Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:03

Ҳокимликка яқин битта тадбиркор беш юз тадбиркорни даромаддан маҳрум қилмоқда


Ёпиб қўйилган йўл.
Ёпиб қўйилган йўл.

Сирдарё вилоят, Гулистон шаҳридан OzodMikrofonга қўнғироқ қилган тадбиркор, 46 яшар Шавкат Муҳаммадиевнинг арз қилишича, ҳокимликка яқин битта тадбиркор қарийб беш юз нафар тадбиркор савдо қиладиган кўчани ёпиб қўйиб, уларнинг савдосига сунъий тўсиқ қўймоқда.

ОзодМикрофон: Ҳокимликка яқин битта тадбиркор беш юз тадбиркорни даромаддан маҳрум қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:08 0:00
Бевосита линк

“Гулистон шаҳар, Тараққиёт маҳалласидаги Бунёдкор кўчасидаги тадбиркорлармиз. 2013 йилда бир қаватли дўконларимиз бузилиб, замонавий, икки қаватли қилиб қурган эдик. Уч йилча яхши ишладик, кейин яна бошланди. Бу нотўғри қурилган, бузилади, ҳар йили бир сюрприз қилиб туришади. Икки йил олдин Гулистон шаҳар ҳокими Дадабоев келиб ҳаммага хатлар бериб, бу ерда “Гулистон сити” қурилади, дўконларинг бузилади, деди. Вилоят ҳокимига чиқдик, у келиб кўриб, яхши, бақувват қурилган экан, бу проектга киради, лекин бузилмайди, деб айтгандан сўнг, тинчидик.

Гулистон марказий деҳқон бозори бошқа жойга кўчирилгандан кейин, бир Дантес деган тадбиркор чиқди-да ўша ерда Ҳумо савдо комплексини қурди. Бу комплекс қурилдию, бизнинг кўчамиз балога қолди. Ноқулай йўл бўлгани учун ҳеч ким у ёққа бормади. Ўтган йилги карантинда бизнинг кўча икки томондан тақа-тақ ёпилди, мошин, автобус кирмагандан кейин одамлар ҳам келмайди, савдо ҳам ўлди. Ҳумо эса карантинда ҳам ишлайверди. Бундан мақсад бизни синдириш ва одамларни ўша бозорга боришга мажбур қилиш. Карантин тугагандан кейин, ҳамма Ҳумони ташлаб яна бизнинг кўчага қайтиб келди”.

Йўлнинг ярмига чиқариб қўйилган қурилиш тўсиғи.
Йўлнинг ярмига чиқариб қўйилган қурилиш тўсиғи.

Шавкат Муҳаммадиевнинг айтишича, шундан сўнг катта тадбиркорДантес Устажалилов, “Гулистон сити” қурилиши баҳонасида йўлни кавлаб ёпиб қўйган:

“Биз кўчанинг ўнг томонида бўлсак, чап томонида “Гулистон сити” қурилиши белгиланган. Ўтган йилнинг 30 ноябрида келяптида, бир кечада канализация ўтади деб, бутун кўчани кавлаб ташлаяпти. Ҳамма жой лой, йўл қолмади. Икки ой шундай кавланганича ётди. Бир қарич ҳам труба қўйилмади. Мана яқинда президентимиз вилоятларга борадиган бўлиб қолганидан сўнг, бояги кавланган жойни кўмиб текислаб, асфальтлаб қўйишди. Бунга қанча маблағ кетди, қанча меҳнат. Бунинг ҳаммаси шу битта тадбиркор ва шаҳар ҳокимлигининг иши билан бўляпти”.

Тадбиркорларнинг айтишича, қурилишнинг шу орқа томонидаги кўчадан бемалол кириб чиқса бўлади, дўконлар жойлашган кўчани ёпишга ҳожат йўқ.
Тадбиркорларнинг айтишича, қурилишнинг шу орқа томонидаги кўчадан бемалол кириб чиқса бўлади, дўконлар жойлашган кўчани ёпишга ҳожат йўқ.

Тадбиркорга кўра, бу ҳийлалари ҳам иш бермагач бошқача йўл тутилган:

“Бизнинг тўғримизда 50х50 майдонга қурилиш қила бошлади. Қурилишнинг орқа томонини баннер билан тўсиб олди, лекин биз томонга баннерини йўлнинг ярмигача олиб келиб, лой тўкиб ўрнатди. Йўл яна ёпилди. Ваҳоланки бу қурилишига орқа томондаги кўчадан бемалол кириб чиқса бўлади. Худди шундай бошқа бир тадбиркор ҳам йўлнинг бўйида қурилиш қиляпти, лекин йўлнинг бирор қаричи ҳам ёпилмаган”.

Шавкат Муҳаммадиевга кўра, бундай сунъий тўсиқлар сабаб, беш юздан ортиқ тадбиркорнинг савдоси ўляпти:

“Автобуслар киролмайди, кўча бардак қилиб ташланган. Одамлар сарсон, тўртта кўча нарёққа бориб, автобусларга миниб кетишяпти. Икки ойдан буён халқ сарсон, тадбиркорлар мушкул аҳволда. Битта тадбиркор қурган савдо марказига одамлар бормагани учун мана шундай тўсиқлар яратиб, ҳамманинг енгилини оғир қилишмоқда!”

****************************************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG