Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

"Кучайтирилган режим". Сайлов олдидан фаолларнинг ҳаракати чекланди


Президент Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин.
Президент Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин.

Ўзбекистонлик блогер, президент Шавкат Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонни вақтинча тарк этганини тасдиқлади.

У 24 октябрь кунги президент сайлови олдидан босимлар кучайганини айтмоқда.

Гаршин Ўзбекистондаги муҳим сиёсий тадбир арафасида мамлакат куч ишлатар тизимларининг босимидан шикоят қилаётган ягона фаол эмас.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева шу кунларда ўзи ва сафдошлари Ички ишлар бўлимларидан сайлов арафасида кўчага чиқмай ўтириш ҳақида огоҳлантириш олганини айтди.

Тошкентлик фаол Клара Сахарова эса, қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда ҳаракат қилаётган бўлса-да, қамоқ таҳдиди остида яшаётганини айтмоқда.

Ўтган ҳафта мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари сурган ва кейинчалик ўзи ва яқинларига босимлар ортидан фаолиятини вақтинчалик тўхтатишини айтган Жаҳонгир Отажонов “қарздорлиги” важидан Урганч аэропортидан чиқарилмаганди.

Отажоновнинг Озодликка айтишича, Хоразмда у билан учрашган одамлар Ички ишлар бўлимларига чақиртирилиб, сўроқ қилинган.

Шоввозсойни фош қилган фаол

Шу йил ёзида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш мақсадида янги сиёсий партия тузиш режасини эълон қилган сиёсий фаол Алексей Гаршин таъқиблар ортидан “дам олиш учун” вақтинча Ўзбекистондан чиқиб кетганини айтмоқда.

“Вақтинча дам олиш учун Ўзбекистондан кетиб туришга қарор қилдим. Сиёсий партия тузишга киришганимдан буён таъқиблар тинмади. Доимий кузатувлар, айниқса сайлов куни яқинлашгани сайин қаттиқ назорат бўляпти. Ҳар бир қадамимни кузатишяпти. Мен билан ким гаплашса, уларни ҳам сўроққа чақиришяпти. Шунинг учун Ўзбекистондан чиқиб кетдим, вақтинча. Дам олишим керак. Чарчадим. Ўзбекистонда Конституция доирасида иш қилдик, қонунлар доирасида ишладик, лекин қонунлар ишламаса, фойдаси йўқ экан”, деди 19 октябрь куни хавфсизлик важидан қаердалигини очиқламаган Алексей Гаршин Озодлик билан суҳбатда.

ОЗОДЛИК ФИЛЬМИ: Мирзиёевни фош қилган Гаршин нега сиёсатга кирмоқчи?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:28 0:00

Президент Шавкат Мирзиёевнинг махфий “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган Гаршин аввалроқ “Озод Ватан” партияси таъсис қурултойига ҳозирлик кўраётганини маълум қилган эди.

Айни пайтда вақтинчалик ихтиёрий муҳожирликни танлаган Алексей Гаршин сиёсий партия тузиш аҳдидан қайтмаганини айтади.

“Биласизми, Ўзбекистон Конституцияси мукаммал ёзилган. Биз шу қонун доирасида иш қиляпмиз, холос. Ишимиз давлатга қарши қаратилмаган. Биз партиянинг регистрация қилинишига албатта эришамиз, бу йўлдан ортга қайтиш бўлмайди”, - дейди Гаршин.

Жаҳонгир Отажонов: Ким мен билан учрашса, сўроқ қилиняпти

Президент сайлови арафасида Ўзбекистондан чиқарилмаган бошқа бир сиёсий фаол, таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов Хоразм вилоятида ким билан учрашган бўлса, ички ишлар идораларига чақиртирилиб, сўроқ қилинганини айтди.

“Мени ўзимни қарзинг бор, деб Туркияга чиқаришмади. Сўнгги бир ҳафтада Хоразмдаманку, мен билан гаплашган ким бўлса, ҳаммасини ИИБга чақиртириб, “Жаҳонгир билан нималарни гаплашдинг, сенга нима деди, нима қилар экан, нима қўяр экан” деган саволлар билан сўроқ қилишган. Мени ҳам чақиртиришган, лекин ордерсиз бормайман, деганман. Мана шундай аҳвол ҳозир, сайлов олдидан”, - дейди Жаҳонгир Отажонов 20 октбярь куни Озодлик билан суҳбатда.

“Эрк” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини айтган ва кейинчалик ўзи ҳамда яқинларига босимлар ортидан вақтинча сиёсий фаолиятини тўхтатган Жаҳонгир Отажонов ўтган якшанба Урганч аэропортидан чиқарилмаганди.

