Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:04

Кибертовламачилик: "Эрим интим суратларимни тармоққа қўйиб шарманда қиляпти"


Иллюстратив сурат: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам  фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни тўплаб улардан шантаж қилиш мақсадида фойдаланиш оммалашиб бораётганидан ҳавотир билдирмоқда.
Иллюстратив сурат: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам  фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни тўплаб улардан шантаж қилиш мақсадида фойдаланиш оммалашиб бораётганидан ҳавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 7 октябрь куни фуқароларни шахсий ҳаётига оид маълумотларни тўплаб, улардан шантаж қилиш мақсадида фойдаланувчи кибертовламачилардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Вазирликка кўра, бундай каналларнинг бир нечтаси аниқланган бўлиб, уларнинг юритувчилари хориждан туриб фаолият олиб бормоқда ва ҳозирча ушбу каналларни блоклашнинг иложи йўқ.

Озодлик билан суҳбатда бўлган мутахассислар интим тасвирлар билан шантаж қилиш ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганини айтишади.

"Қишлоқда бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолдим"

Ўзбекистонлик Саодат (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилган-таҳр.) туркиялик эри у билан ишқий муносабат асносида қўлга киритган “нозик” фотоларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориши ортидан иснодга қолганини айтди:

"Мени шантаж қилиб, яланғоч видеоларимни чиқарворган, қишлоқда бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолдим”.

“Товламачи эр” Ўзбекистонга кетиб қолган турмуш ўртоғини Туркияга қайтишга кўндириш учун унинг яланғоч тасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан таҳдид қилиб келган, ундан 10 минг доллар пул ҳам талаб қилган.

"Бир йил илгари туркиялик йигитга турмушга чиққан эдим. Жанжал қилиб, мени уравергач, қочиб яқинда Ўзбекистонга келгандим. “Қайтиб келмасанг интим видеоларингни Телеграмда тарқатвораман, деб қўрқитди. Кейин пул сўрашни бошлади. 10 минг доллар, бермасанг чиқарвораман, деб шантаж қилди. Яланғоч холда мени видеога тушириб олган экан, чунки жуфт-ҳалолим бўлган. Шартига кўнмаганимдан кейин тарқатиб ётибди ҳамма жойга”, - дейди Саодат. Озодлик Саодатнинг Туркиядаги эридан изоҳ олиш учун унинг уяли телефонига боғланди, лекин у саволни эшитгач, телефонни қўйиб қўйди.

Саодат эрининг қилмиши юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ташқи ишлар вазирлигига арз қилган:

“У Ўзбекистонда яшамас экан, биз ҳеч нарса қилолмаймиз, днйишда. Туркияда адвокат ёллаб, у ёқдаги ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилишни маслаҳат қилишди. Туркиядаги адвокат бошланишига 1000 доллар сўради, лекин бундай пул менда йўқ. Шунинг учун сизларга мурожаат қиляпман”.

Саодат билан боғлиқ ҳолат ягона эмас. “Нозик” видео ва фото тасвирлар билан шантаж қилиш ҳолатлари Ўзбекистонда учраб туради.

Кўп ҳолларда аёл-қизлар ижтимоий тармоқ орқали танишган “товламачи ошиқ”лардан жабр кўради.

"Тўйим бузилмасин деб 800 доллар беришга мажбур бўлдим"

Қашқадарё вилоятида яшайдиган Дурдона (исми ўзгартирилган таҳр.) тўйи бузилмаслиги учун шантажчига 800 доллар берганини айтди:

“Facebook орқали битта йигит билан танишгандим. Яланғоч бўлиб турган ҳолатимда ёзиб олган экан. У билан гаплашмай қўйгандим. Кейин анча вақт ўтиб, бошқа бола билан тўйим бўлишини билиб, мана шунча пул бермасанг тарқатвораман, деди. 1000 доллар сўраганди, 800 доллар бердим. Шу билан бу иш тугамади. Қолганини бер деб чиқаверди. Охири расмларни тарқативорди, тўйимиз бузилди” .

Кўп ҳолларда кибертовламачилик қурбонлари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмайди. Дурдона ҳам бу ҳақда милицияга айтишга қўрққан:

"Уларга айтсам ўзимни ҳам айблига чиқаришарди. Чунки, бошида 800 доллар берганимда айтмаганман, шу билан тўхтаб қолар деб ўйлаганман. Ўзи аслида бошидан милицияга айтиш керак экан".

Интим расмлар билан шантаж қилиш хориждаги ўзбеклар орасида ҳам тарқалган “Одноклассники”, “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Whatsapp”, “В контакте” “Telegram” каби ижтимоий тармоқларда реал кишилар номидан сохта саҳифалар очиш ва уларни шантаж қилиш ҳоллари ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда.

ИИВ ҳам ҳавотирда

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўнгги пайтларда Telegram ижтимоий тармоғида айрим шахслар фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни тўплаб улардан шантаж қилиш мақсадида фойдаланиш оммалашиб бораётганидан ҳавотир билдирмоқда.

“Ҳозирги пайтда интернет, уяли телефонлар орқали шахсни бадном қилувчи беҳаё тасвирларнинг тарқалиб, оммалашиб бораётгани ташвишланарли. Уларнинг бундан мақсади кейинчалик ушбу маълумотларни фойдаланувчиларнинг шаъни ва обрўсига путур етказувчи “пост”лар кўринишида тарқатмаслик эвазига пул маблағларини ундириш”, - дейилади ИИВ матбуот хизматининг 7 октябрь кунги баёнотида.

ИИВ маълумотига кўра, бундай каналларнинг бир нечтаси аниқланган бўлиб, уларнинг юритувчилари хориждан туриб фаолият олиб бормоқда ва ҳозирча ушбу каналларни блоклашнинг иложи йўқ.

Вазирлик фуқаролардан шахсий маълумотларини ижтимоий тармоқларда қўймасликни ва бегона гуруҳларда тарқатмасликни сўрамоқда.

ИИВ кибертовламачиликка нишон бўлганларга ички ишлар бўлимларига хабар беришни ҳам тавсия этмоқда.

"Тармоқлар "очилдастурхон" эканини унутманг"

Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиевнинг айтишича¸ тармоқлар "очилдастурхон" эканини билиши ва шунга қараб эҳтиёт бўлиши кераклигини айтади.

-Тармоққа жойланган сурат ва видео материаллар, шу жумладан шахсий ва интим характердаги суратлар бўлиши мумкин, улар кимларнидир қўлига тушиб, кейин шантаж қуролига айланмайди, деб ҳеч кафолат беролмайди. Технологиялар қанчалик ривожланиб бораётган бўлса ҳам тешиклари бўлади, қалтис жойлар бўлади. Бу бўлган ва бўлади ҳам. Шунинг учун билингки, сиз гажжетга видео ёки сурат олар экансиз уни сиздан бошқа ҳеч ким кўрмайди деб ўйласангиз адашасиз”, - дейди Тўлқин Умаралиев.

XS
SM
MD
LG