Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:33

“Ёзганларимнинг барчаси ҳақиқат”- польшалик журналист Ўзбекистон ИИВ айбловини рад этди


Журналист Агнешка Пикулицка Ўзбекистон ИИВ айбловини рад этди ва айби бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрлигини айтди.
Журналист Агнешка Пикулицка Ўзбекистон ИИВ айбловини рад этди ва айби бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрлигини айтди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда аккредитациядан ўтган польшалик журналист Агнешка Пикулицкани ўзбек қонунчилигини бузганликда айблади.

Вазирликнинг 1 апрель кунги баёнотида журналист “Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилган, салбий ахборот тарқатган”и айтилади.

Журналист ўзининг Твиттер саҳифасида 28 март куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида юз берган воқеалар ва бунинг ортидан бир қанча фаолнинг ИИВ бўлимига олиб кетиб, сўроқ қилингани ҳақида ёзган.

Агнешка Пикулицка ўзининг йигити ҳам ИИБда тўрт соат сўроқ қилинганини айтган.

“Журналист жорий йилнинг 29 мартдан бошлаб М.Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг “Твиттер” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда”, дейилади ИИВ баёнотида.

Вазирлик ўз баёнотида Агнешка Пикулицканинг Твиттерда эълон қилган; “Менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист эмас, фаол эмас, фақат кеча мен билан больницада бўлган). Бу нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган, радикаллар билан ишни ҳал этинг”, деб ёзган твити ва бошқа постларини ҳам илова қилган.

ИИВ баёнотида айтилишича, бу билан журналист “Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6 моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси ҳамда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни 6-моддаси талабларини бузган.

“Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиб, фуқароларимизнинг онгини чалғитиш, давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига нохолис маълумотлар етказиб, юртимиз ҳақида салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлишдан бу аёлга нима наф? Биз бу масалага яна қайтамиз”, - дейилган баёнотда.

“Ёзганларимнинг барчаси ҳақиқат”

Журналист ИИВ баёноти юзасидан Озодликка “ёзганларимнинг барчаси ҳақиқат”, дея қисқа изоҳ берди. Айни пайтда журналист айби бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрлигини ҳам айтди.

“Кеча #Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан менга қилинган ҳужум - бу мени журналист сифатида обрўсизлантиришга уринишдир. Агар менинг ёзганларим ҳақиқатан ҳам оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасини бузиш бўлса, мен суд олдида жавоб беришни хоҳлайман.Агар йўқ бўлса, мен вазирликдан халқдан кечирим сўрашни талаб қиламан@к_алламжонов”, - деб ёзди журналист 2 апрель куни ўзининг Твиттер саҳифасида.

Яна бир твитида Агнешка Пикулицка: “Вазирлик мени хорижий оммавий ахборот воситалари (ОАВ) учун репортажларимда холислик йўқликда айбламоқда. Тwиттер маҳаллий қонунчиликка биноан ОАВми? @куролова_д @к_алламжонов”, - деб ёзди.

Журналист масалага эътибор қаратишни сўраб, Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновга мурожаат қилди.

Унинг “@k_allamjonovБу масалада гаплашсак бўладими?”, деб ёзган постига Алламжоновдан жавоб бўлмади.

30 март кунги баёнотида Алламжонов ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир, деганди.

“Демократия ва сўз эркинлиги – бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Сўз эркинлиги бу аввало қонунга амал қилиш, айтилган ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулияти.

“Жуда кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти ўрганилганда, айнан шу мезонга қатъий амал қилинишини кўрамиз. Ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир. Бу норма ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасига оид қонунларида ҳам қатъий белгилаб қўйилган”, - деганди Алламжонов.

Агнешка Пикулицка шу йил февралида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими ўзига аккредитация жараёнида ижобий мақолалар ёзишни сўраб, босим ўтказгани ҳақда айтган. Бундан ташқари, журналист вазирлик ходимини шилқимликда ҳам айблаганди. Бу иш шов-шув бўлгач вазирлик шилқимликда айбланган ходим ишдан бўшатилганини маълум қилди ва журналистни аккредитациядан ўтказди.

Польшалик журналист: ТИВ ходими мени ўпишга уринди, тегажоғлик қилди ва ҳар хил жойларга таклиф қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00

Эркин матбуотга ҳужум

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг польшалик журналист борасидани баёноти ва ўзбек блогери Миразим Бозоровга қарши айбловлари эркин матбуотга ҳужум сифатида баҳоланмоқда.

Америкалик ҳуқуқшунос профессор, Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги собиқ вакили Стив Свердлоу: “Ички ишлар вазирлигининг журналистни қўрқитиши, касалхонага тушиб қолган блогерни зўравонлик ҳужумида айблаб чиқиши, нафақат юридик жиҳатдан шубҳали, балки Ўзбекистонда эркин фикр билдирувчиларга таҳдид кўринишларни ўртага чиқармоқда”, деб ёзди.

Айни ташкилот фаоли Мира Риттман эса: “Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган чет эллик журналистни содир бўлаётган воқеалар ҳақида хабар бергани учун қонунни бузганликда айблаш, ЛГБТ вакиллари ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, аслида Ўзбекистонни ёмон томондан кўрсатиб турибди”, - дейди.

Британиялик тадқиқотчи журналист Кристиан Ласслетт: “Ўзбекистоннинг Мирзиёев ҳукумати беш йил давомида ўзининг халқаро обрўсини кўтаришга ҳаракат қилди ва адолатли бўлиш учун катта муваффақиятларга эришди. Энди ақлдан озган бир ҳафта ичида барчаси тугатилди, аккредитациядан ўтган ва ҳурматга сазовор бўлган хорижий журналистга қарши совуқ ҳужум уюштирилди”, - дея таъкидлади.

“Фергана Ньюс” нашри бош муҳаррири Даниил Кислов Твиттерда “Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг мамлакатда ишлаётган полшалик журналистга қарши уюштирган бу ҳаёлий ва ажойиб ҳужумини ҳеч бўлмаганда бугунги Ўзбекистон ҳақида бирон бир нарсани тушунишни истаган ҳар бир киши ўқиши керак”, деб ёзди.

“Ўзбекистон мажбуриятларини бажариши керак!”

Айни пайтда Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини журналистлар ва блоггерларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини бажаришга чақирди.

Ташкилот баёнотида блогер Миразиз Базаровга қилинган жисмоний ҳужумни ҳам, у интернетда олган таҳдидлар ва гомофобик ҳақоратларни ҳам текширишга чақирилади.

Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган блогер Миразиз Бозоров 28 март оқшомида Тошкентдаги уйи олдида ниқоб кийган номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган.

29 ёшли Бозоров оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилганди.

“Янгиланаётган Ўзбекистон” ЛГБТ вакиллари учун янги хатарлар туғдирмоқда...ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Шу куни ижтимоий тармоқларда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган ўнлаб одам Амир Темур ҳиёбонига йиғилган баъзи одамларни шафқатсизларча калтаклагани акс этган видеолар тарқалди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган фаоллар калтаклаш “атайлаб уюштирилган бўлиши” эҳтимолини назардан қочиришмайди.

“Қандай қилиб Тошкент марказида “Аллоҳу Акбар” деб одамларни калтаклашяптию, милиция худди кўрмагандай қараб турибди. Бу атайлаб уюштирилган, деб ўйлаймиз, булар атайлаб одамлар эътиборини “Шоввозсой” мавзусидан чалғитиш учун қилишяпти буни”, - дейди Озодликка гапирган фаоллардан бири.

Миразиз Бозоровнинг ўзи калтакланишидан бир неча соат олдин Озодликка Амир Темур хиёбонида ўтказилиши режалаштирилган тадбирнинг ЛГБТга мутлақо алоқаси йўқлиги ва бу каби тадбирлар аввал ҳам қаршиликсиз ўтказиб келинганини айтган эди. У ўзининг гетеросексуал эканлигини ҳам қўшимча қилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат Жиноят кодексидан "Бесоқолбозлик" моддасини олиб ташлашга чақириб келган блогернинг калтакланишида унинг ўзини айблаб чиқди.

ИИВ видеобаёнотида “Миразиз Бозоров бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган”, дейилади.

Блогер уйида тинтув

Амир Темур ҳиёбонидаги воқеалар ортидан Миразиз Бозоров Тошкентда ижарага олган хонадон ва онасининг уйида хавфсизлик идоралари ходимлари тинтув ўтказган, компьютер, телефон ва электрон воситаларни олиб кетишган.

“Афросиёб кўчасидаги Миразиз Бозоров яшаган хонадон тинтув қилинган ва протокол тузмасдан унинг барча ҳужжатлари ва компьютерини олиб кетишди. Тезкор ходимлар тўсатдан квартиранинг эгасига келиб, уни квартирани куч билан очишга мажбур қилишди. Миразизнинг онасининг хонадонида ҳам тинтув ўтказилди. Улар Миразизнинг барча жиҳоз ва ашёларини олиб кетишди”, - деб айтди Озодликка блогернинг танишларидан бири.

Амир Темур ҳиёбонидаги воқеалар ортидан Миразиз Бозоров уйида тинтув ўтказилган ва электрон воситалари олиб кетилган.
Амир Темур ҳиёбонидаги воқеалар ортидан Миразиз Бозоров уйида тинтув ўтказилган ва электрон воситалари олиб кетилган.

Айни пайтда Бозоровнинг ДХХ касалхонасига ўтказилгани ва у ерда сўроққа тутилаётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.

“Халқаро қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон журналистлар ва блогерларни касбий фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай хатарлардан ҳимоя қилишга мажбурдир. Буларга нафақат жисмоний дахлсизликка таҳдидлар, балки уларнинг сўз эркинлиги ҳуқуқининг бузилиши ҳам киради”, дейилади Халқаро Амнистия ташкилотининг 1 апрель куни эълон қилган очиқ баёнотида.

Бундан олдин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларини Тошкентда 28 март куни юз берган "ташвишли воқеалар"ни холис текширишга чақирганди.

Ҳелена Фрейзер, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, блогерлар, фуқаролик жамиятини нафрат ва ҳар қандай кўринишдаги камситишлардан келиб чиқувчи зўравонликка қарши биргаликда курашга чорлади.

XS
SM
MD
LG