Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасининг қарийб учдан икки қисмини ўз назоратига олган “Толибон” қўшни давлатларга таҳдид солмасликка ваъда берди. Бироқ, маълум бўлишича, афғон-тожик чегараси участкаларидан бирини қўриқлашни улар Тожикистонда тақиқланган “Ансоруллоҳ” гуруҳига ишониб топширишган. Мазкур гуруҳнинг кўплаб жангарилари расмий Душанбе томонидан халқаро қидирувга берилган.
Афғонистон шимолида юз берган воқеалар гувоҳларидан бири Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда Тожикистон чегарасига туташ уездлардан бири босиб олинганида “Толибон” ҳаракати байроғини “тожик толиби” Маҳдий Арсалон кўтарганини айтди. Жангарилар ёзиб олган видеода уезд ишғолида қатнашган ўнлаб жангарилар Тожикистон вилоятларидан бирига хос лаҳжада сўзлашаётгани англашилади.
Афғонистонда бу одамларни “тожик толиблари” деб аташади, бироқ аслида улар Тожикистонда ман қилинган “Ансоруллоҳ” гуруҳи жангариларидир.
“Толибон” ўз сафларида чет давлатлар фуқаролари борлигини инкор этаётган пайтда Тожикистон билан чегарадаги заставаларни қўриқлаш вазифаси “Ансоруллоҳ” жангарилари зиммасига юклатилмоқда. АҚШ билан имзоланган битимга мувофиқ, ҳаракат ажнабий террорчилик ташкилотлари ва радикал гуруҳлар билан барча алоқаларини узиши лозим. Толиблар, шунингдек, “Ал Қоида” билан ҳам ҳамкорлик қилмаслик ва Афғонистонда мазкур ташкилот шўъбалари фаолиятига йўл қўймаслик мажбуриятини олганлар. 2017 йилда Сиёсий зўравонлик ва терроризмни ўрганиш халқаро маркази ўз ҳисоботида “Жамоати Ансоруллоҳ”ни “Ал Қоида” тармоғи иттифоқчиси, дея қайд этганди.
Ўтган йилларда ижтимоий тармоқларда “Ансоруллоҳ” жангариларининг “Ал Қоида”га содиқ бўлишга қасам ичгани акс этган бир неча видеолавҳалар ёйинланган.
Бир дарёнинг икки соҳили
Тожикистон билан чегарада “Толибон” байроғини илган Маҳдий Арсалон амалда Куфоб, Шикай, Нусай, Маймай ва Хохон каби беш афғон уездининг “амири”дир. Ушбу уездлар Дарвоз туманига ҳамда Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин туманига чегарадош бўлиб, икки мамлакатни фақат Панж дарёсигина ажратиб туради.
Озодлик манбаларига кўра, Маҳдий Арсалон — Тожикистон шарқида жойлашган Нуробод туманидаги Сафедчашма қишлоқ жамоатига қарашли Шербегиён қишлоғида туғилган Муҳаммад Шариповнинг лақабидир.
Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (ДМХҚ) Чегара қўшинлари вакили Тожикистон билан чегарага Муҳаммад Шарипов қўмондонлигидаги “тожик толиблари” ўрнашгани ҳақида аввалроқ афғон ҳамкасблари маълум қилишганини айтди. Манбамиз афғон-тожик чегарасининг “Дарвоз” участкасини қўриқлаш Маҳдий Арсалонга топширилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади. “Расмий идоралар 200 га яқин Тожикистон фуқароси ёки “тожик толиблари”нинг шахсини аниқлаб бўлган”, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон фуқароларидан иборат толиблар гуруҳи 2020 йил 19 ноябрь куни Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Маймай (Юқори Дарвоз) туманида афғон полицияси постига ҳужум қилганида 24 нафар афғон аскари ҳалок бўлган эди. Тожик лаҳжасида гаплашувчи жангарилар “Фатҳи райони Моймай” (“Маймай туманининг фатҳ этилиши”) номли 10 дақиқалик фильм тайёрлаб, ижтимоий тармоқларда тарқатишган. Бу воқеадан кўп ўтмай Тожикистон ИИВдаги манбамиз видеокадрлар орқали Маймай уездида афғон ҳарбийларини ўлдиришда қатнашган 10 нафар жангарининг шахси аниқланганини билдирган. Улар орасида Муҳаммад Шарипов ҳам бўлган.
Афғонистоннинг Дарвоз тумани раҳбари генерал Қодир Сафо Озодлик билан суҳбатда бу жангариларнинг бари толиблар тарафида жанг қилаётган “Ансоруллоҳ” гуруҳи аъзолари эканини айтди. “Гуруҳнинг бир неча жангариси Маймай учун жангда ўлдирилган, биз уларнинг шахсини аниқладик. Улар маҳаллий афғон аёлларига уйланган экан”, таъкидлайди афғон генерали.
Қодир Сафо “тожик толиблари” ватандошларини зўр бериб ўз томонларига оғдириб олишаётганини маълум қилди.
“Жангарилар Тожикистон фуқароларини ўзларига оғдириб олишаётганидан хабаримиз бор. Баҳорда Тожикистон фуқароларидан тўққиз киши Рушан ва Шуғнон участкаларида давлат чегарасини кесиб ўтиб, толибларга қўшилгани ҳақида маълумот олгандик. Бу маълумотни Тожикистон консуллигига етказдик. Қиш ва баҳорда анчагина тожикистонликлар “Толибон” сафини тўлдиришди”, урғулайди Афғонистоннинг Дарвоз тумани раҳбари.
“Ансоруллоҳ” (“Жамоати Ансоруллоҳ”) гуруҳи тожик жангарилари асос солган ягона террорчилик ташкилоти бўлиб, Тожикистонда фуқаролар уруши (1992-97 й.й.) тугаганидан сўнг Покистонда тузилган. Гуруҳ асосчиси Бирлашган тожик мухолифати (БТМ)нинг собиқ дала қўмондони Амриддин Табаров саналади.
1997 йили Москвада имзоланган Тожикистонда тинчлик ва тотувлик тўғрисида умумий битим шартларини қабул қилмаган БТМ жангарилари шу гуруҳга кирган. Маҳдий Арсалон ёки Муҳаммад Шарипов эса “Ансоруллоҳ” жангариларининг иккинчи авлоди вакилидир.
“Ансоруллоҳ” гуруҳи турли йилларда Покистон ва Афғонистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати, Шарқий Туркистон исломий ҳаракати, Ислом жиҳоди иттифоқи, “Жундулхалифа”, “Кавказ ислом амирлиги”, “Ал Қоида” тармоғи ҳамда “Толибон” ҳаракати билан ҳамкорлик қилган.
2019 йилда гуруҳ раҳнамоси Амриддин Табаровнинг икки ўғли Афғонистондан Тожикистонга экстрадиция қилинган эди. Улар америкалик ҳарбийлар томонидан 2009 йилда ҳибс этилиб, экстрадицияга қадар Бағромдаги ҳарбий база қамоқхонасида сақланган. Амриддин Табаровнинг ўзи эса, Тожикистон ИИВ маълумотига кўра, 2016 йили Афғонистондаги махсус амалиёт чоғида ўлдирилган.
“Толибон” ўз сафида тожикистонлар борлигини инкор этади, аммо...
“Толибон”нинг расмий вакили Озодлик радиоси билан суҳбатда ҳаракат сафларида Тожикистон фуқаролари борлиги ҳақидаги маълумотни рад этди. Ҳаракатнинг матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид “Толибон” Тожикистон билан дўстона муносабатлар тарафдори эканини ва қандайдир қуролли жангарилар афғон ҳудудидан қўшни мамлакатга ҳужум қилишига зинҳор йўл қўймаслигини иддао қилди.
Унинг айтишича, ҳатто шимолий уездлар ишғол қилинаётган пайтда ҳам толиблар Тожикистонга чекинаётган афғон ҳарбийларига ўқ узишмаган. “Биз тожик ҳудудига битта ҳам ўқ тушишини хоҳламадик”, дейди Забиҳулла Мужоҳид.
Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов ҳам толиблар Тожикистон ҳудудига киришмаганини, у ерга фақат ҳукумат қўшини ҳарбийлари қочиб ўтганини айтди.
“Афғон ҳарбийлари қочиб кетаётиб уларнинг позицияларини эгаллаган толибларга қарата тожик ҳудудида туриб ўт очишган. Бироқ толиблар барча қўмондонларга Тожикистон ҳудудига ўқ узмаслик хусусида кўрсатма беришган”, урғулаган дипломат Россия ОАВ вакиллари билан мулоқот чоғида.
Бироқ Афғонистон билан чегарадош тожик қишлоқлари аҳолиси бу маълумотни тан олишмайди. “Ўша кунлар дайди ўқлар бошимиз устидан чийиллаб ўтди”, дейди Панжи Поён чегара заставаси ишчиси Амиржон Имомализода.
Сўнгги икки ойда толиблардан қочиб 1600 нафар Афғонистон фуқароси Тожикистонга ўтди.
“Биз бу маълумотни текширамиз. Мазкур ҳудудларни энди-энди идора қила бошладик. Ажнабий одамлар бизнинг номимиздан ҳаракат қилишига йўл қўймаймиз. Биз тафтиш ўтказамиз. Чет эллик жангарилар борлиги аниқланса, улар мамлакатдан бадарға қилинади”, деди Забиҳулло Мужоҳид Афғонистон шимолида Тожикистон фуқаролари бўлмиш жангарилар борлиги ҳақидаги саволга жавобан.
Тожикистон ҳукумати толиблар сафида ўз фуқаролари борлиги ҳақида бир неча бор гапирган ва, афтидан, радикал ҳаракат раҳбариятининг ваъдаларига ортиқ ишонмайди. 5 июль куни президент Имомали Раҳмон мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мудофаа вазирига Тожикистон ва Афғонистон чегарасини янада мустаҳкамлаш учун захирадаги 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар этишга буйруқ берди.
Ўтган кунларда Тожикистонда мамлакатнинг энг янги тарихида илк бор армия, бутун кучишлатар идоралар ва ҳатто мобилизация захираси тревога сигнали билан оёққа турғазилди. Жанговар шайликни текшириш тадбири 130 минг нафар захирадаги зобит ва аскарларни ҳамда 100 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилар ва кучишлатар идоралар ходимларини қамраб олди. Тожикистон Афғонистон билан чегарасини қўриқлашда ёрдам сўраб Россияга ва Коллектив хавфсизлик ташкилотига аъзо бошқа мамлакатларга мурожаат қилди.
Тожикистон ҳукуматидаги мулозим Озодлик радиоси билан суҳбатда Афғонистон билан чегарадаги вазиятни “жуда таҳликали” деб атади.
“Ҳа, ҳозирча толиблар бизга ҳеч бир ёмонлик қилишгани йўқ. Улар ҳеч кимнинг қўлида қурол билан тожик ҳудудига киришига йўл қўймасликларини айтишмоқда. Шунга қарамай чегаранинг айрим участкалари қўрувини Тожикистонда тақиқланган ва уларга хизмат қилаётган “Ансоруллоҳ” гуруҳига ишониб топширишди. Агар улар эрта ё индин “Толибон”дан четлашиб, Тожикистонга ҳужум қилишса-чи, унда нима бўлади?” дея савол беради исми сир тутилишини истаган суҳбатдошимиз.
Тожик эксперти Фаридун Ходизода бир замонлар “Ансоруллоҳ” кичик ва ожиз гуруҳ бўлганини, шу боис “Ал Қоида” қучоғига тушганини айтади. Унинг сўзларига кўра, “Ансоруллоҳ”нинг байроғи ушбу террорчи ташкилот байроғини эслатади. Сўнгги йилларда эса “тожик мужоҳидлари” толиблар тарафида жанг қилишмоқда.
“Ўта хавфли ва бешафқат”
26 ёшли Муҳаммад Шарипов ёки Маҳдий Арсалон, тожик махсус хизматларига кўра, “Ансоруллоҳ” гуруҳига етти йил бурун қўшилган. Унинг отаси Мирхожа Шарипов Амриддин Табаровнинг сафдоши эди. Муҳаммад Шариповнинг бир синглиси “Ансоруллоҳ” асосчисининг ўғилларидан бирига эрга теккан.
Мирхожа Шарипов ва унинг бир ўғли 2011 йилда тожик махсус хизматларининг Рашт туманида Мулло Абдулло отрядини йўқ қилиш амалиёти чоғида ўлдирилган.
“Муҳаммад Шариповни хавфли ва бераҳм жангари деб ҳисоблаймиз. Унинг бомбалар ясай олиши, ўқотар қуролларнинг барча туридан фойдаланишга ва кичикроқ гуруҳга қўмондонлик қилишга қодирлиги бизга маълум. Муҳаммад Шарипов Бадахшон вилоятидаги қатор уездларнинг босиб олинишида бевосита иштирок этган”, дейди Озодлик радиоси манбаси.
Нуробод туманининг Шербегиён қишлоғида бу оилани ҳамма билади. Тахминан минг чоғли аҳоли истиқомат қилувчи ушбу қишлоқ “Ансоруллоҳ” гуруҳи асосчиси Амриддин Табаров туғилган Гуломон қишлоғидан узоқ эмас. Мулло Абдулло гуруҳига қарши ўтказилган махсус амалиёт чоғида қишлоқдан ўндан ортиқ киши ўлдирилган эди. Шербегиёнлик ўндан зиёд одам айни пайтда Афғонистонда юрибди.
Шербегиён қишлоғидаги мактаб директори Аминжоннинг айтишича, Мирхожа Шарипов фарзандлари (2 ўғли ва 6 қизи)нинг мактабга боришига изн бермай, уларга уйда дин асосларини ўргатган. “У БТМ дала қўмондони эди, ҳеч ким гапини икки қила олмасди”, дейди суҳбатдошимиз.
БТМ дала қўмондонлари бундан ўн йил муқаддам Рашт водийсида катта обрў-эътиборга эга эди. Мулло Абдулло Раҳимовни йўқ қилиш бўйича махсус амалиётдан сўнг собиқ қўмондонларни турли важлар билан қамоққа олишди, айримлари ўлдирилди. Мирхожа Шариповнинг қисмати ҳам шундай бўлди. “Дала қўмондонининг ўлимидан сўнг унинг ўғли Муҳаммад бир кун ҳам мактабга бормаган бўлса ҳам дарҳол еттинчи синфга қабул қилинди. 2011 йилда у мактабни тамомлади, шундан сўнг бу ерда уни ҳеч ким кўрмаган”, қўшимча қилади директор.
Россиядан олис йўл босиб — Афғонистонга
Муҳаммад Шариповнинг онаси Зулқаъда Юнусова Озодлик радиоси билан суҳбатда ўғли 2015 йилда ишлаб пул топиш учун Россияга кетганини айтди. Дастлабки олти ой давомида у онасига дам-бадам қўнғироқ қилиб турган. 2015 йил октябрда ўрмон кесишга жўнаб кетаётганини хабар қилган.
“Муҳаммад у ерларда телефон ишламайди, қўнғироқ қилмай қўйсам хавотир олманг, деганди. Етти ой ўтди, биз ҳаммамиз у ростдан ҳам ўрмон кесяпти, деб юравердик. Аммо 7-8 ойдан сўнг уйимизга милиция ходимлари келиб, Муҳаммад Афғонистонда юрганини айтишди”, ҳикоя қилади аёл.
Зулқаъда Юнусова сўнгги марта ўғли билан 20 июль куни, Қурбон ҳайити арафасида сўзлашганини маълум қилди. Она ўғлининг Тожикистон чегарасига туташ афғон ерларида эканини тасдиқламоқда.
Озодлик мухбири Маҳдий Арсалон Афғонистонга бориб “тожик толиблари”га қўшилишга ундаган тожикистонлик билан ҳам гаплашди. Исми махфий қолишини сўраган суҳбатдошимиз Муҳаммад Шарипов (Маҳдий Арсалон) билан Россияда танишибди.
“У мени “жиҳод” қилгани Афғонистонга боришга тарғиб қилди. Охирги марта икки ой аввал гаплашувдик. Дастлабки пайтлар мен унинг ҳикояларини қизиқиш билан тингладим. Аммо кунларнинг бирида баҳслашиб қолдик ва мен унга янглиш йўлга кирганини ва ўз ҳаётини бировлар манфаати учун қурбон қилаётганини айтдим. Шундан кейин у “WhatsApp”да менинг рақамимни блоклаб қўйди”, дейди суҳбатдошимиз.