Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:35

Мактабларга ёзувчи ва журналистлар “десанти” ташланди - улар ахборот хуружига қарши курашади


Ўзбекистондаги ўрта мактаблар ва олий ўқув юртларида 1 апрелдан бошлаб “Маънавият тарғиботчиси” лавозими жорий этилди.

Янги лавозимга ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари аъзолари қабул қилинмоқда.

Мамлакат президентининг 26 мартдаги қарорига биноан, маънавият тарғиботчилари олий маълумотли ўқитувчи учун белгиланган маошнинг ярми миқдорида иш ҳақи олади.

Мактаб раҳбарлари ёзувчи ёки журналистнинг мактабда нима билан шуғулланишини ҳозирча аниқ тасаввур қила олмаётганликларини айтмоқда.

Президент қарорига кўра, ёш авлодда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш тарғиботчилар олдига қўйилган вазифалардан биридир.

Журналист Шарофиддин Тўлаганов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида 1 апрель куни Шайхонтоҳур туманидаги 320-мактабга маънавият тарғиботчиси сифатида биринчи кун ишга чиққанини ёзди.

Тарғиботчилар ҳозирча ҳамма мактабга ҳам етиб боргани йўқ

“Ишни 8 “А” синфга кириб ўзбек тили дарсида қатнашишдан бошладим. Ўқитувчи Қобилжон Қурдашов ёш бўлишига қарамай дарсга сидқидилдан ёндашар экан”, деб ёзди журналист.

Тўлагановнинг ўз Фейсбукида хабар қилишича, унга мактаб директори кутубхонадан иш жойи қилиб берган.

“Бир қатор ўқитувчилар билан суҳбатлашдим, ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Улар очиқ чеҳра билан кутиб олишди. 15 нафар эркак ўқитувчи бор экан. Умуман мактабда маънавий-маърифий ишлар яхши йўлга қўйилганига ишондим. Ишлаб кетаман”, деб ёзди журналист.

Шайхонтоҳурдаги 320-мактабга журналист Шарофиддин Тўлаганов борган бўлса, Сергелидаги 104- мактабнинг маънавият тарғиботчиси ҳозирча ишга чиққани йўқ. Бу ҳақда Озодлик мактаб раҳбарларининг биридан сўраб билди. Исми айтилишини истамаган раҳбарнинг айтишича, “Сарвар деган бир журналистми, ёзувчими келиши керак маънавият тарғиботчиси бўлиб”.

Маънавият тарғиботчиси бўладиганлар рўйхати тузилган

Журналистлар уюшмаси раҳбарларидан бирининг (исми айтилмаслик шарти билан гапирди) айтишича, маънавият тарғиботчиси лавозимига ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари аъзолари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари жалб қилинмоқда.

“Бу йўналишдаги иш бошланганига уч ойдан ортиб қолди. Йил бошида президентимиз бир йиғилишда айтганидан кейин бошланган. Ўшандан кейин уюшма аъзолари билан бирма-бир гаплашилди. Рўйхатлар тузилди”, деди уюшма вакили.

Шарофиддин Тўлаганов 29 мартдаги постида бўлажак маънавият тарғиботчилари Шайхонтоҳур туман халқ бўлимига таклиф қилингани, улар орасида “номи чиққан машҳур ижодкорлардан Ориф Тўхташ, Мирза Карим, Адиба, Инобат опа, Озода ва Гўзалларни кўрганини” ёзган эди.

Ёши 76 га тўлган педагог олим, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Маҳмуджон Йўлдошев 1 апрель куни Озодликка маънавият тарғиботчиси бўлиб ишлаш тўғрисида унга ҳам тавсия тушгани, яқин кунларда бирон мактабга ишга киришни кўзлаб турганини айтди.

Директор ўринбосарлари ишсиз қоладими?

Ўзбекистон мактабларда директорнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари лавозими бор. Сергелидаги 104- мактаб раҳбарларидан бирининг айтишича, ўринбосар ўз ўрнида қолади.

Бас, шундай экан, битта мактабга иккита “маънавиятчининг” нима кераги бор? Нима учун махсус педагогик маълумоти бўлмаган шоир, ёзувчи, журналистлар маънавият тарғиботчиси лавозимига ишга олиняпти? Озодлик бу борада Халқ таълими вазирлигидан ҳозира изоҳ ололмади.

Президент қарори

Бироқ баъзи саволлар жавоби Ўзбекистон президентининг 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан топилди. Ҳужжат билан мана бу ерда тўлиқ танишиш мумкин.

Қарорда, жумладан мана бундай дейилган:

  • Таълим ташкилотларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қуйидаги тартиб жорий этилсинки, унга кўра:
  • ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи (Маънавият тарғиботчиси – таҳр.) лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилади ҳамда унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади;
  • давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилади. Бунда, олий таълим муассасаларида мавжуд ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими қисқартирилади.

Ёшлар етакчиларини четлаб ўтган хавф

Қарорда “мактаб директорнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари” лавозими тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ ҳужжатда мана бу гап бор:

  • 2021 йил 1 январдан бошлаб барча умумтаълим муассасаларида ёшлар етакчиси лавозими 1 та штат бирлиги ҳисобида сақланиб келинаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Бу писанданинг боисини Журналистлар уюшмаси вакили мана бундай тушунтирди:

“Аввалига биз мактабларга маънавият тарбиячиси бўлиб борадиган журналистлар рўйхатини туздик. Уларга ёшлар етакчиси лавозимида ишлаётганлар маошининг ярми берилиши айтилди. Яъни етакчи 0,5 ставка, тарғиботчи 0,5 ставка. Афтидан, ёшлар етакчилари “ундай бўлса, ишламаймиз”, деган шекилли, ҳар ҳолда тарғиботчилар ҳақидаги гаплар тўхтаб қолувди. 26 мартда президент қарори чиққанидан кейин ойликлар маълум бўлди ва ишлар ҳам жадаллашиб кетди”.

Маънавият тарғиботчиси нима иш қилади?

“Тарбия билан шуғулланади-да. Ҳар-хил кечалар ўтказар, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар ўтказар, театрларга олиб борар ўқувчиларни. Ҳозирча мендаги тасаввур умумий. Маънавият тарғиботчисининг малака тавсифномаси йўқ. Ҳар ҳолда биз ҳали кўрганимиз йўқ”, деди Сергелидаги 104- мактаб раҳбарларидан бири.

Президентнинг 26 мартдаги қарори мазмунидан келиб чиқиладиган бўлсак, шу қарорга биноан ташкил этилаётган тузилмалар, шу жумладан маънавият тарғиботчилари олдида бир қатор вазифалар турибди. Улар қаторида мана бу вазифа ҳам бор:

  • аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш;

Шайхонтоҳурдаги 320-мактабга маънавият тарғиботчиси бўлиб ишга кирган журналист Шарофиддин Тўлагановнинг Фейсбукда ёзишича, тарғиботчиларнинг биринчи галдаги вазифаси Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романини ўқувчиларга ўқитишдир:

“Каминаи камтарин 1 апрелдан Шайхонтохур туманидаги 320-мактабнинг ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси бўладиганга ўхшайман. Шу муносабат билан шанба куни бир гуруҳ ижодкорлар (шоир, ёзуви ва журналистлар) Шайхонтоҳур туман халқ бўлимига таклиф қилиндик. Вазирликдан келган бир амалдор (на лавозимини, на исми шарифини айтди - кимлигини билмай қолдик) олдимизга қўйиладиган вазифалар ҳақида маъруза қилгандек бўлди. Тушунганим: ўқувчиларга Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романини ўргатишимиз керак экан”.

  • Ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романи 1986—1987 йилларда "Шарқ юлдузи" журналида давомли эълон қилинган, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти уни 1989 йилда 150 000 нусхада босиб чиқарган. Романда Совет даврининг ички драмалари, тузум инқирози кўрсатилган.

Ёзувчиларни ўқитиш керак

Педагог олим Маҳмуджон Йўлдошевнинг фикрича, моҳир ёзувчи, жасур журналист яхши педагог дегани эмас: “Шоиру ёзувчиларни мактабга жалб қилишдан олдин уларни ҳеч йўқ бир-икки ҳафталик курсларда ўқитиш керак, болалар психолоияси нима, гендер психология нима, умуман бола билан қандай гаплашилади – буларнинг барчасидан ҳеч йўқ бошланғич тасаввурлари бўлиши керак. Агар мен мактабга бориб қолсам, шу масалани кўндаланг қўяман”.

  • Маънавият сўзи Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг истеъмолга кирган сўздир. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг 1981 йилги биринчи нашрида бу сўз йўқ. “Маънавий”, “маънан” сўзлари бор.
  • 2008 йили Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби чиққач, маънавият сўзи мамлакат бўйлаб кенг истеъмолга киритилди.
  • Президент Мирзиёевнинг 26 мартдаги қарори билан 2013 йилгача барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ташкил этиладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG