Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:18

Coca-Cola можароси: Каримов куëвидан тортиб олинган миллионлар Мирзиëев куëвига тегиши мумкин


Loop video - Uzbek Coca Cola (UZBEK)

Яқин кунларда Ўзбекистондаги Coca-Cola қўшма корхонасидаги давлат улушини ўта махфий ўтаëтган "очиқ тендер"да ким сотиб олгани эълон қилинади.

Салқин ичимликлар глобал бозоридаги етакчилардан бўлган Coca-Colaнинг Ўзбекистондаги шўъбаси сотувга қўйган акциялар нархи бир неча юз миллион долларгача баҳоланмоқда.

«Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» аҳолиси қарийб 35 миллион кишилик Ўзбекистонда алкоголсиз ичимликлар бозорининг деярли ярмини назорат қилади. Бу компаниянинг 57.1 фоиз улуши кимга ўтса¸ бозорнинг асосий хўжайини ҳам шу бўлади.

Давлат улушининг хусусий инвесторларга сотилиши нафақат ғазнага нақд пул олиб келиши, балки дунëдаги коррупция энг кучли давлатлардан саналган Ўзбекистоннинг халқаро инвестицион имижини ҳам яхшилаши мумкин.

Аммо савдонинг ҳуқуқий мақоми¸унинг ҳалол ва шаффофлиги ҳали харидор аниқланмай турибоқ ¸ аллақачон шубҳа остига олинди.

Хусусан¸ тендер бошланишидан кўп ўтмай Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мисли кўрилмаган баëнот билан чиқди.

Жараённинг "қатор коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратиши"ни билдирган агентлик¸ тендерни тўхтатишга чақирди. Аммо эртасигаëқ¸ жамоатчиликка сир қолаëтган сабабга кўра¸ ўз эътирозини яна ўзи қайтиб олди.

Coca-Cola назорат пакет акцияларига даъвогарларнинг сўнгги рўйхатида президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёвига алоқадор ширкатнинг борлиги¸ кузатувчиларда бу "очиқ тендер"нинг ғолиби у бошланмай турибоқ аниқ бўлганига оид хавотир уйғотмай қолмади.

Аммо бундан ҳам каттароқ муаммо ҳозирча кўздан панада қолаëтган 20 йиллик ҳуқуқий можародир.

Бу ҳуқуқий низо иштирокчилари - Ислом Каримовнинг қамоқда қолаëтган тўнғич қизи Гулнора Каримова, Тошкент ҳукуматининг Вашингтонда жойлашган қудратли лоббичи фирмаси¸ ҳамда 300 миллион доллардан кўпроққа тенг акциясини Ўзбекистон ҳукумати тортиб олганини айтиб келаётган АҚШдаги Мақсудийлар оиласидир.

Қолаверса, Dow Jones Industrial Average индексига киритилган дунëга машҳур The Coca-Cola Company ҳам суд жараëнига тортилган.

Озодлик ихтиëрида Coca-Cola компаниясининг АҚШдаги штаб-квартираси ва Туркиядаги минтақавий бўлинмаси юқори лавозимли раҳбарлари ўртасидаги ички ёзишмалар мавжуд. Бу ëзишмалар Мақсудийлар оиласи акцияларини Ўзбекистон ҳукуматига ўтказиб берган битимларнинг юридик жиҳатдан муаммоли эканидан Coca-Cola раҳбарларининг хабари бўлганини кўрсатади.

Хусусан¸ Тошкент ҳукумати Мақсудийлардан тортиб олинган акцияларни ҳеч ким танимайдиган қўшма корхонага арзонгаровга сотганида¸ Coca-Colaнинг Америка ва Туркиядаги раҳбарлари буни кўриб¸ кўрмасликка солган.

Ширкат раҳбарларининг шуни тасдиқловчи электрон ëзишмалари Озодлик суриштирувида биринчи бор жамоатчиликка эълон қилинмоқда.

Ўзбекистонда илк Coca-Cola қўшма корхонасини очган Мақсудийлар оиласи ўзларидан рейдерлик йўли билан тортиб олинган акцияларнинг янги эгаси эълон қилиниши билан¸ уни дарҳол судга беражагини таъкидламоқда.

«Pepsi киришига йўл қўймаслик»

Coca-Colaнинг Ўзбекистондаги тарихи СССР қулашидан икки йил ўтиб бошланган.

1993 йилда The Coca-Cola Export Corporation корхонаси давлатга қарашли «Ўзозиқовқатсаноат» уюшмаси ҳамда Кайман оролларида рўйхатдан ўтган Roz Trading ширкати билан алкоголсиз ичимликларни қадоқлаш ва сотишга оид уч томонлама келишув тузади.

Roz Trading эгаси эса қизил инқилобдан сўнг Афғонистон¸ ундан эса¸ АҚШга кўчиб кетган Мақсудийлар оиласидир.

Coca-Cola билан қўшма корхона Мақсудийларнинг кенжа ўғли Мансур мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага уйланганидан икки йил ўтиб тузилади.

Мансур(чапдан иккинчи) ва Фарид (ўнгдан биринчи) Мақсудий Тошкентда Coca-Cola заводининг очилиш маросимида. 1994 йил.
Мансур(чапдан иккинчи) ва Фарид (ўнгдан биринчи) Мақсудий Тошкентда Coca-Cola заводининг очилиш маросимида. 1994 йил.

Корхона акциялари дастлаб учта шерик ўртасида тенг тақсимланади. Кўп ўтмай¸ Мақсудийлар улуши 55 фоизга, Coca-Colaники эса 43 фоизга кўтарилади.

Coca-Cola Bottlers Uzbekistan (CCBU) деб номланган бу қўшма корхона 2000 йилга келиб, Марказий Осиёдаги энг йирик ичимлик қадоқлаш заводига айланади. Унинг йиллик савдо айланмаси 100 миллион доллардан ошади.

1996 ва 1997 йилларда Мансур Мақсудий ва унинг акаси Фарид «Йилнинг энг яхши қадоқловчилари» деб топилади ва ака-укалар 1998 йилда Coca-Cola компаниясининг АҚШдаги қароргоҳида ўз шарафига уюштирилган мукофотлаш маросимида қатнашади.

Фарид (чапда) ва Мансур Мақсудийлар Coca-Cola президенти Doug Ivestor билан.
Фарид (чапда) ва Мансур Мақсудийлар Coca-Cola президенти Doug Ivestor билан.

2001 йилга келиб¸ Мансур Мақсудий ва Каримова ўртасидаги муносабатлар ёмонлашади. Эр-хотин ўртасидаги жанжаллар ортидан 29 июлда Каримова икки фарзандини олиб¸АҚШдан Тошкентга қайтади.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Мақсудий Каримовани ўз фарзандларини ўғирлашда айблаб¸ оила яшаган Нью-Жерси судига мурожаат қилади.

Бунга жавобан¸ Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Мақсудийнинг Тошкентдаги қариндошлари, Coca-Cola ширкати бошқарувчилари ва ишчи-ходимларини таъқибга олади. Мақсудийларнинг уч яқин қариндоши, жумладан, амакиси қўлга олинади ва қамалади. CCBUнинг бир неча ходими ҳибсга олинади¸ уч нафар бошқарувчиси Ўзбекистондан қочиб кетади. CCBUнинг тўрт заводидаги ишлаб чиқариш тўхтаб қолади.

Бу жараëнлардан Coca-Colaнинг АҚШдаги менежерлари хавотирга тушади. Ўша пайтдаги вице-президент Жанет Ҳовард ва бошқа раҳбарлар вазиятга ечим топиш мақсадида 2001 йил 17 августида Вашингтонда Ўзбекистон элчиси билан учрашади.

Ҳовард ўша кунги электрон мактубида элчининг «тижорат можароси нинг“оилавий масалалардан” ажратилиши кераклигини» айтганини ёзади. «Элчининг сўзларига кўра, “Фарид [Мақсудий] Ўзбекистон ҳукуматига қарши уруш эълон қилган”, деб ëзади жумладан ўз хатида Ҳовард.

Орадан тўрт ой ўтиб, 2001 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Мақсудийнинг Тошкент ва унинг атрофида яшаётган йигирмадан зиёд қариндошини ҳибсга олади. Улар орасида аёллар, болалар ва Мақсудийларнинг кекса бувиси ҳам бор эди. Ўзбек мххчилари Мақсудий қариндошлари 15 соат йўл босганидан сўнг уларни Афғонистон чегарасига олиб бориб қўяди ва бошқа қайтиб келмасликни буюради.

Ўша куни Coca-Cola компаниясининг Евросиё ва Яқин Шарқ бўйича президенти Аҳмет Бозер Coсa-Cola компаниясининг юқори ижрочи раҳбарларига электрон почта орқали «Ўзбекистондаги акциядорларнинг муаммолари» ҳақида мактуб ёзади.

«Якуний ечим Мақсудийларсиз тузиладиган янги шериклик бўлади», деб ёзади Бозер.

"Биз ҳукумат билан алоқаларни «бошидан бошлаймиз» (бу аллақачон бошланган). Бу биз учун [Coca-Cola корпорацияси] ва Ўзбекистон ҳукумати билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш йўлидаги имкониятдир"¸деб изоҳлайди янги тактикани Бозер.

Бозер, шунингдек, Coca-Cola компаниясининг энг муҳим хавотирларидан бирига тўхталиб ўтади:

«Биз учун устувор вазифа Pepsiнинг Ўзбекистонга киришига йўл қўймасликдир».

Йиллар ўтиб, Бозер Coca-Cola компаниясининг глобал вице-президенти лавозимига кўтарилади ва ушу лавозимда 2016 йилда нафақага чиққунича ишлайди. Coca-Colaнинг Ўзбекистондаги фаолиятига бошчилик қилган Бозер Озодликнинг изоҳ олиш ниятида қилган телефон қўнғироқлари ва юборган электрон хатларига жавоб бермади.

Озодлик ихтиëридаги ëзишмалардан Coca-Cola раҳбарлари учун Ўзбекистондаги корхонани ким назорат қилиши эмас, балки унинг фаолияти давом этишини таъминлаш асосий масала бўлгани кўрилади.

CCBU маслаҳат кенгашининг собиқ аъзоси Тим Лейн Озодлик билан суҳбатда "Мақсудийларнинг муваффақиятли бизнес юритгани ҳақида шубҳа бўлиши мумкин эмас"¸ дея таъкидлади.

Айни пайтда бу суҳбатдош:

- Coke ким назорат қилган бўлса, ўшанга қулоқ солди. Улар, шубҳасиз, бренд ҳимояси учун ҳамма ишни қилишлари керак эди ва қилди ҳам, - дея қўшимча қилди.

«Амалдаги қонунчиликка мувофиқ»

Каримова Ўзбекистонга қочиб кетганидан олти ҳафта ўтгач – 2001 йилнинг 11 сентябрида амалга оширилган террор хуружлари АҚШнинг Марказий Осиё сиёсатини ўзгартириб юборди.

Буш маъмурияти Каримовни Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни дастаклаш учун АҚШ қўшинларига ҳарбий база ва мамлакат ҳаво ҳудудидан фойдаланиш ҳаққини беришга кўндирди.

11 сентябрь воқеаларидан кейинги тўққиз ой ичида Ўзбекистон расмийлари Coca-Cola корхонасига ўғрилик ва фирибгарлик иддаолари билан босим ўтказишда давом этди.

Ўзбекистон судлари Roz Trading акцияларини мусодара қилиш ҳақида кетма-кет қарорлар чиқарди. Ўзбекистон ҳукумати шунингдек, CCBU учун ҳаëт-мамот бўлган валюта конвертациясини тақиқлаб қўйди.

2002 йил июнь ойида Coca-Cola компанияси Тошкент билан низони ҳал қилиш учун Вашингтонда жойлашган Stonebridge International фирмасини ёллади. Михаил Горбачёвнинг илм-фан масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Роальд Сагдеев ва унинг ўша пайтдаги рафиқаси Сюзен Эйзенҳауэр (АҚШ собиқ президентининг қизи) Тошкент билан музокарачи этиб белгиланди. Бу хизмат учун Coca-Cola Stonebridge музокарачиларига 200 минг АҚШ доллар ҳақ тўлаш ҳамда компаниянинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиладиган ҳар бир доллардан 2 фоизлик тўлов беришга рози бўлди.

«Табиийки, Stonebridge ва компаниянинг барча саъй-ҳаракатлари тўлалигича амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳолда амалга оширилади», дейилади Coca-Colaнинг мазкур лоббичи фирма намояндалари билан ëзишмаларида.

Сюзен Эйзенҳауэр Тошкентда ўтказган музокараларидан сўнг¸ 2002 йил 6 августида 6 саҳифали ички ёзишмаларни қайта йўллайди. Мактуб мазмунидан бу музокараларда Гулнора Каримованинг тўғридан-тўғри қатнашгани англашилади.

«Халқаро эътибор ҳамда унинг Нью-Жерсидаги оила билан ўтмишдаги муносабатларини ҳисобга олган ҳолда, бу юқори даражадаги сиёсий масалага айланди. Бу можаро отасига таъсир қилиши мумкинлигини у билади», дейилади ёзишмаларда.

«Энг муҳими, оила (Каримовлар) Coca-Cola ёки CCBU учун кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдам «М» (Мақсудийлар) оиласига қўл келишидан хавотирда».

Stonebridge ширкати вориси Albright Stonebridge Group фирмаси Озодлик радиосининг мазкур ëзишмаларга оид юборган саволларини жавобсиз қолдирди.

Stonebridge воситачилари Вашингтон ва Тошкент ўртасида қатнаб турган бир пайтда, Coca-Cola компаниясининг АҚШдаги раҳбарлари Ўзбекистон элчиси билан учрашади. 31 июль куни вице-президент Ҳовард АҚШ ва Туркияда фаолият юритувчи бир неча ширкат етакчисига мактуб ёзиб, «хусусий канал орқали оилага чиқиш йўлида катта силжиш бўлгани» ҳақида ёзади. Бу билан у Каримовлар оиласини назарда тутган.

Ҳовард шунингдек, Каримовлар оиласига Coca-Cola компанияси ўзбек томонига "М"нинг дўстона учинчи томон билан алмаштирилишига рози экани тўғрисида» хат ёзишни таклиф қилади.

Coca-Colaнинг бу можародаги стратегиясини Бозер аввалроқ Европа ва АҚШдаги раҳбарларига юборган электрон ёзишмалардан янада чуқурроқ англаш мумкин.

Ички ëзишмалар нусхаси.
Ички ëзишмалар нусхаси.

2002 йилнинг 22 июлида ёзилган ички ёзишмаларда Бозер зиддиятни ҳал қилишнинг турли вариантларини баён қилади.

Тошкент ҳукуматининг Roz Trading акцияларини тортиб олишига тўхталган Бозер:

-Ўзбекистон қонунларига зид равишда Вазирлар Маҳкамаси ушбу 24 фоизни давлатнинг 33 фоиз улушига эгалик қилган давлат идораси – Пищепромга топширди¸ деб ёзади.

Бозер томонидан юборилган иловада Ўзбекистон судларининг Мақсудий улушларига қарши ишга солингани очиқ-ойдин айтиб ўтилади.

"2001 йил май ойида 55 фоиз бўлган Roz Group улушини 2002 йил июлида 0 фоизгача камайтириш учун ўзбек судларидан мунтазам равишда фойдаланилмоқда (кўпинча ўзбек қонунчилигига зид чоралар кўрилмоқда)».

«Каримова хонимнинг кўнглини олиш учун»

2001-2002 ва ундан кейинги йилларда воқеалар ривожини кузатганлар Гулнора Каримова Coca-Cola корхонасининг ёпилиши ва кейинчалик акцияларининг тортиб олинишида бевосита иштирок этганини тахмин қилди.

Воқеалар хронологияси
Воқеалар хронологияси

Бу аралашув кўлами йиллар ўтиб, Мақсудийлар оиласининг АҚШ федерал судларига тақдим этилган ҳужжатлар орқали тўлиғича ойдинлашди.

2003 йил апрелида Ўзбекистон ҳукумати CCBUнинг давлатга тегишли улуши хусусийлаштирилиши ва Muzimpex деб номланувчи бошқа қўшма корхонага ўтказилиши ҳақида Coca-Cola компаниясига маълум қилади.

Muzimpex ўшанда 90-йиллар охирида АҚШнинг Делавэр штатида ташкил этилган Zeromax конгломерати таркибидаги компания эди.

Кейинчалик Zeromax қисман Мақсудийлар арзлари туфайли юридик муаммоларга дуч келмаслик учун Швейцарияда қайта ташкил этилди ва айни ном билан рўйхатдан ўтди.

Суд ҳужжатлари орасида Каримова Бирлашган Араб Амирликларида CCBUга хомашё етказиб бериш учун Revi Holdings компаниясини тузгани, компания 2002 ва 2003 йилларда қиймати 1,75 миллион АҚШ долларини ташкил қилган битимларни қўлга киритганини кўрсатувчи шартномалар ва таъсис ҳужжатлари нусхалари ҳам бор.

Revi Holdings компаниясини ташкил этишда иштирок этган асосий шахс – Фарҳод Иноғомбоев. 2007 йилнинг август ойида Мақсудий АҚШ судига Zeromax устидан юборган даъво доирасида берган ёзма кўрсатмасида Иноғомбоев уни Каримова учун ишлашга мажбур қилишганини айтган. Иноғомбоевнинг сўзларига кўра, Каримова унинг қариндошларига таҳдид қилган.

Иноғомбоев Мақсудийларга қарши солиқ фирибгарлиги ва коррупция тўғрисида ёлғон ҳисоботларни ёзишга мажбурланганини айтган.

У (Гулнора Каримова) ширкатни «тортиб олиш Мансур Мақсудий, оиласи ва бизнесини йўқ қилишга ёрдам беришини биларди. Иккинчидан, у CCBU бизнеси ва унинг заводлари жуда катта молиявий қийматга эгалигини ҳам яхши билар эди», деб ёзган Иногамбаев ўз кўрсатмасида.

«Каримова хоним Roz ширкатининг йўқ қилинишини Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли амалдорлар билан шахсан мувофиқлаштирди», дея давом этган у.

Ҳозирда АҚШда яшаëтган Иноғомбоев бу жараëнга оид қўшимча шарҳ беришни истамади.

Иноғомбоевнинг суд ишига тиркалган кўрсатмасида ëзилишича, у 2002 йилнинг сентябрь ойида Каримова номидан Тошкентдаги Intercontinental меҳмонхонасида Бозер билан учрашган.

«Жаноб Бозер Каримова хонимнинг CCBU бошқарувини ўз компанияларидан бири орқали тортиб олиш уринишини қўллаб-қувватлади. Учрашув давомида жаноб Бозер бир неча бор “биз ушбу баҳсда бир тарафмиз”, деди», дейилади ёзма кўрсатмада.

«Coca-Cola мутасаддилари Каримова хонимнинг кўнглини олишни исташди, чунки улар Pepsi компанияси Ўзбекистонда бизнес юритишига йўл қўйиши мумкинлигидан хавотирда эди», деб ëзган яна Иноғомбоев.

Бозер Coca-Cola компаниясининг бошқа раҳбарларига юборган электрон мактубида Каримова билан музокаралар ўтказилганини рад этган. Аммо ички ёзишмалар, жумладан, Uzdunrobita ўзбек телеком компаниясига раҳбарлик қилган америкаликлардан бирининг кўрсатмаси бунинг аксини кўрсатмоқда.

Coca-Cola компаниясининг Евросиё ва Яқин Шарқ гуруҳи бўйича молиявий директори Родни Стайлз 2004 йил май ойида минтақавий раҳбарларга юборган электрон хатида¸ агар компания CCBU устидан назоратни Zeromax ва унинг шўъбаси бўлган Muzimpex ширкатига берадиган таклифни қўлласа, Coca-Cola келажакда муаммоларга дуч келиши мумкинлигини айтади.

«Ўзбекистонда фаолият юритишнинг бадали давомли ноаниқлик ва катта рискдан иборат бўлишини қабул қилишимиз керак».

Мактубни олганлар орасида Coca-Cola компаниясининг АҚШдаги бош қароргоҳида ишлаган етакчи адвокат ҳам бўлган.

Ўша йилнинг охирида Muzimpex расман акцияларнинг Roz Trading ширкатига тегишли назорат пакетини ҳукуматдан 14,1 миллион долларга сотиб олади.

2005 йилда Ўзбекистон Бош Прокуратураси томонидан ўтказилган текширув натижаларида CCBUдаги ўғрилик ва фирибгарликлар Ўзбекистон ҳукуматига қарийб 6 миллион доллар зарар етказгани таъкидланади. Аудиторлик текшируви ва терговдан бевосита хабардор бўлган шахслардан бирининг сўзларига кўра, «бутун жараён» Ўзбекистон ҳукумати Roz ширкати акцияларини ҳибсга олишини асослаб беришни кўзлаган.

Аудит натижаларини муҳокама қилиш ваколати йўқлиги боис исмини ошкор қилишни истамаган манба Озодлик билан суҳбатда:

«CCBUда қонунбузарликлар бўлган, аммо активларни ҳибсга олишга асос йўқ эди», - деди.

Телеком можароси

2007 йилга келиб, Мақсудийлар ҳамда Каримова ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги зиддият ҳақиқий урушга айланиб кетди. Мансур Мақсудийнинг Каримовадан ажрашиш аризасини қондирган Нью-Жерси суди тўрт йил олдин болаларга васийлик ҳуқуқини отасига берган эди.

Икки болани отасидан ўғирлаб кетганликда айбланган Каримовани ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер чиқарилади. Бу унинг чет элга чиқиш имкониятини кескин чеклаб қўяди.

Айни пайтда Ўзбекистон Интерпол орқали ака-ука Мақсудийларни ҳибсга олиш ҳақида ордер беради.

Орадан бир йил ўтиб – 2008 йилнинг май ойида Каримова ва Мақсудийлар келишувга эришади ва АҚШдаги суд жараёни бекор қилиниши эвазига Мақсудийнинг бир неча қариндоши Ўзбекистон ҳибсхоналаридан озод қилинади.

Ўша йили Венадаги артитраж суди Roz Trading ширкатининг Zeromax ширкатига қарши қонуний даъволарини рад этади.

2010 йилга келиб, Ўзбекистон ҳукумати Zeromax ширкатини ёпишга киришади. Компания банкротлик эълон қилишга мажбур қилинади.

Бу орада 2012 йилда Швеция телевидениеси Каримованинг ўзбек бозорига киришни истаган TeliaSonera компаниясидан қарийб 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани ҳақидаги кўрсатувни намойиш қилади. CCBU нинг Тошкентдан келган икки бошқарувчиси Женевада Каримовага алоқадор банк ҳисобидан пул чиқармоқчи бўлган пайтда ҳибсга олинади.

Кўп ўтмай Россиянинг «МТС» ширкати ҳам АҚШ расмийлари томонидан Каримовага пора берганликда айбланади; пировардида компания муросавий ажрим доирасида 850 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлади.

Каримова Швеция телекоммуникация ширкатидан пора олгани ҳақидаги ҳужжатлар фош қилинганидан бир йил ўтиб, Ўзбекистон расмийлари Muzimpex ширкатининг Coca-Cola корхонасидаги улушлари бўйича жиноят иши қўзғатади ва акцияларни ҳибсга олади.

Телекоммуникация корхонаси ва Coca-Cola улушларига қарши ҳаракатлар 2014 йилда авжига чиқади ва Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримовани ўғрилик, порахўрлик ва «уюшган жиноий гуруҳга аъзоликда» айблаб, ҳибсга олади.

2017 йилда Ўзбекистон расмийлари Каримовага қарши қўшимча айбловлар, шу жумладан, давлат мулкини ўғирлаш айбловини эълон қилди. Ўғирлангани гумон қилинган мулклар орасида 2004 йилда хусусийлаштирилган CCBU устав фондининг 57,1 фоизга тенг улуши ҳам бор .

Швейцария федерал полициясининг 2016 йилги ҳисоботида Zeromax компаниясининг асл эгалари аниқ кўрсатилади: «Швейцария юридик процедураларига кўра, Zeromax Каримова эгалик қилган конгломерат таркибига киради».

Coca-Cola компаниясининг Атлантадаги штаб-квартираси расмийлари суриштирув доирасида Озодлик электрон почта орқали юборган саволларга жавоб бермади. Тошкентдаги CCBU эса¸ саволлар жавобсиз қолдирилган баëнот юборди.

«Coca-Cola 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзбекистонлик истеъмолчилар чанқоғини қондириб келади.

Биз барча манфаатдор томонлардан сўзда ҳам, амалда ҳам энг юқори ахлоқий меъёрлар, шаффофлик ва барча қонун-қоидаларга риоя қилишни талаб қиламиз. Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги қадоқлаш бизнесини хусусийлаштириш қарорини қўллаб-қувватлаймиз ва тажрибали қадоқлаш ҳамкори мамлакатдаги истеъмолчилар, харидорлар ва жамоалар учун фойда келтиришига аминмиз», деб ёзди компания матбуот котиби Нози Арипжанова электрон почта орқали йўллаган расмий жавобида.

Салқин ичимликлар бозори бўйича эксперт Лейннинг айтишича, Coca-Cola штаб-квартирасидаги расмийлар жорий тендер ва фирибгарлик ўтмишидан яхши хабардорлигини айтади.

- Агар тарихдан сабоқ чиқарилган бўлса, кимдир мамлакатда тартиб ва қонун ўрнатишга ҳаракат қилаётган бўлса ва қонуний инвесторларга йўл берилса¸ Coca-Cola ҳам бу қоидаларга амал қилган бўларди, - деди Лейн Озодлик билан суҳбатда.

«Кўплаб ислоҳот ваъдалари бажарилмай қолмоқда»

2018 йили Мирзиëев ҳукумати CCBUдаги давлат улушини сотишини эълон қилди ва қароргоҳи Лондонга жойлашган Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкидан савдони амалга оширишда ёрдам беришини сўради.

Посткоммунистик давлатларда бозор иқтисодиёти қарор топишига ëрдам беришни ўз вазифаси қилиб белгилаган ЕТТБ ҳукумат ўз қарори ижросини тўхтатгани ортидан амалга ошмай қолди. Бу ҳақда банк матбуот котиби Антон Усов маълум қилди.

«ЕТТБ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга йўл очадиган ва мезонларимизга жавоб берадиган банк лойиҳаларини кўриб чиқиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр», деб ёзди Усов Озодликка йўллаган электрон мактубида.

2019 йилга келиб Мирзиёев ўнлаб давлат корхонаси ва кўчмас мулк улушларини кимошди савдосига қўйиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўтган йилнинг июнида ҳукуматнинг CCBUдаги 57,1 фоиз улуши сотилиши эълон қилинди.

Ҳукумат баёнотига кўра, корхона 2020 йилда тахминан 160 миллион доллар даромад кўрган. Бу эса олдинги йилга нисбатан 46 фоизга кўпдир.

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йил 16 декабрь куни эълон қилган тақдимномада 31 декабрга қадар эҳтимолий харидорлардан ҳужжат қабул қилиниши ва 14 январга қадар сотиш жараёнининг биринчи босқичи иштирокчилари танлаб олиниши билдирилди. Шунингдек, эълонда жараëнга Европанинг йирик банки Rothschild & Co. эксклюзив маслаҳатчи бўлиши айтилди.

Икки ҳафта ўтгач, Coca-Colaнинг Туркия бўлими ўз таклифини юборишини эълон қилди. Бу тендерда Coca Cola İçecek ғолиб бўлгудек бўлса¸ бу Ўзбекистондаги бизнеснинг Coca-Cola корпоратив тузилмасига тўлиқ қайтишини англатади.

Бундай эҳтимол Ўзбекистон ичидаги харидорларни хавотирга солиб қўйди. Бунинг ортидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мисли кўрилмаган баëнот билан чиқиб¸ тендер жараёнини тўхтатишни сўради.

Аммо бундай баëнот эртасигаëқ қайтиб олинди. Агентлик бир кундан кейин ўз эътирозларидан воз кечиб¸ кимошди савдоси «шаффоф тамойиллар асосида" ташкил этилаётгани ҳақида "тушунтириш" берди.

Февраль ойида маҳаллий блогер Зафар Солижонов¸ ўз аноним манбасига таяниб¸ Coca-Cola улушлари учун рақобатлашаëтган сўнгги харидорлар рўйхатини эълон қилди. Улар орасида Coca Cola İçecek, шунингдек, Даниянинг йирик пиво ишлаб чиқарувчи компанияси Carlsberg ҳам бор.

Айни вақтда тендер иштирокчилари рўйхатида «Ўзбек-Уммон инвестиция фонди» (Uzbek-Oman Investment Company) ҳам бор.

Бу жамғарма асосий акциядорлари орасида Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаровга алоқадор компаниялар ҳам бор.

30 март куни Давлат активларини бошқариш агентлиги тендернинг биринчи босқичи якунланганини эълон қилди. Бироқ иштирокчиларнинг исмлари ёки сони тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов Озодликка савдо жараёнига оид саволларни тендерга маслаҳатчилик қилаётган хориж компаниялари, жумладан, Rothschild банкига йўллашни маслаҳат берди.

Rothschild электрон почта орқали юборилган саволларни жавобсиз қолдирди.

«Ўзбекистон ҳукумати Coca-Cola Bottlers Uzbekistan Ltd. акцияларини неча марта «хусусийлаштиради» ?» дейилади Мақсудийлар оиласининг Озодликка юборилган баёнотида.

«Бу бизнинг CCBUдаги 55 фоиз акцияларимиз ноқонуний равишда мусодара қилиниб, кейинчалик Ўзбекистон ҳукумати томонидан CCBU акциялари қайта-қайта «хусусийлаштирилиши» билан бошланган ва қарийб 20 йилдан бери давом этаётган коррупцион жараёндир».

«Биз CCBUнинг 55 фоиз улушининг ҳаққоний эгаларимиз», дейилади баëнотда.

Озодлик билан суҳбатда Фарид Мақсудий¸ бу акцияларнинг янги эгалари ким бўлишидан қатъий назар¸ улар билан судда учрашажагини таъкидлади.

Суриштирув профессор Кристиан Ласслетт билан ҳамкорликда тайëрланди.

XS
SM
MD
LG