Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:15

Тожикистонда аҳолини COVID-19 га қарши AstraZeneca билан оммавий эмлаш бошланди


Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Самариддин Алиев биринчилардан бўлиб эм олди.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Самариддин Алиев биринчилардан бўлиб эм олди.

Тожикистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш жараёни бошланди. Бу мамлакатда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцина билан ЮНИСЕФ нинг Душанбедаги ваколатхонаси раҳбари Осама Маккави Когали эмланди.

Когалидан кейин Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири, унинг ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг бошқа ходимлари эмланган.

«Мен AstraZeneca вакцинаси мутлақо хавфсиз эканлигини кўрсатмоқчи эдим», деди Осама Маккави Когали Озодлик радиоси тожик хизматига (Озоди радиоси) мухбирига. Когали тожик жамоатчилигини ҳеч иккиланмасдан вакцина билан эмланишга чақирди.

Соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода Озоди радиосига айтишича, эмланишсиз «соғлиқни сақлаб бўлмайди». У аҳолини мамлакатда ташкил этилган 3 мингга яқин вакцинация марказларидан бирига келиб эмланиб кетишга чақирган. Тожикистонда коронавирусга қарши вакциналар бепул ва эмланиш ихтиёрийдир.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 22 март куни таҳдид гуруҳидаги аҳоли қатламини COVID-19 га қарши эмлаш ҳақидаги фармонни имзолаган. Унга кўра, жойлардаги мутасаддилар Соғлиқни сақлаш вазирлигига эмлашни муносиб тарзда ўтказишда ёрдам бериши керак. Ҳозирда Тожикистонга AstraZeneca вакцинасининг 192 минг дозаси келтирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот котиби Эмомали Мирзоевнинг маълум қилишича, қуйидаги аҳоли қатламлари биринчилардан бўлиб эмланиши режалаштирилган:

• соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари

• иқтисодиётнинг муҳим секторларининг ходимлари

• 60 ёшдан ошганлар

• юқумли бўлмаган сурункали касалликлари бўлганлар шахслар

• илм-фан, таълим соҳасининг ходимлари

Бир ой аввал Тожикистон ҳукумати янги типдаги коронавирус билан касалланиш ҳолатлари бошқа аниқланмаётганини билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси бошлангандан бери Тожикистонда 13 308 нафар одамда вирус аниқланган, шулардан 90 нафари ўлган. Мамлакатда янги касалланиш ҳолатлари 30 декабрдан бери аниқланмаяпти. Лекин мустақил манбаларнинг айтишича, коронавирусга йўлиққан ва ундан вафот этганларнинг сони расмий маълумотларда келтирилган рақамдан анча катта.

Эҳтиёт чораси ўлароқ AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатган мамлакатлар ҳақидаги хабарлар пайдо бўлаётган бир пайтда Тожикистон ҳукумати бу вакцинадан фойдаланиши жамиятда қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти AstraZeneca ширкати томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишни давом эттиришни тавсия қилди. Халқаро ташкилотга кўра, препаратнинг фойдаси унда келиши мумкин бўлган хатардан кўпдир. AstraZeneca ширкати ҳам ўз маҳсулоти хавфсизлигини таъкидлашда давом этмоқда.

Тожикистон ҳукумати коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчи бошқа ширкатлар билан ҳам музокаралар олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG