Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:00

Сайловчиларни рўйхатга олиш ва сайлов участкаларини безаш ўқитувчиларга юкланди


Самарқанддаги сайлов участкаси. 2016 йил, декабрь.
Самарқанддаги сайлов участкаси. 2016 йил, декабрь.

Ўзбекистонда 24 октябрь куни бўладиган президентлик сайловига ҳозирликлар давом этаркан, сайловга тайёргарлик ишларига бюджет ходимларининг жалб этилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчиларнинг сўзларидан янги ўқув йили бошланиши арафасида айрим вилоят мактабларида ўқув жараёнлари қолиб овоз бериш жараёнларига сафарбарлик авж олгани англашилади.

Қашқадарё вилоятидаги расмийлар ўқитувчиларнинг сайловга тайёргарлик жараёнларига жалб этилганини тасдиқлашди.

Сайловчиларни рўйхатга олишдан тортиб сайлов участкаларини безаш ишлари муаллимларга юклатилган.
Сайловчиларни рўйхатга олишдан тортиб сайлов участкаларини безаш ишлари муаллимларга юклатилган.

“Оғзаки топшириқ”

Қашқадарё вилоят Косон туманидан исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг Озодликка билдиришича, сайловчиларни рўйхатга олишдан тортиб сайлов участкаларини безаш ишлари муаллимларга юклатилган.

“Биз муаллимлар янги ўқув йилига тайёрланиш ўрнига сайлов дастурлари билан оворамиз. Косон педагогика коллежида ҳамма ўқитувчини йиғиб, шу тадбирга тайёрлашяпти. Сайлов участкаларига стендлар қилиш ҳам бизга юкланган. Ҳокимнинг ёшлар ишлари бўйича муовини оғзаки топшириғи билан плакатлар осиш¸ таклифнома¸ анкета¸ бюлеттенни чиқариш ва тарқатиш - ҳаммасини бизга юклаб қўйишди. Фақат сайлов, сайлов, ўқиш билан ҳеч кимнинг иши йўқ, - дейди муаллим.

Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими ўқитувчилар сайлов жараёнига жалб этилаётганини Озодликка тасдиқлади, аммо бу ихтиёрий равишда амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Ҳар битта вилоятдан 300та ўқитувчи бу жараёнда қатнашади. Комиссия аъзоси ёки кузатувчи сифатида бу ишга жалб этилади. Улар учун 15 кунлик махсус ўқув машғулотлари ташкиллаштирилган. Ихтиёрий бу, ҳеч ким уларни мажбурламайди ва ўқиш жараёнига буни таъсири бўлмайди. Мактабларда сайлов участкаларини жиҳозлаш давлат бюджети ҳисобидан қилинади, ўқитувчилар зммасига юкланган эмас бу”, - деди бошқарманинг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ва пойтахт Тошкентда ҳам муаллимлар сайлов жараёнига сафарбар этилган.

“Халқаро кузатувчиларга нима дейиш кераклигини ҳам ўргатишмоқда”

Бухоронинг Жондор туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчисига кўра, сайлов жараёнига доир ўқув машғулотларида уларга “халқаро кузатувчиларнинг саволларига қандай жавоб бериш бўйича” ҳам кўрсатмалар берилган.

“Халқаро кузатувчилар келиб қолса нима дейиш бўйича ҳам кўрсатмалар бериляпти. Сайлов халқаро меъёрлар асосида адолатли ўтказилаётганини айтиш керак экан. Агар, специфик саволлар берилса, мени бунга ваколатим йўқ, раҳбариятимиздан буни сўрайсиз, дейиш лозим. Шунақа инструктаж қилишяпти”, - дейди сир қолишини сўраган бухоролик муаллим.

Тошкентнинг Сирғали туманидаги мактаблардан бирида ишловчи ўқитувчининг Озодликка айтишича, уларга иккита талаб қўйилган:

“Биринчиси вакцина, иккинчиси сайловда қатнашиш. Бу талабни бажармаганлар аризасини ёзиб ишдан бўшаб кетаверсин, деб айтди директоримиз”, - дейди муаллим.

Ўзбекистон Сайлов кодексининг 99-моддасида Марказий сайлов комиссиясини, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларини, округ ва участка сайлов комиссияларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Давлат бюджетидан амалга оширилиши айтилган.

Сайлов комиссиялари ишига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Аммо Озодлик билан суҳбатда бўлган муаллимлар уларга сайлов учун қўшимча ҳақ бериш ваъда қилинмаганини айтишди.

“Ўзимизни мактабдан оладиган ойлигимиз юриб туради. Булар ҳозир бошқа одамни олса, унга ойлик қилиб бериши, кабинет қилиб бериши керак-да. Шунинг учун бўлса керак, асосан ўқитувчилар бу ишга жалб этиляпти”, - дейди қашқадарёлик ўқитувчи.

Осон сафарбар этилувчи қатлам

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган тадбирларнинг ўрта ва олий таълим тизимига юклатилиши тажрибаси кенг тарқалган.

Ўзбекистонлик блогер Лобар Турсунқулова ўқитувчилар давлат тадбирларига энг осон сафарбар қилинувчи қатлам эканини айтади:

“Биласиз, бизда ўқитувчилар турли тадбирларга, айниқса сайлов тадбирларига энг осон сафарбар этиладиган гуруҳ ҳисобланади. Кўп сайлов участкалари мактабларда жойлашган. Шунинг учун ўқитувчиларни у ерда аъзо килиб бириктириб қўйиш осон, ўзини ишини ҳам қилади, сайловникини ҳам. Дарс соатлари қисқартирилиши ёки ишдан ҳайдалишидан қўрқиб ўқитувчилар ҳар қандай вазифани бажариб кетаверишади, - дейди блогер..

Бундан олдин ҳам ўқитувчилар жамоат тадбирларидан тортиб дала ва ободонлаштириш ишларига жалб этиб келинган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз олганини тан олган эди.

Ўқитувчиларнинг сайлов тадбирларига жалб этилаётгани ҳусусида Озодлик Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидан изоҳ ололмади.

24 октябрь куни ўтадиган сайловларда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевдан ташқари яна тўрт номзод қатнашади. Уларнинг барчаси Ўзбекистондаги ҳукуматпараст партиялардан илгари сурилган.

Иккинчи муддатга қайта сайланиши кутилаётган президент Мирзиёев шу йил февралида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда Каримов давридаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилганини ўз “ислоҳотларининг энг катта ютуқларидан бири” деб атаганди. Аммо мамлакатда хусусан, мажбурий меҳнатдан шикоятлар ҳануз тўхтамаган.

XS
SM
MD
LG