Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Қирғизистонда "Райим Миллион" устидан очилган жиноят иши ёпилди


Қирғизистонда «Райим миллион» номи билан машҳур бўлган Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари, миллионлаб доллар ўзлаштирдаги роли учун АҚШнинг Магнитский санкциялар рўйхатига киритилган Райимбек Матраимов ҳибсдан озод қилинди ва унинг иши бўйича тергов тўхтатилди.

15 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) терговчилари Матраимовга ёки унинг оила аъзоларига тегишли чет элда нақд пул ёки кўчмас мулк топмагани учун пул ювиш айблови билан унга қарши очилган тергов тўхтатилганини билдирди.

Матраимов февраль ойида қайта қўлга олинганда МХДҚ у Хитой, Россия, Туркия, Украина ва Бирлашган Араб Амирликларида мол-мулк сотиб олиш йўли билан пул ювишда гумон қилинаётганини маълум қилган эди.

Матраимов 11 февраль куни Бишкек шаҳри Биринчи Май тумани суди қарори билан 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинди, натижада Бишкекда Матраимовнинг озод этилганига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Бунинг ортидан суд Матраимовни тергов изоляторида сақлашни буюрди.

Суд ушбу енгил жазони Матраимов ўзи назорат қилган схемалар орқали ўғирланган 24 миллион долларни қайтариб бергани билан изоҳлади.

Қирғизистонда 2020 йил декабрида қабул қилинган иқтисодий амнистия тўғрисидаги қонунга биноан, молиявий активларни ноқонуний қўлга киритган шахслар мол-мулкни давлат хазинасига қайтарса, жиноий жавобгарликка тортилмаслиги мумкин.

Иқтисодий амнистия ғояси ўтган йилнинг октябрь ойида, Матраимов ҳибсга олиниб, уй қамоғига қўйилганидан атиги бир кун ўтиб, ўша пайтдаги Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаров томонидан эълон қилинган эди.

Жапаров порахўрликни йўқотиш ва ислоҳотларни амалга ошириш ваъдалари билан президент этиб сайланди. Жапаров, шунингдек, президент ваколатларини оширадиган янги конституцияни таклиф қилди. Якшанба куни бўлиб ўтган референдумда янги конституция сайловчилар томонидан маъқулланди.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳаси Матраимов ва бошқалар коррупция учун судланмаслигини таъминлаш мақсадида шошилинч равишда тайёрланган. Бундан ташқари, танқидчилар конституциявий ўзгаришлар тизимни авторитарлаштириб, президент ҳокимиятини ҳаддан ташқари кучайтиришини айтмоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP – Organized Crime and Corruption Reporting Project) ҳамда Бишкекдаги “Kloop” ахборот сайти 2019 йилда ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирувлар Матраимов бир қатор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойиганини кўрсатган.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотига кўра, Матраимов мамлакатдан камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетган, божхона тўловларини четлаб ўтиш мақсадида мансабдор шахсларни сотиб олган ва пул ювган.

АҚШ Давлат департаменти дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тўғрисида март ойида эълон қилган ҳисоботида Қирғизистонда сўз эркинлиги ва эркин матбуотга таҳдидлар кўпайгани урғулаганди.

Ҳисоботнинг фуқаролик эркинликлари, жумладан, матбуот эркинлигига бағишланган бўлимида Матраимов иши юзасидан терговда қатнашган журналистларга таҳдидлар бўлгани қайд этилди.

Январь ойида 49 ёшли Матраимов фамилиясини Исмаиловга, хотини Уулқан Турғунова эса фамилиясини Сулайманова деб ўзгартирди.

Матраимовлар шу билан АҚШ жорий қилган санкцияларни четлаб ўтишга уринаётгани айтилмоқда.

Матраимовлар оиласи адвокатлари мижозлари ним сабабдан фамилиясини ўзгартирганини изоҳлагани йўқ.

XS
SM
MD
LG