Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:35

“Масжид ҳам йўқ, пул ҳам” -  Жанубий Кореяда масжид қуришга йиғилган эҳсон пуллари қани?


Youtube каналида ўзбекистонлик имом Кореяда масжид қуриш учун ер олинаётгани, бунинг учун эҳсон йиғилаётганини айтган.
Youtube каналида ўзбекистонлик имом Кореяда масжид қуриш учун ер олинаётгани, бунинг учун эҳсон йиғилаётганини айтган.

Икки йил аввал Жанубий Кореянинг Кимхэ шаҳрида масжид қурилиши учун дея пул йиғиш бошланганди.

Кореяда яшовчи ўзбекистонликларнинг айтишича, ўзини Ўзбекистон Мусулмонлар идорасидан жўнатилган имом сифатида тақдим қилган шахслар бу ишга бош қўшган.

Аммо, масжид қурилмаган. Масжид қурилиши учун тўпланган эҳсон пуллари тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Масжид учун пул тўлаб қўйганлар йиғилган эҳсон пуллар қани, деган саволни ўртага ташламоқда.

Жанубий Кореянинг Кимхэ шаҳрида яшовчи наманганлик Абдуллоҳ Озодлик билан суҳбатда айтишича, масжид қурилмаган, уни қуриш учун эҳсон йиғишни ташкиллаштирганлар эса Ўзбекистонга кетиб қолган.

“Масжид қуриш баҳонасида пластик картага пул туширишни йўлга қўйишди. Ижтимоий тармоқларда чиқиб, пластик карталарни эълон қилишди. Нафақат бу ерда ўзбеклар, индонезиялик, малайзиялик мусулмонлар ҳам минглаб доллар тушириб берди. Бизни ҳисоб бўйича фақат Кореяни ўзида 50 минг доллардан ортиқ пул йиғилган. Россияда ҳам катта пуллар йиғилди. Мана икки йил ўтди масжид ҳам йўқ, пул ҳам. Ҳозир билсак масжид қурамиз, деб пулимизни олган “қори ака”лар Ўзбекистонга кетворган. Бу ерга вақтинчалик виза билан келишган экан. У ерда бошқа “саҳоват” ишларини олиб боришаётган экан”, - дейди Кимхэ шаҳрида яшовчи Абдуллоҳ исмли ўзбекистонлик.

Абдуллоҳнинг айтишича, Кореяда масжид қуриш ташаббусчиларидан бири ўзбекистонлик имом Абдуғаффор Эргашев бўлган.

Икки йил аввал Кореянинг Кимхэ шаҳридаги Имом ал Бухорий масжидига имомлик қилган Эргашев Youtube каналида қилган чиқишларида Кореяда масжид қуриш учун ер олинаётгани, бунинг учун эҳсон йиғилаётгани, кўнгиллилар пул ўтказишлари мумкинлигини айтади.

“Ер оляпмиз. Агар қурсак бу Ўзбекистоннинг Кореядаги ўз иморатига эга биринчи масжиди бўлади. Савоб қилмоқчи бўлганлар мана шу карточкага пул туширишлари мумкин. Россияда ҳам Дилмурод укамиз бор, у ҳам карточка очиб бизга ёрдам қиляпти. Россияда ишлаётганлар ҳам ёрдам қилишлари мумкин”, - дейди Эргашев 2019 йил ноябридаги чиқишида.

Кореяда масжид қуриш учун GoFundMe сайтида ҳам эҳсон йиғиш эълон қилинган.

Маълумотларга қараганда, 2020 йил бошида эса Эргашев Ўзбекистонга қайтиб кетган.

Youtube каналида тарқалган видеолардан аён бўлишича, у ҳозирда Ўзбекистон ичида “Саҳоват” камбағалларга ёрдам бериш тадбирларини уюштирмоқда.

Масжид учун шу пайтгача қанча пул йиғилган ва у пуллар қаерда?

Озодлик бу саволга жавоб топиш учун Эргашевга боғланишга ҳаракат қилди, лекин унинг уяли телефонига давомли қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мулозими Озодлик билан суҳбатда Жанубий Кореяда масжид очишга ҳеч кимга ваколат берилмаганини айтди.

“Бизда бошқа бир давлатда, жумладан Жанубий Кореяда масжид очишга ваколат йўқ . Ҳеч кимга бундай ваколат бермаганмиз”, деди мулозим.

Масжид қурилиши учун пул тўлаб қўйган ўзбекистонликлар эса ҳам Жанубий Корея, ҳам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилиб, эҳсон пулларини қайтариб олишда кўмак сўраш ниятида .

“Ҳозир булар бошқаларни чув туширмаслиги учун ҳуқуқ-туртибот идораларига ариза тайёрлаяпмиз. Ҳазилакам пул тўплангани йўқ у ерда. Биз билган одамлар тўлаган пулларни ҳисоблаб чиқсак 100 минг доллардан кўпроқ пул. Бундан ташқари буларни Россиядаги одами ҳам карточкасини эълон қилиб, пул тушириш билан шуғулланган. Буни тагига етамиз”, - дейди Кореяда яшовчи Иброҳим исмли бошқа ўзбекистонлик.

“Кореяда масжид қуришга талаб бор”

Жанубий Кореяда мажид қуриш ташаббусчиларидан яна бири ўзбекистонлик имом Улуғбек қоридир.

Озодлик билан суҳбатда Улуғбек қори Кимхэ шаҳрида масжид қуриш ғояси анчадан бери борлигини айтади.

“Шунақа холат бўлган. Пул йиғиш қилинган, мен улар билан кўришганман, лекин мен у одамлар пулларни талон-торож қилган, деб айблай олмайман, чунки маълумотга эга эмасман. Қўлимда юз фоиз далил бўлмасидан уларни айблай олмайман. Аллоҳ билгувчи, агар эҳсонга ҳиёнат қилинган бўлса Аллоҳ жазосини албатта беради. Шуни айта оламанки, бу ерда, айниқса Кимхэ шаҳрида масжид очишлик учун талаб катта. Ибодат қиладиганлар кўп. Ижарага олинган иншоотларимиз қониқтирмайди, агар қуриладиган бўлса оддий масжид бўлмайди, жума ўқиладиган жоме масжид бўлади-да. Шунинг учун ҳозир ўзимиз, мана шу ерда яшовчи ўзбекистонликлар кўмаги билан шу ишни қилиб кўрайликчи, деб турибмиз. Ер олсак кимдир ғиштини ўзим териб бераман деяпти, бошқачи қурилиш молларини олиб бераяпман, дейди. Шуни қиламиз, Худо хоҳласа”, - дейди Улуғбек қори.

Youtube каналида эса ўтган йил бошида Улуғбек қорининг Абдуқаҳҳор Эргашев билан бирга туриб масжид қурилишига пул ўтказишга даъват қилаётгани акс этган видеолар бор.

"Масжид қурамиз, устида гумбази ҳам бўлади", - дер экан Улуғбек қори одамларни бунинг учун эҳсон қилишга даъват қилади.

Икки йил аввал Кимхэ шаҳрида масжид қуриш учун тўпланган эҳсон пуллари қаерда? Бу саволга Озодлик Улуғбек қоридан аниқ жавобни ололмади. У бундай деди:

"Яна бир бор айтаман, олдинги пул йиғишга мени алоқам йўқ. Ҳозир биз ўзимиз масжид қуриш учун эҳсон йиғяпмиз. Ҳисоб бир одамни номига очилмайди. Тўртта одам назорат қилади буни. Яна 21 аъзо бўлади, улар ҳам назорат қилади. Тўпланган пул ва сарф-ҳаражатлар ҳақида ҳисоб бериб турилади.

Масжид қурилиши қанчага тушишини лойиҳани қўлимизга олганимиздан кейин эълон қиламиз. Тахминимиз 700 минг долларлар атрофида. Яримдан кўпроқ капиталимиз бор. Бу ерда ишлаб юрганлар ёрдам берса деган жиҳатлар ҳам бор. Халқларимиз эҳсон қилувчи, Аллоҳ йўлида кимки эҳсон берса мукофотини олади. Бундан фойдаланиб ўзини чўнтагини тўлдирмоқчи бўлганларни ҳам жазосини беради”, - деди Улуғбек қори.

“Ислом ниқоби остида”

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев фикрича, эҳсон йиғиш тизими шаффоф эмаслиги боис мақсадли сарфланиши савол остида.

“Исломни ниқоб қилиб эҳсон йиғишлар жуда қулай бўлиб қолди ҳозир. Камбағалга ёрдам бераман, деб карточкасини қўяди, одамлар пул туширади. Бу пул у камбағлга етиб борадими, ўйлаб ҳам ўтирмайди. Ишонувчан халқ. Ҳудо йўлига деса бераверади. Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган одам истаган банк карточкасини қўяди, одамлар пул тушираверади. Бу тизим шаффоф бўлмагандан кейин талон-тарож бўлмайди деб ҳеч ким айтолмайди. Шунинг учун фуқароларимиз ҳеч қаерда рўйхатган ўтмаган, бундай шубҳали эҳсон йиғишлардан эҳтиёт бўлиши керак”, - дейди Абдусалом Эргашев.

Ўтган йил Сардоба сув омбори тошқини жабрдийдаларига йиғилган эҳсон пуллари тўлиғича аҳолига етиб бормагани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Айни пайтда эҳсон тўплаш билан шуғулланувчи баъзи блогерларнинг фаолияти ҳам муҳокамаларга сабаб бўлаётир.

Ўтган ой тармоқда бир гуруҳ фаоллар собиқ хонанда Сардор Раҳимхондан “Юрак амри” инсонпарварлик лойиҳаси доирасида йиғилган пуллар ҳақида ҳисоб беришни талаб қилиб чиқди.

Бунга Раҳимхоннинг Хоразмда етимларга уй олиб бериш учун эхсон тўлай олмагани ҳақдаги баёноти туртки бўлганди. Ҳозиргача Раҳимхон эҳсон пуллари тушаётган банк ҳисобини очиқламаган.

XS
SM
MD
LG