Отажонов Урганч шаҳар аэропортидан Истанбулга уча олмагани, бунга Мажбурий ижро бюроси томонидан қўйилган тақиқ сабаб бўлганини айтган.

МИБ ахборот хизмати Жаҳонгир Отажоновга нисбатан суд қарорларига асосан уч нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент ундирувига оид учта ижро ишлари мавжудлигини билдирган.

Жаҳонгир Отажонов МИБ кўрсатган қарздорлик тўланганини айтмоқда.

“Ҳар бирига ойига 740 минг сўмдан тўлаб келяпман, чунки ўзимнинг фарзандларим учун тўлайман. Муаммо йўқ мен учун бу пулни тўлашда. Бу ерда менга нисбатан ҳақсизлик бўляпти, мени четга чиқармаслик учун баҳона қилишяпти, холос, бошқа нарса йўқ бу ерда”, - деб билдирди Отажонов.

“Газдан қарзинг бор, деб запрет қўйишди”

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматини танқид қилаётган фаоллардан бири, мустақил сиёсатшунос Маҳмуд Давронов 20 октябрь куни “газ ва сувдан қарзинг бор” деган важ билан Ўзбекистондан чиқарилмаганини айтди.

“Билет олмоқчи бўлсам, запрет қилиб қўйибди. Булар четга кетишимни билиб, оплата бўйича қарзинг бор, деб МИБга берган, текшириб кўрдим, запрет қилиб қўйибди. Лекин, қарз йўқ. Квартира хотинимни номида, лекин мени номимни ёзиб қўйишган. Хато ёзишган. Энди ҳозир уни тўғрилаб, базадан чиққунича 3-4 кун ўтади. Булар бирон жойга чиқиб, гапириб қўймасин, деб мени четга чиқишимга монеълик қилишаётган бўлишса керак. Жаҳонгир Отажоновни ҳам чиқаришмади. Уни аэропортдан чиқаришмаган пайтда, мен ҳам текшириб кўрайчи, деб қарасам, мен ҳам запретда эканман”, - дейди Давронов.

Маҳмуд Давронов, сўнгги йилларда шаклланган мухолиф гуруҳлар сафидаги зиёлилардан бири.

Айтишича, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганида, бошқа кўплаб фаоллар сингари у ҳам Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ваъдаларига ишонган, аммо тез орада бу ишончи сўнган.

- Мухолиф кучлар қатнашмаса, ҳеч қанақа рақобат бўлолмайди. Бешта қовунни бизларга бозорга қўйиб қўйган бўлса, тўрттаси чириган. Биттаси ширинми, ширинмасми, пишганми, пишмаганми, то сўйиб емагунимизча билмасак, ноилож, ўша битта қовунни сотиб олаверамиз. Ўзбекистон халқи 35 миллионга етди. Шу аҳолининг 27 миллиони ёки 28 миллиони, балки бундан ҳам кўпроқ қисмига танлаш ва сайлаш ҳуқуқи берилмади. 1990 йиллар бошидаги биринчи конституциямизда халқ ҳам ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга эди. Актив гуруҳлар ўз номзодини сайловга илгари суриши мумкин эди. Ўшанда "Бирлик", "Эрк" партиялари бор эди ва ўшанда сиёсий рақобат бор эди. Кейинчалик Ислом Каримов бу моддаларни қонунчиликдан чиқариб ташлади. Шундан бери номзодлар фақат ўзларининг партиясидан кўрсатилади. Мухолиф партиялар эса рўйхатга олинмайди, - деб ҳисоблайди Давронов.

У "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партияси етакчиси, профессор Хидирназар Аллақуловнинг биринчи ўринбосари бўлган. Айни пайтда "Озод Ватан" партиясини тузишга уринаётган фаоллар сафида эканини билдирган.

"15 сутка таҳдиди"

Клара Сахарова 12 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани Ички ишлар бўлимига чақиртирилган.

У ерда милиция ходими Сахаровани кўп қаватли уйлар ташқарисида сайлов олдидан тозалаш ишларини атайлаб пайсалга солишда айблаган, қамаш билан таҳдид қилган.

“Мен “Бектемир сифатли хизмат” МЧЖда ишлайман. Кўп қавтли уйларга хизмат кўрсатамиз. Милиция ходими мени сайлов олдидан тозалаш ишларини қилмаяпсан деб туриб одамларни қаршилигини қўзғатиш, ҳукуматни танқид қилиш ва одамларни ғалаёнга ундашда айблаяпти. 194-модда, яъни милиция ходимининг қонуний талабларини ҳам бажармаганликда айблаб, 15 суткага қаматиш билан таҳдид қилди”, - дейди фаол..

Клара Сахарова айбловларни рад этиб, у ишлайдиган ташкилот тозалашга эмас, балки уйларни таъмирлашга жавобгарлигини тушунтирган.

Суҳбат давомида милиция ходими нима учун Сахаровани унинг ишини муҳокама қилиш учун милиция бўлимига чақирилганини тушунтира олмаган.

Сахарова милиция бўлимига чақиртирилишини жиддий сигнал деб билади.

“Тушунишимча, булар мени чақиртириб, агар сайлов олдидан ортиқча ҳаракатлар қиладиган бўлсам қаматворишлари мумкинлигига ишора қилишяпти”, - дейди Сахарова.

Сахарова икки ярим йиллик қамоқ ортидан ўтган йил октябрь ойида вафот этган таниқли турколог олим Андрей Кубатиннинг синглисидир.

У укасининг иши бўйича расмийларга очиқ мурожаат қила бошлагач, ўзига нисбатан таҳдид ва кузатув кучайганини айтиб келади.

Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари Ассоциацияси Надежда Атаева Клара Сахарованинг ҳибсга олинишидан хавотир билдирди.

“Биз Ўзбекистон ҳукуматини Клара Сахаровани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолияти учун тазйиқ ва таъқибларга дучор қилинмаслигини таъминлашга, уни ҳибсга олган ва таҳдид қилган милиция ходимининг ҳаракатларини текширишга ва барча фаолларнинг сайловолди қонуний фаолиятини амалга оширишларини таъминлашга чақирамиз”, дейди ташкилот раҳбари Надежда Атаева.

Укаси вафотидан кейин Клара Сахарова моддий ва маънавий зарарни қоплаш ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш учун курашиб келади.

2020 йил 29 октябрда коронавирусдан вафот этгани айтилган Андрей Кубатин, опасининг сўзларига кўра, ўлимидан олдин қамоқда шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳақида гапириб берган.

“Уйда тинч ўтиринглар, чиқсанглар қамаймиз”

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева ўзи ва сафдошлари мамлакат куч ишлатар тизимлари ходимларидан сайлов арафасида кўчага чиқмай ўтириш ҳақида огоҳлантириш олганини айтди.

Сайловга 4 кун қолганда кучайтирилган режимни кузатяпмиз. Одамлар ҳукуматга ўз норозилигини кўрсатишининг олдини олиш учун ҳар нарса қилишяпти. Куч ишлатар тизимлар сайлов олдидан гўё одамларда норозилик кайфияти йўқ, деб кўрсатишга уринмоқда. Ички ишлар бўлими ходимлари сайлов арафасида уйда тинч ўтиринглар, деяпти. Кўчага пикет қилиб чиққанларни 15 суткага қамаб қўйиш билан таҳдид қиляпти.

Ҳозир мен билан Бухородан келган фаолларимиз ўтиришибди. Уларга уйларингга кетинглар, дейишган. Вилоятларда эса фермерларга ҳуқуқ фаоллари билан учрашманглар, акс холда қамаб қўямиз, дейишибди. Биз билан галашмасликлари учун телефонимизни блок қилиб қўйишган. Ҳозир мен Телеграмда гаплашяпман. Сайлов олдидан мана шундай холат”, - дейди Елена Урлаева.

Норози кайфиятни яширишга уриниш

Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари Ассоциацияси Надежда Атаева сайлов олдидан фаолларга бўлаётган босимлар Мирзиёев ҳукумати Каримов бошқарувидан фарқ қилмаслигининг белгиси эканини айтади.

“Амалдаги ҳукуматга қарши танқидлар кучайган, чунки Мирзиёев ҳукумати беш йил олдин ўз олдига қўйган вазифани уддалай олмади. Ҳозир биз мамлакатдаги ҳолатни ўз кўзлари билан кўриб, бу ҳақда очиқ гапираётган фаолларга қилинаётган босимлар ҳақида гапиряпмиз. Ҳозир сайловларни кузатиш учун келган халқаро комиссия мамлакатда ишлаяпти. Аҳолининг норози кайфиятини улардан яшириш учун улар сиқувга олиняпти, афсус. Бу нимани кўрсатади, бу Мирзиёев ҳукумати Каримовникидан асло фарқ қилмаслигини кўрсатади, холос”, - дейди Атаева.

Ўтган ҳафта Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда “инсон ҳуқуқлари борасидаги охирги муваффақиятсизликлар”дан огоҳлантирган эди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти 13 октябрь куни чиқарган баёнотида таъкидланишича, қўйилаётган чекловлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилгани айтилаётган ислоҳотларнинг “чекланганлигини кўрсатади”.

XS
SM
MD
LG