Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:58

“Дор ул-улум” ректори Толибонни прагматик бўлишга чорлади


“Дор ул-улум” олий мадрасасининг 82 ёшли ректори Мавлоно Саййид Аршад Маданий
“Дор ул-улум” олий мадрасасининг 82 ёшли ректори Мавлоно Саййид Аршад Маданий

Толибон амал қиладиган сунний Ислом талқини Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Девбанд шаҳарчасида жойлашган исломий ўқув муассасаси таълимотига таянади. Толибоннинг ҳокимиятни бошқариш ва қатъий исломий тузум ўрнатиш ҳақидаги қарашлари шаклланишида ушбу мадраса таълимоти муҳим ўрин тутган.

Девбанд шаҳарчасидаги таниқли “Дор ул-улум” олий мадрасасининг 82 ёшли ректори Мавлоно Саййид Аршад Маданий Озодликка интервью бериб, Толибон толерант, адолатли ва прагматик бўлишига умид қилишини айтди.

Маданий Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганини ижобий ҳодиса деб билади, чунки унинг фикрича, исломий ҳаракат мамлакатни хорижликлар истилосидан озод қилди.

“Улар кўпчилик ва озчилик гуруҳларни ажратмай, барчанинг ҳаёти, мол-мулки ва шарафини ҳимоя қилсалар, улар учун эшигимиз очиқ”, деди Маданий Озодлик радиосининг Гандҳара нашри мухбирига.

“[Толибон бошчилигидаги ҳукумат] кўпчилик ёки озчиликни ташкил этадиган одамларга икки хил муносабатда бўлмаслиги керак, чунки Афғонистон кўп миллатли давлат, у ерда тожиклар ва ўзбеклар пашту тилида сўзлашувчилар билан ёнма-ён яшайди”, деди Маданий.

Толибон 15 августда Кобулни эгаллаб олганидан кейин тузган ҳукуматдаги юқори лавозимларни асосан паштун муллалар эгаллади.

Толибон тузган вазирлар маҳкамасига оз сонли тожик, ўзбек ва ҳазора тайинланди. Аёллар, мусулмон бўлмаган озчиликлар ёки балуж, нуристоний ва туркман каби этник гуруҳларнинг вакиллари эса умуман йўқ.

Қолаверса, Толибон “инклюзив” ҳукумат тузишни ваъда қилган бўлишига қарамасдан, уларнинг ҳукуматида Афғонистондаги бошқа сиёсий гуруҳлар вакиллари йўқ.

Тарихий алоқалар

Маданий Ҳиндистондаги мадрасада Толибоннинг бирорта етакчиси таҳсил олмаганини, мадрасанинг ҳозирда ҳаракат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Аммо унинг сўзларига кўра, толибларнинг девбандия ҳаракати билан тарихий алоқалари бор. Ҳаракат асосчилари инглиз истилочиларига кескин қарши бўлган ва XX асрнинг иккинчи ўн йиллигида қувғинда параллель Ҳиндистон ҳукуматини тузган.

Ҳаракат аъзоларининг мақсади Усмонли империяси, дуроннийлар амири ҳамда паштун қабилалари билан ҳамкорликда Ҳиндистонни инглизлардан озод қилишдан иборат бўлган.

1916 йилда инглизлар ушбу фитна ҳақида хабар топганидан кейин, Маданийнинг отаси Мавлоно Саййид Ҳусайн Аҳмад Маданий устози ва девбандий руҳоний Мавлоно Маҳмуд Ҳасан билан бирга Мальтада қамоқ жазосини ўтаган.

Тўнғич Маданий кейинчалик Маҳатма Ганди билан иттифоқ тузган ва Покистоннинг Жанубий Осиё мусулмонлари учун ватан сифатида ташкил этилишига қарши чиққан, чунки у фақат дин асосида миллий давлат тузилмаслиги керак, деб ҳисоблаган.

“Бугунги кунда ўзларини девабандий деб атайдиган афғонлар бу ҳаракат ва қувғин қилинган ҳукумат билан алоқадор бўлган одамларнинг болалари ёки набираларидир”, деди Маданий Озодлик билан суҳбатда.

Девабандия ҳозирги Покистон ва Афғонистонда кенг тарқалган оқимдир.

Покистондаги девабандий руҳонийлари томонидан тузилган сиёсий партиялар тинч сиёсий жараёнларда иштирок этади. Улардан фарқли ўлароқ, Афғонистон толиблари ўтган чорак аср мобайнида икки марта ҳокимиятни ҳарбий йўл билан эгаллаб олди.

Ўзини девбандий деб атайдиган покистонлик сунний руҳонийлар Ҳиндистон шимолидаги асл девбандий мактаби билан деярли умуман алоқа қилмайди.

Бунга қарамай, уларнинг мактаблари “Дор ул-улум” ўқув дастурига амал қилади. Бу дастур ислом ҳуқуқи, Қуръон тафсири, илоҳиёт, фалсафа ва Муҳаммад пайғамбар ҳаёти ва ҳадисларни ўрганишга қаратилган.

Ушбу тадқиқотлар марказида ҳозирги исломий одатларни ноодатий “қўшимчалардан” тозалаш ғояси туради.

Толибон раҳбарлари ва аскарларининг аксар қисми Покистондаги девбандий мадрасаларда таҳсил олган.

Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги энг таниқли девбандий мактаблардан бири ҳисобланувчи “Дор ул-улум Ҳаққония” мактаби битирувчилари Толибон бошчилигидаги ҳукуматда кўплаб юқори лавозимларга тайинланди.

Покистондаги айрим девбандий мадрасаларни Саудия Арабистони молиялаштиради. Ар-Риёд 1980-йилларда Афғонистонга бостириб кирган совет қўшинларига қарши курашган мужоҳидларни қўллаган.

Маданий Толибон тузган ҳукуматга ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтди.

“Ҳозирги дунёда ўз мамлакатини тинч ўзгартирмоқчи бўлган ва фақат диндорлардан ташкил топган ҳукуматнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ”, деди Маданий Озодлик билан суҳбатда.

“Агар уламолар Исломнинг инсоният ҳақидаги таълимотини билса ва ҳеч кимни диний эътиқоди туфайли камситмасдан ишлай олса, бу яхши иш”.

Маданий Толибоннинг эркаклар ва аёлларни ажратиш уринишларини қўллаб- қувватлашини айтди.

“Аллоҳ аёлларнинг танасини эркакларникидан ўзгача қилиб яратган”, деди у.

“Улар фитна туғдирмайдиган тарзда кийинишлари керак”, дея қўшимча қилди у.

Танқидлар тўқмоғи

Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан бери халқаро танқид ва ички қаршиликка дуч келмоқда.

Иши, таълими, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи ҳамда жамоат ҳаётида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлишидан хавотирга тушган афғонистонлик аёллар норозилик намойишларига чиқди.

Толибон 1990-йилларнинг иккинчи ярмида аёлларга ўқиш ва ишлашни тақиқлаб қўйганди. Шунингдек, жангари гуруҳ ҳукмронлиги даврида аёлларга маҳрамсиз кўчага чиқиш ман этилганди.

Ўтган ҳафтада Толибон ўғил болалар ва эркакларнинг ўқишга қайтишига рухсат берди, аммо қизлар учун ўрта мактаб ва олий ўқув юртларини очишни кечиктирди. Бу эса афғон аёлларининг хавотирларини янада кучайтирди.

Маданий Ҳиндистонда кўплаб университет ва минглаб коллежда фақат аёллар таҳсил олишини айтди.

“Агар мамлакатимизда бунинг иложи бўлса, Афғонистон ҳукумати ҳам худди шундай йўл тутишни хоҳлашининг нимаси ёмон?” деб сўради у.

“Агар Афғонистон ҳукумати буни амалга ошира олса, бу қизлар учун таълим эшиги очилганини англатади”.

Маданий Толибонни дунё билан тинч ва ўзаро фойдали алоқада бўлишга ундади.

“Улар замонавий дунёда яшашнинг барча йўлларини шараф ва салобат билан қабул қилишлари керак”, деди у.

“Толибон дунё билан алоқа ўрнатиши ва мамлакатларини ривожлантиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишлари керак”.

Бунга қарамай, Маданий Толибон етакчиларини қабул қилишга ошиқмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, девбандий мактаби эшиклари фақат Ҳиндистон ҳукуматидан талабалик визасини олган афғонистонлик талабалар учун очиқ.

Шунингдек, у Толибонга маслаҳат бериш учун Афғонистонга боришни истамайди.

“82 га чиқдим. Ҳатто масжидга боролмайман. Афғонистонга қандай борай?”

XS
SM
MD
LG