Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:11

UzAuto Motors корхонасида яна иш ташлаш - ишчилар маошлар қисқарганидан норози


UzAuto Motors ходимлари ойлик қисқариши ва кечикишига норозилик сифатида иш ташлади, 3 май, 2021
UzAuto Motors ходимлари ойлик қисқариши ва кечикишига норозилик сифатида иш ташлади, 3 май, 2021

Андижонда енгил автомобил қисмларини ишлаб чиқариш ва йиғишга ихтисослашган “Uz-Koram Co” ширкати ишчилари ойлик маоши кечиккани ва қисқарганига норозилик сифатида иш ташлади.

Корхона ишчиларининг Озодликка айтишича, 85 нафардан ортиқ ишчи 3 июнь куни бир неча соатга ишни тўхтатиб қўйган. Уларнинг талабига жавобан, корхона раҳбарияти вазиятни ўнглашга ваъда берган.

Ишчилар 1 миллион 300 - 1 миллион 400 минг сўм атрофидаги маошнинг ўртача 60-70 фоизини олгани, қисқарган маош ҳам 10 кундан ортиққа кечикиб берилганини даъво қилмоқда.

Шикоятга кўра, бу йил 30 май куни корхонанинг 25 йиллиги нишонланган ва бу сана муносабати билан гўёки раҳбарлар мукофот пулларини олган, аммо ишчиларга ҳар йили шу санада берилган мукофот бу йил берилмаган.

Корхона раҳбарияти ва Ўзавтосаноат АЖ бу ҳолат бўйича Озодликка изоҳ бермади. Аммо корхонанинг ўзини таништирмаган вакилига кўра, ширкатнинг 25 йиллигига белгиланган мукофот пуллари бу йил ҳеч бир заводда берилмаган ва бунга нафақат ширкат, балки мамлакатда пандемия туфайли юзага келган қийин иқтисодий аҳвол сабаб қилиб келтирилмоқда.

Бу корхона Андижондаги автомобил ишлаб чиқаришга ихтисослашган 17 та кичик заводнинг энг йиригидир, унда 1000 нафар атрофида ишчи бор. Бу заводда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган енгил автомобилларнинг ички ва ташқи пластик қопламалари, жумладан бампер, асбоб панеллари ишлаб чиқарилади ва йиғилади.


3 июндаги иш ташлаш, корхона ишчиларининг Озодликка билдиришича, бир неча соат давом этган:

“85 атрофида ишчи, ишни тўхтатиб, завод ҳовлисига йиғилди. Олдингидай бош директор, замдиректор, кейин “Автокомпонент” ширкатидан эксперт келди. Ҳозир иқтисодий аҳвол оғир, деб хуллас алдашдида яна. Ойликларни аҳволи анчадан бери оғир. Ошиқча соат ишлатишган, айримлар 200 соатгача ишлаган, лекин ҳаммага бирдек фақат 165 соатга иш ҳақи тўлашди. 650 минг сўмлик премия пулини ҳам бермай қўйишди. Бунинг устига ўзи 1 миллион 300 ёки 1 миллион 400 минг сўм ойлик, бундан ҳам 300 - 400 минг сўмдан ушлаб қолишяпти”.

Корхона ишчилари номидан боғланганини айтган ишчининг иддаосича, айни пайтда раҳбарларнинг ойлик маошлари баланд ва улар ўтган ойда мукофот пули ҳам олишган:

“7 тача раҳбар бўлса, ҳаммаси олди мукофот пулини. Ойлигиям жуда баланд уларнинг. Биз шуни кеча раҳбарларга айтдик: “Ўзингиз катта ойлик оласиз, мукофот пули ҳам бор. Иқтисод чатоқ бўлса, сизларга бору, бизга йўқми?!” Аниқ жавоб бера олишмади”.

Айни корхона ишчилари бунга қадар ҳам маошлари қисқариб кетаётгани ва мукофот ёки рағбат пуллари берилмаётганидан бир неча бор Озодликка шикоят қилган.

Озодлик навбатдаги шикоят юзасидан ширкатдан бирор аниқ расмий жавоб ололмади.

“Uz-Koram Co” ширкати сайтида берилган +998-78-120-40-00 рақамига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади. Шунингдек, Ўзавтосаноат акциядорлик жамияти ва матбуот котиби Зумрад Шожалилова ҳам Озодлик саволларига ҳозирча жавоб бермади.

“Uz-Koram Co” ширкатида ишлайдиган, аммо исмини ошкор қилмаётганимиз муҳандисга кўра, нафақат бу ширкат, балки Ўзавтосаноатга қарашли Андижон шаҳридаги бошқа ишлаб чиқариш корхоналари ва Асака заводининг ўзида ҳам аҳвол яхши эмас.

Заводдаги бир бўлимга масъул мухандиснинг айтишича, ишчиларнинг ойлик маошлари кечиккани ва қисқарганидан норози бўлиб йиғилиши, иш ташлашлари кичик-кичик кўламда тез-тез бўлиб турибди:

“Раҳбарлар бу йил пандемия, ҳамма жойда иқтисодий аҳвол чатоқ, сабр қилинглар, сабр қилинглар, дейишяпти. Бошқа гап йўқ. Лекин ишчиларни шикояти тўғри, раҳбарларнинг ойлиги жуда юқори. Заводга битта янги техника олиб келиб ўрнатиб қўйишди яқинда, унда ҳам мукофот пули олишди. Лекин ишчига йўқ”.

“Uz-Koram Co” ишлаб чиқариш корхонасида, бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг кузов ва салонининг ички қисмидаги пластик қопламалар тайёрлаб, йиғилади.

Завод Андижон шаҳрида жойлашган ва ундан чиққан ярим тайёр автомобиллар, ўриндиқларини жойловчи навбатдаги корхонага йўлланади.

Айни пайтда, молиявий таъминот ва ишчилар ойликлари билан боғлиқ муаммоларга оид хабарлар, UzAuto Motors ширкати тизимидаги бошқа заводлардагина эмас, пули тўланган автомобилларнинг эгасига етказиб бериш тизимида ҳам учрамоқда.

1 июнь куни янги автомобилларни етказиб беришда 500 доллардан 2000 долларгача “шапка” тизими қайта тиклангани ва турнақатор навбатлар юзага келгани ҳақидаги хабарлар пайдобўлди. Ширкат эса бу хабарни рад этиб, навбатларни ҳам пандемия оқибатлари билан боғлади.

Бундан ташқари, шу йилнинг 6 мартида ҳам UzAuto Motors ширкатининг Асакадаги заводида 200 га яқин ишчи ойлик маошлари кескин қисқартириб юборилганидан норози бўлиб, иш ташлагани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Иш ташлаш бўлган куни тушдан сўнг UzAuto Motors АЖ ҳолатга муносабат билдириб, иш ҳақидан қарздорлик йўқлигини таъкидлаганди.

Аммо ўшанда ишчилар компания раҳбарлари билан, 6 март кунги иш ташлашдан сўнг ўтган йиғилишдан ёзиб олинган аудиоёзувни тақдим қилган.

Ушбу ёзувда ҳам, UzAuto Motors АЖнинг Асакадаги завод мулозимларидан бири пандемия даврида завод даромади пастлагани, ишчилар ўтган йили ишламасдан карантинда ўтирганини эслатаркан, бу ҳолат уларнинг меҳнат ҳаққида акс этаётганини айтганди.

Ўзбекистонда ойлик иш ҳақларининг вақтида ёки меҳнатга яраша тўланмаслиги ҳам давлат ва ҳам хусусий сектордаги корхоналарда сурункали тус олган муаммо. Аммо, сўнгги ойларда бу муаммо янада кучаймоқда.

Шу йил январида Озодлик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ Олтиариқ бўлими ишчиларининг заводдаги қисқартиришларга қарши норозилик акцияси ҳақида хабар берган эди.

11 январь куни Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг ўнлаб ишчилари ҳам ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурлангани ҳақда Озодликка хабар йўллаган.

Ўтган йил октябрида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводида маош ва овқатлар вақтида берилмаганидан ғазабга келган қурувчиларнинг норозилиши оммавий тартибсизликларга айланиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG