Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:27

Китоб бозорида “рейд” ўтказган диндорлар Да Винчи ва Рембрандтни халққа ëт деб топди


 Китоб дўконидаги "рейд" жараëни. Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси.
Китоб дўконидаги "рейд" жараëни. Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси.

Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон Ислом академияси ректори¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раис ўринбосари Музаффар Комилов¸ Ислом цивилизация маркази ходими Аброр Абдуазимов ва Фарғона вилоят, Тошлоқ туман масжидининг собиқ имом-хатиби Шукрилло Эгамбердиевлар бошчилигидаги диндорлар гуруҳи Тошкент марказидаги китоб дўконларини, уларда сотилаётган китоблар исломий мафкурага тўғри келиш-келмаслиги юзасидан, “тафтиш” қилди.

“Тафтишчилар гуруҳи”нинг Навоий кўчасида, Чорсу гузарига яқин жойлашган бир неча дўконларга кириб китобларни кўздан кечиргани бир соатдан ошиқ давом этадиган видеода акс этган.

“Тафтиш” давомида бу тадбир иштирокчилари "Россия китоблари" деган пештахта осилган дўконга киришади.

Видеода китоб дўкони сотувчисининг қўрқинч тўла¸ рейд ўтказаëтган “комиссия” аъзоларининг эса қаҳрли қиëфалари кўринади.

Дин ишлари қўмитаси раҳбар ўринбосари Музаффар Комилов
Дин ишлари қўмитаси раҳбар ўринбосари Музаффар Комилов

Видеода Дин ишлари қўмитаси раис ўринбосари Музаффар Комилов дўкондаги китобларнинг зарарини уқтиргани эшитилади:

“Бизнинг эътиқодимизга зид бўлиб қолган жойлари бор. Шарқшуносларнинг нуқтаи назаридан ëзилган ҳоллари бор. Бу китоблар жамиятдаги мавжуд эътиқодий масалаларни бузиб қўяди. Китоблар биринчи галда эътиқодимизга тўғри келадими ëки йўқми? Кейин аҳлоқимиз¸ биздаги урфғодат¸ юриш-туриш¸ қадрият масалалари бор”.

Шундан кейин сўз олган Ислом цивилизация маркази ходими Аброр Абдуазимов бу дўкондаги барча китобларда “муаммо бор” дея таъкидлайди:

“Ўзи аслида китобни ташқаридан киритаëтиб божхона кўригидан ўтказилганда қаттиқ назорат қилиш керак. Бу дегани китобга тўсқинлик эмас¸ балки нотўғри тушунчаларга тўсқинлик дегани. Ўзи бу китоб масаласида муаммо бор. Китобни назорат қилиш тизими чўткий ишлаëтгани йўқ. Очиқ айтиш керак. Мана китобларни битта-битта очиб кўрдим. Ҳаммасида муаммо бор. Яланғоч одамнинг расмини қўйиб қўйган. Да Винчини анави эски анақалари. Рембранднинг асарлари. Буларни кимдир санъат дейдида. Лекин бу миллатнинг аслига салбий таъсир қиладиган нарсалардир. Бу фаолиятни чегаралашимиз керак. Идеолог сифатида.”

Бу гапни айтган Аброр Абдуазимов Ислом цивилизацияси маркази ходими бўлгани учун у "идеология" деганда ислом идеологиясини назарда тутаяпти, деб тушуниш мумкин.

Шундан сўнг Ислом цивилизацияси маркази ходими Исроил ëзувчиси Юваль Ной Харарининг ўзбек тилига таржима қилинган “Сапиенс. Инсониятнинг қисқача тарихи” деган китобини зарарли, эркак муаллифини эса, “бир эркакнинг хотини” деб кесатади.

Учрашув девомида диндорлардан таркиб топган комиссия “Бермуд учбурчаги"ни “фитна”, Лариса Буракованинг китобини эса мавжуд тузумни ағдаришга чорлов ўлароқ ўзбек ўқувчиси ўқимаслиги керак адабиëт, деб топишди.

Озодлик мухбири Дин ишлари қўмитасидан мазкур “рейд” борасида изоҳ ола олмади. Ислом цивилиазацияси маркази матбуот хизмати эса ўз ходими Аброр Абдуазимовнинг шахсий фикрлари марказ нуқтаи назарини англатмаслигини билдириш билан кифояланди.

Диндорларнинг китоб дўконлридаги рейди акс этган видео остидаги аксар изоҳлар танқидий руҳда.

Тармоқ юзери Лола Азиз бу комиссия рейдини “болалар боғчаси” деб атайди.

“Ўзларидан цензор ясаб олишган. Буларни ўзи умрида бир марта диний китобдан бошқа бирор адабиëт ўқишмаган. Ақлий даражаси плинтусдан пастда. Позорище. Булар ким, уларга ким ваколат берди бутун Ўзбекистон аҳолисига тавсиялар берибб текширувлар олиб боришга. Уларни нима ҳаққи бор. Ўзларича катта инспекция. Детский сад".

Тошкентлик журналист Фарида Шариф Озодлик билан суҳбатда бу комиссия ким томонидан вакил қилинган, деган саволни ўртага ташлар экан, бундай деди:

“Бу рейд мени ҳайратга солди. Чунки ким томонидан вакил қилингани номаълум кишилар китоб магазинларини обход қилиб нимани ўқиш мумкину нимани ўқиш мумкин эмаслигини кўрсатиб юришибди. Кейин тушуниб етсам, булар Ўзбекистон ҳукумати учун қора ишни қилиб бермоқда. Уларда ҳукумат берган карт-бланш борлиги аниқ. Айни пайтда ҳукумат қўзичоқдай беозор мавқеда қолмоқда. Бунинг фонида цензура¸ қўрқитиш ва аҳолини диний афюн билан вос- вос қилиш тез суръатда давом этмоқда".

Рейдга муносабат билдирган тармоқ фаоли Аброр Хайруллаев ўзбеклар нима ўқишини наҳотки шулар белгиласа, деб ҳайратланади:

“Нима сабабдан бу ўзбошимчалар тўдаси ўзбек халкини бутун дунёда тан олинган ва вақт синовидан ўтган санъат асарлари билан танишиш ҳуқуқидан маҳрум қилиши лозимлиги хакида гапирмоқда. Ҳақиқий ўзбек ëзувчилари Кодирий, Чўлпон, Фитратлар бундай "домлаларни" кўриб қўрқиб кетишган бўларди. Ўзбекистонда илм ривожланиши учун араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинган китобларни эмас¸ балки чет эл илмий китобларини ўқитиш лозим. Лекин бу ҳар бир ўзбекнинг ўз танлови бўлиши лозим. Ҳар -хил Аброр ва махаллаю¸ комитетлар ким нима ўкишини ҳал қилишга хакки йўқ”.

Толибон шамоли?

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов бу рейд мазмунида толибонча руҳ мавжудлигини айтади:

“Рейд ўтказган муллаларнинг нигоҳи ва риторикаси толибонникидан фарқ қилмайди. Толибон Ўзбекистон чегараларига яқинлашган сари ўзбеклар зеҳниятида толибонча тафаккурни парваришлаш учун кучлар сафарбар қилингандай туюлди. Мақсад ўзбек ëшлари миясида толибонча тафаккур яратиш. Рейддан икки хулоса чиқади. Фактически ўзбек муллалари толибон риторикасини такрорламоқда. Демак¸ толибон ва унинг идеологияси аллақачон Ўзбекисто аҳолиси миясида томир отган".

Ўтган ҳафта Интернетнинг ўзбек сегментидаги консерватив қатлам босими ортидан “Ақлвой” телеканалида “уят расм қўйган” ходим жазолангани ҳақида телеканал маъмурияти ҳабар берган эди.

Маълумотда айтилишича¸ “Ақлвой” телеканалида намойиш этилган “Шаҳризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт-Одиссей” мультсериалларидаги очиқ саҳналарни эфирга узатганлиги билан боғлиқ хато бўйича бутун канал ижодкорлари керакли танбеҳни олган”.

Воқеа Италия уйғониш даври санъатининг буюк намояндаси, рассом Сандро Ботичелли ( 1445 —1510) мўйқаламига мансуб “Венеранинг туғилиши” асарининг “Ақлвой” каналида намойиш қилингани билан боғлиқдир.

Бундан ташқари "Ақлвой" каналида намойиш қилинган яна бир мультфильмда Аловуддин билан маликанинг ўпишиш саҳнаси ҳам томошабинларнинг бир қисми эътирозига сабаб бўлган.

Тошкентдаги “HAMAR” санъат маркази ходими¸ рассом Ширин Тошева “Бу жамият радикаллар назоратига ўтаëтгани борасида» ўз ҳавотирини изхор қилган эди.

XS
SM
MD
LG