Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони расман 1000 кишидан ошди
Ўзбекистонда 15 август куни коронавирусдан яна 5 киши, пневмониядан 3 киши вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 981 кишига, пневмония қурбонлари сони эса 123 кишига етди.
Сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 877 бемор аниқланди ва коронавирус юққанлар умумий сони 143 918 нафар бўлди.
Касалликдан соғайганлар жами 136572 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.
15 август куни 479 кишида пневмония аниқланиб, жами беморлар сони 18 395 нафарга етди. Кеча уларнинг 475 нафари соғайиб, умумий соғайганлар сони 10977 нафарни ташкил қилмоқда.
Кун янгиликлари
Қашқадарёда кўп миллиардлик тендер қонунчиликка зид тарзда ўтди
Қашқадарё вилоятидаги “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти харид комиссияси кўп миллиардлик тендер ўтказишда қонун талабларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйди.
Daryo.uz нашрининг харид маълумотларини ўрганган ҳолда ёзишича, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ 2025 йилда ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун сиқилган газда ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларида юк ташиш учун бошланғич қиймати 10 миллиард 862 миллион сўмлик тендер ўтказган.
Энг яхши таклифни танлаб олиш бўйича савдо 2024 йилнинг 18 декабридан 2025 йилнинг 8 январигача давом этган.
Лотда фақат Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган “Ромитантранс” масъулияти чекланган жамияти қатнашган ва бошланғич нархдан салкам 10 миллион сўм паст нарх – 10 миллиард 852 миллион сўм таклиф билан ютиб чиққан.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасига мувофиқ, тендерда битта иштирокчи иштирок этгани боис харид комиссияси тендерни ўтказилмаган деб топиши шарт.
“Афсуски, комиссия аъзолари томонидан тендерни бекор қилиш ўрнига қонунга зид ҳаракат қилиниб, овозлар берилган. Комиссия аъзолари қонунчиликдан бехабарми? Уларнинг иштирокчи билан қандайдир алоқаси борми?” дея масъулларни саволга тутган Daryo.uz.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, 2024 йил давомида давлат харидлари тизимида 263,9 миллиард сўмлик ноқонуний харид натижалари бекор қилинган.
Мопед ва скутерни гувоҳномасиз бошқарганлар жаримага тортилади
Ўзбекистонда жорий йил 1 мартидан эътиборан мопед ва скутерни бошқариш учун “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси эга бўлиш талаб этилади.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билдиргисига кўра, мопед ва скутерларларни тегишли гувоҳномасиз бошқариш жаримага сабаб бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлидаги қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига бир қанча ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида фарқловчи давлат рақам белгилари жорий этилган.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда кичик бизнес эгалари скутер ва мопедлардан кенг фойдаланаётгани кузатилмоқда.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилда 32,3 миллион долларлик 211876 дона мотоцикл (скутер ва мопедлар) импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробарга ортган.
Охирги ўзгаришлар манзарасида тармоқларда скутер ва мопед импорти ҳам чекланиши хусусида хавотирлар пайдо бўлди.
Самарқандда беш эркак муҳтамалан ароқдан заҳарланиб ўлди
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Самарқанд шаҳрида 13 киши қўлбола ароқдан заҳарланиб ўлгани ҳақида хабар тарқалди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, 11 январь куни Самарқанд шаҳрининг турли маҳаллаларида яшовчи 39, 56, 50, 63 ва 72 ёшдаги беш нафар эркак (тўрт нафари ўз хонадонида, яна бири шифохонада) вафот этган.
Улар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар бўлгани айтилмоқда.
БП матбуот хизмати қўлбола усулда ясалган спиртли ичимлик маҳсулотларини сотган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт ҳамда кимёвий экспертизалар тайинланганини билдирган.
Озодлик ўтган йил декабрь ойида Андижон вилоятида “Ўзбекистон” номли коняк истеъмол қилиши оқибатида заҳарланган 22 кишининг беш нафари вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.
Комфирқанинг собиқ котибаси Раъно Абдуллаева вафот этди
Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг мафкура бўйича собиқ котибаси Раъно Абдуллаева 12 январь куни 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар қилди.
Раъно Абдуллаева 1935 йил 16 сентябрида Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. 1970-1987 йилларда Ўзбекистон ССРнинг нуфузли шахслардан бири ҳисобланган. Жумладан, у Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг мафкура бўйича котибаси лавозимларида ишлаган.
“Пахта иши” доирасида айбланган Абдуллаева кейинроқ СССР Олий судининг қарори билан оқланган.
Совет даврининг бошқа арбоблари каби Раъно Абдуллаевага нисбатан ҳам зиддиятли муносабатни кузатиш мумкин. Жумладан, у мафкура бўйича котиба лавозимида ишлаган кезларда миллий анъаналар, хусусан, Наврўз байрамини тақиқлашга бош-қош бўлгани айтилади.
Озодлик билан бир неча йил аввалги суҳбатда Раъно Абдуллаева Наврўзни тақиқлаш билан боғлиқ айбловни рад этганди.
Собиқ терговчи Тельман Гдлян Абдуллаеванинг Шароф Рашидов билан коррупцион ва ишқий алоқалари ҳақидаги иддаоларни илгари сургани маълум. Озодлик билан суҳбатда 1987 йилдан 1990 йилгача ҳибсда сақланган собиқ мулозима бу айбловларни кескин рад қилиб, “Гдлянни Худога солган”ини айтган эди.
Маҳалла раиси ваколат муддатини узайтириш таклиф этилмоқда
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ваколат муддатини уч йилдан беш йилга узайтаришни таклиф этмоқда.
ЎзА хабарига кўра, парламентдаги Экологик партияси фракциясининг 13 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида МФЙ раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, бўшаб қолган ўринларга сайланган фуқаролар йиғини раиси фаолияти кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланган.
Ушбу лойиҳада фуқаролар йиғини раиси ваколати муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринга сайлов ўтказиш орқали сайланган янги раиснинг ваколат муддатини ҳам беш йил этиб белгилаш таклифи илгари сурилган.
Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунига мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.
Ушбу қонунда раисликка номзодларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, олий маълумотлилик, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаш, ташкилотчилик қобилияти, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибаси, ҳаётий тажриба ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш каби талаблар қўйилган.
Озодлик аввалроқ маҳалла раислари сайловига ҳокимиятнинг аралашуви ҳолатларини таҳлил қилган эди.
Humo тўлов тизими 65 миллион долларга Paynet АЖга сотилди
“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) 65 миллион АҚШ долларига сотилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Агентлик хабарномасида ўтган йил 30 сентябридаги эълонга мувофиқ HUMO тўлов тизимини сотиб олиш бўйича уч талабгордан таклиф келиб тушгани ҳамда энг юқори харид баҳосини (65 млн доллар) таклиф қилган “Paynet” АЖ савдо ғолиби деб топилгани қайд этилган.
Хабарномада талабгор келгусида “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖга тегишли Humo тўлов тизимини барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг конфиденциал (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олгани қўшимча қилинган.
Humo тўлов тизими Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Устав капитали 155,4 миллиард сўмни ташкил этувчи тизим 27 миллиондан кўпроқ карта чиқарган, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан зиёд банкомат ўрнатган.
Paynet эса Ўзбекистон молиявий технологиялар соҳасида анча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган энг йирик тўлов операторларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур тўлов тизими йилига 20 миллиондан зиёд фойдаланувчига хизмат кўрсатади.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров Humo’ни сотиб олган Paynet АЖ бир йил муқаддам “яширинча хусусийлаштирилган”ига эътибор қаратган.
“65 миллион кўпми ё камми деганлар учун, масалан, бу сумма Humo’дан кичикроқ бошқа тўлов тизимининг 2 йиллик фойдаси. Айтгандек, кучли талабгорлар ўйиндан чиққач, Humo’ни айнан 60-80 миллион долларга “баҳолаб беришганди”. Бир сўз билан айтганда, Humo’нинг “хусусийлаштирилиши” ички ва ташқи инвесторлар учун навбатдаги қизариб кетган лакмус қоғози бўлди”, деб ёзган Отабек Бакиров.
МБ яна учта молия ташкилотига нисбатан санкция қўллади
Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилнинг декабрь ойи мобайнида ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар сабаб 1 та банк, 1 та ломбард ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциясини қўллади.
Регуляторнинг матбуот хизмати қайдича, Банк назорати қўмитаси МБнинг кўрсатмалари ва меъёрий талабларига, шунингдек, валюта ва ташқи савдо оперaцияларини амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя қилмагани важидан 9 та банк, 2 та ломбард ва 1 та микромолия ташкилоти санкция қўлланиши тўғрисида огоҳлантириш берилган.
Таъзир чоралари қўлланган ёки огоҳлантирилган молия ташкилотлари номи очиқланмаган.
МБ 2024 йил ноябрь ойи мобайнида қоидабузарликлар сабаб мамлакатдаги 8 та банк, 7 та тўлов ташкилоти ва 12 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциясини қўллаган эди.
Прокуратура терговчиси 20 минг доллар пора билан ушланди
Тошкент шаҳри Олмазор тумани прокуратураси терговчиси катта миқдорда пора олаётган вақтда ушланди.
ЎзА хабарига кўра, пойтахтда гул етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи фирманинг муқаддам прокуратура тизимида ишлаган ва судланган юристи савдо соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 184 (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддалари (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган иш доирасида улардан 30 минг доллар талаб қилган. Юрист Олмазор тумани прокуратураси томонидан тергов олиб борилаётган жиноят иши доирасида гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлламаслик масаласини мазкур туман прокуратураси мансабдорлари орқали ҳал қилишга ваъда берган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда юрист келишилган пулдан 20 минг долларни олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Олмазор тумани прокуратураси терговчиси МЧЖ юристидан 20 минг долларни пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Прокуратура терговчисига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан, МЧЖ юристига нисбатан эса 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
ЎзА Наманган вилояти Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси ҳам тезкор тадбирда 2400 доллар пора олган вақтида ушлангани ҳақида хабар қилган. Прокурор ёрдамчиси сохтакорликда гумонланаётган шифокорга қонуний чора кўрмаслик эвазига ундан 3000 доллар талаб қилгани айтилмоқда.
Озодлик аввал хабар қилганидек, ўтган йил октябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси Ш.Ш. 40 минг доллар миқдорида пора олгач, қочиб кетгани жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Фаоллар ҳуқуқ идоралари ўтказган махсус тезкор тадбирнинг асосий нишони бўлган терговчи қандай қилиб таъқибдан қочиб қутулганини савол остига олганди.
Самарқанддаги олтин конида икки киши ҳалок бўлди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Қорақўтон” тоғ конидан ноқонуний равишда олтин рудасини қазиб олмоқчи бўлган икки фуқаро фожиали тарзда ҳалок бўлди.
Маҳаллий матбуотнинг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, 9 январь куни соат 20:00 ларда 5 нафар фуқаро “Қорақўтон” тоғ конига қарашли, маҳаллий аҳоли “Найман чўққи” деб атайдиган шахтага тушишган.
Улар генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ковлаб олаётган вақтида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.
“Оқибатда фуқаро Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, яна 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш билан 10 январь куни соат 03:30 ларда туман марказий шифохонасига келтирилган”, дейилган БП хабарномасида.
Вафот этганларнинг бири 30 ёшда, бошқаси 20 ёшда бўлган.
Пахтачи тумани прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.
Ўзбекистондаги олтин конларида ноқонуний равишда олтин қазиб олишга уринганлар ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.
2023 йил июнь ойида Самарқанд вилоятидаги “Зармитан” олтин конида икки йигит нобуд бўлган.
2021 йилнинг ёзида Навоий вилоятидаги ташландиқ конда тўрт йигит ноқонуний олтин ковлаётган пайтда ҳалок бўлган эди.
“Салимбой” қамоқдан озод қилинди — ОАВ
Қамоқ жазосини ўтаётган Салим Абдувалиев 12 январь куни саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиққан. Бу ҳақда Kun.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр манбасига кўра, “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев узоқ вақтдан буён касаллик билан курашиб келаётганди. Шу сабаб у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 75-моддаси тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган.
Ушбу модда ҳукм чиқарилганидан кейин жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилинишини назарда тутади.
Маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган Салим Абдувалиев 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида қўлга олинган эди.
Бу йил 75 ёшни қаршилайдиган Салим Абдувалиев 2024 йилнинг 19 мартида жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ёпиқ мажлиси ҳукми билан ЖКнинг 248-моддасида (ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Озодлик манбаларига кўра, Абдувалиев суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланмаган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2024 йил 5 август куни Ўзбекистонда жазо ўтаётган Абдувалиевга нисбатан халқаро қидирув эълон қилганди. У Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини молиялаштирганликда гумонланган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, ўтган йил август ойида ижтимоий тармоқларда Салим Абдувалиевнинг қамоқда вафот этгани ҳақида хабар тарқалган, кейинроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги буни рад этган эди.
ССВ: Икки яшар қизнинг қорнидан 135 та шарча чиқариб олинди
Республика шошилинч тиббий илмий ёрдам марказида ўтказилган операция мобайнида фарғоналик 2 ёшли Самира Тоиржонованинг қорнидан 135 та магнит шарча чиқариб олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, қизалоқ магнит шарчаларни ўйнаш жараёнида улардан анча-мунчасини ичига ютиб юборган. Вақт ўтиши билан шарчалар қорнида йиғилиб қолган ва гўдакнинг ҳаётига жиддий хавф солган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиали шифокорлар аввалига беморни консерватив усулда даволаган. Қизчани қайт қилдириш орқали шарчалардан 14 донаси чиқариб олинган.
Шундан сўнг бемор Тошкентга – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Бу ерда гўдак яна бир бор текширувдан ўтказилган ва жарроҳлик столига ётқизилган.
Тўрт ярим соат давом этган операцияни тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Оқилов ҳамда марказнинг Нозим Ўрмонов, Дилмурод Сабиров каби тажрибали мутахассислари амалга оширган.
ССВ қизча шифокорлар назоратида ўзини яхши ҳис этаётганини маълум қиларкан, “болаларни назоратсиз қолдириш ёмон оқибатларга ва ҳатто кўнгилсиз ҳолатларга олиб келиши”дан огоҳлантирган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2018 йил бошида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи 11 ойлик чақалоқ баданида 16 та пўлат игна борлиги аниқланиб, оғир аҳволда Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган ва 9 соат давом этган жарроҳлик амалиёти пайтида бола танасидан игналар олиб ташланган эди.
Чақалоқ бир неча ой ўтиб соғайиб уйига қайтган ва қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмагани ортидан ҳолат юзасидан очилган жиноят иши тўхтатилганди.
Комил Алламжоновга қарши суиқасд иши ҳарбий судда кўрилмоқда
Ҳарбий судда Ўзбекистон президенти администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган суиқасдга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳкама “мутлақо махфий” тарзда ўтказилмоқда.
“Судланувчилар сони кўплиги, қўйилаётган айблов жиддийлиги ва унинг жамоатчилик учун муҳимлигига қарамай, яна мавҳумлик ҳукм сурмоқда”, деб ёзган Ташанов.
Мазкур иш бўйича маҳкама жараёни бошлангани ҳақида прокуратура ва суд идоралари ҳали бирор маълумот тарқатгани йўқ.
Алламжоновга суиқасд ўтган йилнинг октябрь ойида − парламент сайловидан бир кун олдин ва мулозим президент админстрациясидан ишдан бўшаганидан кейин бир ойларча кейин содир бўлган. Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг сафдоши бўлган Комил Алламжонов ҳодиса чоғида жабрланган эмас. Ўша пайтда расмийлар суиқасд ортидан бир неча киши қўлга олинганини маълум қилишган.
Бош прокуратуранинг 25 ноябрь кунги хабарномасида эса суиқасдга алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинганлар сони 7 кишига етгани, улардан бири Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов экани ҳақида маълум қилган.
Жавлон Юнусов номи илк бор Озодликнинг Алламжоновга суиқасд юзасидан ўтказган суриштирувида ўртага чиққан эди. Озодликнинг ҳукуматдаги манбалардан бири Юнусовни Отабек Умаровнинг водий бўйича “ўнг қўли” эканини иддао қилган.
Кейинроқ Ўзбекистон расмийлари Россия фуқароси бўлган икки шахс − Бислан Расаев ва Шамил Темирхановга нисбатан халқаро қидирув эълон қилишган. Улар Алламжоновга суиқасд ишига алоқадорликда гумонланмоқда.
Бунга жавобан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжонов ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошлиғи Дмитрий Лига “барча ҳийла-найранглари, бўҳтон ва уйдирмалари учун” жавоб беришларини айтиб, таҳдид қилган.
“Комил Алламжонов билан Дмитрий Лига жабрдийда ролини ўйнашга қаттиқ берилиб кетмасликни тавсия қиламан. Ниятларингиз нима бўлса ҳам, вақтида тўхтаганингиз маъқул, акс ҳолда барча ҳийла-найранглар, бўҳтон ва уйдирмалар учун жавоб беришга тўғри келади. Мен ҳозир ўз одатларимизга мос жавоб тўғрисида гапиряпман”, деб ёзган Қодиров 2024 йилнинг 26 декабрь куни ўз Телеграм-каналида.
Ўзбекистонда пластик пакетларни тақиқлаш таклиф қилинмоқда
Ўзбекистонда 2027 йилдан полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. Бу таклиф мамлакат президентининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” фармони лойиҳасида илгари сурилган.
Тақиққа муқобил равишда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2025−2027 йилларга мўлжалланган пластик билан ифлосланишни камайтириш бўйича миллий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ушбу ҳужжат 2025 йилнинг сентябригача ишлаб чиқилиши ва 2025 йилнинг ноябригача Вазирлар Маҳкамасига киритилиши зарур.
Давлат дастурини амалга ошириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасига мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик қадоқларни ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга бир қатор мажбуриятларни юклайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Жумладан, мазкур фаолият билан шуғулланувчи ширкатларга нисбатан ушбу турдаги чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш, утилизация йиғимини тўлаш бўйича кенгайтирилган мажбуриятларни жорий қилиш кўзда тутилган.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ҳозирда юздан ортиқ мамлакатда бир марталик пластик пакетларга тўлиқ ёки қисман тақиқ жорий қилинган. 2027 йилдан қўшни Қирғизистон ҳам полимер плёнка ва пластмассадан тайёрланган қадоқларни ишлаб чиқариш, сотиш ва бепул тарқатишни тақиқламоқчи.
Маҳаллий экофаоллар кўпдан буён пластик пакетларни истеъмолдан чиқариш кераклигини айтиб келишади.
“Қамчиқ” довонида икки киши ҳалок бўлди
Фарғона водийсини Тошкент вилояти билан боғловчи “Қамчиқ” довонида фожиа рўй берди.
Xabar.uz нашри хабарига кўра, воқеа 8 январь куни А-373 – “Тошкент–Андижон–Ўш” автомобиль йўлининг 141-километрида махсус техника ҳаракатланиши учун мўлжалланган захира ҳудудида содир бўлган.
Cаккиз кишидан иборат гуруҳ чанғи учиш учун тоққа чиқишган. Улардан бири тақиқланган ҳудудда селфи олишга уринганида қоқилиб, қор уюмига тушиб кетган. Уни қутқармоқчи бўлган шериги ҳам қор остида қолган. Натижада улар (1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган икки эркак) ҳалок бўлган.
ФВВ қутқарувчилари чақирувга кўра ҳодиса жойига етиб борган ва жасадларни олиб чиқишган.
Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.
Ўзгидромет қиш мавсумида “Тошкент–Андижон–Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида қор кўчкиси бўлишидан огоҳлантириб келади.
Довонда инсоний талафотларга сабаб бўлувчи автоҳалокатлар ҳам тез-тез рўй бериб туради.
Аксилкоррупция агентлиги: 264 млрд сўмлик давлат харидлари ноқонуний ўтказилган
2024 йил давомида давлат харидлари тизимида 263,9 миллиард сўмлик ноқонуний харид натижалари бекор қилинди, дея маълум қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Мониторинглар мобайнида 552,5 миллиард сўмлик 273 та харид ўрганилган ва 234 та ҳолатда қонунга зид ҳаракатлар аниқланган.
Ўрганиш натижалари бўйича вазирлик ва идораларга харидларни бекор қилиш бўйича юзлаб тақдимнома киритилган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига 52 та, Транспорт вазирлигига 30 та, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 23 та шундай мурожаат юборилган.
Харидлар натижалари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига 273 та сўровнома йўлланган. Қонунчилик талабларини бузган 104 нафар шахс маъмурий, 85 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Аксилкоррупция агентлиги аввалроқ эълон қилган статистикага кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Шу турдаги жиноятлар оқибатида 2023 йилда давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган.