Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:35

Ливиядаги Россия ёлланма аскари планшетида “Вагнер” амалиётларига доир маълумотлар топилди


Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси жангчилари Триполига муваффақиятсиз ҳужум олдидан (архив сурати)
Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси жангчилари Триполига муваффақиятсиз ҳужум олдидан (архив сурати)

Ливиядаги Россия ёлланма ҳарбий хизматчисига оидлиги тахмин қилинаётган планшетда “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати (ХҲШ) дунёнинг бир неча мамлакатида ўтказган ҳарбий амалиётларга доир маълумотлар топилди.

Ҳужжатлар орасида Ливия пойтахти Триполи шаҳри теварагидаги миналанган майдонлар харитаси, Ливиядаги жанглар иштирокчиларининг шартли исмлари (позивной), урушаётган кучлар эгаллаб турган позициялар жойлашуви каби маълумотлар мавжуд. Мазкур ҳужжатларни Британиянинг Би-би-си телеканали ўрганиб чиққан.

Телеканал манбаларидан бири таҳририятга Ливия ғарбидаги жанглар ҳудудидан топилган планшетни берган эди. Гаджет хотирасида Россия ёлланма аскарларининг ушбу мамлакатда бўлаётган қуролли ҳаракатлардаги иштирокини исботловчи ўнлаб файллар борлиги аниқланди.

Катта эҳтимол билан планшет республикада давом этаётган фуқаролар уруши қатнашчиларидан бири – Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар қўшинининг россиялик ёлланма ҳарбий хизматчиси томонидан 2020 йил баҳорида унутиб қолдирилган.

Би-би-си телеканали боғланишга муваффақ бўлган собиқ “вагнерчи”лардан бири Ливияда доимо ушбу ХҲШнинг минг нафаргача жангчиси бўлганини айтди. Уларнинг катта қисми фуқаролар уруши иштирокчилари ўртасида сулҳ тузилганидан сўнг можаро ҳудудидан олиб чиқиб кетилган бўлиши мумкин. Сулҳ шартларидан бири – можаронинг асосий иштирокчилари тарафида урушган ажнабий жангчиларни олиб чиқиб кетиш эди.

Би-би-си планшетдаги ҳужжатларда исми тилга олинган жангчилардан бирининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди. У “Вагнер гуруҳи” сафида Донбассда жанг қилгани тахмин этилаётган 36 ёшли Россия фуқароси Фёдор Метёлкин бўлиши мумкин.

Планшетдан топилган харитадаги белгилардан бири Ливиядаги жанглар ҳудудида “Троя” базаси бўлганини кўрсатади – Украинанинг Донецк вилоятидаги Россия бўлгинчиларига оид ҳарбий бўлинмалардан бири шундай аталган. Донбассдан сўнг жангчиларнинг бошқа можаро ҳудудларига “хизмат сафари”га жўнатилиши “Вагнер” ХҲШ учун оддий амалиётдир, дея қайд этган Би-би-си.

Британия телеканали планшетдан ташқари қурол-аслаҳа ва техника сўраб 2020 йил 19 январь санаси билан рус тилида ёзилган 10 саҳифалик талабномани ҳам қўлга киритди. Ушбу рўйхатни журналистларга “Вагнер”нинг мамлакатдаги амалиётларини ўрганиш билан шуғулланаётган Ливия разведкаси ходими етказиб берган. Ҳужжат Триполи жанубидаги жанглар чоғида ливияликлар қўлига тушгани тахмин қилинади.

“Бош директор” ҳамда “бригада командири”га йўлланган матнда Россияда ишлаб чиқарилган алоқа воситалари, ўқ-дори ва замонавий қурол-аслаҳа, хусусан, танкка қарши ракета комплекслари, “Вал” шовқинсиз автоматлари, шовқинсиз тўппончалар ҳамда Т-72 танкини етказиб бериш сўралган.

Бундан ташқари, Би-би-си ихтиёрида “Вагнер”нинг Мозамбикда шикастланган техникаси ўрнини тўлдириш ҳақидаги талабнома ҳам мавжуд. Қатор хабарларга кўра, россиялик ёлланма аскарлар у ерда ҳукумат қўшинлари тарафида туриб исёнчиларга ҳамда Россияда тақиқланган “Ислом давлати” жангариларига қарши жанг олиб бормоқда. Ушбу ҳужжат остига Вагнернинг ўзи имзо чеккан.

Ҳужжатда Суриядаги конлардан нефт ва газ қазиб олиш билан шуғулланувчи “Евро Полис” ширкатига мурожаат қилинган. Қатор журналистик суриштирувлар ушбу ширкат кўпинча “Вагнер” ХҲШ соҳиби сифатида тилга олинадиган петербурглик тадбиркор Евгений Пригожинга алоқадорлигини кўрсатади. Дарвоқе, у 2018 йил ноябрида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг генерал Ҳафтар билан учрашувида қатнашган ягона ноҳарбий шахсдир.

Би-би-си билан мулоқотда Пригожин ўзининг “Евро Полис” ҳамда “Вагнер”га дахлдорлиги ҳақидаги маълумотларни инкор этган. Россия ТИВ эса канал сўровига жавобан вазирлик бу мавзуда бир неча бор изоҳ берганини ва аввалги изоҳларга қўшимча қилиш мумкин бўлган ҳеч қанақа маълумот йўқлигини билдирган.

Аввалроқ ТИВ расмий Москва “Ливияда ўт очишни тўхтатиш ва инқирозни сиёсий йўллар билан бартараф этишга ҳар томонлама кўмаклашмоқда”, дея баёнот берган.

XS
SM
MD
LG