Бош вазир Абдулла Арипов эса Тошкент шаҳридаги 520-сайлов участкасида овоз берди.
Ҳукумат раҳбари ҳам сайлов участкасига оиласи билан борди. Қуйидаги расмда у набираси билан бирга.
Амалдаги президент ва президентликка номзод Ш. Мирзиёев оиласининг 9 аъзоси билан бирга овоз берди.
Мирзиёевлар оиласи Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Алишер Навоий маҳалласида очилган 59-сайлов участкасига борди.
Бу участкада Мирзиёев ўзи билан бир вақтда бориб қолган сайловчиларга мулозамат кўрсатди ва бу ҳолат акс этган видео тармоқларда қўлма-қўл бўлиб кетди.
Gazeta.uz нинг ўз мухбирларига таяниб хабар беришича, пойтахтдаги бир неча сайлов участкасида мухбирларнинг суратга олишидан “хурсанд бўлишмаган”.
Бундан ташқари, нашр 357 сайлов участкасида бир неча паспорт билан овоз беришга келганлар кузатилганини ёзмоқда.
Газетанинг ёзишича, Марказий сайлов комиссияси аъзолари уларнинг бошқалар учун овоз беришига рухсат беришмаган.
Сайловдан бир кун аввал Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаш қатъиян тақиқланишини билдирган.
Комиссия баёнотига кўра, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштириш сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузишни англатади.
МСК барча сайлов участкаларидаги овоз бериш кабиналарига суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги плакатлар жойлаштирилаётганини хабар қилган.
Жорий президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрида Ислом Каримов ўлими ортидан вақтинча президент лавозимини эгаллаган ва ўша йилнинг декабрида қарийб 88 фоиз овоз билан президентликка сайланганди.
Ўзбекистон констутицияси бир шахсга 5 йилдан кетма-кет икки муддатга сайланиш ҳуқуқини беради.
Ўтмишда Ислом Каримов констутициядаги чекловга қарамасдан тўрт марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдуми орқали президентлик ваколатларини узайтирган эди.
Иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган Мирзиёев халқаро андозаларга мос, очиқ ва демократик сайловлар ўтказишга ваъда берган.
Аммо мухолиф ва мустақил номзодларнинг янги партияларни рўйхатдан ўтказиш ва сайловда қатнашиш уринишлари ҳукуматнинг қаттиқ қаршилигига учраган.
Сайлов арафасида мамлакат ичкарисидаги мустақил фаоллар куч ишлатар тизимларнинг ўзларига нисбатан босимлари кучайганини айтишган, бир неча фаол қаттиқ назоратга олинган, уларнинг ҳаракати чекланган.
Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш учун тўлақонли миссия юборган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўзининг оралиқ ҳисоботида сайловларда рақобат йўқлиги, сайловчилар ҳуқуқлари чеклангани ва мустақил номзодларни илгари суришга қўйилган тақиқ олиб ташланмаганини таъкидлаган.
Бу Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ бошқарган Ислом Каримовнинг ўлимидан кейинги иккинчи президент сайлови ва Ўзбекистон тарихидаги олтинчи тўғридан-тўғри сайловдир.