Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Раҳбарлари судланган Kun.uz ва Azon.uz нашрлари ишни тўхтатиб қўйди. Журналистлар хавотирда


Диний мазмундаги материаллар учун муҳаррир ҳамда таъсисчилари судланган Kun.uz ва Azon.uz мустақил Интернет нашрлари 22 июнь куни бирорта ҳам материал чоп этмади.

21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайтида эълон қилинган диний мавзудаги материаллар қонуний экспертизадан ўтказилмаган, деган айблов билан очилган маъмурий иш кўрилди.

Сайт раҳбари Мақсуд Асқаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддаси (диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш ва тарқатиш) асосида 12 млн. 200 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Шу куни айни мазмундаги айбловлар билан Azon.uz нашри раҳбариятидан ҳам 3 масъул судланиб, ҳар бири 12 млн. 250 минг сўмгача миқдорда жаримага тортилди.

Ҳар икки нашрнинг маълум қилишича, Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси бу икки платформада сўнгги 1 йил ичида чоп этилган диний мазмундаги материалларни мониторинг қилган.

Мониторинг пайтида, ички ишлар экспертларини “гумонлантирган” мақолалар тўпланиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертизага жўнатилган.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, қўмита айрим мақолаларни “ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкин” деган хулосага келган. Azon.uz нашрининг хабар қилишича, бу нашрдаги айрим мақолалар "Ўзбекистоннинг хориж давлатлари билан алоқаларига путур етказувчи", деб топилган.


Kun.uz нашрига айблов

21 июнь куни Kun.uz сайтида чоп этилган энг сўнгги материал “Kun.uz сайти маъмурий иш доирасида жаримага тортилди” сарлавҳали мақола бўлди.

Мақолада ёзилишича, ўша куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайти раҳбари диний мазмундаги материалларни экспертизадан ўтказмай босгани учун маъмурий тартибда судланган.

Мақолада келтирилишча, 2020 йилнинг 23 июлидан - 2021 йилнинг 18 апрелига қадар чоп этилган 7 та материал - мақола, хабар ва кўрсатув Дин ишлари қўмитаси томонидан экспертиза қилинган.

Бу материаллардан фақат биттасида "мамлакат қонунчилигига зид мазмундаги маълумот борлиги" аниқланган:

“Экспертнинг фикрига кўра, «Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди» сарлавҳали хабарда «Мен муслима аёллар ҳам полицияда кўпроқ ишлаши кераклигини ҳис қиламан. Янги Зеландияда ҳижоб полиция формасининг бир қисми сифатида намойиш қилиниши жуда яхши. Ўйлайманки, буни кўрган муслималар полиция соҳасига кўпроқ қизиқиши мумкин» — дейди Зина Али» дея келтирилган иқтибос ҳижоб формасидаги полициячилар ҳатто мусулмон бўлмаган ўлкаларда ҳам борлигини мақсадли кўрсатиш аҳоли орасида бу мавзулардаги бўлаётган ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкинлиги сабабли уни тарқатиш тақиқланиши таъкидланган”, деб хабар қилди нашр.

Бу иқтибос ВВС Жаҳон хизматининг 2020 йил 18 ноябрь куни эълон қилинган хабаридан ўгирилган. Яъни Диний қўмита эксперти, ВВС Жаҳон хизматида эълон қилинган мақоладаги бу иқтибосни “ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкин” деб топган.

Аммо бу орада, ИИВ гумонига учраган бу материалларнинг ҳеч бири нашр қилинишидан олдин экспертизадан ўтказилмагани ўртага чиққан.

Нашрнинг хабар қилишича, натижада бу мақолалар қонунга хилоф равишда тарқатилган, деган хулосага келинган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) асосида иш очилиб, сайт раҳбари Мақсуд Асқаровга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жарима солинган.

Kun.uz сайти юқоридаги хабар чоп этилганидан кейин 22 июнь оқшомига қадар бирорта материал чоп этгани йўқ. Таҳририят бу юзадан Озодликка расман жавоб бергани йўқ.

Таҳририятдан олинган норасмий маълумотларга кўра, сайт раҳбари Мақсуд Асқаров Ўзбекистон ичкарисида “командировкага кетган”, таҳририят эса “озгина тин олиш” учун ишни вақтинча тўхтатган, тез орада ишни бошлаш ниятида”.

Аммо таҳририят номидан эълон қилинган сўнгги мақолада Интернет нашри, бундан буён диний мазмундаги мақолаларни Диний қўмита экспертизасидан ўтказиб, чоп этишини билдирган:

“Албатта, Kun.uz аввало мамлакатда қонунларга барча бирдек риоя этишга масъул эканлигини эътироф этган ҳолда, келгусида диний мавзудаги ҳар қандай материаллар ва хабарлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказибгина бериб борилишини маълум қилади".

Azon.uz нашрига айблов

21 июнь куни асосан диний мазмундаги мақолаларни чоп этиб келаётган Azon.uz Интернет нашри таъсисчиси Мубашшир Aҳмад, МЧЖ раҳбари Ғайратхўжа Саидалиев, бош муҳаррир Aбдулазиз Муборак ҳамда «Azon TV» раҳбари Фарҳод Тоҳировлар ҳам судланди.

Интернет нашри таҳририятидан олинган маълумотга кўра, Azon.uz таҳририятига нисбатан маъмурий иш, Kun.uz Интернет нашри билан айни кунда, айни судда (Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди), аммо алоҳида-алоҳида кўрилган.

Azon.uz масъулларига ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддаси билан айблов эълон қилинган.

Суд қарори билан Мубашшир Aҳмад, Фарҳод Тоҳиров, Aбдулазиз Муборакларга - ҳар бирига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари (4 млн. 900 минг сўм), Ғайратхўжа Саидалиевга нисбатан 50 баробари (12 млн. 250 минг сўм) миқдорида жарима солинган.

Улар ҳам диний мазмундаги материалларни Диний қўмита экспертизасидан ўтказмасликда айбланган ҳамда баъзи мақолаларда Ўзбекистонинг чет эл мамлакатлари билан алоқаларига путур етказувчи маълумотлар бор, деган хулосага келинган.

Озодлик сўровига жавобан, нашр таҳририяти: “Айбловларни қабул қилмаймиз. Норозилик ифодаси ўлароқ ишламаяпмиз. Биз бу масалага президент ва ҳукумат эътибор қаратишини сўраймиз”, деган жавобни тақдим қилди.

Озодлик Ўзбекистонда аудиторияси йирик бўлган бу икки нашрга нисбатан экспертизага оид саволларига Дин ишлари бўйича қўмитадан ҳозирча жавоб ололмади.

ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов эса, Gazeta.uz нашрига жавобан, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасининг барча ҳаракатлари қонун доирасида амалга оширилган, таҳририятларнинг шикояти бўлса судга мурожаат қилиши мумкин, деб изоҳ берди.

Муносабат

Бу икки нашр сукунатига, республикадаги айрим журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ўз муносабатини билдирмоқда.

Жумладан, мамлакатдаги яна бир йирик Интернет нашрининг исми сир қолишини сўраган муҳаррири бу аҳволни “Ўзбекистоннинг ташқи дунёда эндигина тикланаётган имижига соя ташловчи”, деб баҳолади:

“Диний масалада ўтган йиллардаги қарашларини ўзгартира олмаётган ёки ўзгартиришни истамаётган шахслар, айтиш жоиз бўлса масъул мутасаддиларни ҳам тушунса бўлар, менимча. Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деган нақл борку ҳар ҳолда. Албатта, назорат қилиши керак. Лекин кўр-кўрона эмас. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейиладику, диний соҳадаги олимларга, домлаларга ишониш ҳам керак. Ҳозир диний масалада бўладими, дунёвийми, қандайдир чекловлар Ўзбекистоннинг жаҳон майдонида яхшиланиб бораётган имижига фақат соя ташлайди”.

Бу муҳаррирнинг фикрича, ҳозир “чорак асрлик ўзига хос ёпиқликдан очиқлик сари юз тутган” Ўзбекистон аҳли учун радикаллашган гуруҳлардан хавф бор:

“Қаерда, қайси масалада очиқлик бўлса мўътадил қарашлар билан бирга ёт унсурлар ҳам жонланиб қолиши табиий. Давлат ўзи бу борада кимга ишониш ва кимга ишонмасликни яхши билади. Ҳеч ким осмондан тушмаган бу соҳада. Яъни, айнан диний идорага ишонишни назарда тутяпман. Лекин, Интернетда радикаллар учун исталганча майдон етарли. Шунинг учун, бундай катта аудиторияга эга нашрларга қандайдир чекловлар ёки жарималар қўллаш - радикаллашувни янада кучайтириб юбориши мумкин”.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев эса бу вазиятга "керакли одамлар эътибор қаратиши лозим", деб ёзди:

"Kun.uz сайти 21 июнь куни соат 21.00 дан буён хабарлар жойлаштирмай қўйди. Бу сўз эркинлигига нисбатан бўлаётган салбий муносабатга қарши ноанъанавий норозилик кўринишини билдирмоқда. Охирги вақтдаги ишлар жамоатчиликда жуда салбий таассурот қолдирмоқда. Буни керакли одамлар ҳам тушуниб етиши лозим".

Kun.uz нашрининг гўёки, саҳна ортидаги асл эгаси деб иддао қилинадиган (таҳририятнинг ўзи бу иддаони рад этиб келади - таҳр.) АОКА собиқ раҳбари, ҳозирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов эса қисқагина қилиб: "No comment" (изоҳга ҳожат йўқ) мазмунида шарҳ қолдирди.

Унинг бу постига муносабат билдирганлар эса, бу айнан Kun.uz нашрининг судланишига билдирилган муносабат сифатида қабул қилмоқдалар.

Ўзбекистонда танилган яна бир машҳур блогер Али Қаҳҳоров ҳар икки нашр журналистларига сабр тилади:

"Кун.уз и Азон.уздаги ҳамкасбларга мувофиқлаштирилмаган диний материаллар учун жарима солишди. Улар учун дуо қиламан ва сабр тилайман! Бувим бунақа ҳолатларда доим айтардилар: "Бу дунё ўткинчи. Муҳими - Оллоҳнинг ҳукми".

XS
SM
MD
LG