Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:23

OzodDayjest: Манфаатлар тўқнашуви – вазир ўринбосарига алоқадор ширкат 10 млрд сўмлик тендерда ғолиб бўлди


Узум кўчати (иллюстратив сурат)
Узум кўчати (иллюстратив сурат)

ИИВ тизимидаги зўравонлик ҳолатларини парламент муҳокамасига қўйиш талаб этилди. Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўғли тендерда ғолиб бўлгани эътирозлар уйғотмоқда. Қиз фарзанд кўргани сабаб таҳқирланган аёл ўз жонига қасд қилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Оғзи-бурни қон фуқаро” – ички ишлар ходимлари ўзини кўча одамларидек тутяпти

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг арзимаган баҳонаю сабаблар билан фуқаронинг оғзини қонга ботираётган, айрим ҳолатларда ўлимига олиб келган калтаклашларига кўп гувоҳ бўлмоқдамиз, деди Халқ демократик партия раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова (“Маҳалла” газетаси, 18 сентябрь).

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги “ҳолатни текширяпмиз” қабилидаги баёнотлар билан чекланяпти, холос, аммо вазирлик қатъий чоралар кўраётганига жамоатчиликни ишонтира олгани йўқ. Ваҳоланки, дунёнинг ривожланган мамлакатларида фуқаро полиция томонидан калтакланса, ички ишлар вазири ёки мансабдор шахс шу заҳоти истеъфо беради.

Президентликка номзод М. Ворисовага кўра, ички ишлар тизими жиддий ислоҳотларга муҳтож.

“ИИВнинг фуқароларга оид муносабатини кескин танқидий таҳлил қилиш керак. Керак бўлса, масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасига олиб чиқиб, вазирлик раҳбариятидан ҳисоб, изоҳ сўраш, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарияти фаолиятига профессионал хулоса берилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда, қуйи бўғиндаги ички ишлар идораларнинг тазйиқ ва айрим зўравонликлари тўхтамаяпти. Баъзида улар ўзларини кўча одамларидек тутишяпти. Шундай экан, ИИВнинг фаолиятига тизимли ва жиддий баҳо бериш вақти келди”, - деган ХДП вакили.

Таъкидланишича, бундан кейин давлат хизматчисининг фуқарони таҳқирлашига йўл қўйиб, тоқат қилиб бўлмайди.

Вазир ўринбосари кўп миллиардлик шартномани ўғлининг компаниясига илинди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида миллий билим ва инновациялар маркази in vitro усулида етиштирилган 1 млн туп узум кўчатини сотиб олиш бўйича тендер ўтказди (www.gazeta.uz, 21 сентябрь).

9,95 млрд сўмлик тендерда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида миллий билим ва инновациялар маркази (буюртмачи) раҳбари Алишер Тўраевнинг ўғлига тегишли “De Nova Agro” компанияcи ғолиб бўлди. 30 август куни Қишлоқ хўжалигида миллий билим ва инновациялар маркази мазкур ширкат билан 9,95 млрд сўмга узум кўчатларини етказиб бериш тўғрисидаги шартномани имзолаган.

Қайд этилишича, ушбу тендерда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли бор. “De Nova Agro” ширкатига 2006 йилда профессор, биология фанлари доктори Алишер Тўраев томонидан асос солинган. Айни пайтда у Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги марказ бош директори ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари ҳисобланади.

“De Nova Agro”нинг ягона таъсисчиси (100%) Алишер Тўраевнинг ўғли Бекжон Тўраевдир. Вазир ўринбосарининг ўзи ҳозирда “O`simliklar texnologiyasi” компаниясининг 50 фоиз улушига эгалик қилади.

Самарқандда қиз фарзанд кўргани сабаб таҳқирланган аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўз жонига қасд қилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кетма-кет қиз фарзанд кўргани сабаб қайнонаси ва эри томонидан таҳқирланиб келган аёл ўз жонига қасд қилди (www.daryo.uz, 22 cентябрь).

Маълум бўлишича, қайнона ва унинг ўғли оиладаги арзимас сабабларни баҳона қилиб, аёлни йиллар давомида таҳқирлаб келган. 2020 йилнинг ноябрида эса эр аёлини дўкондан қайнонаси номига қарз олганликда айблаб калтаклаган. Эр жароҳат олган хотинини уйида даволанишга кўндириб, жазодан қутулиб қолган.

Декабрь ойидаги жанжалларнинг бирида қайнона келинини уриб, унинг юзига қайноқ сув сепиб юборган. Оиланинг 16 ёшли тўнғич қизи бувиси ва дадаси томонидан онасига мунтазам тазйиқ ўтказилишига чидай олмай ўзини осиб қўйган. Зўравонликлардан тўйган аёл ҳам қизининг ёнида ўз жонига қасд қилган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида қайнона ва ўғил айбдор деб топилган. Судланувчи эркак Жиноят кодексининг 103-моддага (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) биноан 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Қайнонага эса 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси белгиланган.

XS
SM
MD
LG