Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:45

Қирғизистонда қамоқда вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров хотирланди


Хадича Асқарова турмуш ўртоғи Азимжон Асқаровнинг қабрига гул қўймоқда.
Хадича Асқарова турмуш ўртоғи Азимжон Асқаровнинг қабрига гул қўймоқда.

Қирғизистон фуқаролик жамияти фаоллари 25 июль куни 2010 йилдаги Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамалган ва 2020 йилнинг 25 июлида қамоқда вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни хотирлашди. Асқаровнинг яқинлари ва ҳамкасблари ҳозир ҳам ҳуқуқ фаолининг оқланиши ва унинг ўлими тафсилотлари ўрганилишини талаб қилиб келмоқда.

Марҳумнинг беваси Ҳадича Асқарова ҳануз унинг ўлими билан боғлиқ саволларга жавоб излаётганини айтади:

“Азимжон Асқаров билан охирги марта 2020 йилнинг 3 июль куни қамоқхона телефони орқали гаплашганман. Мен учрашувга бормоқчи бўлгандим. Ўша гаплашганимизда, “келмай тур, карантин бўлиб қолди, қийналасан”, деган эди. 2010 йилдан бери менга кундалик ёзар эди. Кундаликда 8 июлдан бери тана ҳарорати кўтарилаётганини ёзган. Шу тариқа 25 июль куни вафот этди. Нега?", дейди Ҳадича Асқарова.

У турмуш ўртоғининг ўлимида қамоқхона маъмуриятини ҳам айблайди.

"Собиқ амалдорлар қамоқда касал бўлса, уларни касалхонага олиб бориб қарашади. Дунё таниган Азимжонни шу аҳволда қолдиргани учун қамоқхона мутасаддилари ҳам айбдор, деб ҳисоблайман. Ёзган кундалигида саломатлиги борасида ҳаммаси тўла ёзилган”.

Асқарова турмуш ўртоғини оқлаш учун бор кучини сарфлаб, умрининг охиригача ҳаракат қилишини қўшимча қилди:

“Азимжон Асқаровнинг ҳеч қандай айби йўқ. Унинг айби ҳақиқат учун курашиб, оддий одамларга ёрдам бергани бўлди. Куч тизими ходимлари уни ёмон кўришар эди, июнь воқеаси баҳона бўлиб, ёлғон гувоҳлик билан қамалди”.


2010 йил июнь воқеаларида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров ўтган йилнинг 25 июлида Бишкекдаги 47-сонли вафот этган эди.

69 ёшли ҳуқуқ фаолининг ўлимига зотилжам хасталиги сабаб бўлгани маълум қилинган.

10 йилдан буён унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб келган “Бир Дунё - Қирғизистон” ташкилоти 25 июлни Азимжон Асқаровни хотирлаш куни дея эълон қилиб, қирғиз ҳукуматини халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди.

Ташкилот раҳбари Тўлекан Исмоилова қирғиз ҳукумати Асқаров иши бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳамда бошқа ташкилотлар талабларини бажармаётганини қоралади. БМТ Асқаров сохталаштирилган жиноят иши бўйича қамалгани ва қийноққа солинган, деб ишонилишини таъкидлаган ҳолда, қирғиз ҳукуматидан ҳуқуқ фаолини зудлик билан озод этишни талаб қилган эди.

“БМТ қарори 2016 йилдаёқ чиқарилган. Ундан бери қанча ҳукумат алмашди. Оиласи ҳақиқат қарор топишини кутмоқда. Шу сабабли қирғиз ҳукумати ўзининг вазифасини, мажбуриятини бажариши керак. Негаки Қирғизистон ҳам БМТ аъзоси” - деди Исмаилова.

“Бир Дунё - Қирғизистон” ташкилоти шу кунгача Азимжон Асқаров иши юзасидан элликка яқин маҳкама бўлгани, ҳуқуқ фаолининг яқинлари, юристлар, авдокатларга босим, қўрқитувлар бўлганини билдирди.

Асқаров ўлими юзасидан Жазони ўташ давлат хизмати тергов олиб бориб, жиноят аломатлари йўқ деган важ билан терговни тўхтатган.

Хадича Асқарованинг ҳимоячиси Айдар Сидиқов Жазони ижро этиш давлат хизмати текширувни тўхтатганини ноқонуний деб ҳисоблаб, Бишкек шаҳар Свердлов туман судига мурожаат қилган. Туман суди марҳум ўлими юзасидан арзни қаноатлантирган эмас. Сидиқов Бишкек шаҳар судига шикоят қилишини билдирган.

"Свердлов туман судига борсак, аризамизни қаноатлантирмади. Кўриб чиқмади ҳам. Даъво вақти ўтиб кетган, деб кўриб чиқишмади. Ҳозир шаҳар судига мурожат қилиб, терговни Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси олиб борсин, деяпмиз. Негаки унинг ўлимига Жазони ўташ давлат хизмати айбдор деб ҳисоблаймиз”, - деди Сидиқов.

23 июлда Human Rights Watch ташкилоти қирғиз ҳукуматини ҳалқаро мажбуриятларини бажариб, Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан мустақил, холис тергов олиб боришга чақирган.

Азимжон Асқаровнинг қамалиши ва ўлимига юзасидан Европа Иттифоқи, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Human Rights Watch каби обрўли ҳалқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматидан мустақил тергов ўтказишга рухсат сўраб келади.

Азимжон Асқаров 2010 йил июнидаги этник зўравонликлар чоғида “миллий низони келтириб чиқариш ва милиция ходимини ўлдиришда иштирок этганлик"да айбланган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни Бозорқўрғон туман суди 2010 йил 15 сентябрда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. 2011 йилнинг 20 декабрида Олий суд ҳукмни ўз кучида қолдирган. Жиноий иш 2015 йили қайта кўриб чиқилишига қарамай, ҳукм ўзгармаган. Тергов Асқаров айби исботланганини билдирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ундан қасд олганини айтиб келган.

Қамоқхонада вафот этган Азимжон Асқаров ўтган йил 31 июль куни Тошкентда дафн этилганди.

XS
SM
MD
LG