Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:09

Мирзиёевнинг мутлақ ғалабаси. Ўзбекистонни олдинда нима кутмоқда?


Мирзиёевнинг "ислоҳотчи" деган имижи унинг лавозимдаги иккинчи муддатида жиддий синовдан ўтади.
Мирзиёевнинг "ислоҳотчи" деган имижи унинг лавозимдаги иккинчи муддатида жиддий синовдан ўтади.

Ўзбекистонда президент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди. Кутилганидек, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев яна беш йилга сайланди.

Гарчи осон ғалаба қилган бўлса ҳам, сайловчилар иштироки ва Мирзиёевнинг беш йил аввалгига нисбатан олган овози пастроқ бўлган – 80.4 % (2016 йилда 87.7 % эди) сайловчиларнинг 80.1 % овозини олган.

Озод Европа- Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, Президентлик сайловига яқин қолганда Мирзиёевнинг бошқарувида “ислоҳотчилик” эмас, балки унинг салафи – биринчи президент Ислом Каримовникига ўхшаш параноик авторитаризм белгилари намоён бўла бошлади.

Мирзиёевнинг ислоҳотчи сифатидаги имижи – у ўзини шундай кўрсатишга интилади – унинг лавозимдаги иккинчи муддатида жиддий синовдан ўтади.

Биринчи муддатда Мирзиёев махолифларнинг сайловда иштирок этишига қарши эмаслигини таъкидласа ҳам, учта мухолифат партияси рўйхатга олинмади, балки улар президент сайловида иштирок этиш истаги ортидан жиддий босимларга нишон бўлди.

Мирзиёев ҳукумати 2019 йилги парламент сайлови ва охирги президент сайлови олдидан ҳам 2008 йилда қабул қилинган мустақил номзодларнинг сайловда иштирок этишини тақиқловчи қонунни ўзгартиришга урингани йўқ.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчиларининг дастлабки хулосаларида 24 октябрдаги сайловгача амалга оширилган сайлов ислоҳоти “чинакам плюралистик муҳитни ярамагани", “сайловда номзодини қўйиш ҳуқуқи ва фундаментал эркинликларга сақланиб қолган чекловлар ЕХҲТ қадриятларига зид”лиги такидланди.

Сайловда иштирок этган беш партия номзодларидан фақат Мирзиёев ва “Миллий Тикланиш” партиясининг провокатив чиқишлари билан танилган номзоди Алишер Қодировнигина Ўзбекистонда кенгроқ танишади.

Шунга қарамай, Халқ Демократик партияси – совет давридаги коммунистик партия – номзоди Мақсуда Ворисова кутилмаганда сайловда 6.6 % овоз билан иккинчи ўринни олди. У ягона аёл номзод эди.

Хориждаги юз минглаб ўзбек мигрантлари қолган уч номзод – Мақсуда Ворисова, Баҳром Абдуҳалимов (“Адолат” партияси) ва Назрулло Обломуродов (Экологик ҳаракат) ҳақида умуман эшитмаганликларини айтишади.

Мирзиёевнинг сайлов компаниясида “Янги Ўзбекистон" шиори бот‑бот такрорланганига қарамай, унинг қайта сайланиши Каримовникига ўхшайди.

Ўзбекистонни олдинда нима кутмоқда?

Мирзиёевнинг обрўси унинг халққа яқин, одамлар муаммосини тушунадиган ва уларнинг ҳаётини яхшилашга аҳд қилган шахс имижига таянади.

Халқ дардига бефарқ ва шикоят қилишса ёқтирмайдиган Каримовдан кейин аксар ўзбеклар учун бу имиж жуда кўнгил кўтарувчи бўлди.

Аммо Мирзиёевнинг ислоҳотчи имижи аллақачон хира торта бошлаган.

У лавозимдаги биринчи муддатда жуда кўп ваъдалар берди, уларнинг аксарияти амалга ошмади, охирги сайлов учун кампанияда ҳам ваъдаларни аямади.

Келгуси беш йилда унинг учун катта синов бўладиган муаммолардан бири “давлат ва масжид” ўртасидаги мувозанат масаласида бўлади.

Мирзиёев Каримов даврида минглаб диндор мусулмонларнинг қамоққа ташланишидаги ҳаддан ошишларни танқид қилди.

Унинг буйруғи билан диний айблар билан қамалганларнинг кўпи озод қилинди. Мамлакатдан чиқиб кетган, “адашган” диндорларга ҳам мурожаат қилиб, юртга қайтишга даъват қилинди, уларга ҳеч ким тегмаслиги айтилди.

Мирзиёев бу масалаларда Каримов номини тилга олишда эҳтиёткор бўлди, чунки унинг ўзи Каримов дарида, 2003–2016 йилларда бош вазир бўлган ва диндорларнинг репрессиясида муайян жавобгарлиги бор.

Мирзиёев, шунингдек, диний толерантлик белгиси сифатида мусулмон аёлларга жамоат жойида ҳижоб ўрашга рухсат берди ва шу билан мамлакат ичидаги айрим таъсирли мусулмонларнинг қўлловини олди. Аммо бунинг бадали бўлиши мумкин.

Ана шундай шахслардан бири Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ходими, Аброр Мухтор Алий номи билан консерватив блог юритадиган Аброр Абдуазимовдир.

У Леонардо да Винчи ёки Рембрандт каби йирик мусаввирларнинг асарлари ўзбекларга “бегона” деб айтган эди.

Алий ва у каби бошқалар Ўзбекистон бошқарувида ислом каттароқ роль ўйнаши керак, қабилидаги чиқишлар қилган.

Уларнинг ғоялари Мирзиёевнинг замонавий Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурига зиддек кўринади. Президентнинг консерватив исломий унсурлар билан иттифоқи аллақачон синовдан ўта бошлаган.

Толибон ҳокимиятни эгаллаши билан Ўзбекистоннинг шундоққина биқинида рақиб бошқарув модели пайдо бўлди ва ўзбек махсус кучлари охирги ҳафталарда шубҳали исломчиларни қамоққа олмоқда.

Мирзиёев бундай гуруҳларни ўз ҳокимиятига таҳдиддек кўришни бошлаши билан ўзини қўллашига ишонган консерватив исломий гуруҳлар билан зиддиятга бора бошлайди. Аммо бу гуруҳларнинг одамларни қандай бошқариш борасидаги мавқеи аввалгидан кўра қатъийлашган.

OzodLive: Президент сайлови 2021 (Махсус дастур)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 2:01:43 0:00

Иқтисодий ютуқлар

Мирзиёев ҳокимиятга келганда иқтисод унинг учун асосий масалалардан бири бўлишини айтган эди ва бу борада муайян ютуқларга ҳам эришди.

У хорижий сармояга эшикларни очди, таниқли сиёсий маҳбусларни озод қилди, мамлакат валютаси курсини девальвация қилди, минтақавий ҳамкорликка урғу берди ва Ғарб компаниялари ҳамда давлатлари эътиборини ўзига қаратди.

Айни пайтда, беш йилнинг ичида Ўзбекистоннинг ташқи қарзини деярли йўқ ҳолатдан 36 миллиардга етказиб қўйди.

Бу пулларнинг кўпи одамларга ниҳоятда керакли бўлган инфраструктура қурилишига эмас, асосан, “сити”лардаги янги биноларга сарфланди.

Бу лойиҳалар учун эълон қилинмаган тендерлар ўтказилгани, Мирзиёевга яқин шахслар бу пулларни ўзлаштиргани ҳақида хавотирлар ўсиб бормоқда.

Энергия муаммолари

Гарчи Тошкент ва бошқа шаҳарларда ажойиб бинолар қурилаётган бўлса ҳам, газ қувурлари, электр тармоқлари чириб боряпти. Ўтган қишда иситиш ва электр таъминотидаги узилишлар буни кўрсатади.

Энергия тақсимот тармоқларини янгилаш учун, Мирзиёев ваъда қилган иссиқлик ва электр таъминоти узлуксиз бўлиши учун янги электр станциялари қурилишига Ўзбекистонга миллиардлаб доллар керак.

Кетма‑кет иккинчи йилдирки, Мирзиёев табиий газни маҳаллий эҳтиёжларга йўналтириш учун газ экспортини тўхтатиб туришга буйруқ берди. Аммо ўтган йили бу чора муаммони ҳал қилмади, келаси йилларда ҳам ҳал қилиш эҳтимоли паст.

Агар бу муаммоларга ечим топмаса, Мирзиёевнинг обрўси иккинчи муддатда яна пастлайди.

Газ экспортининг тўхтатилиши мамлакат ғазнасига бир неча миллиард доллар даромад тушмай қолиши ва янада кўпроқ ташқаридан қарз олишни англатади.

Келгуси беш йилдаги муҳим омил Мирзиёев гуруҳи қанча бойлик ва қудратни ўз қўлида жамлай олиши бўлади.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Мирзиёевнинг куёвлари Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров президентга яқинлиги шарофатидан фойда олмоқда ва унинг лавозимда қолишини қаттиқ исташади.

Бу эса, Мирзиёевнинг иккинчи президентлик муддати тугагандан кейин ҳам лавозимда қолишига олиб келиши мумкин.

Бу ҳам келгуси беш йилдаги муҳим савол бўлади.

Мирзиёев президентликни ворисига топширадими ёки конституцияни ўзгартириб, лавозимда қоладими?

Ўзбекистоннинг ичидаги ва ташқарисидалар анча аввал ўрганган бир сабоқ шуки, сайловлар бу мамлакатда муқаррар равишда раҳбарни ўзгартирмайди.

XS
SM
MD
LG