Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:22

“1100 киши Мирзиёевга овоз бермоқчи эмас!” Президент борган маҳалла газ қувурини кесишга борган ишчиларни қувиб солди (ВИДЕО)


Боғиобод маҳалласи аҳолиси газ қувурларини кесишга келган ишчилар билан баҳслашмоқда. 2021, 18 июнь.
Боғиобод маҳалласи аҳолиси газ қувурларини кесишга келган ишчилар билан баҳслашмоқда. 2021, 18 июнь.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Боғиобод маҳалласи аҳолиси газ қувурларини узиш учун борган туман газ идораси ишчиларини қувиб солди.

1100 киши номидан Озодликка тушган хатда қайд этилишича, уларга президентнинг Сурхондарёга сафаридан олдин маҳаллани табиий газга улаб бериш ваъда қилинган эди.

Бир неча фаол ва маҳалла раисига кўра, газ уланишини кутиб турган Боғиободга 18 июнь куни туман газ идораси ишчилари борган ва газ қувурларини кесишга уринган, аммо аҳоли уларни қувиб юборган.

Ўша кундан буён туман ва вилоят ҳокимлиги, депутат ва сенаторларга мурожаат қилиб, ҳозирча тайинли жавоб ололмаганини айтган маҳалла фаоллари 1100 киши имзолаган шикоят хатини ёзиб, президентдан ёрдам сўрамоқда.


Бир нусхаси Озодликка йўлланган шикоят хатида қайд этилишича, аҳоли пункти президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилда табиий газдан узиб қўйилган: (мактубдан парча таҳрирсиз берилмоқда)

"Боғиобод" маҳалласи яқинидаги “Таллашқон” ГТС (газ тақсимлаш станцияси)
"Боғиобод" маҳалласи яқинидаги “Таллашқон” ГТС (газ тақсимлаш станцияси)

"Махалламизда ишлаб чиқариш қуввати 10 минг м3/соат (газ ишлаб чиқарадиган) бўлган “Таллашқон” ГТС бўлишига қарамасдан,(фото суратлар илова қилинган) фуқароларимиз қиш мавсумида абгор ахволда яшашга мажбур бўлмоқдалар. Ушбу “Таллашқон” ГТС 2008 йилда ишга туширилган бўлиб,махалламиз ахли ушбу газдан 2016 йилга қадар беминнат фойдаланиб келишган. 2016 йилда хукумат тепасига Шавкат Миромонович келганларидан кейин,хар хил важлар, тутуриқсиз бахоналар излаб топиб махалламиз ахолисини табиий газдан узиб қўйишди”.

Шикоятга кўра, шундан бери маҳалла аҳли туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилмоқда, аммо табиий газ ҳануз улангани йўқ, аксинча туман газ идораси ишчилари 18 июнь куни қувурларни кесишга борган.

Шеробод туманидаги қишлоқ аҳолиси газ қувури кесилишига қаршилик кўрсатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

Маҳалла фаоли Бекмамат Темировнинг айтишича, қишлоқ аҳли бу қувурлар орқали табиий газга уланишини кутиб турганди. Чунки президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 июнь куни туманга сафари арафасида уларга шундай ваъда берилган:

“Президент бизнинг маҳалладан ўтиб, Шерободдда 600 гектарлик қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига тамал тошини қўйиб кетди. У киши келишига маҳалла газга қайта уланади, дейишганди. Газчилар бўлса, 18 июнь куни трубаларни кесишга келишди. Бутун маҳалла бориб, қувурларимизни сақлаб қолдик”.

Ушбу маҳалла раиси Муборак Рўзибоевага кўра, Шеробод туман газ идораси ишчиларининг ҳаракатлари устидан туман ҳокимлигига шикоят қилишган. Туман ҳокимининг ўринбосари бу мурожаатни кўриб чиқиши учун ҳоким билан гаплашишини ваъда қилган, аммо ҳозирча расмий жавоб йўқ.

Маҳалла раисининг тушунтиришча, 2016 йилда Боғиобод қишлоғи бир масъулнинг хатоси билан газ танқис ҳудудлар рўйхатига киритиб юборилган ва шунинг учун қишлоқни баллонда тарқатиладиган суюлтирилган газ таъминотига ўтказишган.

2015 йили бутун мамлакат бўйлаб, газ бормай қўйган ҳудудлардаги қувурларни кесиш ва аҳолини баллонларда тарқатиладиган суюлтирилган газ таъминотига ўтказиш жараёни бошланган.

Сурхондарё ҳокими Тўра Боболов имзолаган фармойиш
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболов имзолаган фармойиш

Озодликка Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов 2021 йил апрелида имзолаган фармойиш нусхаси келди ва унда "газ етиб бормайдиган ҳудуддаги қувурларни демонтаж қилиш ва улардан самарали фойдаланиш" мақсадида ҳануз фойдаланилмай турган қувурларни кесиб, бошқа ҳудудларга кўчиришга кўрсатма берилган.

Ушбу маҳалланинг яна бир фаоли Зиёдулла Ҳайитов, аслида туманда табиий газ етказиб бераётган манба - “Таллашқон” ГТС шу маҳаллага қўшни ва шу боис, аҳоли 2016 йилгача умуман газ тақчиллигини ҳис қилмаган:

“Қаранг, биз газ тақчил маҳалла эканмиз-да, 26 километр узоқдаги Музработ тумани маркази газ тақчил ҳудуд эмас экан?! Уларга борадиган қувур бизнинг маҳалланинг ичидан ўтиб кетган бўлса! Биз қувурларимизни кестирмадик, ҳаммаси тап-тайёр турибди, шундай улаб қўйиш шунчалик қийинми?! Газ баллонларни ёзда ишлатиш мумкин, лекин қишда бу билан уйни иситиб бўлмайдику?!”

1100 киши имзоси акс этган шикоят хатида, 2016 йилда президентликка келганида, свет-газ муаммосини ҳал қилиб беришни ваъда қилган Мирзиёевдан аҳолининг хавфсаласи пир бўлаётгани, бу галги сайловда кўпчилик унга овоз бермасликка қарор қилгани айтилган: (мактубдан парча таҳрирсиз берилмоқда)

"Шунингдек барча фуқароларимиз бу йилги бўладиган президент сайловида Ш.Мирзиёевга овоз бермоқчи эмас. Сабаби, ахоли неча йиллардан бери “Боғиобод” махалламизни қайта газга улаб беришларини кутиб юрганди. Минг афсуслар бўлсинки,инсон қадри бир чақа бўлган давлатда яшайапмиз гўёки.Қачон халқимиз инсондек яшайди?Ахолимизда Президенга ва хукуматга бўлган ишонч тобора сусайиб бормоқда.Сиздан ушбу масалада тез фурсатларда амалий ёрдам беришингизни кутиб қоламиз. Хурмат ва эхтиром ила Таллашқон массиви “Боғобод” махалласи фуқаролари”.

Маҳалла фаоллари аҳолида шундай кайфият кучайиб бораётгани, бундан туман ва вилоят ҳокимларининг хабари борлигини айтди.

Озодлик бу шикоятлар юзасидан Шеробод тумани ва Сурхондарё вилояти ҳокимликларидан аниқ расмий изоҳ ололмади. Шеробод тумани ҳокими Зиёдулла Давлатовнинг Боғиобод маҳалласидаги муаммога масъул, деб тақдим қилинган қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Норқул Маҳмадиёровга телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига борган ва ўшанда Шеробод туманининг Боғиобод маҳалласи яқинида қурилаётган қуёш фотоэлектр станцияси ҳудудига борганди.

Боғиободликларга кўра, улар Шавкат Мирзиёевнинг 1 июнь куни шу маҳалладан ўтиб қайтганига гувоҳ бўлишган, аммо президент билан учрашиб, дардини айтишига имкон берилмаган.

Боғиобод маҳалласида 6 мингга яқин киши яшайди, мингга яқин хонадон бор.

XS
SM
MD
LG