25 март куни Сурхондарё вилоят, Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий устидан ўтаётган суд жараёнининг навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд мажлисида, воқеани жойидан туриб ёритган Effect.uz нашрига кўра, гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.
Судланувчи ва жабрланувчиларинг ҳимоячилари уларга ўз саволларини берди.
Суд мажлиси давомида судланувчига ҳам сўз берилган. Нашрнинг хабар қилишича, судланувчи Отабек Сатторий ўзининг эмоционал нутқи давомида ўзини айблаётганларга қарата мана бундай деган:
“Менинг телефонимни олиб қўйганларингдан сўнг кечирим сўрадинглар – ку, ўшанда нима учун кечирим сўрадинглар? Қилмишларинг учун кечирим сўрадингларми? Ички ишлар ходимлари ҳам ўша ерда эди!”
Сатторий, шунингдек, суд раисига юзланиб: “Тизим менга қарши турибди, тушуняпсизми? Мени сиёсий душмандек қабул қилишяпти!” – деган.
Навбатдаги суд 2 апрель куни бўлиб ўтади.
Блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни 11 март куни Сурхондарё вилоят Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида бошланган эди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, блогер Отабек Сатторийга Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, блогерга суд жараёнида 8 та айблов қўйилган.
Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.
У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.
Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.