Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:20

Толибон ҳокимиятни олганидан сўнг афғон наркотрафигига нима бўлади?


Нангаҳарлик деҳқон кўкнордан афюн ҳозирламоқда. 2020 йил 19 июнь
Нангаҳарлик деҳқон кўкнордан афюн ҳозирламоқда. 2020 йил 19 июнь

Толибларнинг илк ваъдаларидан бири наркотик моддалар етиштирувчилар ва наркотрафикка қарши кураш эди.

Айни пайтда¸ Толибон гуруҳи пайдо бўлганидан бери наркотик моддалар унинг асосий даромад манбаи бўлиб келган. Толиблар кўпдан буён маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ўз паноҳида сақлаб, тақиқланган моддаларни бошқа мамлакатларга экспорт қилишда уларга кўмаклашиб келмоқда. Ҳаракатнинг энг аввало чегаралар назоратини қўлга олишга интилгани бежиз эмас. Мамлакатнинг деярли бутун периметрида назорат ўрнатганидан кейингина жангарилар Кобулга ҳужум бошлади.

Эндиликда дунё жамоатчилигини жуда қизиқтираётган саволлардан бири: Толибон иқтидорга келгач наркотрафикни енгиш ваъдасини бажара оладими, бажаришни хоҳлайдими?

Россиялик эксперт Андрей Серенкога кўра, толиблар ҳали бутун мамлакатни босиб олишга улгурмаган июль ойида наркотрафикдан келган фойда улар бюджетининг ярмидан ортиғини ташкил қилган. Расмий ҳокимият қочиб кетганидан сўнг, давлат захиралари жангарилар ихтиёрига ўтиши муносабати билан, бу улуш камайган бўлиши мумкин, лекин кўпга эмас.

Наркотик моддалар ишлаб чиқаришдан нафақат толиблар, балки маҳаллий аҳоли ҳам манфаатдор. Афғонистонда деҳқонлар қонуний мўмай даромад келтириши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари, масалан, кўкнорнинг озиқ-овқат саноатида қўлланиладиган навини умуман экмайди.

Қандаҳор вилоятида яшовчи Муҳаммад Нодир исмли деҳқоннинг 2018 йилда ёзиб олинган интервьюсида шундай сўзлар бор:

“Толиблар биздан мамнун, чунки деҳқонлар етиштираётган афюндан чўтал олишяпти. Афюндан келадиган даромад тўй-маърака каби катта харажатларимизни бемалол қоплайди. Тўй қилиш жуда қийин, бир ёки икки миллион Покистон рупийси керак бўлади, шунинг учун аксари деҳқонлар кўкнор экади, акс ҳолда, тирикчилик қилолмаймиз”, деган эди у.

БМТ маълумотига кўра, 2017 йилда 350 минг нафаргача одам героин ва бошқа наркотиклар тайёрланадиган модда – афюн ишлаб чиқаришда банд бўлган. Булар деҳқонлар, мардикорлар, қолаверса, ҳайдовчилардир. Дарвоқе, 2000 йиллар бошларида мамлакатда синтетик гиёҳванд моддалар деярли ишлаб чиқарилмаган бўлса, сўнгги йилларда вазият ўзгарди.

“Медиазона. Марказий Осиё” нашри журналистлари БМТнинг ўтган ўн йиллик даврга оид махсус ҳисоботларини кўздан кечириб, Афғонистон расмий ҳукумати 2019 йилнинг биринчи ярмида 650 килограмм метамфетаминни мусодара қилганини аниқлади. Қиёс учун, бутун 2014 йил мобайнида атиги 10 килограмм айни модда мусодара қилинган эди. “Стопнаркотик” ҳаракати етакчиси Сергей Полозов буни сунъий (синтетик) наркотиклар ишлаб чиқаришнинг ҳам осон, ҳам арзонлиги билан изоҳлайди.

“Биласизми, муайян миқдорда табиий модда олиш учун ер, ишчи кучи, қолаверса, қуёш, сув зарур. Синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш эса тамоман бошқа гап: каталакдек лабораторияга қамалиб олиб, дунёнинг ярмига етгулик “мол” тайёрлаш мумкин”, дейди у.

Синтетик гиёҳванд моддалар “масаллиқ”ларини чегарадан ўтказиш ҳам нисбатан хавфсиз. Кўплаб моддалар айри ҳолида қонунан тақиқланмаган бўлиб, лабораторияда махсус ишлов берилганидан сўнггина наркотикка айланади. Лекин афғонлар яқинда “эфедрин” сунъий наркотик моддасининг табиий манбасини топишибди, дейилади “Медиазона”нинг Марказий Осиё хизмати журналистлари ёзган мақолада. Бу ерда эфедра номли бутасимон ўсимлик назарда тутилмоқда. У ёввойи ўт-ўлан каби ўсаверади.

Эндиликда Афғонистон нафақат тайёр наркотик маҳсулотларни, балки синтетик гиёҳванд моддалар компонентларини ҳам экспорт қилиши мумкин. Қаерга? Яширин кимё корхоналари яхши ривожланган мамлакатларга. Наркотик моддалар савдоси ва истеъмоли мавзусида тадқиқотлар олиб бораётган журналист Андрей Каганских фикрича, Россия айнан шундай мамлакатлардан биридир.

“Метамфетаминни назарий жиҳатдан Россияда ҳам синтез қилиш мумкин. Чунки Россияда йирик синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш саноати мавжуд. Интернетда оммалашган асосий наркотик моддаларнинг барчаси Россия ички бозорида тайёрланади”, дейди журналист.

Сўнгги ҳафталарда толиблар наркотиклар савдоси ва ишлаб чиқаришига қарши курашамиз, деб ҳар бир қулай фурсатда ваъда беришмоқда. Бироқ улар 2000 йиллар бошида ҳам шунақа ваъда беришганди – натижа эса ҳаммага маълум.

XS
SM
MD
LG