Линклар

Шошилинч хабар
14 январ 2025, Тошкент вақти: 04:25

Халқаро хабарлар

Хитойда “ножоиз мазмундаги” қўшиқларни караокеда айтиш тақиқланади

Хитой расмийлари мазмун-моҳияти ножоиз бўлгани учун караокеда айтиш ман этиладиган қўшиқлар рўйхатини тузиб чиқишади. Мазкур тақиқ шу йил 1 октябридан кучга киради. Бу ҳақда ХХР Маданият ва туризм вазирлиги маълумот тарқатди.

Чеклов чоралари, иддаоларга кўра, социалистик қадриятларни ташвиқ қилиш ҳамда мафкуравий хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий қилинмоқда. Жумладан, караокеда, расмийлар мулоҳазасига кўра, Хитой суверенитетига хавф солувчи, одамларни динга, ирим-сиримларга ёки қиморга рағбатлантирувчи, ичида бўҳтон унсурлари бўлган қўшиқларни куйлаш тақиқланади.

Қўшиқлар мониторинги учун масъулият караоке учун контент етказиб берувчи ширкатлар зиммасида бўлади.

Хитой Халқ Республикасида қўшиқ айтиш мумкин бўлган 50 мингдан зиёд кўнгилочар марказ мавжуд. Караокега мослаштирилган қўшиқлар сони эса 100 мингдан ошади. Бу тақиқланган матнларни қидириб топиш бўйича контент операторлари ишини қийинлаштиради.

2015 йили Хитойда Интернет тармоғи орқали ёйинланган ва жамият учун хавфли деб кўрилган 120 та қўшиқ тақиқланган эди.

Кун янгиликлари

Жанубий Корея разведкаси: Курск вилоятида КХДРдан бўлган 300 нафар аскар ўлган

Иддаоларга кўра, Украина Қуролли кучлари томонидан Курск вилоятида асир олинган шимолий кореялик ҳарбийлардан бири
Иддаоларга кўра, Украина Қуролли кучлари томонидан Курск вилоятида асир олинган шимолий кореялик ҳарбийлардан бири

Россиянинг Курск вилоятида Шимолий Кореядан бўлган 300 дан зиёд ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Жанубий Корея разведкасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Махсус хизмат ҳисоб-китобига кўра, КХДРдан келган гуруҳ ичида қурбон бўлганлар сони 300 нафарга, яраланган сони 2700 нафарга етган. Декабрь ойида Жанубий Корея разведкаси Курск вилоятида КХДРдан бўлган 100 аскар ҳалок бўлгани, мингга яқин киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилган эди.

Муассаса шимолий кореялик икки ҳарбийнинг асир олинганини ҳам тасдиқлаган. Улар ҳақида аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилган эди. Жанубий Корея разведкаси маълумотига кўра, бу икки ҳарбий КХДРнинг Разведка бош бошқармасида хизмат қилган.

Куни кеча Украина президенти Владимир Зеленский УҚК томонидан Курск вилоятида асир олинган шимолий кореялик икки аскар сўроқ қилингани акс этмиш кадрларни ёйинлаган эди. Асирлардан бирининг ёнидан Тивада яшаган Аранчин Антонин номига берилган ҳарбий билет топилган. Аввалроқ ОАВда Россия Курскдаги жангларда шимолий кореялик аскарлар иштирок этаётганини яшираётгани ва уларга сохта шахсий гувоҳномалар бераётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Зеленский 12 январь кунги мурожаатида, агар КХДР лидери Ким Чен Ин шимолий кореяликларни Россияда тутқунликда сақланаётган украиналикларга алмаштирилишини ташкил этолса, унга асирларни топширишга тайёрлигини билдирган.

Украина президенти ёйинлаган видеода асирлардан бири ўзининг Украинага қарши жанг қилиш учун юборилганини билмагани, командирлар уларга бунинг фақат ҳарбий машқ эканини айтишганини маълум қилган. Шимолий кореялик асирларнинг яна бири оиласи борлиги, бироқ яқинлари унинг қаерда эканини билмаслигини айтган. “КХДРга қайтишни истайсизми?” деган саволга улардан бири “ҳа” деб жавоб берган, яна бири Украинада яшашни исташини айтган.

Ғарб разведкалари иддаосига кўра, урушда иштирок этиш учун Россияга КХДРдан 10 минг чоғли ҳарбий келган бўлиши мумкин. Улар орасида қурбонлар сони юзлаб ва ҳатто минглаб экани айтилган, бироқ бу рақамлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас. Зеленский иддаосича, “Украинага қарши урушда шимолий кореяликлар иштирок этаётганига исбот-далил бўлмаслиги учун россиялик ва КХДРдан бўлган бошқа аскарлар кўпинча ярадорларни ўлдириб кетишади”.

Москва ва Пхеньян Украинага қарши жангларда КХДРдан бўлган ҳарбийлар иштирок этаётганини тасдиқламаган, бироқ буни тўғридан-тўғри инкор ҳам қилган эмас.

Лос-Анжелесдаги ёнғинларда ҳалок бўлганлар сони 24 нафарга етди

АҚШнинг Калифорния штатидаги кенг кўламли ёнғинларда камида 24 нафар одам қурбон бўлган. Бу ҳақда ABC News телеканали ва AP агентлиги Лос-Анжелес округи суд-тиббиёт экспертизаси департаменти маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишди. Итонда 16 киши, Палисейдсда эса 8 киши ҳалок бўлган.

AP қайдича, камида 16 киши бедарак йўқолган. Улар сони ошиши мумкинлиги айтилмоқда.

Маҳаллий расмийлар электр тармоқлари узилган, газ сизиши кузатилаётган ва бошқа хатарли омиллар бўлган ҳудудларга бориш хавфсиз бўлмагунича қурбонларнинг якуний сонини аниқлашга имкон бўлмаслигидан огоҳлантиришган.

12 январь оқшоми ҳолатига Палисейдсдаги ёнғиннинг фақат 11 фоизигина ўчирилган. Итондаги ёнғиннинг эса 27 фоизини ўчиришга муваффақ бўлинган.

Синоптиклар жорий ҳафтада кучли шамоллар қайтиши билан хавфли об-ҳаво шароити юзага келиши мумкинлигини айтишмоқда. Миллий метеорология хизмати соҳилбўйи ҳудудларида шамол соатига 80 километр, Лос-Анжелес ва Вентура округлари тоғларида эса соатига 113 километр тезлик билан эсиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Калифорниялик сенатор Адам Шифф CNN телеканалига ёнғин содир бўлган ҳудудлар “жанговар ҳаракатлар ҳудуди”ни эслатишини айтган. “Бутун бошли мавзелар йўқ бўлди. Бунақасини аввал ҳеч кўрмагандик”, деган у.

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом NBC каналига ўрмон ёнғинлари “сарф этилган харажатлар ва кўламидан келиб чиққан ҳолда” АҚШ тарихидаги энг даҳшатли табиий офатга айланиши мумкинлигини билдирган.

AccuWeather медиаширкатининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги пайтда кўрилган зарар ва иқтисодий талафот 135 миллиард доллардан 150 миллиард долларгачани ташкил қилади. Кўрилган зарарнинг бу қадар катталигига у ерда кули кўкка совурилган тураржойларнинг АҚШдаги энг қиммат уйлар бўлгани ҳам сабабдир.

Калифорнияда ўрмон ёнғинлари 7 январдан буён давом этмоқда. Бу ёнғинлар штат тарихидаги энг даҳшатли ёнғинлардан бири ўлароқ баҳоланяпти.

Хорватиядаги президент сайловида Миланович пешқадамлик қилмоқда

Зоран Миланович ва Драган Приморац сиёсий дебатларда, Загреб, 2025 йил 7 январи
Зоран Миланович ва Драган Приморац сиёсий дебатларда, Загреб, 2025 йил 7 январи

Хорватияда бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи босқичи натижаларига кўра амалдаги давлат раҳбари Зоран Миланович олдинда боряпти. Экзитпол маълумотларига мувофиқ, у қарийб 78 фоиз овоз йиғишга муваффақ бўлган.

Милановичнинг рақиби бўлган собиқ таълим вазири Драган Приморац учун сайловчиларнинг 22 фоиздан кўпроғи овоз берган.

Президент сайловининг биринчи босқичи 29 декабрь куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда номзодлардан биронтаси ҳам 50 фоиз овоз йиғолмаган − ғалаба учун Милановичга 1 фоиз овоз етмаган эди.

Зоран Миланович Хорватияда президент лавозимини 2020 йил февралидан буён эгаллаб келмоқда. Аввалроқ у Хорватия Социал-демократик партиясига етакчилик қилган. Миланович бир неча маротаба Украинани “дунёдаги энг коррупциялашган мамлакат” деб атаб, Европа Иттифоқи ва НАТО томонидан Киевга ёрдам берилишига қарши чиқиб келган.

Шунингдек, президент бош вазир Андрей Пленкович билан мунтазам равишда зиддиятга киришиб келади. Ғарбпараст сиёсатчилар иддаосича, Миланович Москва билан Киев ўртасидаги можаро бўйича россияпарастча позицияни ҳимоя қилади.

Приморац 2003 йилдан 2009 йилгача таълим вазири бўлиб ишлаган ва 2009 йилдаги президент сайловида иштирок этган. Бу галги сайловда иккала номзод ҳам ўзларининг мустақил номзод эканларини билдиришган. Айни пайтда Милановични Социал-демократик партия бошчилигидаги сўз марказчи альянс, Приморацни эса Пленкович бошчилигидаги “Хорватия демократик ҳамдўстлиги” ҳукмрон партияси дастакламоқда.

Чехиянинг Мост шаҳридаги ресторанда содир бўлган портлаш оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Портлаш содир бўлган жой
Портлаш содир бўлган жой

Чехия шимоли-ғарбида жойлашган Мост шаҳридаги ресторанлардан бирида содир бўлган портлаш натижасида 6 киши ҳалок бўлган, яна 8 киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Агентлик қайдича, портлаш 11 январь оқшомида содир бўлган. Мамлакат ички ишлар вазири Вит Ракусан Чехия радиосига ҳодисага, афтидан, ресторан олдидаги боғда ағдарилган пропан-бутан иситгичи сабаб бўлганини айтган. ОАВ хабарларига кўра, бу версияни воқеа гувоҳлари ҳам тасдиқлашган.

BILD нашри “U Kojota” ресторанида содир бўлгани ҳақида ёзган. Нашр маълумотига кўра, 8 жабрланувчидан олти нафарининг аҳволи оғир – улар Прагадаги касалхоналарга етказилган. Полиция ҳодиса сабаблари юзасидан тергов бошлаган.

Портлаш чоғида бинода 20 га яқин мижоз бўлган, ресторандан ва унинг атрофидаги бинолардан 30 киши эвакуация қилинган. Хусусан, ўт ўчирувчилар “ваннахонада қамалиб қолган” ва жиддий яралаган ресторан мижозларидан бирини қутқаришга муваффақ бўлишган.

Венесуэлада Мадуро инаугурацияси олдидан мухолифат лидери тутиб кетилди

Мария Корина Мачадо 9 январь куни бўлиб ўтган митингда.
Мария Корина Мачадо 9 январь куни бўлиб ўтган митингда.

Венесуэлада мухолифат лидерларидан бири, собиқ депутат Мария Корина Мачадо Каракатда бўлиб ўтган норозилик митинги ортидан қўлга олинди. Уни мотоциклдан йиқитишиб, номаълум томонга олиб кетишган. Бу ҳақда El Confidencial газетаси хабар қилди.

57 ёшли Мачадо ҳукуматпараст гуруҳлардан бири бўлган норасмий хавфсизлик органлари томонидан ушлаб кетилган бўлиши мумкин, деб ёзган нашр. Мухолифатчини қўлга олишда мотоцикл ва жиплардаги қуролли одамлар иштирок этишган, уларнинг ёнида дронлар бўлган. Тахминларга кўра, мухолифатчининг сафдошларига қарата ўт очилган, улардан бири яраланган.

Мачадонинг ушлаб кетилиши президентни қасамёдга келтириш маросимидан бир кун олдин содир бўлди. Ўтган йил ёзида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, унда амалдаги президент Николас Мадуро яна ғолиб деб эълон қилинган. Мухолифат унинг ғолиблигини тан олмайди ва сайловда мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес ғалаба қозонди, деб ҳисоблайди. У сайловдан кейин мамлакатни тарк этган, бироқ 10 январь куни Каракасда қасамёд қилишини билдирган.

El Confidencial қайдича, бугунги кунга қадар Венесуэла расмийлари мухолифатнинг асосий лидерларини қўлга олишдан тийилишган, бунинг ўрнига улар мухолифатчиларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига эришишга уринишган. Мачадо Венесуэладан чиқиб кетган эмас.

Аввалроқ Николас Мадуро Қуролли кучларга сафарбар қилинган захирадагиларни қасамёдга келтириш маросимида Мачадони қатор портлашлар ташкил этиш ва мамлакат раҳбариятига суиқасдлар уюштиришга уринганликда айблаб чиққан эди.

Дунёдаги кўплаб мамлакатлар томонидан президент сайлови ғолиби ўлароқ эътироф этилган Гонсалес Мачадонинг зудлик билан озод этилишини талаб қилган. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Америка офиси вакили Хуан Паппье мухолифатчининг озод этилиши учун жаҳон ҳамжамияти бирлашиши лозимлигини билдирган. Венесуэла расмийлари вазият юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Трамп Путин билан учрашуви ҳозирланаётганини билдирди

Владимир Путин ва Дональд Трамп (архив сурати)
Владимир Путин ва Дональд Трамп (архив сурати)

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп айни пайтда унинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашувига тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Трамп мазкур учрашув қачон бўлиб ўтишига аниқлик киритган эмас.

У учрашишни истаяпти ва биз бунга ҳозирлик кўряпмиз”, дея билдирган АҚШнинг сайланган президенти журналистлар саволига жавоб бераркан.

Трамп 7 январь куни бўлиб ўтган брифингда Россия билан Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатларга ярим йил ичида якун ясашга умид қилаётганини билдирган эди.

Ўшанда у АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденни Украина билан боғлиқ сиёсатини танқид қилган. Трампга кўра, Байден даврида Оқ уй Киевнинг НАТОга киши эҳтимолига оид музокараларда кўплаб хатоларга йўл қўйган.

АҚШнинг сайланган президенти томонидан Украина ва Россия масалалари бўйича махсус элчи лавозимига кўрсатилган Кит Келлогг 9 январь куни Дональд Трамп Кремлга ён бермоқчи эмаслиги, аксинча, Украинани ҳимоя қилишга уринаётганини билдирган. Унга кўра, Трамп муҳтамалан 100 кун ичида урушни тўхтатиш учун мақбул қарор таклиф қилишга қодир.

Жо Байден маъмурияти 9 январь куни Украинага ўзининг сўнгги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Мазкур пакет қиймати тақрибан 500 миллион АҚШ долларига тенг.

ХЖС ордерига қарамай Польша Нетаняхуни ҳибсга олмоқчи эмас

Польша бош вазири Дональд Туск
Польша бош вазири Дональд Туск

Польша бош вазири Дональд Туск, агар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Освенцим концлагери озод қилинганининг юбилейи учун мамлакатга келгудек бўлса, Халқаро жиноят суди ордерига қарамай, унинг ҳибсга олинмаслигини ваъда қилди. Бу ҳақда Польша матбуот агентлиги хабар қилди.

Польша ҳукумати раҳбарига кўра, у адлия ва ички ишлар вазирларига мазкур қарорни юридик жиҳатдан таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилган.

Бир томондан, бизда Халқаро суд ордери бор, бошқа томондан эса менда энг бошдан Исроил бош вазири, Исроил президенти ёки Исроил давлатининг исталган бошқа бир вакили юбилей тантаналарида ўзини хавфсиз ҳис қилишга тўла ҳақли бўлиши керак, деган қаноат бор”, деди у.

Мен Исроил сиёсий лидерлари Освенцим озод қилинишини нишонлаш маросимларида хавфсиз тарзда иштирок эта олмаслигини тасаввур қилолмайман, бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”, деган Туск.

Польша ҳукумати 9 январь куни ёйинлаган резолюцияда концлагер озод қилиниши билан боғлиқ юбилейда Исроилнинг юқори лавозимли мулозимлари эмин-эркин қатнашишлари кафолатланган.

Аввалроқ Нетаняхунинг хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан ҳукуматга Польша президенти Анжей Дуда ҳам мурожаат қилгани маълум бўлганди. Нетаняхунинг Освенцимдаги маросимга келиш-келмаслиги ҳозирча маълум эмас. Исроил делегациясига таълим вазири етакчилик қилиши тахмин қилинмоқда.

Польша Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди аъзоси бўлиб ҳисобланади. Давлат лидерлари халқаро алоқаларда одатда мутлақ дахлсиз бўлишига қарамай, ХЖС уларни ҳибсга олиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди.

Бинямин Нетаняху ва Исроил собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер ўтган йилнинг ноябрь ойида берилган эди. Суд уларни Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда айбламоқда. Исроил расмийлари бу айбловларни қатъиян рад этиб келади.

Арманистон ҳукумати ЕИга киришга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

Арманистон ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар қилди.

Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян қонун лойиҳасини тақдим қиларкан, Европа Иттифоқи бир неча марта арман демократиясини дастак билдиргани, унинг атрофидаги хавфсизликни таъминлашда иштирок этгани ва мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини қўллашни ваъда қилганини қайд этган.

Арманистон Европа Иттифоқи қанчалик имкон берса, шу қадар ЕИга яқин бўлишга тайёр. Биз бунинг имконли эканига оид аломатларни кўрдик”, деган Мирзоян мулозимларга қонун лойиҳасини дастаклашни таклиф қиларкан.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини англатмайди, дея урғулаган бош вазир Никол Пашинян. У даставвал Европа Иттифоқи билан йўл харитасини муҳокама қилиш ҳамда Арманистон Конституциясида талаб қилинганидек референдум ўтказиш зарурлигини қайд этган.

Қонун лойиҳаси парламентга кирмаган “Демократик кучлар платформаси томонидан таклиф қилинган, мазкур ташкилот 2024 йил кузида Арманистонда евроинтеграция бўйича референдум ўтказиш учун 60 мингдан зиёд имзо йиғиб, Марказий сайлов комиссиясига топширган.

Швециядан депортация қилинган фаол Душанбеда қўлга олинди

Фарҳод Негматов
Фарҳод Негматов

Швециядан депортация қилинган ва ижтимоий тармоқларда Тожикистон расмийларини танқид қилиб келган фаол Фарҳод Негматов Душанбеда қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига Негматовлар оиласининг яқин дўсти маълум қилган.

Фаолга қандай айбловлар қўйилгани ҳозирча номаълум. ИИВ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳақда ҳеч қанақа маълумот берган эмас. Унинг исми Тожикистон томонидан қидирувга берилганлар рўйхатида ҳам йўқ.

Фарҳод Негматов уч қизи билан биргаликда ўтган йилнинг 27 декабрида Швециядан депортация қилинган эди. У Тожикистон пойтахтига учиб келиши билан қўлга олинган, унинг уч қизи эса Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туманидан Душанбега чақирилган қариндошлари қўлига топширилган. Фаолнинг хотини Европадаги бошқа бир мамлакатда яшаб келади.

2019 йили Негматовлар оиласи Украинага кетган, бироқ бу мамлакатда уруш бошланганидан кейин Швециянинг Гетеборг шаҳрига кўчиб ўтган эди.

“Фарҳод Негматов у ерда бир неча бор сиёсий бошпана сўраган, бироқ ҳар сафар унга рад жавоби берилган”, деган Негматовлар оиласи билан шахсан таниш бўлган суҳбатдош.

Озодликнинг бир неча хабардор манбаси Тожикистон расмийлари Фарҳод Негматовни “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик ташкилотига аъзоликда айблаётганини маълум қилишган. Бироқ фаолнинг яқинлари бу айбловни рад этишмоқда. Улар иддаосича, у ижтимоий тармоқларда расмийларни танқид қилгани ва Ислом халифалиги ҳақида видеони репост қилгани учун товон тўлаяпти.

Тожикистонга аввал ҳам Европа мамлакатларидан бошпана сўровчилардан бир қанчаси депортация қилинган, кейин эса улар ватанида озодликдан маҳрум этилган. Бундан кишилар орасида сиёсий мухолифат вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари бор.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Европа мамлакатларидан тожикистонлик бошпана сўровчиларни депортация қилмасликни сўраб, ватанида улар қийноққа тутилиши ва узоқ муддатга қамалиши мумкинлигини айтиб келишади.

Эронда италиялик журналист аёл озод қилинди

Чечилия Сала
Чечилия Сала

Эрон расмийлари 2024 йил декабрида Теҳронда қўлга олинган италиялик журналист Чечилия Салани озод қилишган. Бу ҳақда Италия бош вазири Жоржия Мелони X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мелонига кўра, Италиянинг Il Foglio газетаси мухбири бўлган аёл “дипломатик ва разведка каналларининг самарали ҳаракати туфайли” озод қилинган. Италия бош вазири бу ҳақда журналистнинг ота-онасига телефон орқали шахсан хабар бергани ҳақида ёзган.

Чечилия Сала Chora Media подкаст-ширкати билан ҳам ҳамкорлик қилади. У Эронга командировкага борган бўлиб, 20 декабрь куни Италияга қайтиши лозим эди, бироқ журналист аёл уйга қайтишидан бир кун олдин қўлга олиниб, Эвин қамоқхонасига йўлланган.

Ўша пайтда қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти, афтидан, Сала ўзбошимчалик билан қўлга олингани ҳақида баёнот берган.

Эрондаги IRNA давлат ахборот агентлиги Теҳронда журналистлар учун бериладиган виза асосида юрган Сала “Эрон Ислом Республикаси қонунларини бузгани” учун ушлангани ҳақида хабар қилган.

Чечилия Сала Италия расмийлари Миланда Швейцария ва Эрон фуқароси бўлган тадбиркор Муҳаммад Обидиний Нажафободийни АҚШ сўровига кўра ҳибсга олганидан бир неча кун ўтиб қўлга олинган. АҚШ Адлия вазирлиги версиясига кўра, тадбиркор Қўшма Штатларнинг санкциялар тўғрисидаги қонунларини бузганлик ва террор ташкилотини дастаклаганликда айбланмоқда. АҚШ Давлат департаменти вакили Италиянинг La Repubblica газетасига, америкалик дипломатлар фикрича, Сала Нажафободийнинг ҳибсга олинишига жавобан ҳибсга олинганини билдирган.

Эрон қамоқхонадаги журналистлар сони бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. 2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, улар сони 16 нафар бўлган.

Лос-Анжелес атрофидаги ўрмон ёнғинларида 2 киши ҳалок бўлди

Лос-Анжелес атрофидаги кенг кўламли ўрмон ёнғинлари чоғида 8 январь куни камида икки киши ҳалок бўлган.

Аланга 800 гектардан зиёд майдонни қуршаб олган. Ёнғин шаҳар четидаги биноларга яқинлашиб, тураржойларга туташган. Ҳодиса ортидан шу пайтгача 32 мингдан зиёд киши эвакуация қилинган, жами 70 минг кишини кўчириш режаланган. Бундан ташқари, округда яшовчи минглаб одам мустақил равишда ўз уйларини тарк этишмоқда. Округда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган.

Калифорния штати ва АҚШдаги энг қиммат ва нуфузли мавзелардан бири бўлмиш Пасифик-Палисейдсда аланга мингдан зиёд бинонинг кулини кўкка совурган, яна 28 минг бино хавф остида экани айтилмоқда. Расмийлар ўнлаб мактабни ёпиб қўйган. Федерал авиация маъмурияти ёнғин қуршовида қолган ҳудудлар узра парвозларни тақиқлаган.

Лос-Анжелес маъмурияти шаҳарликлардан сув ғамлаб қўйишни сўраган, чунки аланга водопровод тизимига шикаст етказиши мумкин. Шаҳар мэри Карен Басс чор-атроф киши саломатчилиги учун хатарли даражада тутунга тўлгани ҳақида огоҳлантириб, шаҳарликларга уйларида қолиш, ойна ва эшикларни зичлаб ёпиш ҳамда ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тавсия қилган.

Лос-Анжелес округи ўт ўчириш хизмати раҳбари Энтони Марроне хизмат ёнғинни ўчиришга қурби етмаётганини тан олган.

Биз бир ёки иккита йирик ёнғинга тайёр эдик, лекин бирданига тўртта ёнғинга эмас”, деган у. Табиий офатни бартараф қилишга қўшни округлардан ўт ўчирувчилар ва захирадаги ҳарбийлар чақирилган.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Truth ижтимоий тармоғидаги постида ёнғинлар учун масъулиятни Калифорния штати губернатори Гэвин Ньюсом (Демократик партия) зиммасига юклаган. Трампга кўра, губернатор аввалроқ штатда сув захираларини қайта тақсимлаш лойиҳасини мувофиқлаштиришдан бош тортган. Ньюсом фикрича, қайта тақсимлаш маҳаллий сув ҳавзалари биохилма-хиллигига хавф соларди, Трамп фикрича эса бу ёнғинларни ўчириш учун сув захиралари яратган бўларди.

J.P. Morgan молиявий ширкати ҳисоб-китобига кўра, ёнғиндан кўрилган зарар ҳозирнинг ўзида 10 миллиард долларга етиши мумкин.

Лос-Анжелес атрофидаги ўрмон ёнғинлари 7 январь куни бошланган. Аланганинг асосий ўчоқлари Палисейдс, Итон, Хёрст ва Вудли мавзелари бўлиб ҳисобланади. Ўт ўчирувчилар фақат Вудлидагина ёнғинни қуршаб олишга муваффақ бўлишган. Қолган жойларда қуруқ об-ҳаво ва шамол туфайли аланга тез орада катта ҳудудга ёйилиб кетган. Лос-Анжелес шаҳри жойлашган Жанубий Калифорнияда май ойидан буён бор-йўғи 2,5 миллиметр ёғингарчилик кузатилган.

“Озарбайжон ҳаво йўллари” Қозонга парвозларни тўхтатмоқда

Москва аэропортига қўнган Azerbaijan Airlines (AZAL) авиаширкати учоғи (архив сурати)
Москва аэропортига қўнган Azerbaijan Airlines (AZAL) авиаширкати учоғи (архив сурати)

Azerbaijan Airlines (AZAL) авиаширкати “Украина дронлари ҳужумлари чоғида Қозон узра ҳаво ҳудуди мунтазам равишда ёпилаётгани” туфайли Бокудан Қозонга авиақатновларни тўхтатади. Авиаширкат вакиллари мазкур қарорни Татаристон пойтахтига парвозлар хавфсизлигини таъминлаш имконсизлиги билан изоҳлашган.

Аввалроқ AZAL худди шундай сабабга кўра Сочи, Грозний, Маҳачқалъа, Минеральние Води, Владикавказ, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Уфа ва Волгоград билан авиаалоқани тўхтатиб қўйган эди. Бокудан Москвага рейслар ҳозирча тўхтатилгани йўқ.

Ўтган йилнинг 25 декабрида Azerbaijan Airlines авиаширкатининг Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушган эди. Авиаҳалокат чоғида 38 киши қурбон бўлган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев авария учун масъулиятни “Россия Федерацияси вакиллари”га юклаб, Россиядан айбдорларни жазолаш ва расман узр сўрашни талаб қилган.

Авиаҳалокат тергови ҳали тугагани йўқ, бироқ, аксар экспертлар фикрича, унга Грозний осмони узра зенит ракетаси унсурларидан етган шикаст сабаб бўлиши мумкин. Ўша пайтда, иддаога кўра, Чеченистон пойтахтига дронлар ҳужум қилаётган бўлиб, ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турган эди.

Россия расмийлари авиаҳалокат сабаблари ҳамда содир бўлган воқеага жавобгар эканлари ҳақида расмий баёнот беришган эмас. Владимир Путин Алиевдан учоқ билан боғлиқ нохуш ҳолат Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учунгина узр сўраган.

Францияда собиқ президент Саркози устидан суд бошланди

Николя Саркози
Николя Саркози

Парижда Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози устидан суд бошланди. У 2000-йиллар ўртасиларида Ливия диктатори Муаммар Қаддофий билан коррупцион тил бириктирувда айбланмоқда. Агар судда Саркозининг айби исботланса, у 10 йилгача қамалиши мумкин. Маҳкама жараёни уч ой давом этади.

Тергов тахминига кўра, 2005 йилда Саркози ва унинг аппарати Қаддофий билан тил бириктирган ҳамда 2006-2007 йилларда ундан камида 50 миллион доллар олган, бу пулларни Саркози ўз сайлов кампаниясини молиялаштириш учун фойдаланган. Эвазига Франция Қаддофий режимига хайрихоҳлик қилган, ваҳоланки у халқаро майдонда яккалаб қўйилган эди.

Саркозига “пассив коррупция”, “жиноий тил бириктирув”, “сайлов кампаниясини ноқонуний равишда молиялаштириш” ва Ливиянинг “давлат маблағлари қонуний ўзлаштирилганини яшириш” бўйича айбловлар билдирилган. Собиқ президент ўзининг айбдор эканини рад этиб, тергов томонидан тақдим этилган ҳужжатларни сохта деб атаган.

Бу Саркозига нисбатан учинчи маҳкама жараёни бўлиб ҳисобланади. 2021 йилда суд унга нисбатан иккита ҳукм чиқарган: биринчиси – коррупция ва мансабдор шахсни сотиб олишга уриниш моддаси бўйича Саркози уч йилга озодликдан маҳрум қилинган (бундан икки йили шартли қамоқ, бир йили уй қамоғи), иккинчиси – сайлов кампаниясини ноқонуний равишда молиялаштириш бўйича собиқ президентга ярим йилга озодликни чеклаш, ярим йиллик шартли қамоқ жазоси тайин этилган. Мазкур ҳукм устидан Саркозининг адвокатлари апелляция тартибида судга шикоят аризаси киритишган.

Meta контент модерациясига оид сиёсатини янгиламоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Facebook, Instagram ва Threads каби платформаларни ўз ичига олган Meta корпорацияси фактчекерлар ишини Community Notes – фойдаланувчилар изоҳи тизимига алмаштиради. Бу ҳақда корпорация бош директори Марк Цукерберг маълум қилган. У мазкур қарорни ифода эркинлигига қайтиш, деб атаган.

Цукербергга кўра, дезинформация ва зарарли контентга қарши курашнинг мураккаб тизими тез-тез хатога йўл қўйиб турган, бу ҳолат цензурага олиб келган. Масалан, АҚШда 2016 йилда бўлиб ўтган президент сайлови чоғида, гап сиёсий масалалар ҳақида борган пайтда фактчекерлар кўпинча холис бўлишолмаган.

Эндиликда тартиб-қоидалар соддалаштирилади ва фойдаланувчилар эълон қилинган материаллар юзасидан шикоят қилишлари мумкин бўлади. Корпорация контентни ўчириб ташлаш олдидан шикоятларни текшириши керак бўлади.

Шунингдек, Meta сиёсий мақолаларни қасддан яшириб қўйишни тўхтатади. Корпорацияга кўра, улар аудитория учун муҳимдир.

Сиёсий нохолисликка оид гумонларни камайтириш учун корпорациянинг контент модерацияси бўлими Калифорниядан Техасга кўчирилади. Meta, шуниндек, бошқа мамлакатларда ижтимоий тармоқдаги чекловларга қарши курашиш учун сайланган президент Дональд Трамп дохил АҚШ расмийлари билан ҳамкорлик қилиш ниятида.

Community Notes тизими Х ижтимоий тармоғида анчадан буён фойдаланиб келинмоқда, мазкур тизим постларга контекст қўшишга имкон беради ва шу билан уларнинг янада информатив бўлиши учун шароит яратади.

Тибетда зилзила қурбонлари сони 126 нафарга етди

Тибетдаги ер силкиниши оқибатлари, 2025 йил 7 январи
Тибетдаги ер силкиниши оқибатлари, 2025 йил 7 январи

Тибетда зилзила чоғида нобуд бўлганлар сони 126 нафарга, жароҳат олганлар сони эса 188 кишига етган. Бу ҳақда Хитойнинг “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги хабар қилди.

6,8 магнитудали ер силкиниши эпимаркази Шигадзе шаҳар округида 10 километр чуқурликда бўлган.

Энг кучли зилзиладан сўнг магнитудаси 4,4 гача бўлган яна бир неча афтершок қайд этилган. Reuters агентлиги хабарига кўра, ер силкиниши қўшни Непал, Бутан ва Ҳиндистонда ҳам ҳис этилган.

Аввалроқ Хитой сейсмологик тармоқлари маркази 7 январь куни рўй берган зилзила сўнгги беш йил ичида энг кучлиси бўлганини маълум қилган.

“Синьхуа” агентлиги Шигадзе расмийларидан олинган дастлабки маълумотларга таянган ҳолда табиий офат чоғида 3609 та уйга шикаст етгани, аҳоли орасида 30 мингдан зиёд жабрланган шахс бошқа жойга кўчирилгани ҳақида ёзиб чиққан. Қайд этилишича, бинолар вайроналари остида қидирувлар давом этмоқда. Қутқарувчилар эвакуация қилинганлар учун чодирлар қуришга ҳам шошилишмоқда, чунки, тахминларга кўра, Тингри уездида ҳаво ҳарорати - 17 даражагача совиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Тибетдаги зилзила оқибатида кўплаб одам ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга таъзия йўллагани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Би-би-си қайдича, зилзила рўй берган Шигадзе шаҳри Тибетнинг энг муқаддас шаҳарларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу ерда Тибет буддавийлигида обрў-эътиборига кўра фақат Далай-ламадангина қуйида турадиган Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG