Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:59

ЖК дан "Бесоқолбозлик" моддасини олиб ташлаш кераклигини ёзган блогер қаттиқ калтакланди


Блогер Миразиз Бозоров. Тошкент шаҳар травматология касалхонасида олинган сурат
Блогер Миразиз Бозоров. Тошкент шаҳар травматология касалхонасида олинган сурат

28 март куни Тошкент шаҳри марказидаги Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган блогер шу куни кечқурун бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди.

Тошкент шаҳар травматология касалхонасига ётқизилган 29 яшар Миразиз Бозоровни врачлар бошқа касалхонага ўтказишни режалаштирмоқда. Шифокорларнинг айтишича, блогерга нейрохирургнинг ёрдами керак бўлиши мумкин.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.

Блогер Миразиз Бозоровнинг 28 март кундузи, калтакланишидан олдин Озодликка билдиришича, ҳар якшанба ўтказилиб келаётган тадбирнинг 28 мартга белгиланган навбатдагиси агрессив кайфиятдаги юз нафар атрофидаги кишининг ҳужуми ортидан бошланмаёқ бекор қилинган.

Миразиз Бозоров 28 март оқшомида ўзининг уйи олдида юзига ниқоб таққан номаълум шахслар томонидан бейсбол тўқмоғи билан калтакланган. Оғир тан жароҳатлари олган блогер касалхонага ётқизилган.

Воқеа гувоҳи журналистларга бундай деган:

“Ўзи яшайдиган уйнинг подъездига кириб кетаётганда бир машина келиб тўхтади ва ундан юзига ниқоб таққан уч киши тушди. Улардан бирининг қўлида бейсбол таёғи бор эди. Машинадан тушибоқ калтаклай бошлашди”.

Гувоҳнинг айтишича, воқеа 3 дақиқача давом этган ва бу вақт ичида Миразиз жуда кўп калтакланган.

Озодликка маълум бўлишича, Миразиз Бозоров Тошкент шаҳар травматология касалхонасига ётқизилган. Касалхона врачларидан олинган маълумотга қараганда, блогернинг ички органлари лат еган, чап катта болдир суяги очиқ синган ва жойидан жилган, оёқларида яна бир неча жароҳат мавжуд, мияси чайқалган, хушини йўқотмаган. Врачлар блогерни бошқа касалхонага ўтказиш режалаштирилаётганини, унга нейрохирург ёрдами керак бўлиши мумкинлигини айтди.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.

Миразиз Бозоров Телеграмда “Канал Базарова” деган саҳифани юритади. У ўз постларида бир неча бор Ўзбекистон Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариб ташлаш керак деган фикрни билдирган.

У, шцнингдек, ўз каналида президент Мирзиёевни мунтазам танқид қилиб келган, коррупция кучайиб кетгани ҳақида ёзган, Мирзиёев ўтказаётган иқтисодий ислоҳотларни ва юритаётган сиёсатни “катта йўқотиш” деб атаган, ҳукуматни карантин пайтида “халқ пулини ўғирлаганликда” айблаган. Одамларни сайловларни “бойкот қилишга” чақирган.

Ўтган йилнинг ёзида блогер Миразиз Бозоров Фейсбукда эълон қилган постларида Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермасликни сўраган.

Шунингдек, Бозоров 28 март кундузи Озодликка “блогосферада ҳукумат тарафдори эканлиги билан танилган блогерлар томонидан агрессив маънавий ҳужумга учрагани”ни айтди.

Миразиз Бозоров, шунингдек, Озодликка "Шуҳрат Мусаев, Аброр Мухтор Алий ва AbuSolih Fox каби блогерлар тарқатган ҳар-хил ёлғон маълумотлар туфайли уларнинг обуначиларидан юзлаб ўлим таҳдидлари олгани"ни айтди.

Бозоровнинг яна айтишича, юқорида тилга олинган уч блогер унинг "уй манзилини ижтимоий тармоқларда эълон қилган".

Озодлик мухбири билан телефон суҳбатида Миразиз Бозоров унга сўнгги икки ҳафта давомида турли таҳдидлар қилинганини ва шу муносабат билан у ҳуқуқ- тартибот органларига камида ўн марта ариза билан мурожаат қилганини, аммо ИИБ ходимлари унинг аризаларини қабул қилмаганини айтди.

Миразиз Бозоров ётқизилган Тошкент шаҳар травматология касалхонасидан Озодлик мобил мухбирининг 29 мартга ўтар кечаси хабар қилишича, блогернинг онаси унинг олдига киритилмаяпти.

XS
SM
MD
LG