Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Яккабоғлик блогер устидан терговолди суриштирув бошланди – шикоятчи туман ҳокимлиги


"Эзгулик" жамияти фаоли ва блогер Элмурод Одил.
"Эзгулик" жамияти фаоли ва блогер Элмурод Одил.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туманида яшайдиган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, блогер Элмурод Одил устидан терговолди суриштирув ҳаракати бошланди.

Бу хабарни тасдиқлаган Яккабоғ туман ИИБ терговчисига кўра, шикоят аризасини туман ҳокими ва ўринбосарлари киритган.

Блогер Телеграмдаги саҳифасида Ўзбекистон имижига салбий таъсир кўрсатадиган маълумотлар тарқатиш, ҳокимликнинг ички ишларига аралашиш, ҳоким ўринбосарлари орасидаги муносабатда носоғлом вазият келтириб чиқаришда ва ҳокимлик матбуот котибини урганликда айбланмоқда.

Элмурод Одил бу айбловларни инкор қилар экан, туман иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги камчиликлар ҳақида танқидий чиқишлари учун унинг овозини ўчиришга ҳаракат бошланганини айтди.

Туман ҳокимининг ўринбосари блогер устидан ИИБга шикоят қилишганини тасдиқлади.

Қашқадарёлик блогерлар орасида танқидий чиқишлари билан танилган Элмурод Одилнинг Озодликка айтишича, 8 июль куни Яккабоғ туман ИИБ терговчиси Дилшод Поёнов унинг устидан шикоят тушганини айтиб, бўлимга чақиртирган:

“Кеча терговчи қўнғироқ қилиб, туман ҳокими ва ўринбосарларидан ариза тушгани ва танишиб терговда қатнашиш учун чақирди. Борсам менинг устимдан ҳокимнинг ўзи ва яна 6 нафар ўринбосарининг аризаларини йиғиб, катта бир дело ҳам қилиб қўйишган экан. Ҳокимнинг ва бошқа шикоятчиларнинг аризалари қўлда ёзилган экан, улар билан танишиб чиққани терговчи рухсат бермади. Менга фақат компьютерда ёзилган туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман бўлими раҳбари Сарвар Авлаевнинг аризаси билан танишиб чиқишга рухсат берди, холос”.

Элмурод Одилнинг айтишича, ушбу аризада унга нисбатан қатор айбловлар илгари сурилган:

“Бу аризада ёзилишича, мен асоссиз равишда маълумот тарқатаётган эмишман, туман ҳокимлигига бостириб кирган эмишман. Салбий мазмундаги маълумотларни тарқатиб, Ўзбекистон имижига салбий таъсир кўрсатаётган эканман. Ҳокимликнинг ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасановни дўппослаган эканман. Ҳокимликнинг ички ишларига аралашиб, ҳоким ўринбосарлари орасидаги муносабатда носоғлом вазият келтириб чиқараётган эканман. Бу айбловларнинг бари уюштирилган ва тўқима айблар. Уларнинг мақсади менинг овозимни бутунлай ўчириш”.

Блогер яқинда эълон қилган бир постида туман ҳокимини танқид қилган эди:

“Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарларининг биридан шикоят келиб тушди! Ўринбосарнинг таъкидича, туман хокими Лутфитдин Абдуллаев ўринбосарнинг ваколат доирасига кирмайдиган ишларни қилишга жалб этмоқда экан! Натижада ўз ваколат доирасидаги ишлар бажарилмай қолиб кетганлиги сабабли фуқаролардан ва бошқарма бошлиқларидан дакки эшитаётганлигини маълум қилди! Ҳурматли ҳоким! Сиз буюрган ишни бекаму кўст бажарган ўринбосарингиз, ҳамма ишни қилиши керак дегани эмас! Сиз доим адолат ва ҳақиқат борасидаги фикрларингизни бошқаларга хам уқтирмоқчи бўласиз! Келинг, шу жараённи ўзимиздан бошлайлик! Ҳамма ўзини ишини ва ўзини аравасини ўзи тортсин!”

Одил Элмуроднинг айтишича, терговчи унга шикоят қилган ҳоким ўринбосарининг кимлигини айтиб беришни талаб қилган:

“Мен терговчига бу сир сақланади, унинг номини айтмасликка менинг ҳаққим бор, дедим”.

Яккабоғ туман ИИБ терговчиси Дилшод Поёнов блогер Элмурод Одил устидан ҳокимликдан шикоят тушганини тасдиқлади ва айни пайтда терговолди суриштирув ҳаракати олиб борилаётганини айтди.

Дилшод Поёнов тергов сири бўлгани учун бундан ортиқ маълумот беролмаслигини айтди.

Ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман бўлими раҳбари Сарвар Авлаевнинг Озодликка айтишича

“Биз уни бир ҳоким ўринбосаридан шикоят келиб тушди, деб ёзгани учун ойдинлик киритиб беринглар деб ИИБга ариза бердик”.

Бу гапни айтгандан сўнг Сарвар Авлаев алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланиш имкони бўлмади.

Блогер устидан ёзилган аризада туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасановни Элмурод Одил ургани ҳам қайд этилган.

Элмурод Одил ҳокимлик биносида шикоятчиларни видеога олиб турган пайтда ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов унинг қўлидан телефонини куч билан тортиб олиб, ҳокимлик биносига қочиб кириб кетгани ва бир соатдан сўнг видеоларни ўчириб олиб чиқиб бергани ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.

Шерзод Ҳасанов Озодлик билан 9 июль куни бўлган суҳбатда ИИБга ёзилган аризадан хабари йўқлигини, лекин ўша куни Элмурод Одил уни урганини иддао қилди.

Озодликнинг “сизни урган бўлса, нега ўша куни бу ҳақда индамадингиз”, деган саволига Шерзод Ҳасанов:

“Ўша куни Элмурод мени урди, кўзим кўкарди, лекин ҳеч қаерга шикоят қилганим йўқ. Айб ўзимдан ўтган эди ўшанда, узримни сўраганман”, деб жавоб берди.

Элмурод Одил ҳам нохосдан қўли матбуот хизмати раҳбарининг кўзига тегиб кетган бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди:

“Шерзод телефонимни қўлимдан тортиб олмоқчи бўлди, мен қаршилик қилдим. Ўша вақтда ур тўполон бўлиб кетганди, балки қўлим тегиб кетгандир, лекин атайлаб урганим йўқ”.

Озодлик Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев билан боғлана олмади.

Элмурод Одил Қашқадарё вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни, кам таъминланган оилаларнинг оғир ҳаётини мунтазам ёритиб келаётган фаол блогерлардан.

Бундан аввал ҳам Элмурод Одил ҳокимлик мулозимлари унинг уйига келиб, чоп қилинган танқидий мақолаларни ўчириб ташлашни ҳам илтимос, ҳам талаб қилишгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистонда президентлик сайловлари йилида ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайгани, камчиликларни ошкора танқид қилаётган блогер ва журналистларга нисбатан босим кучайганини қайд этган.

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

Жумладан, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг маҳаллий ҳокимият идораларидаги коррупцияга қарши чиқишлари ортидан қамоққа ташланиши халқаро ташкилотларнинг танқидларига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG