Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:20

Bloomberg:  АҚШ Марказий Осиё давлатларидан Толибондан қочишга уринаётган афғонларни бағрига олишни сўраган


АҚШ кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонистонлик таржимонлар Кобулдаги АҚШ элчихонаси олдида. 25 июнь, 2021 йил.
АҚШ кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонистонлик таржимонлар Кобулдаги АҚШ элчихонаси олдида. 25 июнь, 2021 йил.

АҚШ ҳукумати Марказий Осиёнинг уч давлати: Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан НАТО кучлари билан ҳамкорлик қилган, айни пайтда Толибондан қочишга уринаётган 9000га яқин афғонистонликни вақтинча ўз бағрига олишни сўраган.

Bloomberg нашри бу ҳақда мазкур масалага оид муҳокамаларда бевосита қатнашган икки америкалик мулозимга таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, эришилажак бу битим Афғонистон масаласида Марказий Осиё мамлакатлари билан кейинги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича кенгроқ келишувнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Лекин, АҚШ Давлат департаменти бу хабарларни ҳануз изоҳламаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Вашингтонга амалий ташрифи доирасида 1 июль куни АҚШ Давлат котиби билан учрашди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Вашингтонга амалий ташрифи доирасида 1 июль куни АҚШ Давлат котиби билан учрашди.

Июн ойида АҚШ Конгрессининг Ташқи алоқалар қўмитасида кўрсатма берган Давлат котиби Энтони Блинкен, Қўшма Штатлар афғонистонлик ишчилар - таржимонлар, ҳайдовчилар, қурилиш ишчилари ва бошқа ходимларга ёрдам бериш учун "ҳар қандай имконият" ни кўриб чиқаётганини айтганди.

Блинкен пайшанба куни Давлат департаментида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашди.

Bloomberg нашрига кўра, мулоқот чоғида томонлар афғон муҳожирлари масаласидан ташқари АҚШга разведка ва кузатув ишларини олиб боришга имкон берувчи келишувни ҳам муҳокама қилганлар.

Аммо, АҚШ Давлат департаментининг пайшанба кунги муҳокамалар бўйича баёнотида бу ҳақда айтилмаган.

"Энтони Блинкен Комиловга Афғонистонда адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатишдаги кўмак учун миннатдорчилик билдирган", дейилади департамент баёнотида.

Блинкен, шунингдек, Абдулазиз Комиловга АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва демократияни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашини ҳам айтган.

Илгари Associated Press агентлиги исми ошкор этилмаган АҚШ расмийларига таяниб, Америка ҳарбийлари Бағром ҳаво базасини тарк этгани ва Афғонистон мудофаа кучларига топширганлиги ҳақида хабар берганди.

Байден маъмурияти АҚШ кучлари билан яқин ҳамкорлик қилган афғонларга иммиграцион визалар беришни тезлаштиришни ваъда берган.

Улар визани олгунича қаерда бўлиши муаммо бўлиб турибди.

Bloomberg нашрига кўра, афғонларни АҚШнинг Тинч океанидаги Гуам оролига жўнатиш ғояси ҳам бор.

Орол губернатори ҳатто ушбу фикрни қўллаб-қувватлаганлиги ҳақида твит ҳам ёзган.

Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ўз ҳужумларини кучайтирди.

Афғонистон шимолидаги Шибирғон шаҳрида яшовчи журналист Абдул Башир Илғор Озодлик билан суҳбатда кўпчилик афғонистонликлар Марказий Осиё давлатларини нажот қалъаси сифатида кўраётганини айтади.

"Ҳозир кўпчилик Толибондан қочиб Ўзбекистонга ўтиш қайғусида. Лекин чегара ёпилган анча кундан бери. Ундан олдин уруш авж олаётган пайтда баъзи одамлар қочиб ўтган эди. Собиқ қўмондон Жўрабек ҳам 20 кун олдин Шибирғондан Ўзбекистонга ўтган оиласи билан. Термизда ҳусусий бизнеслари бор уларни. Пули борлар ўтяпти. Оддий аҳолига қийин.

Толибон ҳозир биздан 25 километр узоқда. Бу ердаги аҳоли қаерга қочишни билмаяпти. Ўзбекистон қайтариб юборяпти.

Толибон босиб олган туманларда ўз қоидаларини жорий қилган. Қарши чиққанлар ўлим билан жазоланади. Хотин қизларга чекловлар қўйилган. Маҳрами бўлмаган аёллар ўзлари бозорга чиқолмайди. Шунинг учун дунёвий афғонлар Марказий Осиёни нажот қалъаси сифатида кўрмоқда, лекин улар ёрдамига кўп ҳам умидвор эмаслар", - дейди Абдул Башир Илғор.

Толибон таҳдиди кучайгани манзарасида Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг шу ой ўрталарида Ўзбекистонга ташрифи кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ғанининг 15-16 июль кунлари Тошкентда "Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақавий боғлиқлик, таҳдидлар ва имкониятлар" мавзусига бағишланган халқаро анжуманда қатнашиши кутиляпти.

XS
SM
MD
LG