Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:58

Мустақиллик монументи: Турк ширкати 63 кунда тиклаган ёдгорлик қанчага тушгани очиқланмаяпти


60 метр баландликдаги ёдгорлик турк компаниялари томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ўрнатилди.
60 метр баландликдаги ёдгорлик турк компаниялари томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ўрнатилди.
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи қурилиши учун қанча маблағ сарфлангани жамоатчиликдан сир сақланмоқда.
  • Қурилиш буюртмачиси бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Озодликнинг бу борадаги мурожаатини жавобсиз қолдираркан, монументни 63 кунда қуриб битказганини айтган турк ширкати харажатларни очиқлай олмаслигини билдирди.
  • Мустақиллик монументини ўз ичига олган “Янги Ўзбекистон” боғи Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида президент Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали очилган эди.

3000 йиллик тарихни акс эттирувчи ёдгорлик

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига қурилган Мустақиллик монументи, унинг муаллифларига кўра, ўзбек халқининг 3000 йиллик тарихини акс эттиради.

Янги ёдгорлик Ўзбекистон пойтахтидан унчалик узоқ бўлмаган “Янги Ўзбекистон” боғида жойлашган бўлиб, у мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги кунида очилди.

Ислом Каримов ўлимидан беш йил ўтиб, илк бор катта майдонга кўчган Мустақиллик байрами тантаналари ҳам шу боғда ўтказилди.

Мустақилликнинг 30 йиллиги: "Янги Ӯзбекистон"да эски томоша
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:53 0:00

60 метр баландликдаги ёдгорлик “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” турк ширкати томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ишланган.

Монумент Амир Темур мақбараси ва Самарқанддаги Регистон мажмуасининг элементлари, Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, Ал-Берунийнинг "Ой фазалари", Ал-Хоразмийнинг “Ал Жабр ва Ал Муқобала”си ҳамда Амир Темур даври нақш ва мотивларини ҳам ўз ичига олади.

"Биз турк дўстларимиз билан биргаликда умумий майдони 1 миллион квадрат метр бўлган паркнинг юраги деб аташ мумкин бўлган Мустақиллик монументини қурганимиздан фахрланамиз", - деган унинг муаллифи туркиялик диайнер Синан Тураман Туркиянинг давлат “Анадолу” ахборот агентлигига.

85та фура ва 16та учоқда олиб келинган

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбалари ёдгорлик учун давлат бюджетидан логистика харажатларидан ташқари, 6 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфлангани, стелланинг темир конструкциясидан тортиб дов-дарахт ва яшил безакларигача ўнлаб фура ва учоқларда Туркиядан олиб келинганини айтишади.

Монументнинг барельеф ишлари эса, маҳаллий ҳайкалтарошлар томонидан амалга оширган.

“Янги Ўзбекистон” боғидаги баландлиги 60 метрлик монументнинг 300 тонналик пўлат ва мис конструкцияси Туркияда тайёрланиб, Ўзбекистонга 85та фура ва 16 та учоқда етказилган.

Монументнинг мармар тошлари ҳам Туркиянинг Сирвиҳисор, Афён, Эски шаҳар ҳудудларидан келтирилгани айтилади.

“Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати монументни 63 кунда қуриб битказганини айтмоқда.

Монументнинг барельеф ишларини маҳаллий ҳайкалтарошлар тайёрлаган.
Монументнинг барельеф ишларини маҳаллий ҳайкалтарошлар тайёрлаган.

Ширкат вакли Дарё Балжи шу йилнинг май ойида Мустақиллик монументи қурилиши учун Ўзбекистондаги ҳайкалтарошлик ширкатлари орасидан танлаб олинганликларини айтади.

“Бизни лойиҳага 2021 йил май ойида таклиф қилишди. Май ойидан олдин жаноб Президент Шавкат Мирзиёев ва раҳбарият турли дизайн компаниялари билан учрашди. Ташқи фабрика сифатида улар бизга ўз дизайн истакларини билдиришди. Биз жамоа бўлиб, май ойининг охирида узоқ вақт Тошкентда қолдик, тарихга оид маълумотларни тўпладик, маъмурият кўрсатмаларини тингладик ва ўз фикримизни айтдик.

Мамлакат ўзоқ тарихга эга ва жаноб Мирзиёев Ўзбекистоннинг қадимий тарихидан то ҳозирги кунгача бўлган энг муҳим воқеаларни, буюк шахслар ва уларнинг илмий меросини акс эттириш муҳимлигини таъкидлади. Дизайн жараёни тахминан 1 ой ичида, баъзи қайта кўриб чиқишлар билан якунланди.

Бошқа компаниялар билан таққослаганда, бизнинг дизайнимиз юқори баҳоланди. Биз уни Президент ва унинг жамоасига тақдимот қилдик. Июнь ойида лойиҳалаш ишларини бошладик. Июль, август ойларида раҳбарият 500 кишидан ортиқ гуруҳ билан қурилиш майдонидаги ишларни шахсан кузатиб борди ва 60 метр узунликдаги Ўзбекистон Мустақиллиги ёдгорлигини барпо этиш ишларини амалга оширдик”, - дейди “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати вакли Дарё Балжи.

“Мустақилликнинг 25 йиллигига қўйилиши керак эди”

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаси “Янги Ўзбекистон” боғида тикланган монументни беш йил аввал Мустақилликнинг 25 йиллигига ўрнатиш режалангани, мамлакатнинг аввалги президенти Ислом Каримов вафоти ортидан режа амалга ошмай қолганини айтди.

“Монумент Мустақилликнинг 25 йиллигига қӯйилиши керак эди. Каримов ӯлгани учун қӯйилмай қолди. 5 йил ётди Туркияда, 30 фоиз пули тӯланмаган ҳолда ётди. ЦУМ олдига, “Голубые купола”ни бузиб қӯйишмоқчи эди. Аммо тӯполон кӯтарилиб кетди. Кейин Мустақилликнинг 30 йиллигига парк қилиб қӯйишди”, - дейди Ўзбекистон Президенти администрацияга яқин манба.

Ортиқхўжаевнинг “Мовий гумбазлар” хиëбонини бузиш режаси норозиликка сабаб бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:03 0:00

Мулозимнинг иддаосича, лойиҳа Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор ширкатлар воситачилигида амалга оширилган.

Аммо Озодлик билан суҳбатда Туркиядаги “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкатининг Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўйича директори Дарё Балжи ҳалол тендерда ютиб чиққанликларини урғулади :

“Ёдгорликни қуриш тўғрисидаги қарор 2021 йил бошида қабул қилинган. Эҳтимол, у 5 йил олдин ҳам кун тартибида бўлгандир. Бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасмиз”, деди турк ширкати вакили.

Монумент ва тематик парклар қурилишига ихтисослашган “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати Туркия президентининг Анқарадаги қароргоҳи рўпарасида 2016 йил июлида Туркияда содир этилган давлат тўнтаришига уриниш чоғида вафот этганлар хотирасига қад ростлаган “15 июль шаҳидлари” ёдгорлиги муаллифи ҳамдир.

“Ўтмишда биз ишлаб чиққан ва амалга оширган “15 июль шаҳидлари” ва “Усмоний ёдгорлиги”даги тажрибамиз бизга қўл келди. Қисқа вақт ичида амалга оширган лойиҳаларимизнинг аҳамияти шубҳасиздир. Биз пойдевор қўйган пайтимизда, рельеф ишлари, темир конструкцияларни ишлаб чиқариш ва хариталаш ишлари бир вақтнинг ўзида давом этарди. Хулоса қилиб айтганда, биз ёдгорлик қурилишини ноу-хау ва профессионал жамоа билан 63 кун ичида амалга оширдик”, - дейди Балжи.

Жуда қиммат "китч" асар

Тошкентлик рассом Ширин Тошева мамлакатнинг ўзида потенциал бўлатуриб, ёдгорликларни чет эл ширкатларига буюртма қилишни ортиқча харажат, деб ҳисоблашини айтади.

“Бу қаердадир ясаб олиб келинаётган навбатдаги ёдгорлик. Ўзимизда моҳир ҳайкалтарошлар бўлатуриб, чет эллардаги фирмаларга миллион-миллион долларларни тўлаб ёдгорлик қуриш, бу - нафақат пулларни совуриш, балки маънавий жиҳатдан ҳам тўғри қарор эмас. Мустақиллик монументимизни ҳам чет давлатлардаги фирмалар қуриб бераётганининг ўзи, принцип жиҳатдан нотўғри. Четда тарихимизни биздан-да яхшироқ кўрадиган санъатчи йўқ. Бу монумент жуда зерикарли, шундоқ ҳам ҳамма жойни қуш босиб кетди. Жуда қиммат китч асар. Бошқа томондан Париждаги Эйфел минораси ҳам хунук эди, кейин парижликлар бунга кўникишди, тошкентликлар ҳам кўникишар”, - дейди Ширин Тошева.

Ўзбекистонлик бошқа бир рассом Виктор Тен эса, санъат асарини қаерда, ким тайёрлагани муҳим эмас, деган фикрни айтади.

“Нью-Йоркдаги “Озодлик” ҳайкали ҳам Францияда тайёрланган ва АҚШга олиб келинган. Бугун бу ҳайкал Америка озодлиги тимсолига айланган ва кўпчилик бу ҳайкал Францияда тайёрланганини билмайди ҳам. Тошкентдаги Мустақиллик монументи Туркияда тайёрланганини сиздан эшитяпман. Шошма-шошарликсиз, балки яхшироқ монумент қилса ҳам бўлармиди, ҳар ҳолда, оз пул сарфланмаган кўринади”, - дейди Виктор Тен.

60 метрлик монументнинг 300 тонналик пўлат ва мис конструкцияси Туркияда тайёрланиб, Ўзбекистонга 85та фура ва 16та учоқда олиб келинган.
60 метрлик монументнинг 300 тонналик пўлат ва мис конструкцияси Туркияда тайёрланиб, Ўзбекистонга 85та фура ва 16та учоқда олиб келинган.

Озодликнинг "Монумент Ўзбекистонга ўнлаб юк машиналари ва самолётларда олиб келинди. Агар бу қурилиш Ўзбекистонда амалга оширилса, арзонроқ бўлмасмиди?", деган саволига Туркиядаги “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкатининг Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўйича директори Дарё Балжи мана бундай жавоб берди:

“Ўзбекистонда кўплаб турк компаниялари қурилиш ишлари билан шуғулланади ва улар ўз материалларини Туркиядан олиб келишади. Туркия ишлаб чиқариш ва маҳорат жиҳатидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига нисбатан нарх устунлигини ва айни пайтда тезликни таклиф қилади. Бу лойиҳа Бизни танлашларининг сабабларидан бири бизнинг нарх устунлигимиздир. Нарх ва сифат мувозанатисини кўриб чиқсак, биз ўз соҳамизда кашшофмиз. Мустақил архитектура назорати фирмаси тайёрлаган ҳисоботга кўра, биз қурган ёдгорлик ишлаб чиқариш, дизайн ва статика нуқтаи назаридан энг яхши баҳога сазовор бўлди”, - дейди Дарё Балжи.

Туркиядаги “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати Ўзбекистоннинг янги стратегияси доирасида боғлар ва тематик парклар устида ишлаётганини айтмоқда.

Ширкат ёпиқ ўйин парки дизайни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон билан шартнома имзолаган.

Тошкентдаги Мустақиллик монументи ўзбек солиқ тўловчилари пулига чет давлатларда тайёрланиб, олиб келинган иккинчи ёдгорликдир.

Шу йил бошида Жалолиддин Мангубердининг 50 тонналик ҳайкали Россияда тайёрланиб, Урганч шаҳрига олиб келинганди.

Эски ва янги Жалолиддин. Урганчга $2 миллионлик яна бир ҳайкал керакми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:07 0:00

Мангубердининг 25 метрлик ҳайкали ва унинг остидан ўтувчи ярим километрлик ер ости йўлининг қурилиши апрель ойида бошланган ва уни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санасига битказиш мўлжалланган эди.

Аммо баъзи муаммолар сабаб мажмуа қурилиши кечикяпти. Ўтган ой Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида ҳайкал ва уни остидаги тунел қурилишини кўздан кечирди.

Озодлик маабаларига кўра, қазиш пайти ер остидан сув сизиб чиқиши қиймати камида 2 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган ҳайкал ва мажмуа қурилишини хавф остига қўйган.

XS
SM
MD
LG