Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:43

"Шариат доирасида". Толибон аёллар ҳуқуқини ҳурмат қилишга ваъда бермоқда


Афғонистонлик аёллар - Ҳирот, 3 май, 2021
Афғонистонлик аёллар - Ҳирот, 3 май, 2021

Толибон бутун дунёга ва Афғонистоннинг қўрқув босган аҳолисига ўзгарганини кўрсатиш мақсадида олиб бораётган PR-кампанияси доирасида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, гуруҳга қарши жанг қилганларга амнистия эълон қилиш ҳамда Афғонистон террор хуружлари марказига айланишига йўл қўймасликка ваъда бермоқда.

17 август куни куни Афғонистондаги хориж фуқаролари ва улар билан ишлаган афғонларни ҳаво орқали мамлакатдан олиб чиқиб кетиш давом этди. Бир кун олдин саросимага тушган минглаб афғонистонлик Кобул аэропортини ишғол қилиши ортидан эвакуация парвозлари тўхтаб қолган эди.

Хабарларга кўра, Кобулда толиблар патруллик қила бошлар экан, кўплаб шаҳарликлар уйда қолган.

Толибон 15 август куни пойтахтни забт этгандан кейин илк расмий матбуот анжуманини ўтказди. Унда гуруҳ сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид жангарилар бошқа давлатлар билан тинч алоқалар ўрнатишни исташини айтди.

Унинг сўзларига кўра, аёллар ишлаши ва ўқишига рухсат берилади.

«Аёллар жамиятда жуда фаол бўлади, аммо Ислом доирасида», деди котиб.

«Биз ҳеч қандай ички ёки ташқи душманни хоҳламаймиз», дея қўшимча қилди у.

Толибон Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш ўз якунига етай деганда мамлакатни эгаллаб олди.

Афғонистонлик бир гуруҳ аёллар Толибондан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилмоқда - Кобул, 17 август, 2021. Видео скриншоти
Афғонистонлик бир гуруҳ аёллар Толибондан ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилмоқда - Кобул, 17 август, 2021. Видео скриншоти

Америка қўшинлари ўтган йили собиқ АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Толибон билан тузган битим асосида олиб чиқиб кетилди. Битимга биноан, жангари гуруҳ Афғонистон ҳудудида АҚШ ва бошқа мамлакатларга қарши террор ҳужумлари уюштирилишига йўқ қўймаслик мажбуриятини ўз бўйнига олган.

Толибон ҳокимиятга қайтиши ортидан гуруҳга қарши йиллар давомида курашган Ғарб давлатлари жангарилар билан алоқа қилиш ёки қилмаслик ҳақида бош қотирмоқда.

«Бутун дунёга ким эканликларини ва қандай йўл тутмоқчи эканликларини кўрсатиш Толибоннинг ўз қўлида», деди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Салливан гуруҳни расман тан олиш масаласи ҳақида:

«Уларнинг ўтмиши яхши эмас, лекин бу саволга жавоб беришга ҳали эрта», деди.

Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жосеп Боррель блок Афғонистонни ўз назоратига олган Толибон билан алоқа ўрнатиши кераклигини айтди.

«Толибон урушда ғалаба қозонди, шунинг учун биз улар билан алоқа қилишга мажбур бўламиз», деди у Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғини ортидан.

Аммо Боррель бу Толибон ҳокимиятини тезда расман тан олиш керак, дегани эмаслигини қўшимча қилди.

Боррелнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Афғонистонга ёрдам кўрсатишни тўхтатади. Айни дамда, блок инсонпарварлик ёрдами кўламини ошириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Боррель Толибон раҳбарлари билан «вазиятни ойдинлаштирмагунимизча, ҳеч қандай ривожланиш ёрдами кўрсатилмаслигини» айтди.

Расмий Толибон ёрдам маблағларидан фойдалана олиши учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Британия Ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Толибон инсон ҳуқуқларини поймол қилиб келаётгани учун расмий Лондон ҳозирча гуруҳ билан алоқа ўрнатиш ниятида эмаслигини айтди.

Аммо Рааб Қатарда инклюзив ҳукумат тузиш тўғрисида музокаралар давом этар экан, «биз янги режимни модерация қилиб туриш имконияти пайдо бўлишини кузатиб бормоқчимиз», деди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Толибонни Афғонистон яна терроризм учун қулай заминга айланишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди.

Столтенберг матбуот анжумани ўтказиб,

«Ҳозир ҳокимиятни қўлга олганлар халқаро террорчилар яна жонлана бошлашига йўл қўймаслик учун масъулдир», деди.

Столтенберг НАТО Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқиб кетган бўлса‑да, альянс у ерда террорчи гуруҳлар қайта тўпланаётгани ва масофадан зарба бериши мумкинлигини кузатиб боришини айтди.

Толибон Афғонистонни қайта қуриш ва ҳаёт давом этишини таъминлаш учун ўз халқининг иқтидорига муҳтожлигини айтиб, мамлакатдаги ҳамма учун умумий «амнистия» эълон қилди.

Афғонистон: Кобулда хаос, Толибон Ислом Амирлигини эълон қилишга ҳозирланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:20 0:00

Мужоҳид амнистия Толибонга қарши чиққанларга ҳам тадбиқ этилишини ваъда қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ бошчилигидаги кучлар учун таржимон бўлиб ишлаганлар нишонга олинмайди ва улар Афғонистонга қайтиши ёки мамлакатда қолиши мумкин, шу жумладан, айни дамда Кобул аэропортида мамлакатдан чиқиб кетишни кутаётган шахслар ҳам.

Мужоҳид янги ҳукуматни тузиш бўйича музокаралар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Толибон Афғонистон миллий ярашув кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла, собиқ президент Ҳамид Карзай ҳамда таниқли собиқ дала қўмондони Гулбиддин Ҳикматёр билан алоқада эканини айтди.

Мужоҳид Толибон инклюзив ҳукумат тузишни хоҳлашини, аммо бу ислом қадриятларига мувофиқ равишда амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.

Бу орада АҚШ чет элликлар ва ҳимоясиз афғон фуқаролари хавфсиз эвакуация қилинишини таъминлаш учун мамлакатга қўшимча ҳарбий кучларни юборди. 17 августда Афғонистондаги қўшинлар сони 4 000 кишига етди.

Салливан Толибон АҚШга тинч аҳоли аэропортга хавфсиз етиб боришини таъминлашни ваъда қилганини айтди.

Оқ уйда ўтказилган матбуот брифингида Салливан эвакуациялар 31 августгача давом этиши мумкинлигини айтиб, Вашингтон аниқ вақт жадвалини белгилаш учун Толибон билан музокара олиб бораётганини таъкидлади.

АҚШ генерал-майори Хэнк Тейлорнинг айтишича, Вашингтон ҳар куни 5 000 – 9000 йўловчини Афғонистондан эвакуация қилиш учун рейслар сонини оширмоқчи.

Европа мамлакатлари ҳам ўз фуқаролари ва улар билан бирга ишлаган афғонларни эвакуация қилмоқда. Шунингдек, ҳаёти хавф остида экани айтилаётган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам эвакуация қилинмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Толибон чақмоқ тезлигида Афғонистондаги шаҳар ва қишлоқларни қўлга олди. Кобул экстремистик гуруҳ назоратига ўтган сўнгги йирик шаҳар бўлди.

Хабарларга кўра, Толибон асосчиларидан бири Мулла Абдул Ғани Бародар 17 августда Афғонистонга қайтган. Қатардаги музокараларда иштирок этган Бародар туғилиб ўсган шаҳри Қандаҳорга борган.

16 август куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистонда янги ҳукумат тузиш учун музокаралар ўтказишга чақирди.

Бу орада Карзай ва Абдулла Толибон вакиллари билан учрашиб, Афғонистон келажагини муҳокама қилиш учун 17 август куни Қатарга сафар қилиши хабар қилинди.

Аммо Афғонистон Миллий ярашув олий кенгашидаги манба Озодликка ташриф кечиктирилганини айтди. Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган манба кечикиш сабабини очиқламади.

XS
SM
MD
LG