Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:45

Ҳукумат 28 йилга чўзилган лотин алифбосига ўтишни "тезлаштириш" бўйича топшириқ берди


Бош вазир фармойишига биноан 1 августгача барча пешлавҳалар янги алифбода ёзилиши лозим.
Бош вазир фармойишига биноан 1 августгача барча пешлавҳалар янги алифбода ёзилиши лозим.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мулозимининг Озодликка маълум қилишича, Бош вазир Абдулла Арипов лотин ёзувидаги ўзбек алифбосига ўтиш бўйича 2010 йилгача қилинмаган ишларни Мустақиллик байрами муносабати билан 1 августгача битириш тўғрисида фармойиш берган.

Олдинроқ маҳаллий нашрлар ҳукумат раҳбари барча вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқ бергани тўғрисида хабар қилган эди.

Ҳукумат раҳбарининг ўзи тасдиқлаган “Йўл харитаси”даги муддатларни бузадиган бу топшириғи, янги ўзбек алифбоси ислоҳоти ҳали якунига етмаган бир пайтда берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги қарори билан лотин алифбосига тўлиқ босқичма-босқич ўтиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.

Режага мувофиқ, ҳозирда кирилл алифбосида юритиладиган барча жой ва кўча номлари, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланклар 2022 йил декабрига қадар лотин ёзувига ўтказилиши лозим эди.

Бу йўналишда қачон ва қандай ишлар амалга оширилиши “Йўл харитаси”нинг “Янги алифбодаги ёзувда иш юритишга тўлиқ ўтиш” деб номланган IV бобида белгилаб қўйилган.

Бош вазир ўзи имзолаган “Йўл харитаси”га ўзи риоя қилмаётганини gazeta.uz изоҳлар экан, бундай ёзди: “Бош вазир қарорига кўра, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ушбу вазифани шу йилнинг 1 августига қадар бажариш топширилди”.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг фармойиши. Лотин ёзуви асосидаги алифбога ўтишни жадаллаштиришга қаратилган фармойиш кирилл ёзувида битилган.
Бош вазир Абдулла Ариповнинг фармойиши. Лотин ёзуви асосидаги алифбога ўтишни жадаллаштиришга қаратилган фармойиш кирилл ёзувида битилган.

Бош вазирнинг қўлини боғлаган ўз қарори

Режада белгилаб қўйилган муддатларни эртароққа кўчириш йиллардан буён давом этиб келаётган қўшёзувлилик муаммосига тезроқ барҳам бериш йўлидаги муҳим қадам бўлиб туюлиши мумкин.

Бироқ муддатларни кўчиришга “Йўл харитаси”нинг ўзи расман изн бермайди. Режанинг I боб, 2-бандида “лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида “Ўзбек тилининг имло қоидалари”ни тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш” вазифаси қўйилган ва қарор лойиҳаси 2021 йилнинг октябрида тайёр бўлиши лозим.

Демак, ҳозирча, ўзбек тилининг янги имло қоидалари йўқ. Мана шундай шароитда ҳукумат Мустақиллик байрамигача барча ёзувларни тотал “лотинлаштирмоқчи”. Шу кунгача “лотинлаштирилган”ва байрамгача “лотинлаштириладиган” ёзувлар эса, мутахассисларнинг фикрича, янги имло қоидалари қабул қилингач, уларга мос келмайди, яъни “кутилган” хатолар пайдо бўлади.

Муҳокамаси чўзилиб кетган алифбо ислоҳоти

Янги имло қоидаларига зарурат лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосининг таҳрири билан боғлиқ. Бу масала эса, ҳануз ҳал бўлмаган.

“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидa”ги қонун лойиҳаси шу йилнинг 16 мартида муҳокама учун эълон қилинган эди.

Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосининг шу кунда муҳокама жараёнида бўлган янги варианти.
Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосининг шу кунда муҳокама жараёнида бўлган янги варианти.

28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат бўладиган янги таҳрирдаги ўзбек алифбосида o‘, g‘ ҳарфлари, шунингдек, sh, ch қўшҳарфларини янгича кўринишда ёзиш таклиф қилинган.

10 май куни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича республика ишчи гуруҳи қонун лойиҳаси муҳокамасини шу йилнинг 1 ноябригача давом эттиришга қарор қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мутахассиси Саҳобиддин Мусаевнинг Озодликка айтишича, тўлиқ лотинлаштириш учун белгиланган янги муддат 2023 йилнинг 1 январи:

“Қонун лойиҳаси март ойида эълон қилинганидан сўнг кенг муҳокама қилинди. Муҳокамага қатнашганларнинг 56 фоизи ўзгартирилаётган ҳарфларни асосан қўллаган, 32 фоизи қарши чиққан. Шундан сўнг соҳа олимлари таклифи билан қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 ноябргача чўзилди. Муҳокама шу кунда давом этяпти. Шундан сўнг лойиҳа Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун тақдим этилади. 2023 йил 1 январдан бошлаб лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида тўлиқ иш юритишга бутун мамлакат бўйлаб ўтиш назарда тутилган”.

Бош вазирнинг фармойиши хатоларни урчитиб юбормайдими?

Алифбонинг янги таҳрири, демакки янги имло қоидалари тасдиқланмаган экан, бош вазирнинг барча жой ва кўча номлари, атамалар, ташкилотлар номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланкларни лотин ёзувига ўтказишни тезлаштириш талаби тўғрими? Бир неча ойдан кейин янги имло қоидалари тасдиқлангач, жой номлари ва ҳоказоларда имло хатолари “болалаб” кетадику?!

Озодликнинг бу саволига Давлат тили департаменти мутахассиси Саҳобиддин Мусаев бундай жавоб берди:

“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш тўғрисидаги қонун 1993 йилда қабул қилинганидан хабарингиз бор. Кейин ўтиш муддати деб 2000 йилнинг 1 сентябри белгиланди. Ундан кейин 2005 йил, 1 сентябрь янги муддат қилиб кўрсатилди. Кейин яна 5 йилга жилди. Шу муддатлар орасида режалар тасдиқланди. 2010 йил 1 сентябрга қадар барча кўча номларию пешлавҳалардан тортиб, иш қоғозларигача янги алифбога кўчиши керак эди. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, бу соҳада камчиликлар бор. Бош вазирнинг кўрсатмаси шу камчиликларни бартараф қилишга тааллуқли”.

Янги таҳрирдаги алифбо қабул қилингач, шу кунда ёзиладиган жой номларию пешлавҳаларни, уларда хато пайдо бўлиб қолгани учун алмаштириш зарурати пайдо бўлади, шунинг учун шошилмай турса бўлмайдими, деган саволга жавобан Давлат тили департаменти мутахассиси “Бош вазир кўрсатмаси шу кунгача йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган”, деган гапни такрорлади.

Ўзбек ёзувини кириллдан лотинга ўтказишга доир илк ҳужжат имзоланганига 28 йил бўлди. 1993 йили қабул қилинган қонунга биноан ўзбеклар лотин ёзувига асосланган янги алифбога бундан 11 йил муқаддам тўла ўтиб бўлган бўлиши керак эди.

1929 йилда Совет Иттифоқида мусулмон озчиликлар томонидан фойдаланиб келинган анъанавий араб алифбоси лотин алифбоси билан алмаштирилган.

1940 йилга келиб эса, лотин алифбоси рус тилида қўлланиладиган кирилл алифбосига алмаштирилганди.

XS
SM
MD
LG