиянинг ҳамда Эроннинг компаниялари қизиқиш билдираётгани хабар қилинган.

Ўтган йили, шунингдек, Қирғизистоннинг ҳозирги Энергетика ва саноат ва конлардан фойдаланиш қўмитаси раҳбарияти вазирлиги “Қамбарота-1”ни қуриш юзасидан «Би энд Джи Корпорейшн» (B&J Corporation) компанияси билан меморандум имзолагани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG