Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Афғонистон: Толибон Кобул томон илгариламоқда, БМТ гуманитар фалокатдан огоҳлантирди


Афғонистон, Қандаҳор - 12 август, 2021
Афғонистон, Қандаҳор - 12 август, 2021
  • Афғонистон ҳукумати мамлакатнинг аҳоли сони бўйича иккинчи йирик шаҳри — Қандаҳор толиблар назорати остига ўтганини тасдиқлади. Шу номдаги вилоят маркази бўлмиш 600 минг кишилик ушбу шаҳар мамлакат жанубидаги муҳим стратегик жой саналади. Қандаҳор бир пайтлар “Толибон”нинг таянч истеҳкоми вазифасини ўтаган.
  • Мамлакат бўйлаб ҳужум бошлаган радикал гуруҳ ўтган куни катталиги бўйича учинчи шаҳар бўлмиш Ҳиротни босиб олганини эълон қилган эди, бугун эса яна бир муҳим стратегик маскан — Лашкаргоҳ таслим бўлгани тасдиқланди.
  • Толибон ҳозирда Афғонистон шимолининг катта қисми ҳамда мамлакат бўйлаб вилоятлар марказларининг учдан бирини назорат қилмоқда.
  • АҚШ ўз элчихонаси ходимларини кўчириш учун Кобулга қўшин киритмоқда.
  • Америка матбуотининг Пентагондаги манбаларга таяниб ёзишича, АҚШ ҳарбийлари Афғонистон пойтахти Кобул 90 кун ичида толиблар томонидан босиб олиниши мумкинлигини истисно этмаяпти.
  • Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонга қўшни Марказий Осиё давлатларини афғон қочқинлари учун чегараларни ёпиб қўймасликка чақирди.

2021 йил августига қадар толиблар фақат аҳоли кам яшаган ҳудудларни назорат қилишарди. Бир ҳафта олдин улар 34 та вилоят марказидан биринчиси — 160 минг аҳоли истиқомат қиладиган Заранж шаҳрини эгаллашди. Айни пайтда ҳудудий маъмурий марказлардан тахминан учдан бири уларнинг назоратига ўтган.

Афғонистондан АҚШ контингентининг чиқиб кетиши толибларга кенг кўламда ҳужум бошлашга имкон берди. Халқаро тан олинган ҳукумат бирин-кетин мағлубиятга учраётгани манзарасида америкалик ҳарбийлар Кобул шаҳри толиблар томонидан босиб олинишининг тахминий муддатини қайта кўриб чиқди. Эндиликда Пентагон Афғонистон пойтахти яқин 90 кун ичида таслим бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

11 август куни мамлакат президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толибларга қаршилик кўрсатиш ишини уюштириш мақсадида шимолдаги Мозори Шариф шаҳрига келди. Икки вице-президентдан бири, маршал Абдулрашид Дўстум ҳам ўша ерга етиб борган.

90-йиллар бошлари-ўрталарида Дўстум Мозори Шариф ва унинг теварагидаги туманларни ўз назоратида сақлаган ҳолда толибларга жиддий қаршилик кўрсатган.

Афғонистондан Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш АҚШнинг олдинги президенти Дональд Трамп даврида бошланган, амалдаги президент Байден амалиётни якунлаш учун энг сўнгги муддат деб 11 сентябрь санасини белгилаган. Америка контингенти қисқариши манзарасида “Толибон” ҳукумат қўшинлари позицияларига ҳужумини кучайтирмоқда.

Байден 10 август куни Оқ уйда журналистлар билан мулоқот қиларкан, ўз қароридан афсус чекмаслигини айтган. “20 йилда биз у ерда триллион доллардан зиёд маблағ сарфладик. 300 мингдан ортиқ афғон ҳарбийсини ўқитдик ва кийдириб-қуроллантирдик. Эндиликда афғон етакчилари бирлашиши ва ўзлари учун, мамлакат учун курашиши керак”, дея таъкидлаган президент.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўзи кўп йиллардан бери низолашиб келаётган минтақавий ҳарбийлашган гуруҳларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. У тинч аҳолини демократияни ҳимоя қилишга чақирди, деб ёзди “Америка овози”.

БМТ Афғонистон қўшниларини ўз чегараларини ёпмасликка чақирмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар агентлиги Толибон бутун Афғонистон бўйлаб ҳужумларини давом эттирар экан, мамлакат қўшниларини ўз чегараларни очиқ сақлашга чорлади.

13 август куни Женевада ўтказилган брифингда БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг (UNHCR) матбуот котиби Шабия Манту:

«Биз гуманитар фалокат ёқасида турибмиз», деди.

Афғонистонда минглаб эркак, аёл ва бола жон сақлаш учун ўз уйини тарк этмоқда.

«Хавфсиз жой топа олмаслик сон-саноқсиз фуқаронинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин. Лозим бўлса, UNHCR миллий ҳукуматларга гуманитар ёрдам кўламини оширишда ёрдам беришга тайёр», дея қўшимча қилди у.

Афғонистон Эрон, Покистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Шунингдек, мамлакат Хитой билан 75 километр умумий чегарага эга.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури матбуот котиби Томсон Фири Афғонистон аҳолисининг қарийб учдан бир қисми озиқ-овқат билан таъминланаётганини бошқа кафолатлаб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Котиб икки миллион бола шошилинч ёрдамга муҳтож эканини айтди.

«Энг ёмони ҳали олдида эканидан хавотирдамиз», деди Фири.

Фирининг сўзларига кўра, йил якунига қадар очарчилик олдини олиш учун 200 миллион доллар керак бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан бери 390 мингга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бироқ уларнинг ҳақиқий сони бундан анча юқори бўлиши мумкин.

13 август куни «Норвегия қочқинлар кенгаши» (Norwegian Refugee Council) ташкилоти Афғонистонда «йирик гуманитар инқирозга ҳозирлик кўраётганини» билдирди.

Ташкилотнинг Афғонистондаги бўлими директори вазифасини бажараётган Трейси Ван Хеерден:

«Қўрқув босган оилалар охирги кунларда Кобулга қочиб бормоқда. Лагерлар гавжум, болалар очиқ ҳавода ухлаяпти. Оилалар овқат учун жанжаллашмоқда», деди.

Ван Хеерден авж олаётган можаро ёрдам ташкилотлари ишини мушкуллаштираётганини қўшимча қилди.

«Давом этаётган можаро лойиҳаларимизнинг 80 фоизига таъсир кўрсатмоқда», деди у.

Ҳафта бошида Франция, Германия ва бошқа Европа давлатлари Афғонистонда хавфсизлик ҳолати ёмонлашгани сабабли мамлакатга депортациялар тўхтатилганини эълон қилганди.

Марказий Осиё давлатларида стратегия йўқ

АҚШ Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани Россия ва Марказий Осиё давлатлари учун қатор қийинчиликлар туғдиради. Америка ҳарбийлари Афғонистонни тарк этганидан кейин, мамлакат минтақада беқарорлик манбасига айланиши мумкин.

Афғонистон билан чегарадош Марказий Осиё давлатлари Толибонга турлича ёндашмоқда. “ATR Consulting” ширкатининг тадқиқотлар бўйича директори Нишанк Мотваний “East Asia Forum” нашри учун ёзган мақоласида ушбу мамлакатларнинг бирортасида тез суръатда ўзгараётган вазият бўйича аниқ стратегия йўқлигини таъкидлади.

Кобулдаги ҳукумат Афғонистон шимолида жойлашган Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан дўстона муносабатда бўлиб, зўравон гуруҳлар қўшни мамлакатлар ҳудудига ўтишига тўсқинлик қилиб келади. Бу эса Марказий Осиё ҳукуматлари учун айни муддао.

Эндиликда бу уч мамлакат Афғонистон ҳукуматининг Толибонга қарши курашини хавотир билан кузатмоқда. Экстремистик гуруҳнинг ҳокимиятга қайтиши хавфи ортиб бораётгани бу мамлакатларни Афғонистонга бўлган муносабатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.

Толибон таҳдиди. Ўзбекистон чегарага қўшин тортди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00

Туркманистон, Ўзбекистон ва Россия Толибон раҳбарияти билан алоқа каналларини ўрнатди, гуруҳ делегацияларига мезбонлик қилди. Бу Афғонистон ҳукумати легитимлигини емириб, Толибон жангариларини рағбатлантирди.

Марказий Осиё давлатлари Афғонистон ҳукумати қулаши мумкинлигидан хавотирда. Толибон жангарилари Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятидан тортиб, шимоли-шарқдаги Бадахшонгача узанган ҳудудни эгаллаб олишди. Ушбу ҳудуд муҳим туманларни ва чегара ўтиш пунктларини ўз ичига олади. Ҳукумат қўшинлари ва Толибон ўртасидаги жанглар давом этар экан, камида 2300 нафар афғон хавфсизлик ходими бошпана излаб Тожикистонга қочиб ўтишга мажбур бўлди.

Июнь ойида 53 нафар афғон аскари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакили Ўзбекистонга қочиб ўтди, лекин Ўзбекистон ҳукумати уларни қайтариб юборди. Гарчи юзлаб ҳарбий ватанига қайтарилган ва ўз бўлинмаларига қайта қўшилган бўлса-да, бу ҳолат Афғонистон хавфсизлик кучларининг ҳарбий салоҳияти ҳақида савол туғдиради.

Бундай масалаларда руҳият ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди. Афғонистон аҳолиси назарида толиблар Кобулдаги ҳукуматни ағдаришни кўзлаётган, тўхтатиб бўлмайдиган кучга айланган. Толибон ҳокимиятни тўлиқ қўлга олиши муқаррар эмас, лекин Толибон қудрати янада кучайтиши хавфи бор. Ҳеч ким мағлуб бўлиши муқаррар бўлган тарафни қўллашни истамайди. Шундай экан, Афғонистон хавфсизлик кучлари ва Толибоннинг бошқа рақиблари гуруҳга қўшилиш хавфи катта.

Россия АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатларига ўз қўшинларини жойлаштириш режаларига эътироз билдириб келади. Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзолари (жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) АҚШнинг бу таклифини рад этишини кутиш мумкин. Ташкилотга расман аъзо бўлмаган Ўзбекистон ва Покистон аллақачон АҚШ қўшинларини ўз ҳудудига киритмаслигини маълум қилган. АҚШ ва Россия ўртасида давом этаётган қарама-қаршилик туфайли Марказий Осиёда АҚШ базаларини сақлаш мушкул масалага айланган. Шунингдек, бу ҳолат Афғонистон ҳукуматининг қўшниларидан ёрдам сўраш имкониятини чеклайди.

Толибон Афғонистон шимолидаги энг қудратли кучга айланди. Бу ҳолат собиқ совет республикалари хавфсизлиги учун туғдирадиган таҳдидлар сифатида Афғонистонда трансмиллий террорчи гуруҳларнинг кўпайиши, экстремизмнинг тарқалиши, қочқинлар оқими ва қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар савдоси кўпайишини айтиш мумкин.

Июль ойида Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлари Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун қўшимча ҳарбий сафарбарлик эълон қилгани ажабланарли ҳолат эмас. Июль ойида Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳокими Ёдгор Файзов маҳаллий расмийларга 10 минггача қочқин келишига тайёргарлик кўришни буюриб, бу рақам 30 минггача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Афғонистоннинг қўшнилари Толибон чет эллик жангари гуруҳлар мамлакат ҳудудидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслигини яхши билади. Гуруҳ «Ал-Қоида» билан яқиндан алоқа ўрнатгани бунга яхши мисолдир. Толибон, шунингдек, чет эл фуқаролари ўз сафларига қўшилишига тўсқинлик қилмай келади. Аксинча, Толибон сафларида Покистон ва Марказий Осиёдан борган жангарилар кўп.

Бу Кобулдаги ҳукумат стратегиясидан кескин фарқ қилади. Ҳукумат кучлари 2015 йилда «Жамоати Ансоруллоҳ» асосчиси ва раҳбари Амриддин Табаровни, 2020 йилда эса «Ал-Қоида» ҳаракатининг юқори мартабали қўмондони ҳисобланган Миср фуқароси Абу Муҳсин ал-Масрини ўлдирган.

Толибон, «Ал-Қоида» ва бошқа гуруҳлар АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилганини Вашингтон устидан ғалаба, деб ҳисоблайди. «Исломий давлат» террор гуруҳининг «Хуросон вилояти бўлими» ҳам Афғонистонда юзага келган ҳокимият бўшлиғидан фойдаланиши мумкин.

Террорчи гуруҳлар Афғонистон қўлга киритилгани билан қониқмай, ўз фаолиятини мамлакат ташқарисига кенгайтиришга ҳаракат қилишини кутиш мумкин. Толибон ва бошқа гуруҳлар кучли мафкура ғалаба олиб келишини тушуниб етган. Шундай экан, улар бу формулани бошқа муҳитда такрорлашга уринишлари муқаррар.

Яқин келажакда Марказий Осиё мамлакатлари кўриши мумкин бўлган чоралар чекланган. Марказий Осиё ҳукуматлари амалдаги Афғонистон ҳукуматини афзал кўради, лекин бунга қарамай, Толибон билан алоқада бўлишга қарор қилди. Чунки АҚШ чекиниши ортидан Кобулдаги ҳукумат заифлашиб қолгани уларга сир эмас.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Бироқ Марказий Осиё давлатлари Россия ёки Хитой кўмаги билан қайта тикланаётган амирликнинг статус-квони издан чиқариш уринишларига қарши курашиш йўлини танласа, Толибон бошқа стратегик манзарага дучор бўлади. Қайси ҳукуматлар қайси гуруҳларни дастаклаши ҳозирча номаълум, лекин Сурия можароси мисолида стратегик ҳамкорликлар чалкаш ва мураккаб бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларга қарамай, Марказий Осиё давлатлари мустақил ва умумий стратегиясиз Афғонистондаги вазиятга аралашишга уринса, катта хато қилади. Бундай аралашув Толибонга Марказий Осиё кучлари ва халқига тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужум қилиш учун асос бўлади.

Марказий Осиё давлатлари кўп йил давомида бир бутун блок ўлароқ иш тутсалар, ютадилар. Қандай бўлмасин, бу давлатлар Толибоннинг айтаётган гапларига эмас, қилаётган ишларига қараб йўл тутиши керак, чунки Толибоннинг ваъдаларига ишониш стратегик хато бўлади.

Марказий Осиё мамлакатлари тутиши мумкин бўлган йўллардан бири халқаро миқёсда тан олинган Афғонистон ҳукумати билан алоқаларни сақлаб, бир вақтнинг ўзида Толибон билан ҳам алоқа ўрнатишдир. Бундай йўлни танлаш самара бериши мумкин, лекин Кобул ва Толибонни тенг кўриш жангариларнинг обрўсини ошириб, Кобул легитимлигига путур етказади.

XS
SM
MD
LG