Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:46

Россия: Митишчида отишма ва муштлашув. Яна мигрантларми?


Экспертлар мигрантларнинг оммавий муштлашуви ҳақидаги хабарларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда.
Экспертлар мигрантларнинг оммавий муштлашуви ҳақидаги хабарларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда.

Москва вилоятининг Митишчи шаҳрида меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда хабар берган Москва вилоят полицияси ўқотар қурол ишлатилган бу жанжалда 40 га яқин муҳожир қатнашгани, бошидан оғир яраланган бир киши шифохонага олиб кетилганини хабар қилди.

Кузатувчилар охирги пайтларда маҳаллий матбуотда меҳнат мигрантлари орасидаги муштлашувлар "оммавий тус олаётганидан" хавотирлар кучайиб бораётганига эътибор қаратишади.

Рус полицияси: Бизга қонунбузар мигрантлар керакмас!

Россия оммавий ахборот воситалари ва интернет сегментида Митишчи шаҳрида меҳнат муҳожирлари орасида "навбатдаги "оммавий муштлашув ва отишма содир бўлгани хабари тарқатилди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати Озодлик сўровига жиноят иши очилганини маълум қилди.

- Полицияга Митишчи шаҳрининг Пограничная кўчасида жанжал кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар келиб тушди. Полиция ходимлари дарҳол воқеа жойига боришди, аммо у ерда ҳеч ким топилмади. Дастлабки маълумотларга кўра, жанжал бир гуруҳ эркаклар ўртасида чиққан. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов бошқармаси Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 213-моддаси ("Безорилик") бўйича жиноят иши қўзғатди”, - дея хабар қилди навбатчи офицер.

Оммавий жанжал ҳақидаги маълумотни Озодлик манбаси ҳам тасдиқлади. Унга кўра, Пограничная кўчасидаги тўқнашувда 40 га яқин одам, асосан Марказий Осиёдан келган муҳожирлар қатнашган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жанг пайтида ўқ овозлари эшитилган.

Ички ишлар вазирлиги дастлабки маълумотларига кўра, полиция можарода жароҳат олган ва унда иштирок этган хорижликларни, ҳодиса гувоҳларини қидирмоқда.

“Митишчинское” шаҳар полиция бўлимининг исмини очиқламасликни сўраган ходими Озодликка муштлашув ўзбек ва қирғиз муҳожирлари ўртасида содир бўлгани тўғрисидаги интернет тармоқларида тарқаётган хабарларни тасдиқламади.

Аввалроқ, 6 августга ўтар кечаси куни Одинцовода таёқ ва пичоқ билан қуролланган камида 20та одам иштирокидаги оммавий муштлашув бўлиб ўтгани, жанжал иштирокчилари “Одинбург” турар -жой мажмуаси яқинидаги қурилиш дўконларини синдиришгани хабари чиққанди.

Интернетда мигрантлар иштирок этган оммавий муштлашув акс этган видео ҳам тарқалди.

Рус матбуоти хабарига кўра, жанжал иштирокчилари орасида марказий осиёлик ишчилар ва кавказликлар бўлган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги муҳожирларни тез-тез оммавий жанжал, депортация ва Россияга қайта киришни абадий тақиқлаш билан таҳдид қилган эди.

Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой хорижий давлатлар элчилари билан куни кеча қилган учрашуви давомида Россия Федерациясида чет элликлар бу йил жамоат тартибини тез-тез бузиш, оммавий жанжаллар уюштириш ва ҳукумат амалдорларига қарши куч ишлатаётганини билдирди. У "ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунбузарларга қаттиқ жавоб чоралари кўрилиши"дан огоҳлантирди.

Унга кўра, тартибсизликлар ташкилотчилари ва иштирокчилари қўлга олинган, қоидабузарлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, бундай чет эл гражданлари яшаш муддати қисқартирилиб, улар учун Россия Федерацияси чегараларини ёпиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди, уларнинг Россия Федерацияси ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бекор қилингани айтилди.

Вазиятга баҳо берган Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари Кенгаши аъзолари ҳам “безори- муҳожирлар”га қарши баёнот тарқатганди.

- Биз ўз фуқароларими ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз керак ва жанжал бошлаганларни аниқлаш, ватанига ҳайдаб чиқариш керак, деган фикрдамиз, бу ерда бизга керак эмас. Бизга безори-муҳожирлар керак эмас - бизда ўзимизники етарли! – деди Кенгаш бошлиғи Валерий Фадеев журналистлар олдида қилган чиқишида.

"Бу баёнотлар рақамлар билан тасдиқлангани йўқ!"

Муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Александр Ким Озодлик билан суҳбатда полиция ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг мигрантларнинг “оммавий муштлашувлари” тўғрисида тарқатаётган хабарларига эҳтиёткорлик билан ёндашишни тавсия қилди.

Унинг фикрича, бу баёнотлар ва хабарлар ортида турли манфаатлар ётибди:

- Биринчидан, ўқотар қурол масаласида – мигрантларга нафақат ўқотар, оддий газ пистолетини кўтариб юриш ҳам тақиқланган ва ўта хатарлидир! Иккинчидан, бу муштлашувлар “асосан мигрантлар иштирок этди” деган гап-сўзларга эҳтиёт бўлинг, чунки буни ҳали исботлаш керак. Бу жанжаллар Россиянинг жанубий минтақаларидан келган россияликллар уюштираётган бўлсачи?!

Яна бир муҳим масала: охирги пайтларда қирғизистонликларга қарши ахборот хуружи бошланган ва бунинг ортида сиёсий мақсадлар ётибди, кузатишимча. Шахсий фикримча, Россия Қирғизистон ҳукуматига шу тариқа босим ўтказмоқда. Қолаверса, сайлов олдидан кўплаб рус сиёсатчилари ва ҳукумат аъзоларининг мигрантофобия руҳида қилаётган баёнотлари “тасдиқланмоқда”. Мен ишлаётган ташкилотда муҳожирлар ўртасидаги муштлашувлар ва жанжаллар сони кескин ошгани тўғрисидаги баёнотлар рақамлар билан тасдиқлангани йўқлигини қўшимча қилишим мумкин, - деди ҳуқуқ фаоли.

Россия пойтахти Москвада июль ойи бошида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида юз берган оммавий муштлашувдан сўнг мигрантларни текшириш кучайтирилиб, депортация ҳолатлари кўпайгани тўғрисида Озодлик маълумот берганди.

12 июнда юз берган муштлашувда 200га яқин киши иштирок этган. Расмийларга кўра, полиция томонидан қўлга олинган 103 кишидан 70 нафари Қирғизистон фуқароси.

Москва полицияси 18 июлга ўтар кечаси Москва вилоятининг Апрелевка шаҳарчасида 20 га яқин муҳожир муштлашгани, можарода ўқотар қурол ишга солинганини эълон қилганди.

Вазирлик маълумотларига кўра, МДҲ мамлакатларидан келган 700 мингдан ортиқ муҳожир мамлакатда ноқонуний равишда истиқомат қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG