Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:22

Диний эркинликлар: АҚШ Давлат департаменти Хитойни уйғурларга қарши  «геноцид»да айблади ​​​​​​​


Хитой ғарбидаги Шинжон вилоятига қарашли Кошғар шаҳрида уйғур ва бошқа мусулмонлар масжидда намозни адо қилмоқда. Сурат Хитой ҳукумати ташкил этган хорижий ОАВ вакилларининг минтақага ташрифи чоғида олинган. Апрель, 2019 йил.
Хитой ғарбидаги Шинжон вилоятига қарашли Кошғар шаҳрида уйғур ва бошқа мусулмонлар масжидда намозни адо қилмоқда. Сурат Хитой ҳукумати ташкил этган хорижий ОАВ вакилларининг минтақага ташрифи чоғида олинган. Апрель, 2019 йил.

АҚШ Давлат департаменти диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботида Хитойни мусулмон уйғурлар ва бошқа диний озчиликларга қарши «геноцид» содир этганликда айблади. Шунингдек, ҳисоботда Эрон ва Россия диний эркинликлар энг кўп поймол этилаётган давлатлар сифатида тилга олинди.

12 май куни ҳисобот эълон қилиниши муносабати билан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен инсоннинг универсал ҳуқуқи деб белгиланган эътиқод эркинлигини энг қўпол равишда бузаётган мамлакатларни танқид қилди.

«Бошқа инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмагунча, диний эркинлик тўлиқ таъминланмайди. Ҳукуматлар халқнинг эътиқод қилиш ва эркин ибодат қилиш ҳуқуқини бузса, бу бошқа барча ҳуқуқларга таҳдид солади», - деди Блинкен.

Блинкен Эрон, Бирма (Мьянма), Россия, Нигерия ва Саудия Арабистонида диний эркинликлар бузилаётганини урғулади. Ҳисоботда ушбу мамлакатларда диний эркинликлар билан боғлиқ вазият аянчли экани эътироф этилди.

«Россияда расмийлар Яҳова шоҳидлари [насроний гуруҳи] ҳамда мусулмон озчилик гуруҳлари аъзоларини экстремизм баҳонасида таъқиб қилиш, ҳибсга олиш ва уларнинг мол-мулкини мусодара қилишда давом этмоқда», - деди Блинкен.

Ҳисоботда Эронда диний эркинлик билан боғлиқ қатор жазо ва чеклов борлиги эътироф этилди.

«Эрон озчилик эътиқод гуруҳлари аъзоларини, жумладан, баҳоийлар, насронийлар, яҳудийлар, зардуштийлар, сунний ва сўфий мусулмонларни қўрқитиш, таъқиб қилиш ва ҳибсга олишда давом этмоқда», - деди Блинкен.

Блинкен бутун дунёда, жумладан, АҚШ ва Европада антисемитизм ва мусулмонларга қарши нафрат кучайиб бораётганида хавотир изҳор қилди.

Хитой ҳақида Блинкен амалдаги президент Жо Байден маъмурияти собиқ президент Дональд Трамп маъмурияти хулосаларини қўллашини такрорлади. 2021 йил январда Трамп маъмурияти Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда, дея хулоса қилган эди.

«Хитойда эътиқод кенг миқёсда жиноий жавобгарликка тортилади ва мамлакат мусулмон уйғурлар ва бошқа диний ва этник озчилик гуруҳлар аъзоларига қарши геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни содир этишда давом этмоқда», - деди Блинкен.

Давлат департаменти маълумотларига кўра, Шинжондаги қамоқхона ва лагерларда асосан этник уйғурлардан иборат 2 миллионга яқин мусулмон тутқунликда сақланмоқда.

Хитой расмийлари эса ушбу лагерлар бўлгинчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш марказлари эканини иддао қилиб келади.

Давлат департаментининг Халқаро эркинликлар идораси ходими Дэниел Надаль Хитой ҳукумати бутун Шинжонни «очиқ осмон остидаги қамоқхонага айлантиришга» ҳаракат қилаётганини айтди.

Шинжондаги қонунбузарликлар ҳақида тўпланган кўплаб далилларни тасвирлаб берган Надаль Хитой «бутун бир халқни, унинг тарихи, маданиятини Ер юзидан ўчиришга» ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

12 май куни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар ва Ғарб давлатлари вакиллари онлайн учрашув ўтказиб, Хитойни Шинжонда йирик кўламли жиноятларни содир этишда айблади ва минтақага БМТ экспертлари тўсиқсиз киритилишини талаб қилди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, виртуал учрашувда 152 нафар одам, шу жумладан, 51 мамлакат вакили қатнашган.

Пекин учрашувни «Хитойга қарши» тадбир сифатида қоралади.

XS
SM
MD
LG