Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

"Темир дафтар" ёпилмоқда. Ногирон оила ундан нега чиқарилганини тушунмаяпти


Расмийлар "Темир дафтар"дан мақсад аҳолини камбағалликдан чиқариш эканини таъкидлашади. Иллюстратив сурат.
Расмийлар "Темир дафтар"дан мақсад аҳолини камбағалликдан чиқариш эканини таъкидлашади. Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоят, Чиноз туманида ўтган йили рўйхатга олинган 2069 камбағал оиладан 1684 таси “Темир дафтар”дан чиқарилди. Рўйхатда 385 оила қолди. Озодлик бу маълумотни туман ҳокимлиги мулозимидан олди.

2020 йилнинг августида мамлакат бўйлаб 1 млн 726 минг кишидан иборат 409 000 оила “Темир дафтар”га киритилгани расман билдирилган эди.

“Темир дафтар”дан чиқарилган чинозликлар орасида икки фарзанднинг отаси, 36 яшар иккинчи гуруҳ ногирони ҳам бор. У "Темир дафтар"га нега киритилганини яхши тушунади, бироқ нега чиқариб юборилганини тушунмаяпти.

"Дарди бедавога чалингани"ни айтган йигит Озодликка ўз ҳаёти, ёрдамга муҳтожлар рўйхатига қандай киритилганию қандай чиқарилгани тўғрисида сўзлаб берди.

"Мақсадим мени “Темир дафтар”дан чиқариб юборишди, қайта киритиб қўйишсин, деб шикоят қилиш эмас, мақсадим - сизларга гапириб, ичимни бўшатиб олиш”, - дея бошлади ҳикоясини икки ўғилнинг отаси эканини айтган 36 яшар чинозлик Чори Ниёзов (исм суҳбатдошнинг илтимосига кўра ўзгартирилган- таҳр.)

Мақсадим - сизларга гапириб, ичимни бўшатиб олиш.

"Касалимни сўраманг, барибир айтмайман"

“6 йил муқаддам бир дарди бедавога йўлиққанман. Мендан хотинимгаям юққан. Дардим қон босими, диабет ёки яна қандайдир уялмай айтса бўлаверадиган дард эмас. Шунинг учун сўраманг ҳам, барибир айтмайман. Хуллас, ўша касалим туфайли эр-хотин иккаламиз икки йилдан бери иккинчи гуруҳ ногиронимиз. Кунда-кунора кунбай иш топиб, ишлаб тураман. Лекин тушгачаёқ чарчаб қоламан. Иш берувчилар хафа бўлади, “дардим бор, деб айтмайсанми, ўрнингга бошқа одам олиб келган бўлардим”, деб”, - дейди Чори Ниёзов.

Айтишича, у дард илашгунча бақувват йигит бўлган, Тошкентдаги заводлардан бирида механик бўлиб ишлаган, 2 миллион сўмнинг устида ойлик олган. Ҳозирда эса, эр-хотин ҳар бири 436 мингдан ногиронлик нафақаси олади. Умумий 872 минг сўм нафақа пулга эр онда-сонда топиб келадиган кунлик пул қўшилади.

Болаларим катта бўляпти, эртага ўлиб қолсам, булар нима бўлади?

“Оч қолаётганимиз йўқ. Лекин ривожланиш ҳам йўқда! Шунга сиқиламан, болаларим катта бўляпти, эртага ўлиб қолсам, булар нима бўлади?” Чори бу саволни Озодликдан кўра, ўзига бераётгандай туюлди.

"Темир дафтар" ёрдами

Мана шундай вазиятда, ўтган йили, ковид карантинлари бошланишидан олдин маҳалла раиси бир-икки ёрдамчиси билан келиб, унинг оиласини рўйхатга олиб кетган. Чори кейин билса, унинг оиласи “Темир дафтар”га тушган экан.

“Темир дафтар”га киритилганидан кейин карантинлар бошланди ва ўша даврда, Чори Ниёзовнинг айтишича, унинг оиласига 5 ёки 6 марта озиқ-овқат ёрдами берилди.

“4 кило картошка, 4 кило пиёз, ёғ, чой, шунга ўхшаган нарсалар борийди”, - дейди Чори.

Бундан ташқари, оилага икки фарзанд учун 500 минг сўмдан пул ёрдами берилган.

Жўжаям беришган. 8 та жўжа. Ундан 3 таси келган куниёқ ўлиб қолувди.

“Ҳа, яна жўжаям беришган. 8 та жўжа. Ундан 3 таси келган куниёқ ўлиб қолувди. Қолган 5 таси тирик. Ана юришибди. Бир-бир ярим килодан чиқади ҳар бири”, деди Чори. У билан гаплашарканмиз, товуқларнинг қу-қулагани ҳам эшитилиб турди.

“Темир дафтар” берган энг катта ёрдам, Чорининг айтишича, бепул даволаниш имкони бўлди.

“Дафтарга киритилганимиздан бери Республика юқумли касалликлар шифохонасида эр-хотин икки марта 10 кундан ётиб чиқдик. Мана энди бундай имконият бўлмайди”, - дейди Чори.

Дафтарга киритилганимиздан бери Республика юқумли касалликлар шифохонасида эр-хотин икки марта 10 кундан ётиб чиқдик.

Унинг айтишича, “Темир дафтар”га кириши тадбиркорлик учун банкдан кредит олиш имконини ҳам яратган.

“Берса олай, деб бордим банкка. Теплица қурмоқчиман десам, фирма билан шартнома тузиб келасиз, дейишди. Фирма сўтихига 7 миллион сўмдан оларкан. Маҳаллада усталар 2,5 - 3 миллионданга қуриб беришяпти. Пулни ўзимга беринглар, мен икки баравар арзонга қилдириб оламан, десам беришмади. Қарасам, 15 фоизлик кредит экан 3 йилга. Ўйлаб кўриб, олмадим кредитини”, деди Чори.

Унинг айтишича, “Темир дафтар”дан чиқариб юборишганини эшитиб, бироз енгил ҳам тортган:

Мулозимларнинг шундай беадаблигидан чарчадим.

“Чунки рўйхатга кирганимдан пайдо бўлган бироз имкониятдан фойдаланиш учун ҳокимиятга борсам ҳам, банкка борсам ҳам ҳамма ҳужжатларимни, диагнозимни талаб қилишади. Диагнозимни кўриб, кўларини олайтиришади, бир-бирига айтишади. Ахир, бу менинг сирим-ку?! Мулозимларнинг шундай беадаблигидан чарчадим”.

"Темир дафтар"дан нега чиқаришганини тушунмаяпман"

Оиласи “Темир дафтар”дан чиқарилганига, Чорининг айтишича, бир ой ҳам тўлгани йўқ:

“Бир куни кунлик ишга кетувдим. Бир ой ҳам бўлмади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, яна бир-икки киши келишибди уйимизга. “Ишласангизлар бўлади. Жуда қийналиб кетдик, тепадан буйруқ келган, “Темир дафтар”га кўп одам киритворибсизлар, дейишяпти, қисқартиринглар деб айтишяпти, тушунинглар”, деган экан, хотиним қўл қўйиб берибди, розиман деб. Мен бундан хафа ҳам эмасман. Мен фақат бир нарсани тушунмоқчиман: нега рўйхатга олишдию нега чиқаришди, шуни тушунмаяпман. Оилам бир йилда оёққа туриб олдими ё? Қандай бўлган бўлсак, шундаймиз- ку, ахир?”

Чори Ниёзов оиласи кирган “Темир дафтар”да яна қанча оила борлигини билмайди. Билгани – ён қўшниси бор эди дафтарда. Бироқ у оила ҳам рўйхатдан чиқарилган:

Ён қўшним ҳам “Темир дафтар”да турарди. Чунки боқувчиси йўқ. Аёл киши. Қўлида чақалоғи бор. Боқувчисидан айрилиб қолишган. Укаси ногирон.

“Ён қўшним ҳам “Темир дафтар”да турарди. Чунки боқувчиси йўқ. Аёл киши. Қўлида чақалоғи бор. Боқувчисидан айрилиб қолишган. Укаси ногирон. Ишлай олмайди ҳеч қаерда. Шу оиланиям дафтардан чиқариб ташлашди”, - деди чинозлик йигит.

Ҳокимлик: 2069 эди. 385 қолди

Чиноз туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимидан олинган маълумотларга қараганда, шу кунда туман “Темир дафтар”ида 385 оила қолган, холос.

Дафтар шакллантирган пайтда унда жами 2069 оила бўлган.

"Темир дафтар” жорий қилингандан бери унга киритилган 2069 та оиладан шу кунгача 1684 таси чиқарилди.

“Темир дафтар” жорий қилингандан бери унга киритилган 2069 та оиладан шу кунгача 1684 таси чиқарилди. Чиқарилганлар жамоат ишлари билан таъминланган, саноат корхоналарига, агросаноат лойиҳаларига, қурилиш объектларига ишга жойлаштирилган, ўзини-ўзи банд қилганлар бор, чорва моллари, товуқлар берилган”, - деди мулозим.

Озодликнинг "иш бундай суръат билан давом эттирилса, ёзгача “Темир дафтар” мутлақо ёпилар экан- да?" деган саволига ҳокимлик мулозими “Йўқ, йўқ, ундай бўлмайди. Дафтарда қолганлар меҳнатга лаёқатсизлар, ўта муҳтож оилалар. Буларни рўйхатдан чиқариш қийин”, - деб жавоб берди.

Чиноздан олинган яна бир маълумотга кўра, тумандаги яқинда иккига бўлинган Деҳқонобод-Тиллатопган МФЙ “Темир дафтар”ида жами 29 оила бўлган. Ҳозирда Тиллатопганда 3, Деҳқонободда 6 оила қолган.

Республика “Темир дафтар”да қанча оила қолди? Дафтардан чиқаришнинг асосий меъзони нима? Озодликнинг бу саволларини Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати ходимаси диққат билан эшитиб, афтидан, ёзиб ҳам олди. Шундан сўнг, ўзини таништирмаган ходима, “Энди бу саволларни вазирликнинг Телеграмдаги каналига ёзиб юборинг”,- деди.

"Темир дафтар"га кимлар кирган эди?

Тилга олинган вазирлик департаменти бош мутахассиси Шаҳобиддин Давлатов 2020 йилнинг августида мамлакат бўйлаб 1 млн 726 минг кишидан иборат 409 000 оила “Темир дафтар”га киритилганини айтган эди.

Оилалар “Темир дафтар”га 5 та критерий бўйича киритилган:

  • меҳнатга лаёқатсиз ёки сурункали касалликлари оиласи аъзоси мавжуд бўлган оилалар;
  • якка-ёлғиз бевалар ва ўзгалар парваришига, қарамоғига муҳтож бўлган оилалар;
  • 5 нафар ва ундан ортиқ фарзанди мавжуд ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар;
  • коронавирус пандемияси натижасида ўзининг доимий даромад манбайидан маҳрум бўлган оилалар;
  • ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтож оилалар.

"Темир дафтар"дан кимлар чиқарилади?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири бошқарма бошлиғи Аҳрор Ғуломов 2020 йилнинг августида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида “Темир дафтар”дан чиқариш тартиби ҳақида гапираркан, жумладан бундай деган эди:

“Темир дафтар”ни юритиш бўйича вақтинча белгиланган тартибга кўра, фуқаронинг бу рўйхатда бўлиш муддатига оид аниқ чегара мавжуд эмас. Ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилгач, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади. Меҳнатга лаёқатли бўлган фуқаролар ишга жойлаштирилиб бандлиги таъминланади ёки ўзини ўзи банд қилиш орқали уларнинг даромадини оширишга эришилади. Шундан сўнг фуқаронинг аризаси ва ишчи гуруҳнинг тавсияси асосида бу фуқарони рўйхатдан чиқариш халқ депутатлари туман/шаҳар кенгаши қарори асосида ҳал қилинади”.

Мазмуни ўзгарувчан "Темир дафтар"

Бу ибора ўзбекларда ҳар доим бўлган. Ўзбек тилининг изоҳли луғати (Москва, 1981 йил) "Темир дафтар"ни "ёзувлари қонун кучига эга бўлган дафтар", деб изоҳлаган.

Ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатига нисбатан “Темир дафтар” ибораси 2020 йилда кенг истеъмолга кирди.

Бу ибора бир неча йил муқаддам бошқа маъно ташиган. Масалан, 2013 йили “Темир дафтар”ни маҳалла оқсоқоллари коллежга кираётган ёшларнинг ўқишни ташлаб, хорижга ишга кетиб қолишининг олдини олиш учун тутган.

2015 йили Озодлик суҳбатдошларидан бири “Темир дафтар” ибораси Ҳажга бориш учун навбатда турганлар рўйхатига нисбатан ишлатилганини хабар қилган эди.

2018 йилга келиб “Темир дафтар” ибораси фермерлар тилига кўчган.

“Вилоятда “Темир дафтар” бўлади. У дафтарда, менинг 100 тонна режам бўлса, яна 10 тонна топширишим кераклиги ёзилган бўлади. Ҳамма фермерга ҳам шундай ёзилган. Ғаллани ички ишлар ходими бошлиқ бўлган “отряд” ўради”, - деб айтган эди сурхондарёлик фермер Озодлик билан суҳбатда.

Расмийлар "Темир дафтар"дан кўзланган ниҳоий мақсад аҳолини камбағалликдан чиқариш эканини таъкидлашади. Аммо "Темир дафтар"дан чиқарилганлар камбағалликдан чиқдими? Чинозлик суҳбатдошнинг ҳикоясидан англашилгани - йўқ.

Пандемиядан аввал, 2020 йил бошида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 5 миллионга яқин аҳоли камбағалликда яшаётганини айтган эди. Бу тақрибан ҳар еттинчи ўзбекистонлик камбағал, дегани.

Жаҳон Банкига кўра, коронавирус пандемияси, Ўзбекистон учун, Совет Иттифоқи парчаланишининг иқтисодий оқибатларидан кейинги энг жиддий инқирозга сабаб бўлди. Аммо пандемиянинг мамлакатдаги камбағал ёки қашшоқлар сонига қандай таъсир қилгани борасида расмий рақамлар мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG