Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:48

Сўнгги АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этар экан, Толибон “тўлиқ мустақиллик"ни нишонламоқда


Сешанба куни АҚШ Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқиш амалиётини якунлар экан, Толибон жангарилари Кобул аэропортини ўз назоратига олди. “Reuters” агентлигининг хабар беришича, пойтахт бўйлаб тантанали ўқ овозлари янграган.

Афғонистонда 20 йилга чўзилган уруш Толибон ҳокимиятни қайта қўлга олиши ва 2001 йилга солиштирганда янада қудратлироқ бўлиб етишиши билан якунланди.

Толибон тарқатган видеолавҳаларда АҚШнинг охирги қўшинлари ярим тундан бир дақиқа олдин ҳавога кўтарилганидан сўнг, жангарилар аэропортга кириб борганини кўриш мумкин. Сўнгги учоқ парвози билан Вашингтон ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари амалга оширган шошилинч ва шармандали эвакуация ўз якунига етди.

“Al Jazeera” телеканалининг хабар беришича, Толибон матбуот котиби Қори Юсуф:

“АҚШнинг охирги аскари Кобул аэропортини тарк этди ва мамлакатимиз тўлиқ мустақилликка эришди”, деган.

АҚШ армияси Кобулдан охирги эвакуация учоғига чиққан сўнгги америкалик аскар фотосуратини улашди. У 82-десант дивизияси қўмондони генерал-майор Крис Донахью экани айтилмоқда.

“Reuters” агентлиги хабарига кўра, Америка тарихида энг узоқ давом этган уруш 2.5 мингга яқин америкалик аскар ва 240 мингга яқин афғонистонлик ҳаётига зомин бўлган ва 2 триллион долларга тушган.

Гарчи Вашингтон Толибонни ҳокимиятдан ағдариб, “ал-Қоида” Афғонистон ҳудудидан таянч нуқтаси ўлароқ фойдаланган ҳолда АҚШга ҳужум қилиши олдини олишга муваффақ бўлган бўлса-да, уруш Толибон 1996 йилдан 2001 йилгача чўзилган ҳукмронлик давридан ҳам йирик ҳудудни қўлга киритиши билан якунланди.

1990‑йилларнинг иккинчи ярмида Толибон Афғонистон бўйлаб шариатнинг кескин талқинини жорий қилган эди. Шу сабабдан бутун дунё кейинги ойларда жангарилар қандай йўл тутишини кузатиб боради.

Минглаб афғонлар аллақачон Толибон репрессияларидан қўрқиб, Афғонистондан қочиб кетди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан амалга оширилган кенг кўламли, аммо тартибсиз ҳаво эвакуацияси доирасида сўнгги икки ҳафта мобайнида Кобулдан 123 мингдан ортиқ одам олиб чиқиб кетилди. Аммо уруш давомида Ғарб давлатларига ёрдам берган ўн минглаб одам ортда қолгани айтилмоқда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен тахминларига кўра, тақрибан 100 – 200 америкалик Афғонистонни тарк этмоқчи бўлган, аммо сўнгги рейсларга илина олмаган.

АҚШ Марказий қўмондонлик раҳбари генерал Кеннет Маккензи Пентагонда ўтказилган брифингда АҚШнинг Афғонистондаги бош дипломати Росс Уилсон сўнгги парвоз билан мамлакатни тарк этганини айтди.

“Биз олиб чиқишни хоҳлаган барча одамимизни олиб чиқиб кета олмадик. Лекин, менимча, агар биз яна 10 кун қолганимизда ҳам, ҳаммани олиб чиқа олмаган бўлардик”, деди Маккензи журналистларга.

АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этиш арафасида 70 дан ортиқ самолёт ва ўнлаб зирҳли машинани атайин йўқ қилган. Шунингдек, улар “Исломий давлат” ракета ҳужумлари олдини олган ҳаво мудофаа тизимини ўчириб қўйган.

АҚШ президент Жо Байден баёнот эълон қилиб, ўзининг АҚШ кучларини олиб чиқиш учун сешанба кунига белгиланган муддатга риоя қилиш қарорини ҳимоя қилди. Унинг сўзларига кўра, Толибон Афғонистонни тарк этишни истаганларни эсон-омон қўйиб юбориш мажбуриятини бажараётгани ёки йўқлигини кузатиш учун бутун дунё масъул бўлади.

“Мана, бизнинг Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий фаолиятимиз ўз якунига етди”, деди Байден.

АҚШ президенти хавфли эвакуацияни амалга оширган АҚШ ҳарбийларига миннатдорчилик билдирди. Байден АҚШ вақти билан сешанба куни тушдан кейин Америка халқига мурожаат қилмоқчи.

Байден Вашингтон 11 сентябрь хуружларини амалга оширган “ал-Қоида” гуруҳига бошпана берган Толибонни ҳокимиятдан ағдариб, анча олдин ўз олдига қўйган мақсадига эришганини таъкидлаб келади.

Байден Толибон шу ой бошида чақмоқ тезлигида ҳокимиятни қўлга олиши ортидан Афғонистон бўйича олиб борган сиёсати учун республикачилар ва баъзи демократ сафдошларининг кескин танқидига учради.

Сенат Разведка қўмитасининг республикачи аъзоси, сенатор Бен Сасс АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетишини “президент Байденнинг қўрқоқлиги ва қобилиятсизлигининг бевосита натижаси” бўлган “миллий шармандалик” деб атади.

Аммо демократ сенатор Шелдон Уайтхаус “Twitter”да бошқача фикр билдирди:

“Дипломатларимизга, ҳарбий ва разведка идораларимизга тасанно. Бундай хавфли ва алғов-далғов вазиятда 120 минг кишини олиб чиқиб кетиш ҳеч ким қила олмайдиган иш”.

Блинкен агар Толибон мамлакатдаги рақибларига қарши репрессия бошламаса, Вашингтон янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди.

“Толибон халқаро легитимлик ва дастакни қўлга киритишга интилмоқда. Бизнинг позициямиз шуки, ҳар қандай легитимлик ва дастакни қозонишга тўғри келади”, деди у.

Толибон урушдан вайрон бўлган иқтисодиётни ташқи ёрдамсиз оёққа турғазиши керак бўлади. Ғарб дастаклаган собиқ ҳукумат миллиардлаб доллар қийматга эга ёрдам олган, натижада мамлакатда тизимли коррупция юзага келган эди.

БМТ расмийлари шаҳарлар ташқарисидаги аҳоли кескин қурғоқчилик туфайли “ҳалокатли гуманитар вазият” ёқасида эканини айтишмоқда.

Толибоннинг Кобулдаги расмий вакили гуруҳ одамлар исломий ҳаёт кечиришини ва ҳар қандай бегона таъсирлардан халос бўлишини хоҳлашини айтган.

“Маданиятимиз заҳарли бўлиб қолди, ҳамма жойда руслар ва америкаликларнинг таъсирини кўряпмиз, ҳатто еяётган овқатимизда ҳам. Буни одамлар тушуниши ва тегишли ўзгартиришларни киритиши керак. Бу вақт талаб этади, лекин бир кун келиб бўлади”, деган у.

XS
SM
MD
LG