Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Эронлик аёллар мамлакат қамоқхоналаридаги жинсий зўравонликлар ҳақида сўзлаб берди


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Наргиз Муҳаммадийнинг айтишича, Эрон қамоқхоналари маъмурлари маҳбус аёлларнинг иродасини синдириш учун мунтазам равишда жинсий зўравонлик ва тазйиқлардан фойдаланади. Муҳаммадийнинг ўзи ҳам бундай зўравонлик қурбони бўлганини сўзлади.

Қўрқув, уятга қолишдан қочиш ва сукут сақлаш маданияти туфайли кўплаб зўравонлик қурбонлари ўз бошидан кечирганлари ҳақида очиқ гапирмайди.

Аммо 27 май куни Муҳаммадий ва Эронда ҳибсга олинган бошқа маҳбуслар “Clubhouse” ижтимоий медиа дастурида гуруҳ муҳокамасини ўтказиб, қамоқда бошдан кечирганлари билан ўртоқлашдилар. Онлайн йиғилишда сургундаги эронлик Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Ширин Абадий ҳам қатнашди.

“Мен ўзимни машинага улоқтирилган қўйдай ҳис қилдим”, деди Муҳаммадий 2019 йилда Теҳрон қамоқхонасидан Занжон шаҳрига зўрлик билан кўчирилгани ҳақида ҳикоя қилар экан.

Унинг айтишича, қамоқхона бошлиғи уни машинага итариб сиққан, сўнгра оёқлари устига ўтириб, сигаретасини ёқишни буюрган.

Нишонга олинган маҳбус аёллар

“Мен буни фақат жисмоний тажовуз, деб таърифлай олмайман”, деди Муҳаммадий гуруҳда.

“Улар маҳбусларни жинсига қараб [нишонга олади]”.

Муҳаммадий қамоқда бошқа маҳбус аёлларга нисбатан тазйиқ ва жинсий зўравонликлар ҳақида хабар топганини айтиб берди. Жумладан, у терговчи тегажоғлик қилганидан кейин жиддий руҳий муаммоларга дуч келган аёл ҳақида сўзлаб берди.

“Мен [суд маҳкамаси бошлиғи Иброҳим] Раисийнинг ўзидан қамоқхона бошлиғи учун сигарет ёқишим шарт экани ёки йўқлигини сўрашим керак”, деди Муҳаммадий.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Наргиз Муҳаммадий
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Наргиз Муҳаммадий

Муҳаммадий Абадий билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари маркази”га асос солган. Ташкилот айни дамда Эронда тақиқланган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти туфайли 10 йилга қамалган Муҳаммадий 2020 йил октябрь ойида муддатидан илгари озод қилинди.

Муҳаммадийнинг озод қилинишига унинг саломатлиги ҳақидаги хавотирлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг чақириқлари сабаб бўлди.

Аммо орадан бир йил ҳам ўтмай у Эрон диний идораларига қарши “тарғибот қилиш”, “туҳмат” ва “қамоқхона маъмурларига қарши исён” айбловлари билан 30 ойлик қамоқ ҳамда 80 та қамчи зарбаси жазосига маҳкум қилиниши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳукм у қамоқлардаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида сукут сақламагани учун жазодир.

Муҳаммадий ўзи каби танилган шахс шундай ёмон муомалага дучор бўлаётганини эътиборга олиб, жамоатчилик танимаган аёл маҳбуслар тақдири янада аянчли эканидан хавотирда.

“Мен 48 ёшли аёлман. Одамлар мени танийди. Менга қандай муносабатда бўлишганини кўрганимда, улар одамларга таниш бўлмаган ва якка тартибда сақланаётган ёшроқ (аёлларга) қандай муносабатда бўлишлари ҳақида ўйлай бошладим”, деди у.

Муҳаммадийнинг айтишича, кўпинча қамоқхона маъмурлари ҳибсга олинган ёш аёллар бокиралигини текширади.

Сўнгги йилларда бошқа аёл маҳбуслар ҳам терговчиларни жинсий ва психологик зўравонликда айблади.

Қамоқдаги эколог Нилуфар Баёний расмийларга мактуб ёзиб, 1 200 соат давомида сўроқ қилингани, сўроқ давомида қандай қийноққа солинганини батафсил баён қилди.

Унинг сўзларига кўра, терговчилар уни зўрлаш ва ўлдириш билан таҳдид қилган, ёввойи ҳайвонлар овозига тақлид қилишга, ўзларининг жинсий ўйинларида қатнашишга мажбур қилишган.

Сукунат ҳеч нарсани ўзгартирмайди

“Clubhouse” иловаси эронликлар учун кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, баъзан эса реал вақтда муҳокамаларда қатнашаётган расмийларга қарши чиқиш учун янги платформага айланган.

27 май куни бўлиб ўтган “Clubhouse” йиғилишида Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Абадий аёлларга ҳуқуқбузарлар исмларини очиқ айтишни ва уларни шарманда қилишни тавсия этиш кераклигини таъкидлади.

“Кўпчилик обрўси тўкилишидан қочиб ёки адолатдан умид йўқлигига ишонгани учун бу нарсалар ҳақида гапиришга тайёр эмас”, деди Абадий.

“Наргиз (Муҳаммадий) баланд овоз билан гапиргани ва бошқаларга гапириш учун жасорат бергани учун олқишланиши керак. Сукунат ҳеч нарсани ўзгартирмайди”, деди у.

Жинсий қўрқитишлар

2014 йилда ўзининг инсон ҳуқуқлари фаолияти туфайли қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси Марям Шафипурнинг сўзларига кўра, терговчилардан бири унга:

“Мен сени шу ерда ушлаб туришим ва сен билан хоҳлаган ишимни қилишим мумкин”, деб таҳдид қилган. Натижада фаол доимий хавотирга тушиб қолган.

“У танасининг пастки қисмини менинг стулимга текизиб, ҳар хил овоз чиқарарди”, деди Шафипур.

Ўқитувчи ва шоира Маҳваш Собитий Эрондаги баҳоийлар билан боғлиқ фаолияти учун Теҳроннинг Эвин қамоқхонасида қарийб 10 йил ўтирган. 2017 йилда қамоқдан озод қилинган Собитий қамоқда мунтазам равишда жинсий камситишларга дучор бўлганини сўзлаб берди.

“Сўроқларнинг барча босқичларида бизга аёл, иккинчи жинс вакили сифатида қарашарди”, дея тушунтирди у.

Эски яралар

Энг оғриқли ҳикояларни Эронда 1979 йилда содир бўлган исломий инқилобидан кўп ўтмай қамалган аёллар сўзлаб берди.

Бону Собирий 1982 йилда Эроннинг Исфаҳон шаҳри яқинидаги чўлда исломий қонунларни таъсис қилиш вазифаси юкланганини иддао қилган уч киши томонидан зўрлангани ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, 1986 йилда ҳибсга олингандан сўнг, терговчилар зўрланганидан фойдаланиб, у ва унинг оиласига, шу жумладан, 1988 йилда қатл этилган эрига босим ўтказишган.

“Улар эримга менинг фоҳиша эканимни айтишди ва мен [зўрлаш] даъвосини оила қурганимизда бокира эмаслигимни яшириш учун ўйлаб топганимни айтишган эди”, - деб эслади у.

Собирий ҳибсдан бўшатилганидан кейин ҳам Эрон расмийлари уни мунтазам равишда чақириб, ҳақорат қилишганини айтди.

У айни дамда АҚШда яшайди. Унинг сўзларига кўра, ўттиз йилдан кўпроқ вақт олдин Эрон қамоқхонасида бошдан кечирган психологик зўравонликдан ҳали-ҳануз азият чекади.

Қамоқда ўтказган 1981–1991 йиллари тўғрисида мемуар ёзган собиқ сиёсий маҳбус Мунира Бародарон терговчи уни калтаклаётганида бошидан чодири тушиб кетганини гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, терговчиси унинг сочларини кўриб, ғазаб отига минган. 1979 йилги инқилобдан кейин Эронда татбиқ этилган ислом қонунларига кўра, аёллар жамоат жойларида сочлари ва таналарини ёпиб юришлари керак.

XS
SM
MD
LG