Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

"Ғарбнинг навбатдаги найранглари". Россия ОАВлари Чехия тарафи айбловига қандай муносабат билдирди


Руслан Боширов (чапда) ва Александр Петров
Руслан Боширов (чапда) ва Александр Петров

Россия федерал медиалари яна ғазаб отига миниши учун баҳона топилди: Чехия 18 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан ҳайдаб чиқаришини эълон қилди.

Чех махсус хизматлари 2014 йили Врбетицедаги ўқ-дори омборида юз берган портлашга Скрипалларни заҳарлашда айбланаётган ўша машҳур “Петров” ҳамда “Боширов”ларнинг алоқаси бор, дея гумон қилмоқда. Элчихона ходимларининг қувилиши ана шу тахминдан туғилган норозилик белгисидир.

Рус медиаси ушбу янгиликка, уриниб кўрса ҳам, ҳазил-мазах билан жавоб бера олмади. Чунончи:

  • “Нега Петров ва Боширов дейсизми? Бошқа ким бўларди? Илгари, шошилинч бир нарса ўйлаб топиш керак бўлганда Ҳолливуд “генерал Гоголь” билан “полковник Пушкин”ни таклиф қиларкан. Энди эса Петров билан Бошировни таклиф қилишаяпти. Уларни Праганинг найзадор гумбазли черкови ёнида кўришгандир, ҳойнаҳой?” (НТВ, Россия).
  • “Боширов билан Петров ҳануз “Marvel”нинг коинотдан келган суперёвуз қаҳрамонларга айланмагани жуда ғалати” (Рен ТВ, Россия).

“Алаҳлаш” ва русофобия

Аксари рус медиаларининг дастлабки реакциясини ярим ғазаб, ярим таажжуб ҳосиласи дейиш мумкин. Праганинг баёнотига нисбатан алаҳсираш, сафсата, бемаънилик ва русофобия оловини ёқиш учун баҳона ва бошқа жимжимадор таърифлар қўлланиши шундан далолат беради.

  • “Россияга қарши чиқиш учун Чехияда кутилмаган баҳона топилибди: 7 йил бурунги воқеа – ўқ-дори омборида ёнғин чиқиши маҳаллий мухолифатнинг ёдига тушиб қолган” (Россия 24, Россия).
  • “Бу ишда маъни ва мантиқ борга ўхшамаяпти” (РЕН ТВ, Россия).
  • “Баҳоналари янги эмас, лекин аксилроссия жазаваларининг умумий руҳига бемалол мос келади” (Россия 24, Россия).
  • “Россияга қарши кенг кўламли ахборот уруши авж олмоқда. Бу уруш европаликлар орасида русофобияни ёйишга қаратилган” (Regnum, Россия).

  • “Федерациялар кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Джабаров бўлаётган воқеаларни бемаънилик деб атади. 1914 йилни эслашмабди ҳалиям. Алаҳсираш бу, ҳаммамиз тушуниб турибмиз” (360, Россия).

"Ғарбнинг узун қўли"

Ҳар доимгидек, Россия журналистлари АҚШни айблашдан ўзини тия олмади. Давлат пропагандаси асосан икки тахминни илгари сурди: ё Вашингтон биров орқали Москвани ёмонотлиқ қилмоқчи ёки Оқ уйнинг кўнглини овлаш учун Праганинг ўзи ташаббус кўрсатяпти.

  • “Россияга қарши сиёсатга ниҳоятда содиқлик намойиши, бу маънода Чехиянинг агрессияси – Вашингтондан баралла янграган баёнотлар акс-садоси кабидир: ё унинг хоҳиш-истагини адо этишяпти, ёки унга жўровоз бўлишга уринишмоқда” (Россия 24, Россия).
  • “Мазкур дипломатик жанжал сўнгги кунларда Россия Федерациясига қарши янги санкция кампаниясини бошлаб юборган Вашингтон босими остида уюштирилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас” (RT, Россия).
  • “Амалда Марказий разведка бошқармаси билан МI-6 нинг Шарқий Европадаги филиалига айланиб қолган Чехия хавфсизлик идораси раҳбарлари маҳаллий “Бехеровка” ликёридан кўпроқ ичиб қўйишгани даргумон. Аксинча, улар нафақат Москва ва Прага алоқалари учун ҳалокатли хатти-ҳаракатларни онгли равишда содир этиб, бу билан ғарблик шерикларига яна бир карра хизмат қилишди, балки Чехия ҳамда Россия муносабатларида кутилаётган илиқлашувни ҳам барбод қилишди” (RG, Россия).
  • “Праганинг кутилмаганда 18 нафар россиялик дипломатни бадарға қилмоқчи бўлаётгани ва етти йил муқаддам ўқ-дори омборида юз берган портлашлар ортида “Солсбери” найзадор гумбазли черкови мухлислари турганлиги ҳақидаги баёноти – Москва ҳамда Вашингтон алоқалари ёмонлашгани оқибатидир” (Фонтанка, Россия).

Беларусь, "Росатом" ва "Спутник"

Дипломатик можаро ортидан чиққан ахборот урушида фақат АҚШни айблаш билан чекланиб бўлмасди. Шу боис пропагандачилар юз берган воқеаларга нисбатан аниқроқ изоҳлар ўйлаб топмоқда. Улар бир нечта.

Биринчиси – геосиёсий версия.

  • “Праганинг мақсади, ортида Қўшма Штатлар турган душманона ахборот-сиёсий кампанияни бошлаш бўлгани тушунарли. Бу – Беларусда қуролли қўзғолонга ҳозирлик кўрилганини тасдиқловчи фактлардан жамоатчиликни чалғитиш учун амалга оширилган” (Россия 1, Россия).
  • “Диққат қилинг, бу айбловлар айнан Лукашенконинг “Менга суиқасд ҳозирлашган. Тайёргарлик чет элдан бошқарилган”, деб баёнот берганидан сўнг янгради” (НТВ, Россия).
  • “Чехия ҳукумати тилидан Россияни йўқ гуноҳи учун айблаш орқали Ғарб Беларусда давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрилгани тўғрисидаги хабарларни хаспўшламоқда” (RT, Россия).

Иккинчи версия иқтисодий мазмунга эга.

  • “Энг қизиғи, бу гапларнинг айнан ҳозир – Чехия ҳудудидаги атом электр станциясининг янги энергоблокини ким қуришидек жуда муҳим стратегик қарор қабул қилиниши арафасида ўртага чиққанидир” (ТВЦ, Россия).
  • “Чехия, дарҳақиқат, хавотирли аломатларни намойиш этмоқда. Мамлакат, суриштирув якунланишини кутиб ўтирмай, “Росатом” билан ҳамкорликни тўхтатишини эълон қиляпти” (Россия 24, Россия).
  • “Прага, сўнгги воқеалар “Дуковани” АЭСнинг янги энергоблоки қурилишига Россиянинг “Росатом” давлат ширкатини жалб этишга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди. Бунгача эса танловдан Хитой ширкатини чиқариб юборишган эди. Ана энди топинг-чи, 6 миллиард долларлик шартномага ким асосий талабгор бўлиб қоляпти? Тўппа-тўғри — “Westinghouse” америка-канада ширкати” (RG, Россия).

Учинчи тахмин пандемия билан боғлиқ.

  • “Ўйин сабаблари иккита бўлиши мумкин. Биринчиси – Чехиянинг Россиядан "Спутник V" вакцинасини сотиб олишга интилиши. Ғарб бу интилиш ортида ўз бирлигига таҳдидни ҳамда дунёда Россияни шунчаки “бензоколонка” ва “Европа душмани” деб тасаввур қилиш барҳам топиши эҳтимолини кўрди” (Взгляд, Россия).
  • “Москва билан Прага муносабатлари кескин илиқлашуви кутилаётган эди: Чехия "Спутник V" вакцинасини сотиб олишга тайёр бўлиб, душанба куниёқ бош вазир ўринбосари Ян Гамачекни Москвага жўнатмоқчи бўлиб турганди. Бироқ шанба куни кечқурун илиқлик ўрнига, икки томонлама алоқалар жиддий совиши кутилаётгани аён бўлди” (Коммерсант, Россия).

Жавоб юриши

Чехия ҳукуматининг хатти-ҳаракатларига нима сабаб бўлганидан қатъи назар, Россия ҳукумати шошилинч баёнот бериб, тезликда ва кескин жавоб берилишини маълум қилди.

  • “Россия ўз дипломатларининг Чехиядан бадарға қилинишини жавобсиз қолдирмайди. Москвада Праганинг душманларча хатти-ҳаракатларига шундай изоҳ берилди” (ТВЦ, Россия).
  • “Ҳамма йиғилиши учун бир сутка муҳлат. Россия Чехияга нисбатан иккитага кўп дипломатни ҳайдаб юбормоқда” (Фонтанка, Россия).
  • “Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги жавобларидан Россия фуқаролари катта қувонч ва фахр туймоқдалар” (Россия 1, Россия).
XS
SM
MD
LG