Тошкентда коронвирусга чалинган беморлар учун махсус қурилган 600 ўринлик Зангиота-2 шифохонаси тиббиёт ходимларига кўра, шифохона қарийб тўлган ва беморлар асосан, Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд ҳамда Наманган вилоятларидан келтирилмоқда.
Шифокорларга кўра, ёз ойларида пневмонияга чалинаётган беморларнинг аксарида коронавирус аниқланмаётир, аммо бу хасталикни ҳам COVID-19 касаллиги чақирмоқда, деган хулосага келинган.
Озодликка тиббиёт ходимлари ва аҳолидан келаётган мурожаатларда коронавируснинг Ҳиндистон ва Россияда учраётган янги штамми Ўзбекистонга ҳам келиб бўлган, деган хавотир тилга олинмоқда. Аммо, расмийлар бу хавотирларни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг айрим қўшнилари расмийлари COVID-19 эпидемиясининг учинчи тўлқини бошлангани тўғрисида баёнот берди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати бугунги вазият ҳақида тўлиқ маълумот беришни ваъда қилди, Озодлик саволларига жавоб кутмоқда.
COVID-19 касаллигига чалинган беморлар учун 2020 йилда Тошкент вилоятида махсус қурилган Зангиота-2 шифохонасида пневмонияга чалинган беморлар сони кундан-кунга ортиб бораётгани айтилмоқда.
Шу шифохонада ишлайдиган шифокорнинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, пневмонияга чалинган беморларнинг аксарида коронавирус аниқланмаётир:
“Бемор сони купайгани рост. Пневмония билан оғриган беморлар. Беморлар катта эҳтимол билан ковиддан зарарланган. Лекин таҳлилда ҳар доим ҳам ковид тасдиқланавермайди. Блок 600 дан кўпроқ беморга мўлжалланган. Ҳозирги вақтда деярли 95% тўлган”.
Бу шифокорнинг айтишича, айнан шу касалхонада беморлар сони ортаётганига сабаб - бир тарафдан беморлар сони ортаётган бўлса, иккинчи тарафдан республика бўйлаб, пневмония ёки COVID-19 га чалинган беморларнинг айнан шу шифохонага келтирилаётганидир.
Боиси, вилоятларда очилган Ковид-марказлари ёпилган, коронавирусга чалинганлар фақат туман марказий шифохоналари юқумли касалликлар бўлимига ётқизилмоқда. Аҳволи оғирлари эса Зангиота шифохонасига йўлланмоқда.
“Беморда пневмония кузатилдими, агар ўрта оғир, оғир ҳолатда бўлса, албатта Зангиотага ётқизиляпти. Бу касаллар 80-90% ҳолатда ковиддан пневмония бўлгани кузатилган. Чунки ёзда пневмония билан оғриш кам кузатилади, одатда. Агар шу беморларда анализида ковид тасдиқланса, расмий рақамга қўшиляпти, бўлмаса йўқ”, дейди Зангиота шифохонасида ишлаётган шифокор.
Озодликка сўнгги 2 ҳафта ичида келаётган мурожаатларда ҳам ушбу шифохонада беморлар кўпайгани, боиси аҳоли орасида, коронавирусга чалинганлар сони ортиб бораётгани ҳақида хавотирлар кўп тилга олинмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги кунларда Телеграм ижтимоий тармоғидаги тиббиёт ходимлари ва шифокорлар каналларида ҳам коронавируснинг “ҳиндча штамм”и Ўзбекистонда тарқала бошлагани ҳақидаги овозлар ёйилмоқда.
Зангиота шифохонасида ишлаётган врач вируснинг янги штамми тарқалаётганига оид бирор маълумотга эга эмаслиги, бу ҳақда расман ҳеч қандай маълумот берилмаганини айтди.
Аммо, унинг айтишича, шу кунларда 2 та блоки ишлаб турган бу шифохонада ҳали ишга тушмаган 800 ўринли учинчи блокни очишга ҳозирлик бормоқда ва бу блок айнан коронавирус ҳамда пневмонияга чалинганларга мўлжалланаётгани айтилган.
Озодлик мухбири ушбу шифохонанинг маъмурияти билан боғланганида, телефон гўшагини кўтарган ходим: “Бу масалада бирор маълумот бериш ваколатим йўқ. Бу борадаги ҳамма маълумотни республика СЭСдан олишингиз мумкин”, дея телефон гўшагини қўйиб қўйди. Бу шифохона бош врачи қабулхонаси ва бошқа мутасаддилари билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.
Наманган ва Самарқанд вилоятларида ишлаётган шифокорлар ҳам ҳозирча вируснинг янги тури тарқалаётгани ҳақида бирор расмий маълумот йўқлигини билдирди.
Жумладан, Самарқанд вилоятидаги юқумли касалликлар шифохонасида ишлайдиган шифокор тахминича, Қозоғистон ва Россияга келиб улгурган "ҳиндча штамм" Ўзбекистонга ҳам кириб келгани эҳтимоли жуда катта:
"Ўтган йили касал бўлмаганлар ёки касални енгил ўтказаётганлар касалликнинг янги турига чалинаёган бўлиши мумкин. Лекин, бу ҳақда бизда аниқ расмий маълумот йўқ".
Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати эса Озодлик мухбиридан 23 июнь куни саволларни қабул қилиб олди ва 24 июнь куни тушдан кейин жавоб берилишини ваъда қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) берган расмий маълумотларда ҳам коронавирус юққанлар сони сўнгги кунларда барқарор ортиб бораётгани кузатилмоқда:
- 22 июнь куни жами 419 нафар,
- 21 июнь куни 400,
- 20 июнь куни 427 нафар беморда коронавирус аниқланган.
Ўтган ҳафта бошида - 15 июнь куни 351, 14 июнь куни эса 300 нафар беморда коронавирус аниқлангани расман эълон қилинган эди.
Айни пайтда ССВ аҳолини коронавирусга қарши эмланишга фаол тарғиб қилмоқда. Сўнгги расмий рақамларга кўра, мамлакат бўйлаб жами 2 миллион 974 минг 317 доза вакцинадан фойдаланилган, жами 139 минг 839 киши вакцинациянинг 3 босқичдан тўлиқ ўтган.
Аммо, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ишлаётган шифокор ҳамда ҳамширалар аҳолида коронавирусга қарши эмланиш истаги у қадар баланд эмаслигини айтмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятининг Чуст туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирининг умумий амалиёт шифокорига кўра, шу кунда улар 30 ёшдан юқориларни эмланишга тарғиб қилмоқда:
“Бизда 20 минг атрофида аҳоли бўлса, ҳозирча тахминан 15 фоизи эмланди. Кўпчиликда эмланишга истак йўқ. Вакцина мажбуриймас, бепул”.
Аҳоли асосан, Ўзбекистон ва Хитой олимлари томонидан биргаликда синалган, аммо Хитойда ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланмоқда.
ССВ берган расмий маълумотга кўра, Ўзбекистоннинг вакцина захираси жами 5,4 миллион дозага етган, шу пайтга қадар бундан 2,4 миллион дозадан ортиғи ишлатилган.
Бунинг 3 ярим миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси, 660 минг дозаси Буюк Британияда ишлаб чиқилган AstraZeneca, 240 минг дозаси эса Росияда ишланган “Спутник V” вакцинасидир.