Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:30

“Муросасоз имом”. Ўзбекистоннинг янги муфтийси ким?


Янги муфтий Нуриддин Холиқназаров (ўнгдан биринчи), АҚШнинг собиқ давлат котиби Майк Помпео билан учрашувда, февраль, 2020 (Сурат Абу Муслим саҳифасидан олинди)
Янги муфтий Нуриддин Холиқназаров (ўнгдан биринчи), АҚШнинг собиқ давлат котиби Майк Помпео билан учрашувда, февраль, 2020 (Сурат Абу Муслим саҳифасидан олинди)

19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонларининг янги раҳбари, мамлакат муфтийсининг номи эълон қилинди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келган Нуриддин Холиқназаров шу йил 15 августида 71 ёшида вафот этган Усмонхон Алимовнинг ўрнини эгаллади.

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик имом ва диний фаолларнинг айтишича, 53 яшар Нуриддин Холиқназаров “кучли илми ва ҳар қандай шароитда томонларни муросага келтира олиши” билан танилган.

Янги муфтийни тайинлаш қарийб 2 ярим ойга чўзилди.

Тошкент шаҳри бош имом-хатиби бўлиб ишлаётган, андижонлик имом Нуриддин Холиқназаровнинг муфтий лавозимига тайинланиши мумкинлиги ҳақида Озодлик 17 сентябрь куни ёзган эди.

Озодликнинг Мусулмонлар идорасидаги манбалари, Н. Холиқназаров муфтийликка кўрилаётган икки номзоддан бири экани ва унинг “президент Мирзиёев назарига тушгани”, ҳақида айтишганди.

19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Н. Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.

Ўзбекистон илк бор бу сайловнинг видеоси жамоатчиликка намойиш қилинди. Ушбу видеода муфтий ўлароқ илк чиқишини қилган Н. Холиқназаров мамлакатга тинчлик, унинг раҳбари президент Шавкат Мирзиёевга эса миннатдорчилик билдирди.

1968 йилда Андижон вилояти Асака шаҳрида туғилган Н. Холиқназаров 2019 йилдан Тошкент шаҳар бош имоми бўлиб ишлаётган эди, унга қадар узоқ Андижон вилояти бош имом хатиби бўлган.

Андижонда 15 йилдан ортиқ Холиқназаров билан бирга ишлаган шаҳрихонлик имом, Бўстон (аввалги Бўз) туманида узоқ йиллар имом хатиб бўлган Абдулаҳад қори Тожибоев, Нуриддин қорининг муфтий лавозимини эгаллаганиндан хурсандлигини яширмади.

- Нуриддинжон қори андижонлик жуда машҳур Шафоат ҳожи Холиқназаровнинг набираси бўлади. Илмли оиладан чиққан, ўзи ҳам жуда илмли, гўзал ҳулқли, ҳаммани бирлаштира оладиган қобилиятга эга. Андижонни биласиз, ҳар-хил шунақа имомлар бўлган, уларни ҳам иттифоққа келтирган бу киши. Мана, ҳозир ҳаммаси бир-бири билан чиройлик муомала, муносабатда. Шунинг учун мен бу кишининг муфтийликда ҳам шунақа чиройлик муомала ва илм билан жуда яхши ишлашига ишонаман, - дейди Абдулаҳад Тожибоев.

Суҳбатдош тилга олган Шафоат ҳожи - Шафоат Азим Рўзадор ўғли Холиқназаров, Facebook тармоғидаги “Ўзбеклар ҳаёти” гуруҳида келтирилган маълумотларга кўра, 1890 йилда Андижонда туғилган, оиласи Чор ҳукумати таъқибига учраган йилларда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига ўтиб ўрнашган.

Айтилишича, совет ҳукумати даврига келиб, Ўш қозиси, кейин эса Қирғизистон қозиси бўлган, кейинчалик Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон билан бир сафда ишлаган.

- Ўша боболари ва оталарининг тарбиясини олган. Диний бошқарувни тушунган имом-да, бу киши. Вақтида Андижонлик имомларни ҳам яхши тушунган, ҳокимиятлар ҳар-хил ишларни буюрганда: “Имомларни ҳар-хил ишларга югуртириш дурустмас, биз ўзимиз ҳал қиламиз, уларни ҳадеб овора қилманглар”, деб бизга кўп енгилликлар қилганди, - дейди Абдулаҳад қори.

Қуйида Абдулаҳад қори Тожибоев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Андижонлик собиқ имом Абдулаҳад қори Тожибоев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:43 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонлик таниқли блогер, Islamonline.uz вебсайти асосчиси Адҳам Отажонов (ижтимоий тармоқлардаги тахаллуси Abu Muslim) Нуриддин қори Холиқназаровни “мўътадил шахс” дея баҳолади:

“Янги муфтий мусулмонларга анча таниш, аввал Андижон бош имом-хатиби бўлган, сўнг Тошкент шаҳар бош имом-хатиби этиб тайинланган. Яъни, бу ишларда ишлайдиган одам оддий фигура ҳисобланмайди. Илмли ва мўътадил шахс. Диний маърузалари билан анча танилган. Эҳтимол, шунинг учун бу лавозимга сайланган бўлса керак. Имомлар орасида статуси ҳам баланд, чунки Тошкент шаҳри бош имоми эди”.

Отажонов, Н. Холиқназаров билан маълум муддат бирга ишлагани, АҚШ делегацияси билан учрашувларда бирга қатнашганини ҳам илова қилди. Айтишича, янги муфтий “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг яқинда қабул қилинган янги таҳририни ҳозирлашда ҳам фаол қатнашган.

“Билишимча, янги муфтий янги виждон ҳақидаги қонунни тайёрлашда иштирок этган ва бу кишининг ташаббуслари билан "жамоат жойларида диний либос" деган тушунча олиб ташланган. Яъни, кўчада ҳижобда юришга тақиқ олиб ташланган. Бу кишининг дунёқараши ҳам кенг... АҚШ давлат департаменти раҳбари Помпео келганида ҳам у билан учрашувда иштирок этган. Диний эркинликлар масаласида муҳокамалар олиб борган”.

Аммо Отажонов фикрича, муфтийликка тайинлангач, бу кишининг ўзбекистонлик диндорларни қийнаб турган қатор масалалар - диний таълим, ўқувчи ва талабаларнинг рўмоли, диний адабиётлар каби муаммоларнинг ҳал бўлишини кутиш - қийин масала:

“Бунисини билмадим, чунки кўп нарса бунга боғлиқ эмас. Масалан, таълим муассасаларида дресс-код ҳақида талабни таълим даргоҳи ўзи белгилайди. Бошқалар аралаша олмайди”.

Блогерга кўра, Ўзбекистонда сўнгги ойларда Толибонга хайрихоҳ ва нисбатан радикал позициядаги диндорлар қатлами кенгайиши борасида ҳам янги муфтий ҳукумат измидан чиқмайди:

“Менга кўра, янги муфтий “толибонлар” масаласида давлатимиз сиёсатидан четга чиқа олмайди ёки ўзича алоҳида сиёсат қила олмайди... Радикал ва фанатик гуруҳлар билан эса, "Жаҳолатга қарши маърифат" билан курашиш тамойиллари доирасида ҳаракат қилса керак”.

Ижтимоий тармоқларда диний мавзуларда фаол чиқишлар қилиб келган ва исмини очиқламаслик шарти билан фикр билдирган блогерлардан яна бирига кўра, Нуриддин Холиқназаров, Тошкентга имом-хатиб бўлганидан кейин тез фурсатда президент Шавкат Мирзиёев назарига тушган:

“Юқорида кайфият қанақа, муҳит қандай, ким билан қандай муомала қилиш керак, нимани айтиш мумкин, нимани мумкинмас - шунақа нарсаларни жуда яхши тушунган имом бу киши. Кейин ўзимиздан чиққан, Андижондаги мадрасада, кейин Олий Маҳадда ўқиган. Бундан ташқари, Фарғона давлат университетининг филология факультетини тамомлаган, агар адашмаётган бўлсам. Маданиятли, илмли, муомалали одам-да. У киши ҳукуматнинг измидан асло чиқмайди, биринчидан. Иккинчидан, талашиб турган имомларни бирпасда муросага келтириб қўядиган қобилияти бор. Шунинг учун, Мирзиёевнинг назарига тушган бўлса керак. Энди хавфсизлик хизматига алоқаси бор, деган гаплар ҳам бўляпти. Бу масалада бир нарса дейиш қийин, кўрмаганмиз, аниқ билмаймиз. Аммо хавфсизлик идорасига маъқул бўлмаса, муфтийликка келмасдилар, дейишимиз мумкин. Аслида, жуда муфтийликка мос инсон. Мен шахсан ҳурсанд бўлдим, бу киши тайинланганидан”.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси янги муфтийнинг мухтасар таржимаи ҳолини эълон қилди:

  • 1968 йилда Андижонда туғилган Нуриддин Ҳолиқназаров 1992 йилда Бухоро вилоятидаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти, 2007 йилда эса Фарғона давлат университетини тамомлаган.
  • Турли йилларда у Асака шаҳридаги “Аҳмадали Махдум” масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги “Кўкалдош”, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари ўқитувчиси, Андижон вилояти бош имом-хатиби бўлиб фаолият юритган.
  • 2019 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида ишлаётган эди.

Ҳозирда Тошкент имом-хатиби лавозимига тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Юнусобод тумани ва “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов тайинланди.

Р. Сайфутдинов эркакларнинг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан кўплаб мунозараларга сабаб бўлганди. Мунозаралар ортидан имом ўз маърузасини "нотўғри талқин" қилган, дея матбуотни “фитнакорликда” айблаган.

“Раҳматуллоҳ қори ҳам шаҳар Бош имомига лойиқ намзод. Тармоқлада "зиддиятли имом" деган гап кўпроқ атеист ёки динсизлар тарафидан ўйлаб топилган. Чунки домла мусулмонлар манфаатидан келиб чиқиб гапирганлар. Бу эса, атеистларга ёқмаган ва асосан, ўшалар шов-шув қилиб юборди. Хусусан, “акушер эркаклар” мавзусида. Сайланиш масаласига келсак, бу домла медиа майдонда жуда актив, қани эди, ҳамма имом-домлалар шундай бўлса. Кейин, бу домла ўзининг устида доим ишлайди, доим илм олиш ва илмни тарқатишда кўпчиликка ўрнакдир”, деб ҳисоблайди А. Отажонов.

Мусулмонлар идорасининг олдинги раиси, муфтий Усмонхон Алимов шу йилнинг 15 августида 71 ёшида вафот этган эди. Шундан буён муфтий лавозими бўш қолаётганди.

Усмонхон Алимов президент Шавкат Мирзиёевга яқин уламо бўлгани айтилади. Мирзиёев Самарқандда ҳокимлик қилган йиллар Алимов Самарқанд вилоятининг бош имом-хатиби лавозимида ишлаган.

Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мустақиллиги даврида диний раҳбариятга келтирилган олтинчи муфтийдир. Унга қадар Усмонхон Алимов, Абдурашидқори Баҳромов, Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфлар муфтийлик қилган.

Умумиятла, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги 5 республика мусулмонлари учун алоҳида бошқарув органи сифатида муфтиятга асос солиш ташаббуси минтақада танилган Бобохонлар сулоласига мансуб.

Бу сулола асосчиси шайх Эшон Бобохон ташаббуси билан 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати ташкил этилган ва у киши муфтий этиб сайланган.

Кейинчалик бу назорат органини сулола вакиллари - шайх Зиёвуддин Бобохон ва Шамсиддин Бобохонлар бошқарган.

Муфтият илк ташкил этилганидан буён минтақадаги мусулмонларни бошқаришда ҳукуматга қўл келган бир жамоат ташкилоти вазифасини ўтаб келмоқда. Собиқ иттифоқ даврида ҳам, кейинчалик Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ҳам бу идора - давлат сиёсатини имомларнинг маърузалари ва таъсири орқали аҳолига етказишда муҳим идоралардан бўлиб қолаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG