Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Самарқандлик солиқчининг ўлими: Янги тафсилотлар (ВИДЕО)


 40 ёшли Азиз Аҳмедов Каттақўрғон туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари эди.
40 ёшли Азиз Аҳмедов Каттақўрғон туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари эди.

Жорий йил 10 июнга ўтар кечаси Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Йўл-патрул хизмати ходимлари тўхтатган Солиқ инспекцияси ходими Азиз Аҳмедовнинг ўлимига оид янги тафсилотлар ўртага чиқди.

Озодлик қўлга киритган видеотасвирлар Аҳмедовнинг ўлими билан боғлиқ Ички ишлар вазирлиги тарқатган расмий фаразни савол остида қолдиради.

Видеотасвирларда ҳуқуқбузарликда гумон қилинган туман солиқ инспекцияси ходимига нисбатан куч қўллангани акс этган.

6 сентябрь куни Аҳмедов ўлими бўйича очилган жиноят иши терговга қайтарилди.

Дастлаб воқеа жойида бўлган 4 нафар ИИБ ходимига “Мансаб ваколатидан четга чиқиш” моддаси бўйича иш очилганди.

Иш терговга қайтарилгач, “Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш” моддаси ҳам қўшилган.

Жиноят иши бўйича икки нафар ИИБ ходими ҳибсда экани айтилмоқда.

Қайчиланмаган видео

Озодлик самарқандлик солиқчи Азиз Аҳмедов ўлимига оид эксклюзив видеоларни қўлга киритди.

Ушбу видеолар Азиз Аҳмедов ўлими юз берган пайтда ИИБ ходимлари боди-камерасига ёзиб олинган тасвирлардир.

Видеодаги тасвирларда акс этган ҳолат Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Азиз Аҳмедов ўлимига доир эълон қилган расмий видео версиясидан кескин фарқ қилади.

ИИБ ходимларининг боди-камераларидаги тасвирлар қайчиланиб, монтаж қилинган расмий версияда Азиз Аҳмедов ўз ажали билан ўлганига ишора қилинган.

Озодлик тассаруфидаги видеоларда эса, Азиз Аҳмедовга нисбатан 4 нафар ИИБ ходими томонидан куч қўллангани акс этган.

Марҳумнинг яқинлари иддаосига кўра, Азиз Аҳмедов ИИБ ходимлари томонидан “бўғиб ўлдирилган”.

Аҳмедовнинг яқинлари иддаоси ва видеодаги айрим кадрлар АҚШда полиция томонидан қўлга олиниш пайтида ўлдирилган Жорж Флойд ҳодисасини эсга солади.

Каттақўрғонлик иибчилар боди-камераларига муҳрланган тасвирларда Йўл-патрул хизмати ходимлари Азиз Аҳмедовни машинанинг орқа ўриндиғига куч билан судраб тиққани кўринади. Кейинги кадрларда Аҳмедовнинг машинада юзтубан ётгани, ИИБ ходимларидан бири унинг қўлини қайириб, елкасидан босиб тургани акс этган.

Боди-камеранинг вақт кўрсаткичига кўра, ИИБ ходимлари Азиз Аҳмедовни 10 июнь тунги соат 12дан 25 дақиқа ўтганда машина орқа ўриндиғига тиқишган. 10 дақиқа давомида Аҳмедов машинада куч билан ушлаб турилади.

Бу пайтда ИИБ ходимларидан бири машина ичига ўтириб, Аҳмедовни бош томонидан ушлаб ўтиради. Яна бир ИИБ ходими эса Аҳмедовни куч билан елкасидан босиб туради. Учинчи иибчи эса машинада бўлаётган ҳолатни гавдаси билан тўсиб туриш вазифасини бажаради.

Тўртинчи ИИБ ходими эса воқеани ўз боди-камерасига тасвирга олиш билан банд бўлади.

Воқеани тасвирга олаётган ИИБ ходими машина ичкарисида бўлаётган ҳолатни кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Унинг боди- камерасига ёзилган 30 дақиқалик тасвирларда фақат бир неча бор машина ичкариси кўринади.

Озодликда яна бир ИИБ ходими боди-камерасига ёзилган тасвирлардан фақат 10 дақиқаси бор. Унда воқеанинг бошланиш қисми акс этган, холос.

Марҳумнинг яқинлари иддаосича, машина ичкарисида бўлган иккита ИББ ходимида ҳам боди-камера бўлган, бироқ улардаги видеолар ҳозирча ҳеч кимга кўрсатилмаган.

Ички ишлар вазирлиги эълон қилган расмий видео ҳам боди- камерага ёзиб олинган бўлиб, у видеоларда камеранинг вақти кўрсатилмаган ва Озодликдаги видеолардан фарқли кадрлар ҳам бор. Бундан воқеа жойида қўшимча боди-камералар бўлганини тушуниш мумкин.

Яна воқеалар силсиласига қайтсак: Видеодан маълум бўлишича, Азиз Аҳмедов машина ичкарисига тиқилгач, бир неча дақиқа давомида унинг овози эшитилиб туради ва кейин эшитилмай қолади. Соат 12дан 35 дақиқа ўтганда ИИБ ходимлари Азиз Аҳмедовни машинадан ерга туширишади ва унинг ўлиб қолганидан хабар топишади.

Шундан сўнг ИИБ ходимлари “Тез ёрдам” машинасини чақиришади. 6 дақиқада етиб келган “тез ёрдамчилар” Азиз Аҳмедовга сунъий нафас бериб, уни жонлантиришга ҳаракат қилишган.

“Тез ёрдамчилар” замбили йўқлиги учун Азиз Аҳмедов жасадини олиб кета олмаслигини айтишади ва иибчилар яна бир “Тез ёрдам” чақиришади.

Озодликдаги видеолар воқеанинг шу жойида тўхтаган. Воқеа давоми Ички ишлар вазирлиги эълон қилган видеода акс этган. Унда Аҳмедов жасадини “Тез ёрдам”га ортилаётгани кўринади.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Азиз Аҳмедов 40 ёшда эди.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Азиз Аҳмедовнинг баданида кўплаб жароҳат излари аниқланган.

Каттақўрғон туман прокуратурасининг Самарқанд вилоят прокуратурасига йўллаган оператив маълумоти.
Каттақўрғон туман прокуратурасининг Самарқанд вилоят прокуратурасига йўллаган оператив маълумоти.

Прокурорлар учрашувидан сўнг иш терговга қайтарилди

Озодликка маълум бўлишича, 6 сентябрь куни Бош прокурор биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев ва Самарқанд вилоят прокурори Равшан Машариповлар сайёр қабул жараёнида марҳумнинг турмуш ўртоғи Сайёра Аҳмедова билан учрашган.

Шу куннинг ўзида жиноят иши терговга қайтарилган. Марҳумнинг яқинларига кўра, Аҳмедов ўлимига оид ишда сохтакорлик аниқлангани ишни қайта терговга қайтаришга сабаб бўлган.

Дастлаб Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бўлинма бошлиғи Меҳриддин Қўчқоров, инспекторлар Шуҳрат Холиқулов, Нодир Исмоилов ва Шаҳбоз Раҳимбердиевга нисбатан Жиноят кодексининг “Мансаб ваколатидан четга чиқиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Аҳмедовнинг яқинларига кўра, тергов ҳаракатларини олиб борган Самарқанд вилояти ИИБ тергов бошқармаси терговчилари ўз ҳамкасбларининг 3 нафари ҳаракатларида жиноят таркиби йўқ, деган важ билан уларни жавобгарликдан озод қилган.

Жиноят ишида фақатгина Меҳриддин Қўчқоров айбланган.

Иш терговга қайтарилгач инспектор Шаҳбоз Раҳимбердиев ҳам қамоққа олинган ва жиноят ишида тўртала ииб ходимига қўйилган “Мансаб ваколатидан четга чиқиш” моддасидан ташқари “Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш” моддаси ҳам қўшилган.

ИИВ: Ҳуқуқий баҳо берилади

ИИБ ходимларининг боди-камераларидаги тасвирлар ва қайчиланган видеолар асосидаги расмий версия орасидаги катта фарқ сабаби нимада?

ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Озодлик сўровига жавобан, "Ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилганидан сўнг, расмий маълумот берилади. Қонунчиликка риоя этиш зарур", деди.

Каттақўрғондаги солиқчи ўлими бундан уч йил аввал ушбу туманда ИИБ ходими томонидан содир этилган бошқа бир воқеани эсга солади.

Каттақўрғонда милиция ходими томонидан ечинтирилган аёл видеосидан скриншот.
Каттақўрғонда милиция ходими томонидан ечинтирилган аёл видеосидан скриншот.

2018 йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон ИИБ бўлими тезкор вакили Санъат Умаров ўғирликда гумонланиб, бўлимга олиб келинган аёлларни қип-яланғоч қилиб, ечинтириб, таҳқирлаганди.

Озодлик ушбу воқеа ҳақида хабар қилгач, Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича махсус текширув ўтказиб, ишни судга оширди.

Суд Санъат Умаровни 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бу воқеадан сўнг Ўзбекистон ИИВ ўзининг республикадаги барча бўлимларида хизмат текшируви ўтказди, Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимининг бошлиғидан тортиб, 7 нафар мулозими ишдан олинди.

Ўша пайтда ИИВ ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозаланади дея ваъда қилганди.

"Ғайриқонуний ҳаракат бўлмаган у ерда" - Каттақўрғонда аёлни таҳқирлаган милиция ходими нима деди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:04 0:00

Президент қароридан кейинги уч ўлим

Ўзбекистон “Қийноқларга қарши конвенция”га қўшилган ва ўз аҳолисини қийноқ жиноятларидан ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.

Жорий йилнинг 26 июнь куни президент Мирзиёев "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги янги қарорни ҳам имзолади.

Шунга қарамасдан мамлакатда қийноқ ҳолатлари тўхтамаяпти.

Президент қароридан сўнг Денов, Нишон ва Тахиатошда фуқароларни қийнаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилди. Ҳар учала ҳодиса одам ўлими билан якун топди.

Мазкур ўлимлар юзасидан изоҳ берган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов қийноқ қурбонларининг ўзларини айблаб чиқди.

Мирзиёевнинг янги қарорига кўра, Омбудсман ҳузурида қийноқларни аниқлаш бўйича гуруҳ ташкил этилди. Эндиликда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва етказилган зарарни компенсация қилиш тизими йўлга қўйилади.

Ҳозирга қадар ўлим билан якун топган қийноқ ҳолатлари юзасидан бир неча ИИБ ходими ишдан четлатилган, аммо биронта ҳам юқори мартабали мулозим шахсий жавобгарликни зиммасига олмаган.

Ўтган йили Андижон ва Қашқадарё вилоятларида гумондорларнинг қийнаб ўлдирилиши ҳодисалари ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосига чақириқлар янграганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG