Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:16

HRW Ўзбекистонни Жиноят кодексидан гомосексуализмга оид моддани чиқариб ташлашга чақирди


2019 йилда Нью Йоркдаги гей парадда ўзбекистонлик ЛГБТ вакиллари ҳам қатнашган эди.
2019 йилда Нью Йоркдаги гей парадда ўзбекистонлик ЛГБТ вакиллари ҳам қатнашган эди.

"Ўзбекистонда гейлар ҳибс ва таъқиблар билан бир қаторда гомофоблар ҳужумига дучор бўлмоқда. Ҳукумат гейларга тенг ҳуқуқ ва эркинлик бериши, гомосексуализмни жиноят, деб кўрувчи Совет давридан қолган қонунни бекор қилиши керак!" Бундай чақириқ битилган баёнотни Human Rights Watch халқаро ташкилоти 23 мартда эълон қилди.

Марказий Осиё ўлкалари орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.​

Туркманистон ўз қонунини қайта кўриб чиқишини айтган. Ўзбекистонда эса 2021 йил 22 февралда муҳокамага қўйилган янги Жиноят кодекси лойиҳаси 154-инчи моддасида гомосексуализм учун жиноий жазо ўзгармаган ҳолда сақланиб қолган.

HRW баёноти АҚШ президенти Жо Байден бутун дунё бўйлаб лесбиянка, гей, бисексуал, трансгендер, квир ва интерсекс (LGBTQI) одамларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кенгайтиришга қаратилган фармонни имзолаган бир пайтда айтилди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро Human Rights Watch ташкилоти 23 март кунги баёнотида "Ўзбекистон эркаклар ўртасидаги ўзаро келишилган жинсий ҳатти-ҳаракатларни декриминаллаштириши ва шу орқали уларнинг шахсий дахлсизлиги, хавфсизлиги ҳамда уларнинг камситилмаслигини кафолатлаши керак", дейилган.

Бу ерда гап Ўзбекистон Жиноят кодексидаги бир жинсли сексуал муносабатлар учун уч йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган 120-модда (Бесоқолбозлик) ҳақида бормоқда.

"120-модда Ўзбекистондаги гомосексуал ва бисексуал эркакларни ўта ҳимоясиз қилиб, жамиятда уларни четга суриб ташлаган. Ўзбекистон гомосексуализм жиноят, деб кўриладиган сарқитдан воз кечиб, Жиноят кодексидан гейлар ҳуқуқларини бузувчи бандларни олиб ташлаши керак", - дейди Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хью Уильямсон.

Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистонда тўққиз нафар гей билан суҳбат ўтказган.

Улар гей бўлганликлари учун полиция томонидан ҳибсга олиниш, таҳдид, руҳий босим ва ҳужумларга кўп бора дуч келганликларини айтишган.

Алишер ҳикояси

2020 йил ёзида Алишер (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилган) у билан Интернетда суҳбатлашаётган одам билан танишгани ва учрашишга келишиб олганини сўзлаб берган.

Алишернинг айтишича, эркак уни ўз хонадонига таклиф қилган ва Алишер рози бўлган.

Улар кўп қаватли уйга киришганидан сўнг, эркак Алишернинг уяли телефонини ушлаб, унинг юзига мушт туширган.

Ҳужумга яна бир киши қўшилиб, Алишернинг бошига бир неча марта урган, кейин қочиб кетишган.

Алишер уларнинг орқасидан қувиб, телефонини қайтариб беришни талаб қилган.

"Эркаклар уришлари, ҳатто ўлдиришларини айтиш билан мени қўрқитишди. Бир миллион ўзбек сўм (тахминан 100 АҚШ доллари) тўлаган тақдирда, қайтариб берамиз, бўлмаса, полицияга олиб борамиз, деб қўрқитишди. Эркаклар полицияда ишлаётганликларини даъво қилишди", - деб айтган Алишер HRW билан суҳбатда.

Полицияни қўлига тушса, телефонни қайтариб ололмайман деб хавотирланиб, Алишер пул тўлашга рози бўлган. Унинг телефонида барча контактлари бор эди.

Алишер адвокат ёллади ва полицияга хабар берди, аммо 120-моддага биноан жавобгарликка тортилишидан қўрқиб, ҳужумнинг гомофобик сабаблари ҳақида даъво қилолмади.

Темур ҳикояси

2020 йилнинг кузида, 20 ёшли Темур (унинг илтимосига кўра исми ўзгартирилган) Телеграмдаги гейлар танишув гуруҳида Интернетда танишган одам билан мулоқот қилишни бошлаган.

Уларнинг айтишича, суҳбат жинсий мавзуларни ўз ичига олган.

Темур шунингдек, эркак билан ўзининг яланғоч расмларини ўртоқлашган. Гарчи уларнинг дастлабки алмашинуви дўстона бўлган бўлса-да, бир мунча вақт ўтгач, эркак таҳдид қила бошлаган. Одобсиз сўзларни ишлатиб, Темурга "у бундай одамларни (гейларни) ёмон кўришини" ва "Аллоҳ барча "бундай" одамларни йўқ қилиши кераклигини" айтган.

Темур дуч келган таъқиб ва таҳдидларни қуйидагича тасвирлаб берди:

"У менга жинсий ориентациямни бошқаларга ошкор қилишини, гомофобик онлайн гуруҳларга юборишини айтиб, таҳдид қилди. Эркак пул ундирмоқчи ҳам бўлди, аммо пулим йўқлигини ва ҳеч нарса тўламоқчи эмаслигимни айтиб, уни ижтимоий тармоқларда тўсиб қўйдим", - деган Темур HRW билан суҳбатда.

Ўзбекистонда гейларнинг гомофоблар тажовузига учрагани ва самосуд қилиниб, таҳқирлангани ҳақида Озодлик кўп бора хабар берган.

2017 йил сентябрида Фарғонада қип-яланғоч ечинтириб қўйилган йигитни гомофоблар пиво бутилкасига ўтиришга мажбурлаётгани акс этган видео тармоқларни ларзага солганди.

17 дақиқалик видеода калтак зарби, ҳақорат ва таҳдидлардан даҳшатга тушиб, дир-дир қалтираётган йигитни зўравонлар гейликни тан олишга мажбур қилади, унга "ёқиб юбориш ёки сўйиб ташлаш" билан пўписа қилиб, орқаси билан пиво шишасига ўтиришга мажбурлашади.

"Ўзбекистоннинг совет ўтмишидан кўчирма модда"

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексидаги 120-модда Ўзбекистоннинг совет ўтмишидан кўчирма ҳисобланади ва у инсоннинг халқаро ҳуқуқ билан ҳимоя қилинадиган шахсий дахлсизлик каби фундаментал ҳуқуқларини бузади.

Постсовет ўлкалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.​

Туркманистон ўз қонунини қайта кўриб чиқишини айтган. Тожикистон аллақачон қонунчилигини ўзгартирган.

Ўзбекистонда эса янги Жиноят кодекси кўриб чиқилмоқда. 2021 йил 22 февралда эълон қилинган лойиҳанинг 154- моддасида гомосексуал алоқалар жиноят сифатида назарда тутилган ва жазо белгиланган.

Ўзбекистон расмийлари гомосексуализмни декриминаллаштиришга қаратилган чақириқларни рад этиб келади.

2020 йил март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистонни кўриб чиқиши чоғида Ўзбекистон ҳукумати вакили "ЛГБТ турмуш тарзи Ислом томонидан маъқулланмаган ва ўзбек тафаккурига мос келмаслигини" айтган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев эса Ўзбекистонда эркак билан эркакнинг жинсий қўшилишига рухсат берилган кун ўлганимиз бўлади, деб чиқди.

"Демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин, деб ўйлайман.

Лекин эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмайман. Ва токи тирик эканмиз, Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман", деб ёзди у.

Ўзбекистонда яшовчи, The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat и Eurasianet нашрларига ишловчи поляк журналисти Агнешка Пикулицка севгини тақиқлаш билан урф-одатларни мустаҳкамлаб бўлмаслигини айтади:

“Икки томон рози бўлган катталар ўртасидаги севгини тақиқлаш урф-одатларингизни мустаҳкамламайди. Дунё ўзгариб бормоқда, ёшлар Интернетга кириш имкониятига эга ва маҳаллий ЛГБТ ҳамжамияти истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам бор. Баъзи дўстларимга гей ҳуқуқларини дастаклаб чиққани учун ўлим ва бошқа таҳдидлар бўлди. Ҳозир битта тўғри йўл бор ва у 154 (120) ни бекор қилишдир. Тожикистон буни аллақачон қилди”, - дейди журналист Озодлик билан суҳбатда.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддасини бекор қилиш ва янги Жиноят кодексидан бир жинсли муносабатларни жиноий жавобгарликка тортадиган ҳар қандай қоидаларни чиқариб ташлаш орқали бир жинсли муносабатларни декриминаллаштириши керак.

"Ҳукумат, шунингдек, жинсий ориентация ва жинсий идентификацияга асосланган ҳужумлар ва таъқибларни, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан одамларга қарши 120-моддадан фойдаланиш таҳдидларини текшириши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши керак.

Ҳукумат ЛГБТ вакилларига нисбатан зўравонлик, таъқиб ва нафратга қарши курашиши ҳамда ЛГБТ масалалари бўйича ишлайдиган нодавлат гуруҳларнинг рўйхатга олиниши ва ишлашига кўмаклашиши керак", - дейилади HRW баёнотида.

Икки йил аввал АҚШда яшовчи ўзбекистонлик ЛГБТ вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ватандаги гейларга тенг ҳуқуқ ва эркинлик беришни сўрашган эди.

Ўзбекистондаги гейлар жамоаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:22 0:00

Байден фармони

HRW баёноти АҚШ президенти Жо Байден бутун дунё бўйлаб лесбиянка, гей, бисексуал, трансгендер, квир ва интерсекс (LGBTQI) одамларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кенгайтиришга қаратилган фармонни имзолаган бир пайтда айтилди.

"Барча инсонларга ҳурмат ва эҳтиром билан муомала қилиш керак ва ким бўлишидан ва кимни севишидан қатъи назар, ҳар бир инсон қўрқмасдан яшаш имкониятига эга бўлишлари керак", дейилади фармонда.

Ўтган ой эълон қилинган ҳужжат Байден 2011 йилда вице-президент бўлиб ишлаётган пайтида чиқарилган кўрсатмага таянади.

"Қўшма Штатлар энг муҳим қадриятларимизни очиқчасига ҳимоя қилган ҳолда ва қатъият билан ушбу курашнинг бошида туриши керак", дейилади фармонда.

Ҳужжат хорижда ишлайдиган АҚШ агентликларини LGBTQI чет эл ҳукуматлари томонидан жиноятга тенглаштирилишига қарши курашишга чорлайди.

Чет эл ҳукуматлари LGBTQI шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйган ҳолатларда АҚШ агентликлари тегишли чора кўриши, шу жумладан, молиявий санкциялар ва виза чекловларини жорий қилиши мумкин бўлади.

XS
SM
MD
LG