Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:12

"Фаоллар овозини ўчириш". Берлинда Ўзбекистондаги жазо психиатриясига оид ҳисобот тақдим этилди


"Ўзбекистонда жазо психиатрияси, фаоллар овозини ўчиришга уриниш" ҳақидаги ҳисобот Берлинда тақдим қилинди.
"Ўзбекистонда жазо психиатрияси, фаоллар овозини ўчиришга уриниш" ҳақидаги ҳисобот Берлинда тақдим қилинди.

Ўзбекистонда фаолларни мажбуран руҳий шифохонага тиқиш орқали овозини ўчириш Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам кузатилмоқда.

Германиядаги “Ўзбек форуми” инсон ҳуқуқлари гуруҳи 21 сентябрь куни Берлинда тақдим этган ҳисоботда ҳукумат танқидчиларини мажбуран руҳий шифохонага жойлаштириш билан боғлиқ еттита ҳолат тилга олинган.

Таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ва мустақил журналист Жамшид Каримов марҳум Ислом Каримов даврида бир неча марта руҳий шифохонага мажбуран ётқизилганди.
Таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ва мустақил журналист Жамшид Каримов марҳум Ислом Каримов даврида бир неча марта руҳий шифохонага мажбуран ётқизилганди.

“Афсуски, Мирзиёевнинг янги маъмурияти даврида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан қатор суиистеъмолликлар кузатилди. Ҳуқуқ фаолларини руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий тиқишга оид бир неча хабарлар чиқди”, дейилади ҳисоботда.

“Ўзбекистонда жазо психиатрияси - фаоллар овозини ўчириш” деб номланган ҳисобот муллифларидан бири, “Ўзбек форуми” раҳбари Умида Ниёзова жазо психиатрияси қўлланилган ҳолатлар аслида бундан кўп, деб ишонади.

“Жуда кўп холатларни ўргандик. Энг сўнгги холат оҳангаронлик тадбиркор Давид Багманян билан боғлиқ. У 2019 йилда оиласига тегишли икки иморати ва дўкони бузилиши ортидан Президент халқ қабулхонасига ёзавергач врачнинг эмас, балки маҳаллий ҳоким кўрсатмаси билан рухий шифохонага мажбурлаб ётқизилган ва бир ой ушлаб турилган. Суд Багманян муомалага лаёқатсиз, деб қарор чиқаряпти ва шу тариқа овози ўчириляпти. Бунақа холатлар жуда кўп. Бундай жазони бошдан ўтказганларнинг кўпчилиги исмлари очиқланишини исташмади. Шунинг учун ҳисоботга еттита ҳолатни киритдик,холос”, - дейди Ниёзова.

Давид Багманян мулоқотга лаёқатсизлиги ҳақидаги суд қарорини бекор қилишни сўраб юқори инстанцияларга арз қилиб келади.

Оҳангаронлик фаол Давид Багманян.
Оҳангаронлик фаол Давид Багманян.

Шу йил августида Ўзбекистон Олий суди унинг бу ҳақдаги шикоятини рад этган ва аввалги суд қарорини ўз кучида қолдирган.

“Ягона айбим Президент қабулхонасига ёзганим. Ҳокимликдагилар эса, қилган жиноятини ёпиш учун мени жиннихонага тиқишди. Мен ўтмишда руҳий касал бўлмаганман, лекин экспертиза шизофренияни бошдан кечирган деб хулоса беряпти. Энди, ҳозир Президент қабулхонасига ёзаманми ёки норозилик билдириб чиқаманми, ҳеч ким қулоқ солмайди, чунки руҳий хаста, деб ёрлиқ босилган. Лекин соппа-соғман”, - дейди Багманян.

Яна бир ҳолат хоразмлик блогер Нафосат Оллошкурова билан боғлиқ. Икки йил аввал у тармоқларда ИИВ вазири билан учрашув талаб қилиб, яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Блогер Шабнам (Нафосат) Оллошкурова.
Блогер Шабнам (Нафосат) Оллошкурова.

Бу норозилик акцияси ортидан Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуровалар 10 суткага қамалди.

Қамоқ жазосини ўтагач, Оллошкурова руҳий шифохонага ётқизилган. Ҳозир бошқа давлатда бошпана изловчи мақомида яшаётган Нафосат ўзига нисбатан қўлланилган жазо психиатрияси оқибатида соғлигини йўқотганини айтади.

“У ерда қийноқ қўлланилганини исботлашнинг имкони йўқ. Аслида қийноқ даҳшатли бўлади. Укол ёрдамида, баъзида у ерда ётганларни сизга қарши ишлатишади. Мени ўша ерда ётган аёллар, балки ёлланган аёллар калтаклаган эди. Менга ҳар-хил уколлар қилишган, ҳозир ҳам шунинг асоратлари қолган, ошқозон ости безига шикаст етган, ҳозир ҳам шундан азият чекаман”, - дейди Оллошкурова.

Суд блогер Нафосат Оллошукуровани руҳий беморлар касалхонасида қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:02 0:00

Нафосат Оллошкурова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён мажбуран руҳий шифохонага ётқизилган биринчи фаол ва умуман, Ўзбекистоннинг янги тарихида руҳий диспансерга жойлаштирилган биринчи блогер бўлган.

Бунга қадар таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ва мустақил журналист Жамшид Каримов марҳум Ислом Каримов даврида бир неча марта руҳий шифохонага мажбуран ётқизилганди.

“Фаолларни руҳий касаллар шифохонасига мажбуран жойлаштиришнинг айрим ҳолатлари Каримов президентлиги даврида содир бўлган. Масалан, Елена Урлаева нафақат 18 марта руҳий касаллар шифохонасига тиқилган, балки суд 2006 йилда уни муомалага лаёқатсиз, деб топган ва суд қарори ҳозир ҳам ўз кучида қолмоқда.

Каримовнинг жияни Жамшид Каримов 2006 йилдан буён руҳий шифохонада мажбуран ва махфий равишда ушлаб турилди ва президент тоғаси ўлимидан сўнг 2017 йилда чиқарилди.

Лекин бу каби ҳуқуқ бузилиши бугун тугаган, деб бўлмайди. Маҳаллий ва бошқа мулозимлар даъво билан чиқса, ўзига ёқмаган одамни жиннихонага юбориши мумкин”, - дейди Ниёзова.

Ҳисоботда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Дилмурод Саидов ва Худоёр Матёқубов, фермер Алиқул Саримсоқовнинг ҳам мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилишига оид маълумотлар келтирилган.

"Бундай амалиёт Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги бир неча шартномалар бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларининг бузилишидир", - дейилади ҳисоботда.

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов жазо психиатрияси барча диктаторлик жамиятларга хос эканини айтади.

Аммо Ташановга кўра, унинг ташкилоти сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда бундай ҳолатни Ўзбекистонда кузатмаган.

“Охирги ҳолат Оллошкурова билан боғлиқ бўлган ва ўзим шуғулланганман бу билан. Лекин сўнгги икки йилда бунақа ҳолатни кузатмадик”, - дейди Ташанов.

Германиядаги “Ўзбек форуми” инсон ҳуқуқлари гуруҳи ҳисоботи юзасидан Ўзбекистон расмий идораларидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

2019 йилда Женевадаги тинглов чоғида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси раиси ўринбосари Фелис Гаэр Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатидан мамлакатда мажбурий руҳий муолажа каби жазо турини қайта кўриб чиқиш режаланаётгани ёки йўқлиги борасида изоҳ талаб қилган эди. Расмийларнинг бунга жавоби маълум эмас.

Мухолифлар ва танқидчиларни жазолаш мақсадида психиатрия ёрдамидан фойдаланиш, яъни одамни жинни, деб эълон қилиш, уни турли психотроп дорилар ёрдамида чиндан ҳам жиннига айлантириш собиқ СССРда диссидентларга қарши кенг қўллангани маълум.

XS
SM
MD
LG