Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:15

Ҳисобот: Шаҳарлар иқлим ўзгаришига мослашмаётгани сабабли миллионлаб одам хавф остида


Тошқинлар, жазирама иссиқ ва атроф-муҳит ифлосланиши каби таҳдидлар кучайиб бораётганига қарамай, юзлаб шаҳарда иқлимга мослашиш режаси мавжуд эмас. Чоршанба куни эълон қилинган ҳисоботда эътироф этилишича, бу ҳолат дунё бўйлаб 400 миллион одамни хавф остига қўймоқда.

Тез суръатларда кенгайиб бораётган шаҳарларда сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи яшайди. Шаҳарлар иқлим ўзгариши билан боғлиқ офатлар, иқтисодий беқарорлик ва соғлиқни сақлаш инқирозларига тобора кўпроқ дучор бўлмоқда.

Ширкатлар, шаҳарлар, ва мамлакатлар ўзининг атроф-муҳитга таъсири тўғрисида эълон қилган маълумотларни тўплайдиган глобал CDP нодавлат ташкилоти 800 дан ортиқ шаҳарни ўрганиб чиқиб, уларнинг 43 фоизида иқлим ўзгариши муаммоларига мослашиш режаси йўқлигини аниқлади.

Ташкилот шаҳарда яшашни истайдиган одамлар сони тобора кўпайиб бораётганини эътиборга олиб, 2030 йилга бориб 400 миллионга яқин одам иқлим ўзгаришига ҳозир бўлмаган шаҳарда яшашини тахмин қилди.

CDP ташкилотининг Европа бўйича директори Мирям Вольфрамнинг сўзларига кўра, ҳисоботга киритилган шаҳарларнинг 93 фоизини «катта таҳдидлар» кутмоқда: уларнинг 60 фоизи эса сув хавфсизлиги билан боғлиқ «моҳиятли» муаммоларга дучор бўлганини билдирган.

Вольфрам шаҳарларга энг йирик таҳдидлар сув тошқинлари, иссиқ мавсумлар, ёғин-сочин, жазирама иссиқ кунлар, қурғоқчилик ва ҳаво ифлосланиши эканини айтди.

Иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси эга шаҳарлар дарахт экиш (20 фоиз), тошқинларни хариталаш (18 фоиз) ва инқирозларни бошқариш режаларини ишлаб чиқиш (14 фоиз) каби чоралар кўрилаётганини билдирган.

Ҳисоботда айтилишича, айрим шаҳарлар қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш кўламини ошириш, шунингдек, яшил майдонлар, транспорт инфратузилмаси ва чиқиндиларни қайта ишлашни яхшилаш каби чорларни ҳам кўриб чиқмоқда.

2015 йилда дунё мамлакатлари Парижда жорий аср охирига қадар глобал исишни, саноатлашувдан олдинги давр билан солиштирганда, Цельсий шкаласи бўйича 2 даража, рисоладагидай ҳолатда эса 1,5 даража ўсиш билан чеклашга келишиб олган.

Аммо 2015 дан кейинги йиллар қайд этилган тарихдаги энг иссиқ йиллар бўлди. Қолаверса, сайёра бўйлаб шиддатли бўронлар, тошқинлар ва ўрмон ёнғинлари содир бўлди.
CDP маълумотларига кўра, айрим шаҳарлар миллий ҳукуматлардан ҳам кўпроқ чора кўрмоқда.

Ҳисоботда АҚШнинг Санта Фе округи, Буюк Британиянинг Манчестер шаҳри ва Малайзиянинг Пенампанг шаҳри бунга мисол ўлароқ кўрсатилди.

CDP ташкилотининг йиллик ҳисоботида қатнашаётган шаҳарлар сони ҳам сезиларли даражада кўпайган. 2011 йилги илк тадқиқот учун 48 шаҳар маълумот берган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 812 тага етди.

Аммо CDP ҳисоботига кўра, иқлим ўзгаришига адаптация қилиш режасини ишлаб чиққан шаҳарларда ҳам уларни амалга оширишда қийинчиликлар мавжуд. Тадқиқотда қатнашган шаҳарларнинг қарийб 75 фоизи бюджет етишмовчилиги туфайли режани амалга ошириш кечикаётганини айтган.

Тадқиқотда қатнашган шаҳарлар режалаштирилган экологик лойиҳаларни молиялаштириш учун камида 72 миллиард доллар кераклигини айтган.

Жаҳон банкига кўра, одамлар ва мол-мулк шаҳарларда қанча кўп тўпланса, иқлим ва табиий офатлар хавфи шунчалик юқори бўлади.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, 2015 йилда глобал миқёсда шаҳарларда табиий офатлар туфайли қайд этилган ўртача йиллик йўқотиш қиймати тахминан 314 миллиард долларни ташкил қилган. Банк ушбу кўрсаткич 2030 йилга қадар 415 миллиард долларга етишини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG