Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Жазо муддати ўзгаришсиз қолдирилган блогер Отабек Сатторий Навоийдаги қамоқхонага кўчирилди


Блогер Отабек Сатторий суд залида
Блогер Отабек Сатторий суд залида

6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган блогер Отабек Сатторий Навоийдаги қамоқхонага кўчирилди. Ижтимоий тармоқларда тарқаган бу маълумотни Озодликка маҳкумнинг адвокати тасдиқлади.

Адвокатнинг айтишича, блогер 28 июль куни Навоий вилоят, Навоий шаҳрида жойлашган 4- сонли жазони ижро этиш колониясига этап қилинган.

15 июлда Отабек Сатторийнинг апелляция аризасини кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди блогерга нисбатан Сурхондарё вилоят, Музработ туман суди 2021 йил 10 май куни чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Адвокат Умид Давлетовнинг 2 августда Озодликка айтишича, блогер Отабек Сатторий 28 июлгача Термиздаги тергов ҳибсхонасида сақланган ва шу куни Навоий шаҳрида жойлашган 4- сонли жазони ижро этиш колониясига этап қилинган.

Адвокатнинг айтишича, Отабек Сатторийнинг иши бўйича Олий судга арз қилиш имконияти бор. Маҳкумнинг яқинлари бу имкониятдан фойдаланмоқчи ва ариза топширилади.

“Ҳукм чиққанидан буён мижозим билан учраша олганим йўқ, чунки ИИВ жазони ижро этиш муассасаларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин жорий қилган”, деди Умид Давлетов.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

10 май куни Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят, Музработ туман суди блогер Отабек Сатторийни 6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топган. Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Блогер устидан Апелляция суди 29 июнь куни бошланган эди. Апелляция аризаси юзасидан жараён Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан Сурхондарё вилоят маркази Термиз шаҳрида ўтказилди.

Адвокат Умид Давлетов 2 август куни суд ҳукми юзасидан Озодликка бундай деди:

“Суд биз келтирган далилларни инобатга олмагани мени қаттиқ ўйлантиряпти. Ҳимоянинг жуда кўплаб саволлари жавобсиз қолиб кетди”.

Адвокат Умид Давлетов ҳимоясидаги блогер устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 14 июль кунги мажлисида Сатторийга қўйилган айблов далиллар билан исботланмаганини таъкидлаган:

“Айбловчилар Отабек Сатторий ўз шартларини машинанинг ичида салфеткага ёзиб берган деб даъво қилишган. Бу борада эксперимент ўтказиб кўрганимизда, бунинг ҳеч қандай иложи йўқлигини кўрдик. Орадан сал вақт ўтганидан кейин улар ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, ёзувларни Отабек Сатторий уйида тайёрлаб чиққанлигини айтишди.

Хўп, шундай ҳам дейлик, Отабек Сатторий жинни бўлдимики, уйида қоғози бўла туриб, салфеткага ёзиб чиқадиган. Ёки қоғози йўқ деб ўйлайсизларми? Бу ҳам майли, ёзиб чиққанлигини тасдиқловчи далил борми? Қани ўша далил? Энди Отабек йўллаган SMSга тўхталадиган бўлсам, у ерда “каттанг” дейилган экан.

Отабек ҳақиқатан ҳам таъмагир бўлса, нега эртасигаёқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бу борада мурожаат қилинмаган? Отабек Сатторий отам келса ҳам барибир видеони чиқараман деб гапирган. Шунақа гапирдими демак, бу ердан бир нарсани билиш мумкин. Отабекнинг улардан ҳеч қандай манфаатдор томони бўлмаган. Қолаверса, 10 минг АҚШ долларини сўраганини тасдиқловчи бирорта далил йўқ. Агар унинг моддий манфаатдорлиги бўлганида ўртага шартлар қўйиб айтарди!”

Human Rights Watch халқаро ташкилоти томонидан 11 май куни ёйинланган баёнотда, мустақил блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ҳақида суд томонидан чиқарилган ҳукм сўз эркинлигига қарши зарба ва маҳкама хатоси бўлиб ҳисобланади, дейилган.

HRW вакилларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти, жумладан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар марказига инсон ҳақларига ҳурмат тамойили қўйилаётганини баралла айтиб келмоқда, аммо бу ўринда амаллар сўзларга зид келаётир.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича бу йилги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлаган.

Ташкилот ўтган ой эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни 180 давлат ичида 157-ўринга қўйган. 2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ёмонлашгани англашилади.

XS
SM
MD
LG