Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Толибондан қочган 200дан ортиқ афғонистонлик Ўзбекистонда аросатда қолмоқда


Афғонистондан қочиб чиқаётганлар - 29 август, 2021
Афғонистондан қочиб чиқаётганлар - 29 август, 2021

Ўзбекистонда 200 дан ортиқ афғонистонлик на ортга қайтиш, на Ўзбекистонда қолиш ва на учинчи давлатга чиқишни билолмай, аросатда қолмоқда.

Термиздаги афғонлар жамоаси оқсоқоли Муҳаммадқосим Низомийнинг айтишича, бу афғонлар орасида куч ишлатар тизимлар, суд ва прокуратура органларида ишлаган таниқли шахсиятлар бор.

Уларнинг барчаси мамлакатга қисқа муддатли виза билан кирган ва Сурхондарё вилоят ҳокимлиги аралашуви билан 48 афғонистонликнинг виза муддати 3 ойга узайтириб берилган.

Тошкентда қолаётган афғонистонликларга кўра, айни пайтда виза муддати узайтирилмай, жаримага тортилаётганлар ҳам бор - 25 кун муқаддам 2 журналист Афғонистонга қайтишга мажбурланган. Ҳозирча Ўзбекистон расмий идоралари бу маълумотга бирор изоҳ бермади.

21 август куни Марказий осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлик ташкилоти ва Норвегия Хельсинки қўмитаси қўшма баёнот чоп этди. Унда ҳам 70 афғонистонлик қочқин тақдири тилга олинган.

"48 афғоннинг визаси узайтирилди"

Ўзбекистонда 30 йилга яқин яшаб-ишлаб келганини айтган афғонистонлик Муҳаммадқосим Низомийнинг айтишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ва ҳокимият идоралари уларнинг вазиятини тушунмоқда.

"Биз ҳокимиятга визани узайтиришда ёрдам сўраб, мурожаат қилдик. Тўра Боболов ёрдам берди. 48 кишининг визасини 3 ойга узайтириб беришди. Яна 9 кишига ҳужжат топширганмиз. Булар орасида ишбилармонлар ҳам бор, меҳмонлар ҳам бор. Виза муддати ўтиб кетганлар ҳам бор эди. Буларга раҳмат, бизни тўғри тушунишди. Бизнинг жамоада виза масаласида муаммога учраганлар йўқ. Пулга эҳтиёжи борларга ҳам ўзимиз бирлашиб ёрдам қилаяпмиз", деди Низомий.

Унинг айтишича, Ўзбекистонга виза билан кириб келган ва ҳозирда мамлакат ҳудудида қолаётган 200 га яқин афғонистонликни билади. Улар орасида таниқли давлат арбоблари, ҳарбийлар, журналистлар, ишбилармонлар ва оддий одамлар бор.

Тошкентдаги қочқинлар оғир аҳволда

Шу кунда Тошкентда яшаётган афғонистонлик журналистнинг айтишича, Термиздан фарқли равишда пойтахтдагиларнинг аҳволи оғир.

Виза муддати тугаётган қочқинлар нима қилишини билолмай, хавотирда яшамоқда.

"25 кун муқаддам 2 журналист Афғонистонга қайтиб кетди. Уларнинг визасини узайтириб беришмади ва бунинг устига, уларга жарима солишди. Жарима миқдори қанча эканини билмайман. Лекин уларда умуман пул қолмаган эди, наилож қайтишди. Ҳозир яшириниб, яшаб юришибди. Балки жонига хатар йўқдир, аммо улар ҳам Дўстумнинг телевидениесида ишлаган, улар учун Афғонистонда қолиш барибир хавфли", дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган афғонистонлик журналист.

(Озодлик ҳозирда Афғонистонга қайтишга мажбур бўлган ва хавфсизлик боис исми очиқланмаётган журналистлар тақдирига оид маълумот тўпламоқда)

Толибондан Тошкентга қочиш. Абдурашид Дўстум матбуот котибининг ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:33 0:00

Айтишича, унинг ўзи ҳам шу кунда жуда оғир аҳволда кун кечирмоқда. Чунки Ўзбекистонга келганидан буён бирор иш тополмаган, маблағини сарфлаб бўлган, ортга қайтишдан бошқа чора кўролмаётир:

"Виза муддати тугашига яна 4 ой бор. Булар визани чўзиб берган тақдирда ҳам бу ерда на иш бор, на бошқа имконият. Мен бу ерда узоқ яшолмаслигимга кўзим етяпти. Шунинг учун, балки Афғонистонга қайтиб, у ердан Эронга кетишни ўйлаяпман. Аммо, Афғонистонга омон кириб, омон чиқишим жуда хатарли масала. Чунки мен толибларга қарши жангу жадалларни ёритганман, ҳали Толибон Кобулни олмай туриб, телефонимга таҳдидлар келарди", дейди ортга қайтса ўлим хатари билан юзма-юз қолишидан хавотир да бўлган афғонистонлик ёш журналист.

Расмий идоралар афғон қочқинлари масаласида жим

Ўзбекистон ИИВ ва Чегара қўшинлари Кобул Толибон қўлига ўтиши арафасида ва ўтгач, Ўзбекистонга кириб келган афғонистонликлар тақдирига оид Озодлик саволларини очиқ қолдириб келмоқда.

Тошкентда юрган афғонистонликларнинг айтишича, ҳозирча айрим ички ишлар идоралари ходимлари уларга мамлакатда бемалол яшаб туриши мумкинлиги, улар Афғонистонга депортация қилинмаслигини айтмоқда.

Аммо, кейинги ҳафта ичида ИИВ қўлига тушиб қолганида, виза муддати тугагани ўртага чиққан ва жарима солинган афғонистонликлар ҳақида маълумотлар қулоққа чалина бошлаган.

"Биз икки ойдирки Ўзбекистондамиз. Маблағимиз қолмади, иш йўқ. Ёрдам йўқ ҳозирча. Энди кўпчилигимиз оиламиз, болаларимиз билан келганмиз. Ижара бор. Хуллас, иқтисодий аҳволимиз оғирлашяпти", дейди журналист.

Қўшма ҳисобот: 70 афғоннинг визаси ноябрда тугайди

Бу қочқинлар тақдири қатор халқаро ташкилотлар диққат марказида қолмоқда. 21 октябрь куни 3 ташкилот - Марказий осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлик ташкилоти ва Норвегия Хельсинки қўмитаси қўшма баёнот чоп этди.

Ҳисоботда 70 дан ортиқ афғонистонлик журналист, инсон ҳуқуқлари фаоллари, парламент аъзолари, мусиқачи ва рассомлар ҳамда уларнинг оилалари тилга олинган. Айтилишича, уларнинг визаси 11 ноябрда тугайди ва ҳанузгача, ундан кейин бу қочқинларни нима кутаётгани номаълум қолмоқда.

Яъни, мамлакат қонунчилигига биноан, уларнинг визасини узайтириш учун уларни таклиф қилган томон бунга сўровнома киритиши ёхуд бу қочқинлар ўзлари ижарада яшаётган аниқ манзил ҳамда тўлов шартномасини тақдим қилиши лозим.

Ҳисоботда келтирилишича, бу афғонларда иккиси ҳам йўқ. Боиси, улар визани таклифнома асосида эмас, балки сайёҳ сифатида олишган. Бундан ташқари, уларга ижарага уй бераётганлар ёзма эмас, оғзаки шартма асосида бермоқда.

Бунинг устига, қўшма ҳисоботда қайд этилишича, бу афғонлар ёллаётган маҳаллий адвокатлар ҳам секин-секин ишни тарк этмоқда.

"Уч ташкилотнинг афғонистонлик қочқинларга визани узайтириш, қайдга туриш ёки ижра шартномаси бўйича юридик ёрдам бериши учун адвокат ёллаш уринишлари муқаффақиятсиз бўлди. Адвокатлар, агар афғонистонлик қочқинлар юридик ҳимояси билан шуғулланишса, лицензияси бекор қилиниши ҳақида хавфсизлик хизмати томонидан таҳдид олганини билдиришди", дейилади ҳисоботда.

Халқаро мажбуриятлар

Ўзбекистон 2005 йилда Андижонда бўлган қонли воқеалардан сўнг БМТ Қочинқинлар билан ишлаш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини мамлакатдан чиқариб юборган эди. Бу агентлик шундан буён мамлакатга қайтмади.

Шу боис, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда афғонистонлик қочқинларни қабул қилиш ва уларни жойлаштириш, шунингдек уларга БМТ томонидан бошпана бериш тартибига оид саволларни очиқ қолдирмоқда.

Аммо, 21 октябрь куни эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон ратификация қилган ҳужжат - БМТнинг Қийноқлар бўйича конвенцияси ҳам бу афғонларнинг ортга қайтарилишини тақиқлаши қайд этилган.

"Афғон қочинларининг юртига қайтарилиши БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 3-моддасининг бузилишидир. Унда "Ҳеч бир аъзо давлат қийноққа солиниш хавфи борлигига жиддий асоси бўлган шахсни бошқа давлатга чиқариши, қайтариши ёки бериши мумкин эмас", деб ёзди ҳисобот муаллифларидан бири, Марказий осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева, Facebook саҳифасида.

Ўзбекистондаги афғонлар

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги консуллиги мамлакатда 2 минг атрофида афғонистонлик виза билан қолаётганини маълум қилди. Булар асосан, ишбилармон ва талабалардир. Кейинги ойларда 3 ва 6 ойлик виза билан меҳмон сифатида Ўзбекистонга кириб борган афғонистонлик ўзбеклар сони ҳам кўпайган эди.

Аммо октябрь ойи бошидан ҳукумат Афғонистон билан чегарани ёпгани хабар қилинди. Ҳатто Ўзбекистонга қисқа муддатли визаси бўлган афғонистонликлар ҳам киритилмади.

Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги фаоллар Афғонистонда ҳануз ҳаёти хавф остида бўлган юзлаб фаоллар, оиласи ва ёш болалари билан яшириниб яшаётганидан хавотир билдирмоқда.

Буларнинг аксари аввалги ҳукумат таркибида ишлаган ва эски ҳукуматнинг Толибонга қарши курашига у ёки бу шаклда алоқадор давлат ишчи-хизматчилари, ҳарбийлар, полиция ва махсус хизмат, прокуратура ҳамда суд ходимларидир.

Ҳокимиятни қўлга олгач Толибон бу ходимларнинг ахборот базасини ҳам қўлга киритди ва айрим ҳудудларда улардан ўч олаётгани ҳам кузатилмоқда.

Гарчи толиблар аввалги ҳукумат ёки хориж давлатлари билан ҳамкорлик қилганларга ҳеч бир зарар етмаслигини ваъда қилган бўлса-да, аксар аҳоли уларнинг 20 йил олдинги бошқарувини унутмаган.

Аксар зиёлилар ва давлат хизматчилари, аввалги Толибон ҳукмронлиги пайтида энг камида бир, айрим оилаларда эса бир неча яқини ўлдирилганини айтади.

Маълумотларга кўра, Афғонистонда ўзбеклар тўртинчи йирик этник гуруҳдир. Уларнинг сони, турли манбаларда жами аҳолининг 6 фоизидан 10 фоизигача экани айтилади.

Сўнгги 40 йилдан буён уруш ҳаракатлари ичида қолган мамлакатда аҳолини расман рўйхатга олиш ишлари ўтказилмаган.

Турли манбаларда 32 миллиондан 37 миллионгача, жумладан АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳисоботида 37 миллион 466 минг, дейилади.

Ўзбекларнинг асосий қисми Афғонистон шимолидаги Фарёб, Жузжон, Балх ва Қундуз вилоятларида яшайди.

Айни пайтда ўзбекистонлик фаоллар факат ўзбек эмас, балки Толибондан қочаётган барча зиёлиларга бирдек ёрдам беришга уринаётганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG